Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова муваффақиятга эришишимизга ёрдам беряпти

Яҳова муваффақиятга эришишимизга ёрдам беряпти

Яҳова Юсуф билан эди. Шу сабабли, Юсуфнинг ишлари юришди. ИБТ. 39:2

30- ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. а) Нега қийинчиликларга дуч келаётганимиздан ҳайрон эмасмиз? б) Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

 ЯҲОВАНИНГ халқи сифатида қийинчиликларга дуч келганда ҳайрон қолмаймиз. Муқаддас Китобда айтилганидай, «Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз кераклигини» тушунамиз. (Ҳавор. 14:22) Баъзи муаммоларимиз фақатгина янги дунёда тўлиқ ҳал бўлади. У ерда «ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди». (Ваҳ. 21:4)

2 Яҳова бизни қийинчиликлардан мўъжизавий тарзда ҳимоя қилмайди, аммо уларни енгишимизга кўмаклашади. Ҳаворий Павлус Римдаги масиҳийларга нима деб ёзганига эътибор беринг. Аввал у биродарлар йўлиққан бир қанча муаммоларни санаб ўтган. Кейин: «Бизни севганнинг ёрдами билан, биз барча нарса устидан бутунлай ғалаба қозоняпмиз»,— деб айтган. (Рим. 8:35–37) Демак, муаммолар пайтида ҳам Яҳова муваффақият қозонишимизга ёрдам бера олади. Келинг, У Юсуфга қандай кўмаклашганини ва бизни қай йўсин қўллаб-қувватлашини билиб олайлик.

ВАЗИЯТИМИЗ БИРДАН ЎЗГАРГАНИДА

3. Қай йўсин Юсуфнинг ҳаёти кутилмаганда ўзгарди?

3 Ёқуб бошқа ўғилларидан кўра Юсуфни кўпроқ яхши кўрарди ва бу яққол кўринарди. (Ибт. 37:3, 4) Бунинг оқибатида Юсуфнинг акалари унга ҳасад қилишарди. Бир куни улар имкониятдан фойдаланиб, Юсуфни мидиёнлик савдогарларга сотиб юборишди. Улар уни юзлаб километр узоқликда бўлган Мисрга олиб бориб, фиръавн соқчиларининг бошлиғи Пўтифарга сотишди. Кўриб турганимиздай, Юсуфнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Олдин у отасининг севикли ўғли эди, ҳозир эса Мисрда арзимас қул. (Ибт. 39:1)

4. Юсуф каби қандай қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин?

4 Муқаддас Китобнинг бир таржимасида «ҳамма инсонлар билан ёмон нарсалар бўлиб туради», деб айтилган. (Воиз 9:11, «Holy Bible—Easy-to-Read Version») Баъзан «одамлар йўлиқаётган оддий» қийинчиликларга дуч келамиз. (1 Кор. 10:13) Ёки Исонинг шогирди бўлганимиз учунгина босим остида қоламиз. Мисол учун, имонимиз туфайли устимиздан кулишлари, қарши чиқишлари ёки ҳатто таъқиб қилишлари мумкин. (2 Тим. 3:12) Қандай муаммога дуч келмайлик, Яҳова муваффақиятга эришишимизга ёрдам беради. У Юсуфга қандай кўмаклашган?

Юсуфни Мисрга қул сифатида сотиб юборишганида ҳам Яҳова уни қўллаб-қувватлашда давом этган (5- хатбошига қаранг.)

5. Пўтифар Юсуф ҳақида қандай хулосага келган? (Ибтидо 39:2–6)

5 Ибтидо 39:2–6 ни ўқинг. Пўтифар Юсуф қобилиятли ва меҳнаткаш эканини пайқаган. У бунинг сабабини ҳам билган. Пўтифар Яҳова Юсуфнинг «ҳар қандай ишига» барака бераётганини кўрган b. Вақт ўтиб, Юсуф унга хизмат қила бошлаган ва унинг бутун хонадони устидан бош этиб тайинланган. Натижада Пўтифарнинг ишлари юришиб кетган.

6. Юсуф нималарни ҳис қилган бўлиши мумкин?

6 Келинг, вазиятга Юсуфнинг назари билан қараб кўрайлик. У энг кўпроқ нимани хоҳлаган деб ўйлайсиз? Пўтифар унга эътибор бериб, тақдирлашиними? Эҳтимол, у тезроқ озод бўлиб, отасининг олдига қайтишни ҳамма нарсадан кўпроқ хоҳлаган. Юсуф Пўтифарнинг уйида кўп муҳим ишларни бажарганига қарамай, ҳалиям бутпараст хўжайинга хизмат қилган. Яҳова Пўтифарнинг қалбига Юсуфни озод қилиш фикрини солмаган. Вақт ўтиб, Юсуфнинг вазияти баттарлашиб кетган.

ВАЗИЯТ ЯНАДА ЁМОНЛАШГАНИДА

7. Қай йўсин Юсуфнинг вазияти янада ёмонлашган? (Ибтидо 39:14, 15)

7 Ибтидо 39- бобда айтилганидай, Пўтифарнинг хотини Юсуфга маҳлиё бўлган ва қайта-қайта ўзига ром этишга ҳаракат қилган. Юсуф ҳар сафар бунга қарши турган. Охир-оқибат аёлнинг жаҳли чиқиб, Юсуфни уни зўрламоқчи бўлганликда айблаган. (Ибтидо 39:14, 15 ни ўқинг.) Пўтифар буни эшитганида Юсуфни зиндонга ташлаган. У бир неча йил мобайнида у ерда қолиб кетган. (Ибт. 39:19, 20) Зиндон зим-зиё бўлган ва Юсуф ўзини жуда умидсиз ҳис қилган. (Ибт. 40:15) Шунингдек, Муқаддас Китобда унинг оёқларига занжир урилгани ва бўйнига темир кишан солингани айтилган. (Заб. 105:17, 18) Унинг вазияти янада ёмонлашган. У ишончли қулдан маҳбусга айланган.

8. Вазият ёмонлашганда нимага амин бўлишимиз мумкин?

8 Сидқидилдан ибодат қилганингизга қарамай қийинчилигингиз баттарлашганми? Ҳа, бундай бўлиб туриши мумкин. Чунки Яҳова Шайтон бошқараётган бу дунёда бизни мўъжизавий тарзда қийинчиликлардан ҳимоя қилмайди. (1 Юҳан. 5:19) Аммо шуни ёдда тутингки, Худо нималарни бошдан кечираётганингизни билади ва сизга ғамхўрлик қилади. (Мат. 10:29–31; 1 Бутр. 5:6, 7) Бундан ташқари, У: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман»,— деб ваъда беряпти. (Иброн. 13:5) Яҳова чорасиз туюлган вазиятда ҳам сизга ёрдам беради. Келинг, У Юсуфга қандай кўмаклашганини билиб олайлик.

Юсуф зиндонда бўлганида ва маҳбуслар устидан бошлиқ этиб тайинланганида Яҳова у билан бўлган (9- хатбошига қаранг.)

9. Яҳова зиндонда Юсуф билан бирга экани қай йўсин намоён бўлди? (Ибтидо 39:21–23)

9 Ибтидо 39:21–23 ни ўқинг. Зиндондаги вазият оғир бўлган бир пайтда Яҳова Юсуфнинг иши юришишига ёрдам берди. Қандай қилиб? Пўтифар билан бўлганидай, Юсуф зиндон бошлиғининг ҳурмати ва ишончига сазовор бўлди. Кейинчалик у барча маҳбусларни Юсуфнинг ихтиёрига топширди. Муқаддас Китобда айтилишича, «зиндон бошлиғи Юсуфнинг қўлига топширган ҳеч бир нарсасидан ташвишланмас эди». Шундай қилиб, Юсуф бел боғлаб меҳнат қиларди. Ҳа, вазият кутилмаганда ўзгарди. Амалдорнинг хотинини зўрлашда айбланган маҳбусга қанақасига шундай ишончли вазифа топширилди? Бунинг битта сабаби бор. Ибтидо 39:23 да ёзилганидай, «Яҳова Юсуф билан бирга эди ва Яҳова унинг ҳар бир ишига ривож берди».

10. Юсуф нега ўзини муваффақиятсиз ҳис қилган бўлиши мумкин? Тушунтиринг.

10 Юсуф ўзини қандай ҳис қилган? Ноҳақ айбланиб, зиндонга ташлангач, у ўзини ҳамма нарсада муваффақиятли деб билганми? Юсуф аслида нимани хоҳлаган? Зиндон бошлиғининг назарида илтифот топишними? Ҳойнаҳой, у оқланиб озод этилишни истаган. Юсуф ҳатто озод этилиш арафасида турган маҳбусдан фиръавнга у ҳақда айтиб, уни озод этишини сўраган. (Ибт. 40:14) Афсуски, ўша маҳбус буни унутган. Натижада Юсуф яна икки йил зиндонда қолиб кетган. (Ибт. 40:23; 41:1, 14) Лекин Яҳова уни қўллаб-қувватлашда давом этган. Қандай қилиб?

11. Яҳова Юсуфга қандай қобилият ато этган ва бу иродасини амалга оширишда қандай қўл келган?

11 Юсуф зиндонда бўлганида фиръавн иккита туш кўради ва уларнинг маъносини билмоқчи бўлади. У Юсуф тушларни таъбирлаш қобилиятига эга эканини билганида уни озод этади. Яҳованинг кўмаги билан у тушларни тушунтиради ва фиръавнга яхши маслаҳат беради. У Яҳова Юсуф билан эканини тушунганда, уни Мисрда озиқ-овқат маҳсулотларини тақсимлашда бош этиб тайинлайди. (Ибт. 41:38, 41–44) Кейинчалик, у ерда ва Юсуфнинг оиласи яшаган Канъон юртида очарчилик юз беради. Юсуф бу вазиятда уларга ёрдам бера оларди. Шу йўсин, Масиҳ келиб чиқиши керак бўлган насл сақланиб қоларди.

12. Қай йўсин Яҳова Юсуфнинг иши юришишига ёрдам берган?

12 Юсуфнинг ҳаётидаги қизиқарли ҳодисалар борасида ўйлаб кўринг. Пўтифар арзимас қулга эътибор қаратишига ким сабабчи бўлган? Зиндон бошлиғи Юсуф каби оддий маҳбусга марҳамат кўрсатишининг ортида ким турган? Нега фиръавн ўзгача тушларни кўрган ва Юсуфга уларни таъбирлашга ким ёрдам берган? Уни муҳим лавозимга тайинлашга фиръавнни ким ундаган? (Ибт. 45:5) Шубҳасизки, айнан Яҳова туфайли Юсуфнинг ишлари доим юришган. Қолаверса, акалари уни ўлдирмоқчи бўлганига қарамай, Яҳова вазиятни ўзгартирган ва иродасини амалга оширган.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА СИЗНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ?

13. Яҳова ҳаётимиздаги ҳар бир вазиятга аралашадими? Тушунтиринг.

13 Юсуф билан бўлган воқеадан қандай хулоса чиқаришимиз мумкин? Яҳова ҳаётимиздаги ҳар бир вазиятга аралашадими? Ёмон вазиятлар яхшиликка бўлиши учун ҳодисаларни йўналтирадими? Муқаддас Китобга кўра, йўқ. (Воиз 8:9; 9:11) Аммо шуни биламизки, қийинчиликларга дуч келганимизда, Яҳова бундан хабардор бўлади ва ёрдам сўраганимизда бизни эшитади. (Заб. 34:15; 55:22; Ишаё 59:1) Энг муҳими эса муаммони енга олишимиз учун У бизни қўллаб-қувватлайди. Қандай қилиб?

14. Яҳова оғир пайтда бизга қандай ёрдам беради?

14 Яҳова биз муҳтож бўлган пайтда тасалли ва далда бериш орқали кўмаклашади. (2 Кор. 1:3, 4) Туркманистонда имони учун икки йил қамоқда ўтирган Азиз исмли биродарнинг мисолини олайлик. У қуйидагича бўлишди: «Суд бўлган куни битта биродар Ишаё 30:15 ни кўрсатди. У ерда: “Хотиржам бўлиб Менга таянсангиз, кучли бўласиз”,— деб ёзилган. Ушбу сўзлар доим хотиржам бўлишимга ва ҳар нарсада Худога таянишга ёрдам берган. Қамоқда бўлганимда бу оят менга асқатди». Сиз ҳам ёрдамга муҳтож бўлганингизда, Яҳова тасалли ва далда берган вазиятларни эслай оласизми?

15, 16. Торининг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

15 Кўп ҳолларда қийинчилик ортда қолганидан кейин Яҳова бизга ёрдам берганини пайқаймиз. Тори опамизда ҳам шундай бўлди. Ўғли Мэйсон саратон билан олти йил курашганидан кейин ҳаётдан кўз юмди. Бу Тори опамизнинг қалбини тилка-пора қилди. У шундай бўлишди: «Она учун бундан-да даҳшатли вазият бўлмаса керак. Ўзимизнинг қийналишимизга қараганда, фарзандимизнинг азобини кўриш янада оғирроқ. Ота-оналар буни яхши тушунади».

16 Тори учун бу вазият жуда қийин бўлган бўлса-да, Яҳова уни енгишга қай йўсин ёрдам берганини эслаган. У шундай бўлишди: «Ўғлим касал бўлган пайтда Яҳова менга жуда кўп ёрдам берган. Мисол учун, баъзида Мэйсон аҳволи оғирлиги туфайли уни йўқлаб келганлар билан кўриша олмаган бўлса-да, биродару опа-сингилларимиз машинада икки соат йўл юриб касалхонага келишарди. Қабулхонада ёрдам беришга тайёр имондошларимиз доим бўларди. Улар моддий эҳтиёжларимизга ҳам ғамхўрлик қилишарди. Ҳатто энг оғир пайтда ҳам керакли нарсаларимиз бўлган». Яҳова Тори ва Мэйсон бардошли бўла олишлари учун уларга керакли ёрдамни берган. (« Яҳова биз муҳтож бўлган барчасини ўз вақтида берган» номли рамкага қаранг.)

БАРАКАЛАРИНГИЗНИ КЎЗДАН ҚОЧИРМАНГ

17, 18. Қийинчилик пайтида Яҳова ёрдам бераётганини тушунишга ва Унга миннатдорчилик билдиришга нима ёрдам беради? (Забур 40:5)

17 Забур 40:5 ни ўқинг. Масалан, альпинист тоғ чўққисига чиқмоқчи бўлади. У йўлида тўхтаб, атрофидаги чиройли манзарани томоша қилади. Шунга ўхшаб, биз ҳам мунтазам равишда тўхтаб, Яҳова қийин вазиятларда қандай ёрдам бергани ҳақида фикр юритишимиз лозим. Куннинг охирида ўзингиздан шундай сўраб кўринг: «Бугун Яҳова менга қандай барака берди? Қийинчилигим тугамаган бўлса ҳам уни енгишимга Яҳова қандай кўмаклашяпти?» Худо сизга ёрдам берган ҳеч бўлмаса битта вазиятни эслашга ҳаракат қилинг.

18 Қийинчилигимиз тугаши ҳақида ибодат қилишимиз шубҳасиз. Бу тўғри ва ўринли. (Филип. 4:6) Лекин ҳозирнинг ўзида эга бўлган баракаларимизни кўздан қочирмаслик лозим. Яҳова синовларни енгиш учун куч ва ёрдам беришни ваъда қиляпти. Шунинг учун, Унинг қўлини ҳаётингизда кўрганингизда доим миннатдорчилик билдиринг. Шунда Юсуф билан бўлганидек, ҳатто қийин дамларда ҳам Яҳова муваффақиятли бўлишингизга ёрдам беришини кўрасиз. (Ибт. 41:51, 52)

32- ҚЎШИҚ Яҳова томон туринг!

a Оғир қийинчилик пайтида ишимиз юришмаётгандай туюлиши мумкин. Чунки муваффақиятга қийинчилик тугаганидан кейин эришса бўлади, деб ўйлармиз. Лекин Юсуфнинг мисоли бунинг аксини кўрсатади, яъни Яҳова қийинчиликлар гирдобида ҳам муваффақиятга эришишимизга ёрдам беради. Ушбу мақолада бу ҳақда сўз юритамиз.

b Муқаддас Китобда Юсуфнинг вазияти яхши томонга ўзгаргани бор-йўғи бир нечта оятда ёзилган. Аммо бу бир неча йил мобайнида давом этгандир.