Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худо яқинда барча азоб-уқубатларни бартараф этади

Худо яқинда барча азоб-уқубатларни бартараф этади

«Эй Яҳова, мени эшитишинг учун қачонгача ёрдам сўраб фарёд қиламан? Зўравонликдан қутқаришинг учун қачонгача ёрдам сўрайман?» (Хабаққуқ 1:2, 3) Мазкур сўзларни Худонинг марҳаматидан баҳраманд бўлган Хабаққуқ пайғамбар айтган. Унинг бу сўзлари имони сустлигидан далолат берганми? Йўқ, асло! Худо Хабаққуқни барча азоб-уқубатларни бартараф этадиган пайтни белгилаб қўйганига ишонтирган. (Хабаққуқ 2:2, 3)

Ўзингиз ёки яқинингиз азоб чекаётганида, сиз осонгина «Худо имиллаяпти, У вазиятга айнан ҳозир аралашиши керак» деб ўйлашингиз мумкин. Аммо Муқаддас Китоб бизни қуйидагига ишонтиряпти: «Баъзи кишиларга имиллаётгандай туюлса-да, Яҳова берган ваъдасини амалга оширишга имилламаяпти, балки сизларга сабрини намоён этяпти. Сабаби, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутрус 3:9)

ХУДО ВАЪДАСИНИ ҚАЧОН АМАЛГА ОШИРАДИ?

Тез орада! Исо муайян воқеа ва шароитларнинг бир вақтда юз бериши «замон охирлаб» бораётганининг белгиси бўлишини айтганди. Маълум бир авлод эса бунинг гувоҳи бўлиши керак эди. (Матто 24:3–42) Исонинг башорати бизнинг кунларда амалга ошаётгани Худо тез орада инсонларнинг ишларига аралашишини кўрсатяпти *.

Аммо қандай қилиб Худо барча азоб-уқубатларга чек қўяди? Исо ер юзида бўлганида Худонинг қудрати билан инсониятнинг дардини енгиллаштирган. Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқамиз.

Табиий офатлар. Исо ва шогирдлари Жалила денгизида сузиб кетишаётганида, кучли бўрон кўтарилиб, уларнинг қайиғини чўктириб юборай деган. Шунда Исо у ва Худо табиат ҳодисаларини назорат қила олишини кўрсатган. (Колосаликларга 1:15, 16) У: «Жим бўл! Тинчлан!» — деб айтган. Кейин нима бўлган? «Шамол тиниб, чуқур сукунат чўккан». (Марк 4:35–39)

Касалликлар. Исонинг кўр ва чўлоқларни, шунингдек, тутқаноғи бор, мохов ва бошқа турли касалликларга чалинган кишиларни соғайтира олиши барчага маълум эди. У ҳамма «касалларни даволарди». (Матто 4:23, 24; 8:16; 11:2–5)

Озиқ-овқат етишмовчилиги. Исо Худо унга ато этган куч ёрдамида озгина егуликни кўпайтирган. Муқаддас Китобда у хизмати мобайнида икки марта минглаб одамларни тўйдиргани ҳақида ёзилган. (Матто 14:14–21; 15:32–38)

Ўлим. Муқаддас Китобда Исо уч кишини тирилтиргани ҳақида ёзилган. У тирилтирган кишиларнинг бири ўлганига тўрт кун бўлган эди. Бу эса Худованд Яҳова ўлимни йўқ қилиш қудратига эга эканини аниқ кўрсатяпти. (Марк 5:35–42; Луқо 7:11–16; Юҳанно 11:3–44)

^ абз. 5 Охирзамон ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобнинг 32- дарсига қаранг. Бу китобни www.jw.org сайтидан бепул юклаб олишингиз мумкин.