Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7- БОБ

Итоаткорлик сизни ҳимоялайди

Итоаткорлик сизни ҳимоялайди

ХОҲЛАГАН нарсангизни қила олсангиз, зўр бўларди-а? Ўшанда ҳеч ким сизга: уни қилма, буни қилма демасди. Ростини айтинг, сиз шундай бўлишини хоҳлармидингиз? ~

Нима учун катталарга қулоқ солишингиз керак?

Лекин сиз учун нима яхшироқ? Ҳар доим сиз хоҳлаган ишни қилиш оқилонами? Ёки ойингиз билан дадангизга итоат қилсангиз яхшироқ бўлармиди? ~ Худо, ота-онангизга қулоқ солиш керак, деб бекорга айтмаяпти. Келинг, сабабини билиб оламиз.

Сиз нечага кирдингиз? ~ Дадангиз неча ёшдалигини биласизми? ~ Ойингиз, бувингиз ёки бобонгиз-чи, неча ёшдалар? ~ Ҳа, улар сиздан анча катталар. Одам қанча кўп яшаса, шунча кўп нарсани билиб олади. Ёши ўтган сари у кўп нарса кўрган, эшитган ва қилган бўлади. Шунинг учун ёшлар катталардан ўрганишлари мумкин.

Сиздан ҳам кичикроқ биронта болани танийсизми? ~ Нима деб ўйлайсиз, ким кўпроқ билади, сизми, уми? ~ Нимага? ~ Чунки сизнинг ёшингиз каттароқ. Сизда билим олишга ундан кўра кўпроқ вақт бўлган.

Ким сиздан ҳам, мендан ҳам каттароқ? Ким дунёда ҳамма одамлардан каттароқ, биласизми? ~ Бу Тангри Яҳова. У сиздан ҳам, мендан ҳам кўпроқ нарсани билади. У бизга бирон-бир иш буюрса, қийин бўлса ҳам, бу ишни қилиш тўғри эканлигига амин бўлишимиз мумкин. Ҳатто Улуғ Устозимизга ҳам Худога итоат этиш осон кечмаган. Сиз шуни билармидингиз? ~

Бир марта Худо Исога жуда қийин иш топширган эди. Шунда Исо, расмда кўрсатилганидек, бу ҳақда ибодат қилган. У Худога ёлвориб: «Истасанг, мени бу қийинчиликдан халос қилгин»,— деган. Бу билан Исо, Худонинг хоҳишини бажариш ҳар доим ҳам осон бўлмаслигини кўрсатган. Аммо у ибодатининг охирида нима деган, биласизми? ~

Исонинг дуосидан нимани ўргандик?

Исо ибодатини шундай сўзлар билан тугатган: «Лекин мен хоҳлаганимдек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин» (Луқо 22:41, 42). Ҳа, у ўзи истаганидек эмас, Худо истагандек бўлсин деган. Шунинг учун Исо ўзбошимчалик қилмай, Худонинг иродасини бажарган.

Бундан нимани ўрганишимиз мумкин? ~ Ҳатто қийин бўлса ҳам, доим Худонинг айтганини қилсак, тўғри йўл тутган бўламиз. Аммо бундан яна бир муҳим нарсани билиб олдик. Биласизми, нимани? ~ Баъзилар ўйлаганидек, Худо билан Исо битта шахс эмас экан. Худойимиз Яҳова Ўғли Исодан анча катта ва кўпроқ нарсани билади.

Биз Худога итоат қилганимизда, уни яхши кўришимизни кўрсатган бўламиз. Муқаддас Китобда айтилишича, «Худони яхши кўриш, Унинг амрларига риоя қилиш демакдир» (1 Юҳанно 5:3). Кўриб турганингиздек, биз ҳаммамиз Худога бўйсунишимиз керак. Ахир, сиз ҳам Унга итоат қилишни хоҳлайсиз, шундай эмасми? ~

Энди келинг, Муқаддас Китобни очиб, Худо болаларга нима деяётганини кўрайлик. Эфесликларга 6-боб, 1-, 2- ва 3- оятларда: «Фарзандлар, Раббимизнинг иродасига мувофиқ тарзда ота-оналарингизга бўйсунинглар, чунки бу тўғридир. Зеро ваъда билан боғлиқ биринчи амр шудир: “Ота-онангни ҳурмат қил. Шунда яхшилик сенга ёр бўлиб, ер юзида узоқ умр кўрасан”».

Ана кўрдингизми, ота-онангизга итоат қилишни сизга Тангри Яҳованинг Ўзи айтяпти. Уларни «ҳурмат қилиш» нима дегани? Бу, ойингиз билан дадангизни жуда қадрлашингиз керак дегани. Худо айтяптики, агар ота-онангизга қулоқ солсангиз, «яхшилик сизга ёр бўлади».

Ҳозир сизга, итоат қилганлари учун омон қолган кишилар тўғрисида бир ҳикоя айтиб бераман. Бу кишилар қадим замонда, Қуддус деган катта бир шаҳарда яшашган. Ўша шаҳарда яшаган одамларнинг кўпи Худога қулоқ солишмаган. Шу сабабдан Исо уларни огоҳлантириб, Худо бу шаҳарни йўқ қилмоқчи эканини айтган. Исо шунингдек айтганки, фақат яхшилик қиладиган кишилар қутқарилади. У шундай деган: «Аскарлар Қуддусни ўраб олишганини кўрсангиз, билингларки, яқинда шаҳар вайрон бўлади. Ўшанда имиллаб ўтирмай шаҳардан чиқиб, тоғларга қочинглар» (Луқо 21:20–22).

Исога қулоқ солганлари учун бу одамлар қандай қилиб қутқарилишди?

Ҳа, айнан Исо айтганидай, душманлар Қуддусга бостириб киришди. Рим аскарлари шаҳарни ўраб олишди. Аммо кейин, негадир улар орқага қайтиб кетишди. Шунинг учун кўп одамлар, энди бизга ҳеч нарса бўлмайди деб ўйлаб, шаҳарда қолишди. Лекин Исо уларга нима қилишни айтган эди? ~ Агар сиз ҳам Қуддусда яшаганингизда, нима қилган бўлардингиз? ~ Исога чин юракдан ишонганлар уйларини қолдириб, Қуддусдан узоқроққа, тоғларга қочиб кетишди.

Ўша йили Қуддусда ҳеч нарса содир бўлмади. Бир йилдан кейин ҳам, икки йилдан кейин ҳам шаҳар жим-жит эди. Балки кимдир, шаҳардан кетганларни тентак, деб ҳисоблагандир. Аммо уч йилдан кейин Рим аскарлари қайтиб келишди. Улар яна Қуддусни ўраб олишди. Энди қочиб-қутулишнинг иложи йўқ эди. Бу сафар аскарлар шаҳарни вайрон қилишди. Шаҳар ичидаги одамларнинг кўпи ўлди, қолганлар эса ҳибсга олинди.

Исога қулоқ солганлар-чи, уларга нима бўлди? ~ Улар омон қолишди. Ахир ўшанда улар Қуддусдан узоқда эдилар-да. Шу сабабдан уларга ҳеч нарса бўлмади. Ҳа, итоаткорлик уларни ҳимоя қилди.

Итоаткорлик сизни ҳам ҳимоялайдими? ~ Эҳтимол ота-онангиз сизга, йўлда ўйнамагин, дейишаётгандир. Нима учун улар шундай дейишади? ~ Чунки сизни машина уриб юбориши мумкин. Лекин сиз шундай ўйлагандирсиз: «Ҳозир машина йўқ-ку. Менга ҳеч нарса бўлмайди. Ана, бошқа болалар йўлда ўйнаб юришибди. Уларга ҳеч нарса бўлмаяпти-ку».

Ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлаганда ҳам нега итоаткор бўлишингиз керак?

Қуддусда яшаган одамлардан кўпи айнан шундай ўйлашган. Рим аскарлари қайтиб кетишганда, уларга энди ҳеч нарса бўлмайди, деб ҳисоблашган. Бошқалар шаҳарда қолганини кўриб, улар ҳам ҳеч қаерга кетмасликка қарор қилишган. Уларни огоҳлантиришган эди, аммо улар қулоқ солишмади. Шунинг учун улар ҳаётдан маҳрум бўлишди.

Яна бир мисолни олайлик. Сиз қачондир гугурт ўйнаганмисиз? ~ Гугурт ёқиб, оловига қараш қизиқарли бўлиб кўриниши мумкин. Лекин гугурт ўйнаш жуда хавфли. Сиз уйга ўт қўйиб, ўзингиз ҳам куйиб ўлишингиз мумин!

Унутманг: онда-сонда итоат қилиш етарли эмас. Фақат доимо қулоқ солгандагина, итоаткорлик сизни ҳимоялайди. «Фарзандлар, ота-оналарингизга бўйсунинглар»,— деб ким айтгани эсингиздами? ~ Худо айтган. Буни У, сизни яхши кўргани учун айтганини эсдан чиқарманг.

Ҳозир эса, итоаткорлик муҳимлигини кўрсатадиган оятларни ўқиб чиқинг: Ҳикматлар 23:22; Воиз 12:13; Ишаё 48:17, 18 ва Колосаликларга 3:20.