Ҳакамлар 13:1–25

  • Монувах ва хотини олдига фаришта келади (1–23)

  • Шимшўн туғилади (24, 25)

13  Исроилликлар Яҳованинг назарида яна ёмон ишлар қилишди+ ва Яҳова 40 йилга уларни филистимликлар қўлига топширди+.  Ўша вақтларда, Зорох+ шаҳрида данликлар+ оиласидан Монувах+ исмли киши яшарди. Унинг хотини бепушт ва фарзандсиз эди+.  Бир куни унинг хотинига Яҳованинг фариштаси зоҳир бўлиб, қуйидагиларни айтди: «Сен бепушт ва фарзандсиз бўлсанг ҳам, ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан+.  Энди эҳтиёт бўл, шароб ҳам, ҳеч қандай ичкилик ҳам ичма+ ва ҳаром нарса ҳам ема+.  Сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. Фақат боланинг бошига устара тегмаслиги керак+, чунки у туғилганидан Худога назр қилинган* бўлади ва Исроил халқини филистимликлар қўлидан қутқаради»+.  Сўнг аёл бориб эрига шундай деди: «Олдимга ҳақ Тангрининг одами келди. Унинг қиёфаси Аллоҳнинг фариштасиники каби улуғвор эди. Мен эса ундан қаердан келганини сўрамабман, ўзи ҳам исмини менга айтмади+.  Бироқ у менга: “Сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. Энди шароб ҳам, ҳеч қандай ичкилик ҳам ичма ва ҳаром нарса ҳам ема, чунки бола туғилганидан то умрининг охиригача Худога назр қилинган бўлади”,— деб айтди».  Монувах Яҳовага илтижо қилиб: «Яҳова, илтимос, Сен юборган киши, ҳақ Худонинг одами яна келиб, туғилажак болани қандай катта қилишни бизга ўргатсин»,— деди.  Аллоҳ Монувахни эшитди. Аёл далада ўтирган пайтда, ҳақ Тангрининг фариштаси яна бир бор унинг олдига келди. Аёлнинг эри Монувах эса унинг ёнида йўқ эди. 10  Аёл тезда эрининг ёнига югуриб борди-да: «Ўша куни олдимга келган киши яна келди!»+ — деб айтди. 11  Монувах ўрнидан туриб хотини билан борди. Ўша одамнинг олдига келиб: «Хотиним билан гаплашган одам сизмисиз?» — деб сўради. У: «Ҳа, менман»,— деди. 12  Монувах ундан: «Илойим, айтганингиз келсин! Лекин бу бола қандай умр кечириши керак? У нима билан шуғулланади?»+ — деб сўради. 13  Яҳованинг фариштаси Монувахга: «Хотининг мен унга айтган нарсалардан ўзини тийсин+. 14  У узумдан тайёрланган ҳеч нарсани емасин, шароб ва ҳар турли ичкиликни ичмасин+, ҳеч қандай ҳаром нарсани истеъмол қилмасин+. Унга нимаики буюрган бўлсам, уларга риоя қилсин»,— деди. 15  Монувах Яҳованинг фариштасига: «Илтимос, кетмай туринг, биз сизга битта улоқчани тайёрлаб келайлик»+,— деди. 16  Яҳованинг фариштаси эса Монувахга: «Кутиб турсам ҳам тайёрлаган овқатингни емайман. Борди-ю, Яҳовага куйдириладиган қурбонлик келтирмоқчи бўлсанг, назр қилишинг мумкин»,— деди. Бу киши Яҳованинг фариштаси эканини Монувах билмасди. 17  У Яҳованинг фариштасига: «Бизга исмингизни айтинг+. Сўзларингиз амалга ошганида сизга ҳурмат кўрсатамиз»,— деди. 18  Аммо Яҳованинг фариштаси унга: «Исмимни сўрама, у ҳайратга солади»,— деб жавоб берди. 19  Кейин Монувах улоқчани ва дон назрини олиб, тошнинг устида Яҳовага бахшида этди. Шунда У Монувах билан хотинининг кўз олдида бир мўъжиза яратди: 20  қурбонгоҳдаги олов осмонга кўтарилганда, Монувах билан хотинининг кўз ўнгида Яҳованинг фариштаси олов ичида кўкка кўтарилди. Буни кўриши биланоқ, улар юзтубан тиз чўкишди. 21  Бундан кейин Яҳованинг фариштаси Монувах билан хотинига бошқа зоҳир бўлмади. Монувах эса ўша киши Яҳованинг фариштаси эканини тушунди+. 22  Монувах хотинига: «Энди ўлишимиз аниқ, чунки биз Худони кўрдик»+,— деди. 23  Бироқ хотини унга: «Агар Яҳова бизни ўлдирмоқчи бўлганида, биздан куйдириладиган қурбонлик+ билан дон назрини қабул қилармиди? Бу нарсаларни бизга кўрсатган ва эшиттирган бўлармиди?» — деб айтди. 24  Орадан вақт ўтиб аёл ўғил кўрди ва исмини Шимшўн+ қўйди. Бола улғайган сайин Яҳова унга барака берарди. 25  Кунларнинг бирида, Зорох билан Эштойўлнинг+ орасида жойлашган Махонех-Данда+, унга Яҳованинг руҳи тушди+.

Изоҳлар

Маъноси «танланган; бағишланган; ажратилган».