Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Депрессияни қандай қилиб енга оламан?

Депрессияни қандай қилиб енга оламан?

Курашишнинг самарали йўлларини топсангиз, ўзингизни яхшироқ ҳис эта оласиз!

 Нима қилган бўлардингиз?

Қуйидаги вазиятлар ҳақида ўйлаб кўринг:

Энди Женниферни ҳеч нима қувонтирмаяпти. Жиддий сабаб бўлмаса-да, у ҳар куни ўзини тўхтата олмай йиғлайди. У ўзини одамлардан олиб қочади; иштаҳаси ҳам йўқ. Уйқуси қочган, хаёлини бир жойга жамлашга қийналади. Женнифер шундай ўйлайди: «Мен билан нималар бўляпти? Ўзимни олдингидай ҳис эта оламанми?»

Марк намунали ўқувчилардан эди. Аммо ҳозир мактабни умуман ёқтирмайди, баҳолари ҳам пасайиб кетган. Қачондир унга қувонч келтирган спорт билан шуғулланишга кучи йўқ. Унинг дўстлари ҳайрон. Ота-онаси эса хавотирда. Бу шунчаки балоғат ёшига ўтиш даврими ёки бошқа нарсами?

Ўзингизни тез-тез Женнифер ёки Марк каби ҳис этасизми? Агар шундай бўлса, нима қилсангиз бўлади? Қуйида иккита усул бор:

  1. А. Ёлғиз курашиш

  2. Б. Ишончли ёши катта инсон билан бўлишиш

Айниқса, ким биландир суҳбатлашишни истамасангиз, А усул сизга кўпроқ ёқиши мумкин. Лекин бу усулни танлаш доно қарор бўлармиди? Муқаддас Китобда шундай фикр бор: «Икки киши бўлган яхшироқ, чунки... Улардан бири йиқилса, шериги туришга ёрдамлашади. Аммо йиқилганда турғизадиган шериги йўқ одамнинг ҳоли нима кечади?» (Воиз 4:9, 10)

Тасаввур қилинг, жиноят авжига чиққан ҳудудда адашиб қолдингиз. Қоронғи ва ҳар бурчакда нотаниш кишилар яшириниб турибди. Нима қилган бўлардингиз? Йўлни ўзингиз топишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Аммо ишонган одамингиздан ёрдам сўраш доно танлов бўлмасмиди?

Депрессияни шундай хавфли ҳудудга ўхшатиш мумкин. Тўғри, вақтинча тушкунлик ўзи ўтиб кетар, аммо руҳий тушкунлик узоқ давом этса, ёрдам излаш яхшироқ бўларди.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Бошқалардан ажралган... доноликни рад этади». (Ҳикматлар 18:1)

Б усул, яъни ота-онангиз ёки ёши катта ишончли киши билан суҳбатлашиш сизга фойда келтириши мумкин. Салбий ҳис-туйғуларини бошқаришни ўрганган кишиларнинг тажрибаси асқатади.

Балки қуйидагича ўйларсиз: «Ота-онам ҳис-туйғуларимни умуман тушуна олмайди!» Хўш, бунга аминмисиз? Балки улар ўсмирлигида бошқача вазиятларга дуч келгандир, аммо ҳис-туйғулари сизникига ўхшаш бўлиши мумкин. Эҳтимол, улар чорасини билар.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳикмат ёши улуғларда, ақл-идрок эса узоқ умр кечирганларда эмасми?» (Аюб 12:12)

Сабоқ: ота-онангиз ёки ёши катта ишончли киши билан дардлашсангиз, улар сизга доно маслаҳат бериши мумкин.

Депрессия билан курашишни хавфли ҳудудда адашиб қолиш билан солиштириш мумкин. Йўлни топиш учун ёрдам излашингиз керак

 Агар бу касаллик бўлса-чи?

Агар руҳингиз ҳар куни тушаверса, эҳтимол, бу касаллик, масалан, клиник (ёки катта) депрессия бўлиши мумкин ва уни даволаш керак.

Ёшликда клиник депрессиянинг белгилари ўсмирлик давридаги тушкунлик билан анча ўхшаш бўлиши мумкин. Аммо ўша касаллик белгилари кучлироқ бўлади ва мунтазам давом этади. Шундай экан, тушкунлик сизни қийнаб, ўтиб кетмаётган бўлса, ота-онангиз билан шифокор қабулига бориш ҳақида гаплашиб кўрсангиз бўлади.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». (Матто 9:12)

Борди-ю, сизга катта депрессия ташхиси қўйилса, ҳеч ҳам уялманг. Ёшлар орасида депрессия кенг тарқалган ва уни даволашнинг иложи бор! Чин дўстларингиз сиз ҳақингизда ёмон фикрга бормайди.

Маслаҳат: сабрли бўлинг. Бу касалликдан қутулиш учун вақт керак. Қолаверса, ҳам яхши, ҳам ёмон кунлар бўлади a.

 Оёққа туриш учун режа

Тиббий ёрдамга муҳтож бўласизми ёки йўқми, сизни тарк этмаётган ғамгинлик билан курашиш учун қилишингиз мумкин бўлган баъзи нарсалар бор. Масалан, мунтазам равишда жисмоний машқ қилиш, соғлом овқатланиш ва етарлича ухлаш ҳис-туйғуларингизни бошқаришга ёрдам бериши мумкин. (Воиз 4:6; 1 Тимўтийга 4:8) Шунингдек, бир дафтар тутиб, у ерга ҳис-туйғуларингизни, оёққа туриш учун мақсадларингизни, тўсиқлару муваффақиятингизни ёзишни фойдали деб топарсиз.

Клиник депрессиядан азоб чекяпсизми ёки ҳиссан қийин пайт билан курашяпсизми, қуйидагини унутманг: оёққа туриш учун бошқаларнинг ёрдамини қабул қилиб ва шахсан қадамлар қўйиб, бу касалликни енга оласиз.

 Ёрдам бера оладиган оятлар

  • «Яҳова қалби ўксиганларга яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради». (Забур 34:18)

  • «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. Одил кишининг йиқилишига У асло йўл қўймайди». (Забур 55:22)

  • «Мен, Тангринг Яҳова, ўнг қўлингдан ушлаб: “Қўрқма! Сенга ёрдам бераман”,— дейман». (Ишаё 41:13)

  • «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар». (Матто 6:34)

  • «Тилакларингизни... Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни... ҳимоя қилади». (Филиппиликларга 4:6, 7)

a Жонингизга қасд қилиш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, зудлик билан ёши катта ишончли кишидан ёрдам сўранг. Кўпроқ билиш учун «Яшашдан тўйганимда — ўлишни хоҳлаганимда, Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими?» номли мақолага қаранг. (МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ > МУҚАДДАС КИТОБГА АСОСЛАНГАН ЖАВОБЛАР сарлавҳасига қаранг.)