Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- ҚИСМ

Исроилликлар ўзларига шоҳ сўрашади

Исроилликлар ўзларига шоҳ сўрашади

Исроилнинг илк шоҳи Шоул, Яҳовага итоатсиз бўлиб қолади. Унинг ўрнига Довуд шоҳ этиб тайинланади. Худо у билан абадий шоҳлик ҳақида аҳд тузади

ШИМШЎНДАН сўнг, Исроилда Шомуил исмли бир киши пайғамбар ва ҳакам бўлиб хизмат қилади. Исроилликлар бошқа халқлар каби бўлишни истаб, ундан шоҳ тайинлашни талаб қилишади. Гарчи бу, Яҳовага қаттиқ ботган бўлса-да, уларнинг талабини бажаришни Шомуилга буюради. Аллоҳ, Шоул исмли камтарин бир одамни шоҳ қилиб тайинлайди. Вақт ўтгач, шоҳ Шоул мағрур ва итоатсиз бўлиб қолади. Шунда, Яҳова уни рад этиб, ўрнига Довуд исмли йигитни тайинлайди. Аммо Довуд анча йиллардан кейин шоҳ бўлади.

Довуд ҳали ўсмирлигида, Шоулнинг қўшинида хизмат қилаётган акаларини кўришга боради. У ерда барча исроиллик аскарлар Гўлиёт исмли баҳайбат бир душман жангчидан дағ-дағ титраб туришар эди. Гўлиёт эса, уларни ва Аллоҳ Яҳовани мазах қилаётганди. Довуднинг аччиғи чиқиб, Гўлиёт билан жанг қилишга қарор қилади. Уч метрлик ушбу девқомат билан жанг қилиш учун Довуд палахмон ва бир нечта тош олади. Гўлиёт Довуднинг устидан кула бошлайди. Довуд эса, унинг қуролидан яхшироқ қурол, яъни Яҳованинг исми билан жангга чиққанини айтади. У бор-йўғи битта тош билан Гўлиётни ағдаради, кейин унинг қиличини олиб, бошини танасидан жудо қилади. Қўрқиб қолган филистлар тумтарақай қочиб кетишади.

Аввалига, шоҳ Шоул Довуднинг жасоратидан қойил қолади ва уни қўшин бошлиғи қилиб тайинлайди. Лекин кейинчалик унга қаттиқ ҳасад қиладиган бўлади. Шу сабабли Довуд қочиб кетиб, бир неча йил давомида қочқинликда яшайди. Шоҳ Шоул уни ўлдириш учун бир неча марта уринган бўлса-да, Довуд Яҳова тайинлаган шоҳнинг жонига қасд қилмайди. Охир-оқибат, Шоул жангда ҳалок бўлади. Сўнг эса, Худо ваъда қилганидек Довуд шоҳ этиб тайинланади.

«Унинг шоҳлик тахтини тоабад мустаҳкам қиламан» (2 Шоҳлар 7:13)

Ҳазрати Довудда, Яҳова учун маъбад қуриш истаги кучли бўлади. Бироқ, Яҳова бу ишни унинг ўғли Сулаймон қилишини айтади. Шундай бўлса-да, Тангри Довуд билан аҳд тузиб, уни мукофотлайди: у шоҳлар сулоласининг асосчиси бўлиб, унинг авлодидан Адан боғида ваъда қилинган Нажоткор ёки Зурриёт келиб чиқишини айтади. Нажоткор Аллоҳ тайинлаган Масиҳ бўлиб, маъноси «мойланган» демакдир. Яҳова, Масиҳ самовий Шоҳликнинг Ҳукмдори бўлиб, абадий бошқаради деб ваъда қилган.

Довуд Тангри Яҳовадан жуда миннатдор бўлган. Шу йўсин, маъбад учун анчагина қурилиш молларию олтин ва кумуш тайёрлаб қўяди. У шунингдек, кўпдан-кўп санолар басталайди. Ҳаётининг якунида эса қуйидаги сўзларни айтади: «Эгамнинг руҳи мен орқали гапирган, тилимда тайёрдир Унинг каломи» (2 Шоҳлар 23:2).

1 ва 2 Шоҳлар, 1 Солномалар китобларга ҳамда Ишаё 9:7, Матто 21:9, Луқо 1:32 ва Юҳанно 7:42- оятларга асосланган.