ўзбекча
Асосли танқидга қандай муносабат билдиришим керак?
https://cms-imgp.jw-cdn.org/img/p/502019484/univ/art/502019484_univ_sqr_xl.jpg
ijwyp 94-мақола

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Асосли танқидга қандай муносабат билдиришим керак?

Асосли танқидга қандай муносабат билдиришим керак?

 Ўзингизни текширинг

Барчамиз асосли танқидга ва амалий маслаҳатга муҳтож бўлиб турамиз. Чунки улар ишимизни ҳамда муносабатимизни яхшилашимизга ёрдам беради. Шуни ёдда тутган ҳолда, келинг, қуйидаги вазиятларни кўриб чиқайлик.

  1. Дейлик, ўқитувчингиз мактабдаги вазифангизни яхши бажармаганингиз ҳақида айтди. У сизга: «Бу вазифани бажариш учун кўпроқ изланиш олиб боришингиз керак»,— дейиши мумкин.

    Асосли танқидга қандай муносабат билдирасиз?

    1. Рад этасиз. («Ўзи бу ўқитувчи мени ёқтирмайди».)

    2. Қабул қиласиз. («Кейинги вазифамни бажарганда унинг маслаҳатига амал қиламан».)

  2. Хонангизни энди тозалаган бўлсангиз ҳам, ойингиз хонангиз бетартиб экани ҳақида сизга айтади.

    Асосли танқидга қандай муносабат билдирасиз?

    1. Рад этасиз. («Унга ҳеч нарса ёқмайди».)

    2. Қабул қиласиз. («Бу ишни янада яхши бажара олишимни тан оламан».)

  3. Синглингиз унга хўжайинчилик қилаётганингиз ёқмаётганини айтади.

    Асосли танқидга қандай муносабат билдирасиз?

    1. Рад этасиз. («Аввал ўзини билсин».)

    2. Қабул қиласиз. («Балки келаси сафар унга юмшоқроқ муомала қиларман».)

Баъзи ёшларнинг кўнгли ҳатто салгина танқидга дош беролмайдиган даражада нозик бўлади. Сиз ҳам шунақамисиз? Агар шундай бўлса, кўп нарсани қўлдан бой берасиз! Нима учун дейсизми? Чунки асосли танқидга тўғри муносабат билдиришни ўрганиш муҳим кўникмаларга эга бўлишингизга ёрдам беради. Бу эса ҳозир ва катта бўлганингизда сизга асқатади.

Маслаҳат эшитишни хоҳламаганингиз учунгина унга қулоқ солишдан бош тортманг.

 Нима учун асосли танқидга муҳтожман?

  • Чунки сиз мукаммал эмассиз. Муқаддас Китобда: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз»,— деб ёзилган. (Ёқуб 3:2) Шунинг учун ҳамма асосли танқидга муҳтож.

    «Мен барчамиз номукаммал эканимизни ҳамда хато қилишдан қоча олмаслигимизни унутмасликка ҳаракат қиламан. Менга танбеҳ беришганида, ундан сабоқ олишга ва хатойимни такрорламасликка интиламан». (Дейвид)

  • Чунки сиз доим яхшилана оласиз. «Донога ўгит бер, у янада донороқ бўлади». (Ҳикматлар 9:9) Асосли танқидни қабул қилсангиз, сизга фойда келтиради.

    «Илгари танқидга нотўғри нуқтаи назарда эдим. Танқид дастидан ёмон бўлиб кўринаман деб ўйлардим. Аммо ҳозир маслаҳатни қабул қиламан ва ҳатто ўзим маслаҳат сўрайман. Чунки нимани яхшилашим кераклигини билишни истайман». (Селена)

Албатта, ўзингиз маслаҳат сўрасангиз бошқа-ю, аммо кутилмаганда сизга маслаҳат беришса бошқа. Наталига бир сафар қоғозчага у сўрамаган маслаҳатларни ёзиб беришганди. У: «Мен эсанкираб тушкунликка тушдим. Шунча ҳаракатларим эвазига олган нарсам маслаҳат бўлди!» — дея эслади.

Сиз ҳам шунга ўхшаш вазиятга дуч келишингиз мумкинми?

 Шунда қандай йўл тутсангиз бўлади?

Асосли танқидни қабул қилишимга нима ёрдам беради?

  • Қулоқ солинг.

    Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Оқил инсон ўйлаб сўзлайди, ақл-идрокли инсон хотиржамликни сақлайди». (Ҳикматлар 17:27) Сизга гапираётган инсоннинг сўзини бўлмай тингланг. Кейинчалик афсусланмаслик учун аччиқ устида ножўя гапиришдан қочинг!

    «Мени танқид қилишганида, ўзимни оқлашга тушаман. Бунинг ўрнига танбеҳдан сабоқ олишни ўрганишим ва кейинги сафар ишни яхшироқ бажаришим керак». (Сара)

  • Диққатингизни маслаҳат берувчига эмас, маслаҳатга қаратинг.

    Эҳтимол, сизда маслаҳат бераётган кишига унинг камчилигини кўрсатиш васвасаси туғилар. Ундан кўра Муқаддас Китобдаги: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин»,— деган маслаҳатга амал қилиш яхшироқдир. (Ёқуб 1:19) Одатда танқидда оз бўлса-да ҳақиқат бор. Берилаётган маслаҳат сиз учун айни муддао бўлиши мумкин. Маслаҳат эшитишни хоҳламаганингиз учунгина унга қулоқ солишдан бош тортманг.

    «Илгари ота-онам менга танбеҳ берса, жаҳлим чиқиб: “Биламан, биламан”,— дердим. Аммо уларга қулоқ солиб, маслаҳатларига риоя қилганимда, яхшироқ натижаларга эришдим». (Эдвард)

  • Ўзингизга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлинг.

    Сизни танқид қилишса, бу муваффақиятсизликка учрадингиз дегани эмас. Бу ҳамма қатори сизда ҳам камчиликлар борлигидан далолат, холос. Ҳатто сизга танбеҳ бераётган инсоннинг ўзи ҳам баъзида асосли танқидга муҳтож бўлади. Чунки Муқаддас Китобда: «Ер юзида доимо яхшилик қилиб, ҳеч қачон гуноҳ қилмайдиган инсоннинг ўзи йўқдир»,— деб айтилган. (Воиз 7:20)

    «Бир дугонам мени асосли танқид қилганида, бунга муҳтож эмасман деб ўйлаганман. Тўғри, унинг ростгўйлиги учун раҳмат дегандим, лекин ўзим хафа бўлгандим. Аммо вақт ўтиб унинг танқиди ўринли эканини тушундим. Унинг маслаҳати туфайли ниманинг устида ишлашим кераклигини кўра олдим. Агар дугонам айтмаганида буни пайқамаган бўлардим». (София)

  • Яхшиланишни мақсад қилинг.

    Муқаддас Китобда: «Заковатли танбеҳни қабул қилади»,— деб ёзилган. (Ҳикматлар 15:5) Танбеҳни қабул қилсангиз, ҳар қандай хафагарчиликни унутиб, сизга кўрсатишган соҳада яхшиланишга киришиб кетасиз. Бунга эришиш учун ҳаракат режасини тузинг ва бир неча ой давомида яхшиланиб бораётганингизга эътиборли бўлинг.

    «Танқидни қабул қилиш ростгўйлик билан боғлиқ. Чунки ўзингиз билан ростгўй бўлсангиз, хатоларингизни тан олиб, кечирим сўрай оласиз ҳамда қандай яхшиланиш мумкинлигини ўрганасиз». (Эмма)

 Хулоса: Муқаддас Китобда: «Темир темирни чархлаганидай, одам одамни ўткирлайди»,— деб айтилган. (Ҳикматлар 27:17) Асосли танқид ҳозир ва улғайганингизда яхшиланишингизга ҳисса қўшадиган яхши бир воситадир.