Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Қадимги кемасозлар кемаларнинг сув ўтказмаслигини қандай таъминлашган?

Қадимги кемалар бўйича мутахассис Лайонел Кассон исмли киши римликлар даврида кемаларнинг сув ўтказмаслигини қандай таъминлашганини тушунтириб берган. Кемасозлар кемаларнинг ходалари бир-бирига «боғланган жойларни ёки ҳатто бутун корпуснинг ташини қора сақич [асфальт] билан ёки сақич ва мум билан, ичини эса бир қатлам қора сақич билан суваб чиқишган». Римликлардан анча олдин аккадликлар ва бобилликлар ҳам кемалари сув ўтказмаслиги учун асфальтдан фойдаланишарди.

Муқаддас Китоб ёзилган юртларда суюқ асфальт сероб бўлган

Бундай усул Тавротда тилга олинган. Масалан, Ибтидо 6- боб 14- оятда «қора сақич», деб таржима қилинган ибронийча сўзи остида нефтдан ҳосил бўладиган табиий модда тушунилиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Табиий асфальтнинг иккита тури мавжуд: суюқ ва қуюқ. Қадимги кемасозлар кемаларни суваб чиқишганда, суюқ асфальтдан фойдаланишарди. Бундан кейин асфальт қуриб қотиб қоларди. Шу йўсин, сув ўтказмайдиган қоплама ҳосил бўларди.

Муқаддас Китоб ёзилган юртларда асфальт сероб бўлган. Мисол учун, Ўлик денгизининг яқинидаги Сиддим водийсида «қора сақич тўлдирилган чуқурлар кўп эди» (Ибтидо 14:10).

Қадимда балиқни қандай сақлашарди?

Азалдан балиқни муҳим озиқ-овқат деб билишарди. Ҳазрати Исонинг баъзи шогирдлари унинг издоши бўлишидан аввал Жалила денгизида балиқчилик билан шуғулланишарди (Матто 4:18–22). У ерда тутилган балиқнинг бир қисмини шу заҳотиёқ яқин атрофда жойлашган «корхоналарда» қайта ишлаб чиқишарди.

Мисрлик балиқчилар тасвирланган ўйма нақш

Ҳозир баъзи жойларда ишлатиладиган балиқни сақлаш усуллари қадимги Жалила шаҳрида қўлланилганга ўхшайди. Аввал балиқни ичак-човоқдан тозалаб, яхшилаб ювишарди. Бир китобда ёзилишича, бундан кейин «балиқнинг жабраларига, оғзига ва тангачаларига йирик тузни сепиб сингдиришарди. Туз ва балиқ қатламаларини қуруқ бўйра билан ёпиб қўйишарди. Шу тарзда тахланган нарса 3–5 кун тургандан кейин ағдарилиб, сўнг яна шунча кун турарди. Қуритиш жараёнида балиқдан суюқлиги буғланиб, гўшти бутунлайин тузланарди. Бундан сўнг гўшт зичланиб, қотиб қоларди» («Studies in Ancient Technology»).

Бундай тарзда сақланган балиқ қанча тургани номаълум. Бироқ, қадимда мисрликлар тузланган балиқни Сурияга экспорт қилишгани шундан далолат беряптики, улар қўллаган балиқни сақлаш усуллари самара берган.