Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- БОБ

Ҳеч қачон ўғрилик қилманг!

Ҳеч қачон ўғрилик қилманг!

ҚАЧОНДИР сизнинг бирон нарсангизни ўғирлашганми? ~ Ўшанда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз? ~ Ўғриларни ҳеч ким ёқтирмайди. Инсон қандай қилиб ўғри бўлиб қолиши мумкин? Наҳотки, у ўғри бўлиб туғилса? ~

Олдин билиб олганимиздек, ҳамма одамлар гуноҳкор бўлиб туғилишади. Шунинг учун ҳаммамиз номукаммалмиз. Бироқ, ҳеч ким ўғри бўлиб туғилмайди. Ўғри яхши ахлоқли оилада улғайиши мумкин. Унинг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари ростгўй бўлиши мумкин. Лекин пул ва пулга сотиб олинадиган нарсаларга эга бўлиш истаги одамни ўғрилик қилишга ундаши мумкин.

Биринчи ўғри ким бўлганини биласизми? ~ Келинг, шу ҳақда ўйлаб кўрайлик. Улуғ Устозимиз уни осмонда яшаганида билар эди. Бу ўғри фаришта бўлган. Лекин Худо ҳамма фаришталарни мукаммал қилиб яратган-ку, унда қандай қилиб бу мукаммал фаришта ўғри бўлиб қолган? ~ Шу китобнинг 8- бобидан билиб олганимиздек, у ўзига тегишли бўлмаган нарсага эга чиқишни хоҳлаган. У нимага эга бўлишни хоҳлагани эсингиздами? ~

Худо биринчи эркак ва аёлни яратганида, бу фаришта улар унга топинишларини хоҳлади. Аслида унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Одамлар фақат Худога топинишлари керак эди. Шайтон эса буни ўғирлади! Одамато билан Момоҳавони ўзига топинишга ундаб, ўша фаришта ўғрига айланди. Шундай қилиб, у Иблис Шайтон бўлиб қолди.

Одам нима сабабдан ўғриликка қўл уради? ~ Унга тегишли бўлмаган нарсага эга бўлиш истаги. Бу истак шунчалик кучли бўладики, ҳатто яхши инсонлар ҳам ёмон ишларга қўл уришади. Баъзида ўғрига айланган одамлар ҳеч қачон ёмон йўлдан қайтишмайди. Мисол учун, Исонинг ҳаворийларидан бирини олайлик. Унинг исми Яҳудо Ишқариёт эди.

Яҳудо, Худонинг қонунига кўра ўғрилик қилиш нотўғри эканлигини ёшлигиданоқ биларди. У, Худо осмондан Ўз халқига: «Ўғрилик қилманглар»,— деб айтганини ҳам биларди (Чиқиш 20:15). Яҳудо улғайиб, Улуғ Устозни учратганида унинг шогирдлари қаторига қўшилди. Кейинчалик Исо уни 12 ҳаворийларидан бири қилиб тайинлади.

Исо билан ҳаворийлари доимо бирга юришарди. Улар бирга овқатланишарди. Уларнинг пуллари ҳам битта қутида сақланарди. Исо бу қутини Яҳудога ишониб топширганди. Албатта, бу пуллар Яҳудога тегишли бўлмаган. Лекин кўп ўтмай Яҳудо нима қилганини биласизми? ~

Нимага Яҳудо ўғрилик қила бошлади?

У рухсат сўрамай, қутидан пул ола бошлади. Бу ишни у ҳеч ким кўрмаганда қилар ва ҳатто қутини пулга тўлдириш йўлларини изларди. У нуқул пул ҳақида ўйларди. Келинг, бу ёмон истак қандай оқибатга олиб келганини кўриб чиқайлик. Бу воқеа, Улуғ Устозимиз ўлдирилишидан бир неча кун олдин юз берди.

Исонинг дўсти Лазарнинг опаси Марям қимматбаҳо мой олиб келиб, Исонинг оёқларига қуйди. Лекин Яҳудо бунга норозилик билдириб: «Бу мойни сотиб, пулини камбағалларга тарқатиш керак»,— деди. Биласизми нимага? ~ Аслида у қутидаги пулларни ўғирлаб олмоқчи эди (Юҳанно 12:1–6).

Шунда Исо Яҳудога Марямни хижолат қилмасликни буюрди. Ахир Марям савоб иш қилган эди-да. Бу гап Яҳудога ёқмади ва у Исонинг душманлари бўлмиш бош руҳонийларнинг олдига кетди. Улар Исони ҳибсга олишни хоҳлашарди, лекин ҳеч ким кўрмасин, деб буни кечаси қилишмоқчи эди.

Яҳудо руҳонийларга шундай деди: «Менга пул берсангиз, Исони қандай ушлаш мумкинлигини сизларга айтаман. Менга неча пул берасизлар?»

Руҳонийлар: «Ўттиз кумуш танга берамиз»,— дейишди (Матто 26:14–16).

Яҳудо пулларни олди. Шундай қилиб, у Улуғ Устозни ўша одамларга сотиб юборди! Даҳшат! Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, тўғрими? ~ Яҳудо пулни шунчалик яхши кўрганки, уни одамлардан ва ҳатто Худодан устун қўйган.

Балки сиз: «Мен Тангри Яҳовадан бошқа ҳеч нарсани яхши кўрмайман»,— дерсиз. Бундай ўйлашингиз жуда яхши. Аммо Яҳудо ҳам Исо томонидан ҳаворий этиб тайинлаганида, эҳтимол шундай ўйлаган. Ўғрига айланган бошқа инсонлар ҳам илгари шунақа деб ўйлашгандир. Келинг, улардан айримлари ҳақида билиб олайлик.

Охун ва Довуд қандай ёмон нарсалар ҳақида ўйлашяпти?

Улуғ Устозимиз дунёга келишидан анча олдин Охун исмли Худонинг хизматчиси яшаган. Охун чиройли тўнни, бир бўлак тиллани ва бир қанча кумуш тангаларни кўриб қолган. Бу нарсалар унга тегишли эмасди. Муқаддас Китобда айтилишича, бу нарсалар Яҳовага тегишли эди, чунки улар Худонинг душманларидан олиб қўйилганди. Лекин Охун бу нарсаларга эга бўлишни хоҳлаб, уларни ўғирлаб олди (Ёшуа 6:19; 7:11, 20–22).

Яна бир мисолни олайлик. Қадим замонларда Яҳова Довудни Исроил халқи устидан шоҳ этиб сайлаган эди. Довуд бир куни Ботшева деган чиройли аёлни кўриб қолди. У Ботшевага ҳадеб қарайвергани учун уни уйига олиб келиб, у билан ётиш ҳақида ўйлай бошлади. Бироқ, у Уриё деган кишининг хотини эди. Хўш, Довуд нима қилиши керак эди? ~

Довуд Ботшева ҳақида ўйлашни бас қилиши керак эди. Лекин у бундай қилмади. Довуд уни ўз уйига олиб келтирди. Кейин у Уриёни ўлдиришни буюрди. Нима учун у бундай ёмон иш қилди? ~ Чунки у бировнинг хотинига кўз олайтирган эди (2 Шоҳлар 11:2–27).

Нима учун Абсаломни ўғри деса бўлади?

Довуд жуда пушаймон бўлгани учун Яҳова уни ўлдирмади. Бироқ, Довуд ўзига кўпгина муаммолар орттириб олди. Унинг ўғли Абсалом отасининг ўрнига шоҳ бўлишни истади. Довудни кўришга келган одамларни Абсалом қучоқлаб, ўпиб кутиб оларди. Муқаддас Китобда айтилишича: «Абсалом Исроил халқини ўзига оғдириб олди». Шундай қилиб, у ўзини Довуднинг ўрнига шоҳ этиб тайинлашга одамларни кўндирди (2 Шоҳлар 15:1–12).

Сиз ҳам Охун, Довуд ва Абсалом каби бирор нарсага эга бўлишни жуда хоҳлаганмисиз? ~ Агар ўша нарса бировга тегишли бўлса, уни рухсатсиз олиш ўғрилик ҳисобланади-ку. Илк ўғри — Шайтон нимани хоҳлаган эди, эсингиздами? ~ Одамлар Худога эмас, балки унга топинишларини истаган. Одамато билан Момоҳавони ўзига оғдириб олиб, Шайтон ўғрилик қилди.

Бирор нарсадан ким фойдаланиши мумкинлигини фақат унинг эгаси ҳал қилади. Айтайлик, сиз ўртоқларингиз билан ўйнаш учун уларнинг уйига бордингиз. Уларнинг уйидан бирор нарсани ўз уйингизга олиб кетишингиз тўғри бўлармиди? ~ Йўқ, ўртоқларингизнинг ота-онаси рухсат бермаса, олишингиз нотўғри бўлади. Агар бирор нарсани берухсат олсангиз, бу ўғрилик ҳисобланади.

Қизиқ, нима учун сизда ўғирлаш васвасаси пайдо бўлиши мумкин? ~ Чунки сизга тегишли бўлмаган нарсани олишни хоҳлаб қоларсиз. Ҳатто атрофингизда ҳеч ким бўлмаса ҳам, бирор нарсани олаётганингизни ким кўриб туради? ~ Тангри Яҳова. Худо ўғриликдан нафратланишини доимо ёдда тутишимиз керак. Хуллас, Худони ва инсонларни яхши кўрсак, ҳеч қачон ўғрилик қилмаймиз.

Муқаддас Китобда, ўғрилик қилиш ёмон эканлиги аниқ кўрсатилган. Марҳамат қилиб, Марк 10:17–19; Римликларга 13:9 ва Эфесликларга 4:28- оятларини ўқиб чиқинг.