Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Исроилликлар Мисрда қул бўлгани ҳақида Муқаддас Китобдан ташқари яна далиллар борми?

Муқаддас Китоб баёнотига кўра, мидиёнликлар Юсуфни Мисрга олиб кетишганидан кейин, бобокалонимиз Ёқуб ва унинг оиласи Канъондан Мисрга кўчиб ўтган. Улар Мисрнинг Гўшен деган ерида, Нил дельтасида ўрнашишган. (Ибт. 47:1, 6) Исроилликлар мисрликларга қараганда «кўпроқ ва кучлироқ» бўлиб кетишган. Шунда мисрликлар улардан қўрқиб, уларни қулларга айлантиришган. (Чиқ. 1:7–14)

Айрим замонавий танқидчилар Муқаддас Китобдаги мазкур баёнотни уйдирма деб атаб, кулгига чиқаришган. Бироқ сомийлар * қадимги Мисрда қул бўлиб яшаганини исботловчи далиллар мавжуд.

Мисол учун, археологлар Миср шимолида қадимий манзилгоҳларнинг қолдиқларини топишган. Доктор Жон Бимсоннинг ҳисоботига кўра, Миср шимолида сомийларнинг 20 ёки ундан ошиқ манзилгоҳлари бўлган. Бундан ташқари, мисршунос Жеймс Хоффмайер шундай деди: «Тахминан мил. авв. 1800 йилдан то 1540 йилгача Миср Ғарбий Осиёдаги сомийзабон халқлар кўчиши учун жозибадор жой бўлган». У шундай қўшимча қилди: «Бу вақт оралиғи анъанавий “Бобокалонлар даври”га тўғри келади ва шу боис Ибтидо китобида қаламга олинган замон ҳамда воқеаларга мосдир».

Миср жанубида қўшимча далил топилди. Ўрта подшолик даврига (мил. авв. т. 2000–1600 йиллар) мансуб бир папирусда Миср жанубидаги бир хонадонда ишлаган қулларнинг исмлари ёзилган. Исмларнинг 40 дан ошиғи сомийча бўлиб, ушбу қуллар ошпаз, тўқувчи ва ишчилар бўлган. Хоффмайернинг кузатувларига кўра, «қирқдан ошиқ сомийлар Фивадаги [Миср жануби] хонадонларнинг бирида ишлаган бўлса, уларнинг сони бутун Мисрда, хусусан Нил дельтасида жуда катта бўлган бўлиши мумкин».

Археолог Дэвид Роулнинг ёзишича, ўша қулларнинг айрим исмлари «Муқаддас Китобда ўқишингиз мумкин бўлган исмларга ўхшаб кетади». Мисол учун, ўша папирус парчасида Иссахор, Ошер ва Шифрога ўхшаш исмлар ёзилган. (Чиқ. 1:3, 4, 15) «Бу, исроилликлар Мисрда қул бўлганининг аниқ далилидир»,— деб хулоса қилади Роул.

Доктор Бимсон шундай дейди: «Миср қуллиги ва ундан озод бўлиш билан боғлиқ Муқаддас Китобдаги баёнотлар қатъий тарихий асосга эга».

^ абз. 4 Сомий деган ном Нуҳнинг учта ўғлидан бири бўлмиш Сомнинг исмидан келиб чиққан. Эламликлар, оссурияликлар, илк халдейлар, ибронийлар, сурияликлар ва баъзи араб қабилалари Сомнинг авлодлари бўлиши мумкин.