ўзбекча
Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик қанчалик муҳим?
https://cms-imgp.jw-cdn.org/img/p/500600110/UZ/wpub/500600110_UZ_sqr_xl.jpg
ijwyp 108-мақола

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик қанчалик муҳим?

Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик қанчалик муҳим?

 Элейн исмли бир ўсмир қиз шундай деди: «Синфдошларим юзлаб онлайн обуначиларга эга эканини кўрганимда: “Қойил, улар жуда ҳам машҳур!” — деб ўйлагандим. Ростини айтсам, ўшанда уларга ҳавасим келган».

 Сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис қилганмисиз? Агар шундай бўлса, бу мақола ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиш васвасасига берилмасликка кўмаклашади.

 Қандай хавф мавжуд?

 Ҳикматлар 22:1 да: «Яхши ном катта бойликдан афзалроқ»,— деб ёзилган. Ҳа, яхши номга эга бўлишни ва бошқалар сизни яхши кўришини исташнинг ёмон жойи йўқ.

 Лекин машҳур бўлиш истаги баъзида касалликка айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Хўш, бу хавфлими? 16 ёшли Ония шундай деди:

 «Айримлар ижтимоий тармоқларда юлдуз бўлиш мақсадида мактабимизнинг иккинчи қаватидан сакрашга тайёр бўлганини ўз кўзим билан кўрганман».

 Баъзи одамлар тенгдошларининг эътиборини жалб қилиш учун аҳмоқона ҳаракатларини видеога олиб, интернетга жойлаштиради. Масалан, кўплаб ўсмирлар ақлга сиғмайдиган ишни — заҳарли моддалари бор кир ювиш кукунини ейишаётганини видеога олиб, интернетга юклашган.

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Шуҳратпарастлик билан ҳеч нарса қилманглар». (Филиппиликларга 2:3, Туркия 1998)

 Ўйлаб кўринг:

  •   Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик сиз учун қанчалик муҳим?

  •   Тенгдошларингизнинг эътиборинию ҳурматини қозониш учун ўз соғлигингиз ва ҳаётингизни хавф остига қўйган бўлармидингиз?

 Қўштирноқ ичидаги машҳурлик

 Юлдуз бўлиш учун ҳамма ҳам ҳаётини хавф остига қўймайди. 22 ёшли Эрика айримлар қўллайдиган бошқача усул ҳақида шундай фикр билдирди:

 «Баъзилар кўпгина дўстлари билан вақтичоғлик қилиб расмга тушади, сўнг уларни ижтимоий тармоқларга юклайди. Бундай қилиб, улар ўзини худди жудаям машҳур ва миллионта дўсти бордек кўрсатади».

 15 ёшли Кара баъзилар бошқаларда таассурот қолдириш учун ёлғондан фойдаланиши ҳақида қуйидагича деди:

 «Мен шундай одамларни биламанки, улар базмда бўлгандек расмга тушишади. Аслида эса уйда ўтирган бўлишади».

 22 ёшли Мэтью ҳам шундай йўл тутгани ҳақида айтди:

 «Интернетга расмимни жойлаштиргандим ва у Эверест тоғида олинган, деб белгилаб қўйгандим. Лекин ўзим Осиёда умримда бўлмаганман».

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18)

 Ўйлаб кўринг:

  •   Машҳур бўлиш учун ижтимоий тармоқларда ёлғондан фойдаланганмисиз?

  •   Расм ва шарҳлар сиз аслида қандай инсон эканингизни ва нимага ишонишингизни акс эттирадими?

  Обуначилар ва лайклар қанчалик муҳим?

Кўпларнинг ўйлашича, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиш учун анчагина обуначи ва лайкларга эга бўлиш керак. Юқорида тилга олинган Мэтью ҳам шундай фикрда бўлганини тан олди:

 «Мен одамлардан: “Обуначиларингизнинг сони қанча ёки энг кўп нечта лайк йиққансиз?” — деб сўрардим. Обуначиларимни кўпайтириш мақсадида танимайдиган одамларга обуна бўлардим ва улар ҳам менга обуна бўлишини кутардим. Машҳур бўлиш истаги мени тарк этмасди, ижтимоий тармоқлар эса бу истакни кучайтирарди».

Ижтимоий тармоқларда машҳур бўлишни зарарли озиқ-овқатга ўхшатса бўлади. У қисқа вақтга лаззат бахш этса-да, кейинчалик ёқимсиз асоратлар келтиради

 25 ёшли Мария обуначилар ва лайкларнинг сони баъзи инсонларнинг ўзига бўлган нуқтаи назарига таъсир қилишига аҳамият берди:

 «Қизлар уларнинг расми кўп лайк йиғмаса, ўзларини хунук, деб ҳисоблайди. Бу нотўғри фикр. Лекин кўп инсонлар шундай ўйлаб, ўзига зиён келтиради, холос».

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Манманлик қилмайлик, бир-биримизни рақобатга ундамайлик ва ҳасад қилмайлик». (Галатияликларга 5:26)

 Ўйлаб кўринг:

  •   Ижтимоий тармоқларда ўзингизни бошқалар билан солиштирасизми?

  •    Обуначиларнинг сони ортидан қувяпсизми ёки сизни чин дилдан яхши кўрадиган инсонлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиряпсизми?