ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Қандай қилиб диққатимни жамлай оламан?
Нега диққатимни битта нарсага қарата олмаяпман?
«Илгари кўп китоб ўқирдим, ҳозир эса йўқ. Узундан-узун хатбошиларини кўришнинг ўзи ҳам муаммо бўлиб қолди». (Элейн)
«Агар видео мен хоҳлаган тезликда эмаслигини сезсам, уни тезлаштириб кўраман». (Миранда)
«Ҳатто муҳим иш билан банд бўлсам ҳам, телефонимга хабар келганини эшитиб қолсам, бошқа нарса ҳақида ўйлай олмайман. “Ким ёзган экан?” — деган хаёл тинч қўймайди». (Жэйн)
Технологиялар туфайли диққатни жамлаш қобилияти ёмонлашадими? Баъзилар, ҳа деб айтар. «Интернетдан қанча кўп фойдалансак, онгимиз шунчалик кўп чалғишга ўрганиб қолади. У диққатни жамламай туриб ҳам маълумотни тез ва юзаки ўрганиб чиқишга одатланади»,— деб ёзди Николас Карр исмли мутахассис a.
Технологиялар чалғитиши мумкин бўлган учта мисолга эътибор қаратайлик.
Суҳбатлашаётганда. «Ҳатто юзма-юз гаплашаётганда ҳам, одамлар бошқалар билан ёзишиб, ўйин ўйнаб ёки ижтимоий тармоқлардаги хабарларини ўқиб туришади ва суҳбатдошига тўлиқ эътибор қаратишмайди»,— деб айтди Мария исмли ёш аёл.
Синфда. «Аксарият ўқувчиларнинг айтишича, улар дарс пайтида электрон қурилмаларидан фойдаланиб, мавзуга алоқаси бўлмаган маълумотни ўқиб ёки томоша қилиб ўтиришади»,— деб ёзилган бир китобда. («Digital Kids»)
Тадқиқ қилаётганда. «Ҳар сафар телефонимдан товуш келса, унга қарамаслик мен учун энг қийин нарса»,— деб айтди 22 ёшли Крис. Агар доимо электрон қурилмаларига чалғисангиз, уй ишини қилишга бир соат эмас, уч соат ёки ундан ҳам кўпроқ вақт кетади.
Хулоса. Агар электрон қурилмалари сизни чалғитишига ва назорат қилишига йўл қўйсангиз, диққатингизни жамлашга роса қийналасиз.
Диққатингизни битта нарсага жамламасангиз, онгингиз худди ёввойи отдай сизни бошқаради
Қай йўсин муаммони ҳал қила оламан?
Суҳбатлашаётганда. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4) Суҳбатдошингизни диққат билан тингланг. Кўз ила алоқа боғланг, электрон қурилмаларига чалғиманг.
«Кимдир билан гаплашаётганда, телефонингизни қўлга олиш васвасасига қарши туринг. Суҳбатдошингизга тўлиқ эътибор қаратиб, уни ҳурмат қилаётганингизни кўрсатинг». (Томас)
МАСЛАҲАТ. Суҳбатлашаётганингизда, телефонни узоқроққа олиб қўйинг. Тадқиқотларга биноан, телефон кўз ўнгингизда турса, диққатни жамлаш қийинроқ, чунки ўзингиз ўйламаган ҳолда бирон товуш келиб қолади деб кутасиз.
Синфда. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Қандай тинглаётганингизга диққат қилинглар». (Луқо 8:18) Бу принципни ёдда тутган ҳолда, агар синфда бўла туриб Интернетга уланиш имкони бўлса ҳам, диққатингизни таълим олишга қаратиб, хабарларни текширманг, ўйин ўйнаманг ёки кимдир билан ёзишиб ўтирманг.
«Синфда ўта диққатли бўлишга интилинг. Устознинг сўзларини ёзиб боринг. Имкон бўлса, чалғимаслик учун олд қаторга ўтиринг». (Карен)
МАСЛАҲАТ. Компьютерда эмас, дафтарда ёзишга ҳаракат қилинг. Тадқиқотлар натижасига биноан, шу йўсин камроқ чалғийсиз ва маълумотни яхшироқ эслаб қоласиз.
Тадқиқ қилаётганда. Муқаддас Ёзувларда: «Донолигу заковатга эга бўл»,— дейилган. (Ҳикматлар 4:5) Бунга шунчаки маълумотни кўз югуртириб кўриб чиқиш эмас, чуқур мулоҳаза юритиш киради.
«Тадқиқ ўтказаётганимда, телефонимни безовта қилмайдиган ҳолатга ўзгартириб, диққатимни қилаётган нарсамга қаратаман. Ҳеч бир хабар ёки товушга чалғимайман. Агар муҳим бирон нарса эсимга келиб қолса, уни дарров ёзиб қўяман». (Крис)
МАСЛАҲАТ. Тадқиқ ўтказиш учун барча шароитларингиз бўлсин. Тозаликка риоя қилинг, ҳамма нарса жой-жойида бўлсин.
a «The Shallows—What the Internet Is Doing to Our Brains» номли китоб.

