Саҳрода 20:1–29

  • Марям Кадешда ўлади (1)

  • Мусо қояга уради; унинг гуноҳи (2–13)

  • Эдом ўз еридан Исроилни ўтказмайди (14–21)

  • Ҳоруннинг ўлими (22–29)

20  Биринчи ойда Исроил ўғилларининг бутун жамоаси Зин саҳросига етиб келди ва халқ Кадешда ўрнашди+. Шу ерда Марям+ ҳаётдан кўз юмди ва дафн этилди.  У ерда жамоа ичиши учун сув йўқ эди+. Шунда улар йиғилиб, Мусо билан Ҳорунга қарши чиқишди.  Халқ Мусо билан жанжаллашиб+, шундай деди: «Биродарларимиз Яҳованинг олдида қирилиб кетганида, биз ҳам ўлиб кетсак бўлмасмиди!  Нега Яҳованинг жамоатини бу саҳрога бошлаб келдиларинг? Биз ҳам, чорвамиз ҳам шу ерда ўлиб кетиши учунми?!+  Нима учун бизни Мисрдан олиб чиқиб, мана бу касофат жойга олиб келдиларинг?+ Бу ерда на дон, на анжир, на узум, на анор бор. Ичиш учун ҳатто сув ҳам йўқ»+.  Мусо билан Ҳорун жамоат олдидан кетиб, учрашув чодирининг кираверишига келишди-да, юзтубан тиз чўкишди. Шунда улар Яҳованинг улуғворлиги намоён бўлаётганини кўришди+.  Яҳова Мусога шундай деди:  «Таёғингни олгин-да, аканг Ҳорун билан бирга жамоани чақир ва сув чиқиши учун уларнинг кўз олдида қояга қараб гапиринглар. Улар учун қоядан сув чиқариб, жамоага ҳам, уларнинг чорвасига ҳам ичгани сув берасизлар»+.  Мусо Яҳова айтгандек қилиб, Унинг олдида турган таёқни олди+. 10  Сўнг Мусо билан Ҳорун жамоатни қоя олдига чақиришди. Мусо уларга шундай деб айтди: «Тингланглар, эй исёнчилар! Мана шу қоядан сизлар учун сув чиқариб берайликми?!»+ 11  Мусо шундай деди-да, қўлини кўтариб таёғи билан икки марта қояга урди ва ундан сув отилиб чиқди. Жамоа ҳам, уларнинг чорваси ҳам сув ича бошлади+. 12  Кейин Яҳова Мусо билан Ҳорунга қуйидаги сўзларни айтди: «Менга ишонмаганингиз учун ва Исроил халқининг кўз ўнгида Мени улуғламаганингиз учун, мана шу жамоатни, Мен уларга бермоқчи бўлган юртга олиб кирмайсизлар»+. 13  Бу, Исроил ўғиллари Яҳова билан жанжаллашган Марива* сувларидир+. Шундай қилиб, Худо халқ олдида Ўзини улуғлади. 14  Сўнг Мусо Кадешдан Эдом шоҳи олдига хабарчиларни юбориб+, унга қуйидагиларни айтди: «Биродарингиз Исроил+ шундай демоқда: “Бошимизга қандай қийинчиликлар тушганини яхши биласиз. 15  Ота-боболаримиз Мисрга бориб+, у ерда кўп йиллар яшашди+. Мисрликлар бизга ва ота-боболаримизга ёмон муомала қилишди+. 16  Охири Яҳовага фарёд қилган эдик+, У бизни эшитди ва фариштасини юбориб+, бизни Мисрдан олиб чиқди. Ҳозир биз Кадешда — ҳудудингиз чегарасида жойлашган шаҳардамиз. 17  Илтимос, юртингиздан ўтиб кетишимизга рухсат беринг. Далангизни ҳам, узумзорингизни ҳам кесиб ўтмаймиз. Ҳатто қудуғингиздан сув ҳам ичмаймиз. Ҳудудингиздан чиқиб кетмагунимизча Шоҳ йўлидан юриб ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмаймиз”+». 18  Аммо Эдом шоҳи унга: «Менинг ҳудудимдан ўтмайсан. Ўтмоқчи бўлсанг, қилич яланғочлаб сенга қарши чиқаман»,— деди. 19  Бунга жавобан Исроил ўғиллари қуйидагиларни айтишди: «Биз катта йўлдан юрамиз. Борди-ю, биз ёки чорвамиз сувингиздан ичсак, пулини тўлаймиз+. Бизга ҳеч нарсанинг кераги йўқ, ўтиб кетсак бўлди»+. 20  Шунга қарамасдан, у: «Ўтмайсизлар!»+ — деди. Эдом шоҳи кўп одами ва кучли қўшини* билан уларга қарши чиқди. 21  Хуллас, Исроил ўғиллари унинг ҳудудидан ўтиб кетишига Эдом шоҳи рухсат бермади. Шу боис, Исроил ўғиллари юртни айланиб ўтишди+. 22  Исроил халқи — бутун жамоа Кадешдан йўлга чиқиб, Хўр тоғига етиб келди+. 23  Сўнг Яҳова Эдом юртининг чегарасида, Хўр тоғида Мусо билан Ҳорунга қуйидагиларни айтди: 24  «Икковингиз Марива сувлари ёнида буйруғимга қарши бош кўтарганингиз учун, Мен Исроил ўғилларига бермоқчи бўлган юртга Ҳорун кирмайди+. У ўз халқига қўшилади*+. 25  Ҳорунни ва унинг ўғли Элазарни олиб, Хўр тоғига чиқ. 26  Ҳоруннинг руҳонийлик кийимларини+ ечиб олиб, ўғли Элазарга кийдир+. Ҳорун ўша ерда вафот этади»*. 27  Мусо Яҳова амр этгандай қилди. Улар бутун жамоанинг кўз олдида Хўр тоғига чиқишди. 28  Кейин Мусо, Ҳоруннинг руҳонийлик кийимларини ечиб олиб, ўғли Элазарга кийдирди. Ҳорун ўша ерда, тоғнинг тепасида вафот этди+. Сўнг Мусо билан Элазар тоғдан тушиб келишди. 29  Бутун жамоа Ҳорун вафот этганини тушунди. Бутун Исроил хонадони Ҳорун учун 30 кун аза тутди+.

Изоҳлар

Маъноси «жанжал».
Сўзма-сўз «қўли».
Бу ибора орқали ўлим, шеърий тарзда ифодаланган.
Сўзма-сўз «ўлиб, халқига қўшилади».