Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- БОБ

Нега алдамаслигимиз керак?

Нега алдамаслигимиз керак?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, қизалоқ ойисига: «Мактабдан дарров уйга келаман»,— деб ваъда берди. Аммо дарслар тугагандан сўнг, у ўртоқлари билан ўйнашга қолди. Сўнг ойижонисига: «Ўқитувчим дарслардан кейин қолишимни сўради»,— деб айтди. Нима деб ўйлайсиз, бундай гапириб у тўғри йўл тутдими? ~

Бу бола қандай ёмон иш қилиб қўйди?

Ёки болакай дадасига шундай айтса: «Йўқ, дадажон мен уйда тўп ўйнамадим». Лекин у чиндан ҳам ўйнаган бўлса-чи? Унинг бу гапи рост, деб айтиш мумкинми? ~

Улуғ Устозимиз қандай йўл тутишимиз кераклигини бизга тушунтириб, шундай деган: «“Ҳа” десангиз, бажаринг, “йўқ” десангиз, гапингизда туринг. Бундан ортиғи эса ёвуз Шайтондандир» (Матто 5:37). Исонинг сўзлари нимани англатади? ~ Бу дегани, ишларимиз гапларимиз билан мос келиши керак.

Муқаддас Китобда ҳамиша ҳақиқатни гапириш қанчалик муҳим эканлиги тўғрисида бир ҳикоя бор. Бу ҳикоя Исонинг шогирдлари бўлган икки одам ҳақида. Келинг, улар билан нима юз берганини кўриб чиқайлик.

Исонинг ўлимидан тахминан икки ой ўтди. Яҳудийларнинг «Ҳосил байрами» деб аталмиш маросимни нишонлаш учун Қуддусга узоқ-узоқ жойлардан кўп одамлар келишди. Ҳаворий Бутрус ажойиб бир нутқ сўзлади. Яъни у Исо ҳақида ҳамда Худо уни қандай қилиб тирилтиргани тўғрисида одамларга айтиб берди. Ўшанда Қуддусга келган аксарият кишилар Исо тўғрисида биринчи марта эшитишди. Бу одамлар у ҳақда янада кўпроқ билишмоқчи эди. Хўш, улар нима қилишди?

Улар Қуддусда яна бир муддатга қолишди. Лекин ўша одамлар у ерда кўпроқ вақтга қолиб кетишди. Уларнинг ҳамма пули тугади, ҳатто егулик сотиб олишга ҳам сариқ чақаси қолмади. Бундан хабар топгач, Қуддусдаги шогирдлар бу одамларга ёрдам бермоқчи бўлишди. Аксарият шогирдлар мол-мулкларини сотиб, пулларни Исонинг ҳаворийларига олиб келишарди. Ҳаворийлар эса бу пулларни муҳтож бўлганларга тарқатишарди.

Қуддусдаги масиҳийлар жамоатининг аъзолари бўлмиш эру хотин — Ҳанания ва Саффира ҳам ўз даласини сотишди. Бундай қилишга уларни ҳеч ким мажбурламаган. Бу, уларнинг шахсий қарори эди. Аммо улар буни Исонинг янги шогирдларини севишгани учун қилишмаган. Аслида Ҳанания билан Саффира одамларда яхши таассурот қолдиришни хоҳлашди. Шундай қилиб, улар бошқаларга ёрдам бериш учун бор пулимизни беряпмиз, дейишга қарор қилишди. Хуллас, улар пулнинг муайян қисмини бериб, ҳаммасини бердик, дейишди. Сизнингча, улар тўғри иш қилишдими? ~

Шундай қилиб, Ҳанания ҳаворийларнинг олдига келди ва пулларни берди. Маълумки, Худодан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Албатта, у пулнинг муайян қисмини берганини Яҳова билади. Шу йўсин, Худо ҳаворий Бутрусга Ҳананиянинг ёлғон гапираётганини очиб берди.

Ҳанания нима деб Бутрусни алдади?

Бутрус унга шундай деди: «Ҳанания, Шайтонга алданиб, ёлғон гапиришга қандай журъат этдинг? Ахир ер сеники эди-ку. Сени ҳеч ким мажбурлагани йўқ. Ерни сотганда, тушган пулни тақсимлаш ўз ихтиёрингда эмасмиди? Пулнинг муайян бир қисмини бериб, нега ҳаммасини бердим, деб айтяпсан? Сен бизга эмас, Аллоҳга қарши ёлғон гапирдинг».

Бу жудаям жиддий масаладир. Ҳанания ёлғон гапирди! Унинг гаплари ишларига тўғри келмади. Ҳанания ҳақиқатни яширди. Муқаддас Китобда шундан кейин нима содир бўлгани ҳақида айтилган: «Бутруснинг сўзларидан сўнг Ҳанания ерга йиқилиб, жон берди». Худо Ҳананияни урди! Бундан сўнг, уни олиб бориб кўмишди.

Ёлғон гапиргани учун Ҳананияга нима бўлди?

Тахминан уч соатдан кейин ҳаворийларнинг олдига Саффира ҳам келди. У эри билан нима содир бўлганидан бехабар эди. Бутрус ундан: «Менга айт-чи, сизлар ерни фалон пулга сотдиларингми?» — деб сўради.

Саффира жавоб бериб: «Ҳа, ерни шунчага сотдик»,— деди. Аммо бу ғирт ёлғон эди! Улар ерни сотиб, пулнинг муайян қисмини яшириб қўйишди. Шунинг учун Худо Саффирани ҳам ўлимга мубтало қилди (Ҳаворийлар 5:1–11).

Ҳанания ва Саффира билан содир бўлган воқеадан қандай сабоқ олишимиз керак? ~ Худо алдоқчиларни ёмон кўради. У, ҳамиша рост гапиришимизни хоҳлайди. Лекин кўпчилик одамлар ёлғон гапиришнинг ёки кимнидир алдашнинг ёмон жойи йўқ, деб айтишади. Нима деб ўйлайсиз, бу одамларнинг гапи тўғрими? ~ Барча касалликлар, азоб-уқубатлар ва ўлим ёлғоннинг оқибати эканини билармидингиз? ~

Исо айтганидек, ким биринчи ёлғон гапирди ва оқибати нима бўлди?

Эсингизда бўлса, Иблис биринчи аёлни алдагани тўғрисида суҳбатлашгандик. Шайтон ўша аёлга айтганки, Худога қулоқ солмаса ва Худо унга ема деган мевадан еса, ўлмайди. Момоҳаво Иблисга ишонди ва мевани еди. Аёл Одаматони ҳам мевадан ейишга кўндирди. Улар бу ишни қилиб, гуноҳга ботишди ва ҳамма болалари ҳам гуноҳкор бўлиб туғилишди. Одаматонинг болалари гуноҳкор бўлгани учун барчаси азоб чекиб ўляпти. Аммо бу нимадан бошланди? ~ Ҳаммаси ёлғондан бошланди.

Исо Иблисни «ёлғончи ва ёлғоннинг отаси», деб атагани ажабланарли эмас! Шайтон биринчи бўлиб ёлғон гапирди. Шундай экан, кимдир ёлғон гапирса, у Иблиснинг биринчи қилган ишини қайтарган бўлади. Буни, айниқса ёлғон гапириш васвасасига тушганимизда ёдда тутиш муҳим (Юҳанно 8:44).

Хўш, бу васваса қачон пайдо бўлиши мумкин? ~ Бирон-бир ёмон иш қилиб қўйганимизда, шундай эмасми? ~ Масалан, сиз бирон нарсани тушириб, синдириб қўйишингиз мумкин. Албатта, сиз бундай қилишни истамас эдингиз. Аммо сиздан: «Бу кимнинг иши?» — деб сўрашса, укангиз ёки синглингизга тўнкайсизми? Ёки ўзингизни ҳеч нарсани билмаганга соласизми? ~

Қачон ёлғон гапириш васвасасига тушиб қолишингиз мумкин?

Мана яна бошқа мисол: сиз уй вазифасини бажаришингиз керак, аммо сиз фақат бир қисмини бажардингиз. «Мен ҳамма дарсимни қилиб бўлдим»,— дейиш тўғри бўлармиди? ~ Биз Ҳанания ва Саффиранинг мисолини эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Улар бор ҳақиқатни гапиришмагани сабабли, ҳаётдан маҳрум бўлишди. Худо уларни жазолади ва бу билан ёлғонга қандай муносабатда эканини кўрсатди.

Шундай экан, қилмишимиз қанчалик оғир бўлмасин, ёлғон гапириб ўзимизга зарар етказамиз. Шунингдек, ҳақиқатнинг ярмини эмас, балки борини гапиришимиз керак. Муқаддас Китобда: «Ҳақиқатни гапиринглар»,— деб айтилган. Бундан ташқари, унда: «Бир-бирингизга ёлғон гапирманглар»,— дейилган. Тангри Яҳова ҳар доим ҳақиқатни гапиради ва У бизнинг ҳам бундай йўл тутишимизни хоҳлайди (Эфесликларга 4:25; Колосаликларга 3:9).

Биз ҳамиша ҳақиқатни гапиришимиз керак. Бу фикр қуйидаги оятларда таъкидланган: Чиқиш 20:16; Ҳикматлар 6:16–19; 12:19; 14:5; 16:6 ва Ибронийларга 4:13.