Асосий материалларга ўтиш

Нега Яҳованинг Шоҳидлари туғилган кунларни нишонламайди?

Нега Яҳованинг Шоҳидлари туғилган кунларни нишонламайди?

 Яҳованинг Шоҳидлари туғилган кунларни нишонламайди, сабаби бундай байрамлар Худога маъқул келмайди деб билишади. Муқаддас Китобда туғилган кунни нишонлаш ман этилади деб ёзилмаган, лекин бу байрамнинг баъзи хусусиятларини ва уларга нисбатан Худонинг нуқтаи назарини тушунишга ёрдам беради. Келинг, бу байрамнинг тўртта хусусияти ва у билан боғлиқ Муқаддас Китобдаги принципларга эътибор қаратайлик.

  1.   Туғилган кунни нишонлаш бутпарастликдан келиб чиққан. Бир луғатда айтилишича, одамнинг туғилган кунида «ёвуз руҳлар унга ҳужум қилиши мумкин», лекин «ўша куни дўстлари ёнида бўлиб, эзгу тилакларни айтгани уни ҳимоя қилади». («Funk & Wagnalls Standard Dictionary of Folklore, Mythology, and Legend») Бошқа бир манбада айтилишича, «қадимда туғилган кун саналарини ёзиб бориш муҳим ҳисобланган, сабаби уларга қараб, «астрологиянинг мистик таълимотига» асосланган «мунажжимлар башорати тузилган». Бу китобда яна шундай дейилган: «Афсоналарга кўра, туғилган кунда торт устида ёқиладиган шамлар тилакларни амалга оширадиган сирли кучга эга». («The Lore of Birthdays»)

     Бироқ Муқаддас Китобда сеҳр-жоду, фолбинлик ёки «шуларга ўхшаган ишлар» билан шуғулланиш қораланади. (Қонунлар 18:14; Галатияликларга 5:19–21) Аллоҳ қадимги Бобилни йўқ қилганининг сабабларидан бири, аҳолиси фолбинликнинг тури бўлмиш астрология билан шуғуллангани эди. (Ишаё 47:11–15) Яҳованинг Шоҳидлари ҳар бир урф-одатни икир-чикиригача ковлаштиришмайди, лекин Муқаддас Китобда муайян масала бўйича Худонинг нуқтаи назари аниқ акс эттирилган бўлса, уни эътиборидан четда қолдиришмайди.

  2.   Илк масиҳийлар туғилган кунларни нишонлашмаган. Бир энциклопедияда айтилишича, илк масиҳийлар «ҳар қандай одамнинг туғилган кунини нишонлаш бутпараст урф-одат, деб билишган». («The World Book Encyclopedia») Муқаддас Китобдан кўриб турганимиздай, Исонинг ҳаворийлари ва у таълим берган бошқалар, барча масиҳийлар амал қилиши керак бўлган ўрнак қолдиришган. (2 Салоникаликларга 3:6)

  3.   Масиҳийлар хотирлаши керак бўлган ягона кун — туғилган кун эмас, ўлим куни, яъни Исо Масиҳнинг ўлган куни. (Луқо 22:17–20) Бу ажабланарли эмас, сабаби Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Ўлим куни... туғилган кундан яхшироқдир». (Воиз 7:1) Ер юзидаги ҳаётининг охирида Исо Масиҳ Худо олдида яхши номга эга бўлган, шунинг учун унинг ўлим куни туғилган кунидан муҳимроқ. (Ибронийларга 1:4)

  4.   Муқаддас Китобнинг ҳеч бир жойида Худонинг хизматчиси туғилган кунини нишонлагани ҳақида ёзилмаган. Бу тасодиф эмас, чунки у ерда Худога хизмат қилмаган икки киши туғилган кунини нишонлагани ҳақида айтилган. Бироқ иккаласи ҳам салбий воқеа сифатида ёритилган. (Ибтидо 40:20–22; Марк 6:21–29)

Яҳова Шоҳидларининг болалари туғилган кунни нишонламагани учун ўзини бахтсиз ҳис қиладими?

 Бошқа меҳрибон ота-оналар каби Яҳованинг Шоҳидлари ҳам ўз фарзандларига йил давомида севгисини кўрсатиб, совғалар беришади ва биргаликда вақтичоғлик қилишади. Улар фарзандларига ҳар қандай пайтда яхши нарсаларни берадиган Худога тақлид қилишади. (Матто 7:11) Қуйидаги изоҳлар кўрсатиб турганидай, Яҳова Шоҳидларининг болалари ўзини ўксиб қолгандай ҳис қилмайди:

  •   «Кутилмаганда совға беришганда, кўпроқ суюнаман». (Тэмми, 12 ёш)

  •   «Туғилган кунимда совғалар олмасам ҳам, ота-онам бошқа кунлари менга совға бериб туришади. Менга кутилмаган совғалар ёқади». (Грегори, 11 ёш)

  •   «Ўн дақиқа ичида бир-иккита пишириқ еб, ашула айтишни байрам деса бўладими? Уйимизга келинг, ҳақиқий байрам қандай ўтишини кўрасиз!» (Эрик, 6 ёш)