Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ИЛОВА

Исо Масиҳ — ваъда қилинган Зот

Исо Масиҳ — ваъда қилинган Зот

КЎП пайғамбарлар Худованд Яҳовадан илҳом олиб, Муқаддас Китобда Нажоткорнинг туғилиши, хизмати ва ўлими ҳақида маълумот қолдиришган. Бу маълумот Масиҳ кимлигини аниқлашга ёрдам беради. Бу барча башоратлар Исо Масиҳда амалга ошди. Уларнинг барчаси ҳайратда қолдирадиган даражада аниқ ва батафсил. Буни кўриш учун Масиҳнинг туғилиши ва болалик даврига оид баъзи башоратларга эътибор қаратайлик.

Ишаё пайғамбар Масиҳ шоҳ Довуднинг наслидан келиб чиқади, деб айтган. (Ишаё 9:7) Маълумки, Исо чиндан ҳам Довуднинг наслидан келиб чиққан. (Матто 1:1, 6–17)

Худонинг Михо исмли пайғамбари эса бўлажак ҳукмдор «Байтлаҳм-Эфрата» шаҳрида туғилади деб башорат қилган. (Михо 5:2) Исо туғилган пайтда Исроил юртида иккита Байтлаҳм шаҳри бўлган. Улардан бири юртнинг шимолида жойлашган бўлиб, Носира шаҳрига яқин эди. Иккинчиси эса Яҳудиянинг Қуддус шаҳрига яқин бўлиб, илгари Эфрата деб юритилар эди. Башоратда айтилганидек Исо айнан ушбу шаҳарда таваллуд топган! (Матто 2:1)

Муқаддас Китобнинг бошқа башоратида Худонинг Ўғли «Мисрдан» чақириб олинади, деб айтилган. Исонинг ота-онаси уни олиб Мисрга жўнаб кетган. Подшоҳ Ҳироднинг ўлимидан сўнг эса улар қайтиб келган. Шу тариқа башорат амалга ошган. (Ҳўшея 11:1; Матто 2:15)

 200- саҳифадаги жадвалнинг «башорат» сўзи остида Масиҳга оид оятлар келтирилган. Марҳамат, уларни «амалга ошиши» ибораси остидаги оятлар билан солиштиринг. Шунда Худонинг Каломига бўлган ишончингиз янада мустаҳкам бўлади.

Бу башоратларни тадқиқ қилаётиб, улар Исонинг туғилишидан юз йиллар илгари ёзилгани ёдингизда бўлсин. Исонинг ўзи: «Мусонинг Таврот китобида, пайғамбарлар китобларида ва Забурда мен ҳақимда ёзилганлар бажо бўлиши керак»,— деб айтган. (Луқо 24:44) Муқаддас Китобингизни тадқиқ қилиб барча башоратлар батафсил амалга ошганини билиб оласиз!