Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

АСОСИЙ МАВЗУ | НЕГА ЯХШИ ОДАМЛАР БАХТСИЗЛИКЛАРГА ЙЎЛИҚИШАДИ?

Дунё бахтсизликларга тўла

Дунё бахтсизликларга тўла

Бангладешнинг Дакка шаҳрида истиқомат қилган, ёши 35 да бўлган Смита * исмли аёл жудаям меҳрибон ва жонкуяр эди. Одамлар уни художўй ҳамда бошқалар билан Аллоҳ ҳақидаги билимларни баҳам кўрувчи меҳнатсевар ва бахтли аёл сифатида танишарди. Лекин у тўсатдан касал бўлиб, бир неча кун ичида вафот этди. Бу, унинг оиласи ва дўстлари учун қаттиқ зарба бўлгани шубҳасиз.

Ёши 30 ларда бўлган нью-йорклик Жеймсни ва турмуш ўртоғини ҳам кўпчилик яхши кўрарди. Баҳор кунларининг бирида улар Қўшма Штатларнинг ғарбий қирғоғига дўстларникига боришган. Аммо шу кетганларича уйларига қайтишгани йўқ. Сабаби, улар автоҳалокатга йўлиқишди. Бу, уларнинг яқинлари ва дўстлари учун даҳшатли фожиа бўлди.

Бугунги кунда дунё азоб-уқубат ва ёвузликка тўла ва бунга амин бўлиш учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Масалан, урушларда нафақат аскарлар, балки тинч аҳоли ҳам ҳалок бўляпти. Жиноятлар натижасида айбсиз одамлар ҳаётдан кўз юмишяпти. Кўнгилсиз воқеалар ҳамда оғир касалликларга мансабдору оддий кишилар, ёшу қарилар дуч келяпти. Табиий офатлар эса бутун шаҳарларни ер юзидан йўқ қиляпти. Нотўғри фикрлар ва адолатсизлик кенг тарқалиб кетган. Эҳтимол, сиз ҳам қандайдир бахтсизликка дуч келгандирсиз.

Шунинг учун ҳам қуйидаги саволлар туғилиши табиий:

  • Нега яхши одамлар бахтсизликларга йўлиқишади?

  • Бунда Аллоҳнинг айби борми?

  • Офатлар нима сабабдан юз беради: тасодифанми ёки одамларнинг дастиданми?

  • Бу кулфатларни карма * деб билиш тўғрими?

  • Агар Аллоҳ Қодир Тангри бўлса, нега унда У яхши одамларни фалокатлардан асрамайди?

  • Қачондир оғриқсиз ва азоб-уқубатларсиз ҳаёт бўладими?

Ушбу саволларга жавоб топиш учун иккита нарсани билиб олишимиз муҳим, яъни нега бахтсизликлар юз беради ва Аллоҳ бу учун қандай чора кўрмоқчи?

^ Бу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.

^ Қайта туғилган жоннинг ўтмишда қилган яхши ва ёмон ҳаракатлари унинг ҳозирги ҳаётига таъсир қилиши ҳақидаги таълимот.