Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10- ҚИСМ

Доно шоҳ Сулаймон

Доно шоҳ Сулаймон

Аллоҳ Яҳова Сулаймонга донолик ато этади. Унинг бошқаруви Исроилнинг тинчлик ва равнақ топишига олиб келади

АГАР бутун халқ ва унинг шоҳи Эгаси Яҳовага бўйсуниб, Унинг қонунларини бажарганда ҳаёт қандай бўларди? Шоҳ Сулаймонинг 40 йиллик бошқаруви бу саволга жавоб беради.

Ҳазрати Довуд ўлимидан олдин, ўғли Сулаймонни шоҳ этиб тайинлади. Худованд Сулаймонга тушида зоҳир бўлиб, Ундан хоҳлаган нарсасини сўрашини айтади. Халқни адолат ва донолик билан бошқариш учун шоҳ донишмандлик ҳамда ақл-идрок сўрайди. Сулаймоннинг илтимосини Яҳова хуш кўриб, унга нафақат донолик ва ақл-идрок ато этади, балки бойлик, шуҳрат ва узоқ умр беришни ваъда қилади. Бунинг учун эса шоҳ Аллоҳга итоаткор бўлиши керак эди.

Сулаймон донишмандлиги билан шуҳрат топади. Бир куни унинг олдига мушкул масала билан иккита аёл келади. Уларнинг иккаласи ҳам битта чақалоқнинг онаси эканига даъвогарлик қилишади. Бу масалани ечиш учун шоҳ болани ўртасидан чопиб, иккала аёлга бўлиб беришни буюради. Биринчи аёл бунга рози бўлади, аммо унинг асл онаси болани ҳалок қилмасдан уни ўша аёлга беришларини ёлвориб сўрайди. Шунда Сулаймон чақалоқнинг ҳақиқий онаси кимлигини тушунади ва болани онасига қайтаради. Бу воқеа бутун Исроилга тарқалиб, чиндан ҳам Худо Сулаймонга донолик ато этганига ҳамма ишонч ҳосил қилади.

Сулаймоннинг улкан ютуқларидан бири, Аллоҳ Яҳовага бағишлаб Қуддусда маъбад қурганидир. Ушбу маъбад Исроилда топиниш маркази бўлиб хизмат қилади. Маъбаднинг очилиш маросимида Сулаймон, Яҳовага ибодат қилиб шуларни айтади: «Осмонга — фалак тоқига Сен сиғмассан. Фалак тоқи олдида мен қурган уй нима бўлибди?!» (3 Шоҳлар 8:27).

Сулаймоннинг донғи кўп мамлакатларга, ҳаттоки Арабистондаги Шава маликасигача етиб боради. Шунда малика Сулаймоннинг салтанатию бойлигини кўриш ҳамда қийин саволлари билан унинг донолигини синаш учун Қуддусга келади. Шава маликаси Сулаймонинг донолигини ва Исроилнинг фаровонлигини кўриб лол қолади. Ўшанда, у бундай доно шоҳни тахтга тайинлаган Яҳовани улуғлайди. Тангри Яҳова, Сулаймонинг бошқарувини шунчалик баракали қилган эдики, бу қадимги Исроил тарихидаги энг тинч ва фаровон давр бўлган.

Минг афсуски, вақт ўтиб Сулаймон Яҳова берган доноликнинг қадрига етмай қўйди. У Худонинг амрига бепарво бўлиб, юзлаб аёлларни хотин қилиб олди. Уларнинг аксарияти сохта худоларга топингани учун, Сулаймон ҳам аста-секин Яҳовадан узоқлашиб, бутларга сиғинадиган бўлиб қолди. Шунинг учун Яҳова Сулаймонга, ундан шоҳликни тортиб олишини, аммо Довуднинг ҳурмати ҳаққи шоҳликнинг кичкина бир қисмини оиласига қолдиришни айтди. Сулаймон Худога итоат қилмай қўйган бўлса-да, Яҳова отаси Довуд билан Шоҳлик ҳақидаги тузган аҳдига содиқ қолди.

3 Шоҳлар 1–11 ва 2 Солномалар 1–9- бобларга ҳамда Амрлар 17:17- оятга асосланган.