Салоникаликларга йўлланган иккинчи мактуб 3:1–18

  • Доим ибодат қилинг (1–5)

  • Тартибни бузаётганлар ҳақида огоҳлантириш (6–15)

  • Хайрлашув сўзлари (16–18)

3  Хулласи калом биродарлар, биз учун ибодат қилинглар+, токи сизларда ҳам бўлганидек, Яҳованинг* каломи биз орқали тез тарқалиб+, улуғлансин.  Шунингдек, хавфли ва ярамас одамлардан халос бўлишимиз учун+ ибодат қилинглар, зеро ҳаммада ҳам имон йўқ+.  Аммо Ҳазратимиз ишончли ва у сизларни мустаҳкамлаб, Шайтондан* ҳимоялайди.  Устига-устак, сизларга берган йўл-йўриқларимизга риоя қилаётганингизга ва келажакда ҳам риоя қилишингизга Ҳазратимизнинг издошлари сифатида ишончимиз комил.  Ҳазратимиз бундан буён ҳам юракларингизни тўғри йўналтирсин, яъни сизлар Худони севиб+, Масиҳ ҳаққи сабр-бардошни+ намоён этинглар.  Биродарлар, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг номи билан сизларга буюрамиз: тартибни бузаётган+ ҳамда сизлар* биздан олган нарсаларга*+ амал қилмаётган ҳар бир биродардан узоқлашинглар.  Бизга қандай тақлид қилишингиз кераклигини ўзларингиз ҳам биласизлар+. Боиси, биз сизларда тартибни бузаётганлар каби йўл тутмаганмиз.  Ҳеч кимнинг нонини текин емаганмиз+. Кўп сарф-харажат қилиб, сизлардан бирон кишига оғирлигимиз тушмаслиги учун туну кун тер тўкиб меҳнат қилганмиз+.  Буни бирон нарса олишга ҳаққимиз йўқлиги учун эмас+, балки бизга эргашинглар, дея ўзимизни сизларга ўрнак қилиб кўрсатишни истаганмиз+. 10  Сизлар билан бўлганимизда, шундай буйруқ ҳам берган эдик: «Ишламаган — тишламасин»+. 11  Биз бўлса, орангиздан баъзилар умуман ишламай, тартибни бузиб+, нуқул бошқаларнинг ишига аралашаётганини+ эшитяпмиз. 12  Бундайларга Ҳазрати Исо Масиҳ номидан шундай деб буюриб, панд-насиҳат беряпмиз: улар тинч ишлаб, пешона тери билан топган нонни есинлар+. 13  Сиз эса биродарлар, яхшилик қилишдан чарчаманглар. 14  Борди-ю, бирор киши бу мактубда ёзган сўзларимизга риоя қилмаса, уни кўз остига олиб қўйиб, у билан муносабатни узинглар+, токи у уялсин. 15  Бироқ уни душман деб ҳисобламанглар, аксинча, унга биродардек насиҳат қилинглар+. 16  Тинчлик ато этаётган Ҳазратимиз сизларга ҳар нарсада доимо тинчлик берсин+. Илоё, Ҳазратимиз сизлар билан бирга бўлсин. 17  Мен Павлус, бу саломимни ўз қўлим билан ёзяпман+. Менинг ёзиш услубим шунақа, буни ҳар бир хатим тасдиқлайди. 18  Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ёвуздан».
Бошқа вариант «улар».
Сўзма-сўз «урф-одатларга».