Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Эртага яхши кун келишига ишониш учун ҳақиқий умид

Эртага яхши кун келишига ишониш учун ҳақиқий умид

 Келажакда аҳвол яхшиланишига ишонасизми? Ҳозир биз дуч келаётган жиддий муаммоларга қарамай кўплар ижобий кайфиятни сақлаб келмоқда. Вазият яхши томонга ўзгаришини кутиш ўринлими? Ҳа! Муқаддас Китоб эртага яхши кун келишига ишониш учун ҳақиқий умид ато этмоқда.

 Муқаддас Китоб қандай умид ато этмоқда?

 Муқаддас Китобда инсоният катта муаммоларга дуч келаётгани ҳақида очиқ айтилади. Бироқ унда бу муаммолар бизни абадий қийнамаслиги ҳақида ваъдалар мавжуд. Келинг, баъзи аниқ мисолларни кўриб чиқамиз.

  •   Муаммо: уйсизлик

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Улар уйлар қуриб, бу уйларда яшайди». (Ишаё 65:21)

     Ечим: ҳар бир кишининг ўз уйи бўлади.

  •   Муаммо: ишсизлик ва камбағаллик

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Танлаганларим ўз қўллари меҳнатининг роҳатини кўради». (Ишаё 65:22)

     Ечим: ҳамма одамлар қониқиш ва қувонч келтирадиган фойдали иш билан машғул бўлади.

  •   Муаммо: адолатсизлик

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Беклар одиллик учун ҳукм суради». (Ишаё 32:1)

     Ечим: ирқий, ижтимоий ва иқтисодий тенгсизлик батамом йўқ қилинади. Ҳар бир киши адолат ва ҳурмат билан муомала қилинади.

  •   Муаммо: озиқ–овқат етишмовчилиги ва очлик

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади». (Забур 72:16)

     Ечим: ҳар бир кишида етарлича фойдали озиқ–овқат бўлади. Ҳеч ким оч ҳолда ухлагани ётмайди ва етарлича овқатланмаслик муаммосидан азият чекмайди.

  •   Муаммо: жиноят ва зўравонлик

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Уларнинг ҳар бири ўзининг токи ва анжир дарахти тагида ўтиради. Уларни ҳеч ким даҳшатга солмайди». (Михо 4:4)

     Ечим: ёвуз одамлар бошқа бўлмайди, ҳамма ўзини хавфсиз ҳис этади. «Одил кишилар ер юзига эгалик қилади». (Забур 37:10, 29)

  •   Муаммо: урушлар

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Халқ халққа қарши қилич кўтармайди, Улар жанг қилишни бошқа ўрганмайди». (Ишаё 2:4)

     Ечим: бутун ер юзи бўйлаб тинчлик ҳукм суради. (Забур 72:7) Яқинларимиз урушларда бошқа ўлмайди ва жудолик кўз ёшлари нималигини билмаймиз. Уруш қочқинлари бўлмайди.

  •   Муаммо: касалликлар

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди». (Ишаё 33:24)

     Ечим: одамлар ногиронлик ва турли хасталиклардан азоб чекмайди. (Ишаё 35:5, 6) Муқаддас Китобда берилган ваъдага кўра «ўлим... бошқа бўлмайди». (Ваҳий 21:4)

  •   Муаммо: атроф-муҳитнинг зарарланиши

     Муқаддас Китобдаги ваъда: «Саҳро ва қақраган ер қувонади, Дашт-биёбон шодланиб, заъфарон каби гуллайди». (Ишаё 35:1)

     Ечим: Худо азалда ният қилганидай сайёрамиз жаннатга айланади.

 Муқаддас Китобда айтилганлар шунчаки чиройли эртак эмасми?

 Бир қарашда ҳаммаси шундай туюлиши мумкин. Бироқ биз сизни келажак ҳақида Муқаддас Китобда нималар айтилганини чуқурроқ ўрганишга таклиф этамиз. Нега? Муқаддас Китобдаги ваъдалар одамларнинг ваъдалари ва башоратларидан фарқ қилади. Негаки бу ваъдаларни Худо берган. Бу эса салмоқли далил. Мана бир нечта сабаб:

  •   Худо ишончга сазовор. Муқаддас Китобда айтилишича Худо «ёлғондан холи». (Титусга 1:2) Бундан ташқари, У келажакни башорат қилиш қобилиятига эга. (Ишаё 46:10) Муқаддас Китобда Худонинг айтганлари доим рост бўлиб чиққанини исботловчи кўп мисоллар ёзилган. Кўпроқ маълумотни «Муқаддас Китоб чиндан ҳам Худоданми?» номли видеони томоша қилиб билиб олиш мумкин.

  •   Худо муаммоларимизни ҳал этиш қудратига эга. Муқаддас Китобда Худо «Ўзига маъқул бўлган ишни қилади»ган қудратга эга деб ёзилган. (Забур 135:5, 6) Бошқача қилиб айтганда ҳеч нарса Худони Ўзининг ваъдаларини амалга оширишдан тўхтата олмайди. Бундан ташқари, Худо бизни севгани учун бизга ёрдам бермоқчи. (Юҳанно 3:16)

 Сизда шундай савол туғилиши табиий: «Агар Худо бизга ёрдам бермоқчи бўлса ва қудратли бўлса, нега ҳалигача кўп муаммолардан азоб чекиб келяпмиз?» Бу саволга жавобни «Нега Аллоҳ азоб-уқубатларга йўл қўймоқда?» номли видеони томоша қилиб билиб олиш мумкин.

 Муқаддас Китобда айтилганлар қандай амалга ошади?

 Худо Ўз Шоҳлигини, яъни самовий ҳукуматидан фойдаланиб Ўз ваъдаларини амалга оширади. У Исо Масиҳни бу Шоҳликнинг Шоҳи этиб тайинлади ва унга сайёрамизга ҳамда ундаги одамларга ғамхўрлик қилиш ваколатини берди. Исо ер юзида бўлганида одамларнинг касалликларини даволаган, очларни тўйдирган, табиат кучларини ўзига бўйсундирган ва ҳатто ўлганларни тирилтирган. (Марк 4:39; 6:41–44; Луқо 4:40; Юҳанно 11:43, 44) Бундай қилиб у Худо Шоҳлигининг Шоҳи бўлганида нималарни амалга оширишини кўрсатган.

 «Худонинг Шоҳлиги нима?» номли видеони томоша қилиб, Худонинг Шоҳлиги сизга қандай баракалар келтиришини билиб олинг.

 Бу қачон амалга ошади?

 Яқинда! Буни қандай билса бўлади? Муқаддас Китобда Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқара бошлашини кўрсатувчи воқеалар ҳақида башорат бор. Бу воқеалар белги вазифасини ўтайди. (Луқо 21:10, 11) Айни пайтда дунёда юз бераётган воқеалар Муқаддас Китобда ёзилганларга аниқ мос келяпти.

 Кўпроқ билиб олиш учун «Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан қачон бошқаришни бошлайди?» номли мақолани ўқинг.

 Муқаддас Китобдаги умид бугун бизга қандай ёрдам беради?

 Муқаддас Китоб ёзувчиларидан бири Худо берган умид «жонимиз учун лангардек» хизмат қилади, деб айтган. (Ибронийларга 6:19) Лангар бўрон пайтида кемани барқарор ҳолатда сақлаганидек, Муқаддас Китобдаги мустаҳкам умид ҳам ҳозир биз дуч келаётган муаммоларни бошдан кечиришимизга ёрдам беради. Умидимиз бизни ҳиссан, ақлан ва ҳатто жисмонан ҳимоя қилади. (1 Салоникаликларга 5:8)