Еремиё 33:1–26

  • Қайта тикланиш ваъдаси (1-13)

  • «Одил меросхўр» давридаги хавфсизлик (14-16)

  • Довуд ва руҳонийлар билан аҳд (17-26)

    • Кун ва тун ҳақидаги аҳд (20)

33  Еремиё Соқчилар ҳовлисига+ қамаб қўйилган пайтда, унга иккинчи марта Яҳованинг сўзи аён бўлди:  «Ернинг Парвардигори Яҳова, унга шакл бериб, уни мустаҳкам қилиб ўрнатган Яҳова, исми Яҳова бўлган Худо шундай демоқда:  “Мени чақир ва Мен сенга жавоб бераман. Сен билмаган буюк ва ақл бовар қилмайдиган нарсаларни бажонидил сенга айтиб бераман”»+.  «Исроилнинг Худоси Яҳова қиялатиб тупроқ уйилишдан ва душманнинг қиличидан ҳимояланиш учун бузиб ташланган бу шаҳардаги уйлар ва Яҳудо шоҳларининг уйлари ҳақида+,  шунингдек, халдейлар билан жанг қилгани келганлар ва шаҳарни қаҳр-ғазабимга дучор бўлганларнинг жасадига тўлдирганлар (уларнинг ёвуз ишлари дастидан Мен бу шаҳардан юз ўгирганман) тўғрисида шундай демоқда:  “Мен шаҳарга шифо бериб, соғлигини тиклайман+. Мен уларни даволайман, уларга тинчлик ва хавфсизлик ато этаман+.  Яҳудо билан Исроилнинг асирликда бўлган халқини қайтариб олиб келаман+, бошида бўлганидай уларни бунёд этаман+.  Менга қарши қилган барча гуноҳларидан уларни поклайман+, Менга қарши қилган барча гуноҳлари ва қилмишларини кечираман+.  Уларга қилган барча яхшиликларим ҳақида эшитган ер юзидаги жамики халқлар олдида бу шаҳарнинг номи Мени юксалтиради, Менга мақтов ва шараф келтиради+. Бу шаҳарга қилган ҳамма яхшиликларим ва берган тинчлигим туфайли+ халқларни ваҳима ва қалтироқ босади”»+. 10  «Яҳова шундай демоқда: “Сизлар: “Инсон ва чорвасиз ҳувуллаб ётибди”,— дейдиган бу жойда, одамлар, яшовчилару чорва бўлмаган ташландиқ Яҳудо шаҳарлари ва Қуддус кўчаларида яна 11  шодлик ва хурсандчилик товуши+, келин-куёв овози эшитилади. Шунингдек: “Қўшинлар Сарвари Яҳовага шукрона айтинг, чунки Яҳова яхшидир+. Унинг меҳр-садоқати абадий бор бўлади!”+ — дейдиганларнинг овози эшитилади”. “Улар Яҳованинг уйига шукрона қурбонликларини келтиришади+, чунки Мен юртнинг асир қилинган халқини қайтариб олиб келаман. Улар аввалги ҳолига қайтади”,— демоқда Яҳова». 12  «Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Инсон ва чорвасиз ҳувуллаб ётган бу жой ва унинг барча шаҳарларида яна яйловлар бўлади, чўпонлар у ерларда сурувларига ором беришади”+. 13  “Тоғли ҳудуддаги, водийдаги, жанубдаги шаҳарларда, Бенямин ҳудудида, Қуддус атрофларида+ ва Яҳудо шаҳарларида+ чўпонлар яна қўйларини санашади”,— демоқда Яҳова». 14  «Мана, шундай кунлар келяптики,— демоқда Яҳова,— Мен Исроил ва Яҳудо хонадонларига берган яхши ваъдамни амалга ошираман+. 15  Ўша кунларда ва ўша пайтда Мен Довудга одил меросхўр* бераман+. У юртда адолат ва ҳаққоният билан иш юритади+. 16  Ўша кунларда Яҳудо нажот топади+, Қуддус хавфсизликда ҳаёт кечиради+. Бу шаҳар “Одиллигимиз Яҳовадан”+ деб аталади». 17  «Яҳова шундай демоқда: “Исроил хонадонининг тахтида ҳамиша Довуднинг сулоласидан бўлган киши ўтиради+. 18  Леви руҳонийлари бутунлай куйдириладиган қурбонликлар, куйдириладиган дон назрлари ва бошқа қурбонликлар келтириш учун ҳамиша олдимда туришади”». 19  Яҳова Еремиёга яна сўзини аён қилиб шундай деди: 20  «Яҳова шундай демоқда: “Агар кун ва тун ҳақидаги аҳдимни буза олсангиз, кун билан туннинг ўз вақтида алмашишини тўхтата олсангиз+, 21  шундагина хизматкорим Довуд билан қилган аҳдим бузилиб+, унинг тахтига ўтириб бошқарадиган ўғли бўлмайди+. Шундагина хизматкорларим леви руҳонийлари билан қилган аҳдим ҳам бузилади+. 22  Самовий жисмларни санаб бўлмаганидек, денгиз қумини ўлчаб бўлмаганидек, хизматкорим Довуднинг зурриётини ва Менга хизмат қилаётган левиларни сон-саноқсиз қиламан”». 23  Яҳова Еремиёга яна сўзини аён қилди: 24  «Бу халқ: “Яҳова Ўзи танлаган иккита оиладан воз кечади”,— деб айтаётганига эътибор бердингми? Улар Менинг халқимга ҳурматсизлик қилишяпти, халқ сифатида уларни тан олишмаяпти. 25  Яҳова шундай демоқда: “Кун ва тунга оид аҳдимни+, еру осмонга тегишли қонунларни ўрнатганимдай+, 26  хизматкорим Ёқуб билан Довуднинг зурриётидан асло воз кечмайман. Унинг зурриёти Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб авлодлари устидан ҳукмронлик қилади. Мен уларнинг асирликда бўлган халқини йиғаман+, уларга раҳм қиламан”»+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ниҳол».