Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Осо, Ёҳушафат, Ҳизқиё ва Йўшиё

Яҳовага сидқидилдан хизмат қилинг!

Яҳовага сидқидилдан хизмат қилинг!

Эй, Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла. 4 ШОҲ. 20:3

ҚЎШИҚЛАР: 52, 32

1–3. Яҳовага «сидқидилдан» хизмат қилиш нимани ўз ичига олади? Мисол келтиринг.

ГУНОҲКОР бўлганимиз боис, хатолар қилишга мойилмиз. Лекин, минг қатла шукурки, тавба қилиб ва имонни намоён этиб, Исонинг тўлов қурбонлиги асосида камтарлик ила Яҳовага мурожаат қилаётганимиз учун, У биз билан «гуноҳларимизга қараб» муносабат қилмайди. (Заб. 102:10) Бироқ ҳар кунги топинишимиз Яҳовага маъқул бўлишини истасак, Довуднинг Сулаймонга: «Бутун онгинг билан сидқидилдан Унга хизмат қилгин»,— деган сўзларига риоя этишимиз керак. (1 Сол. 28:9) Қанақасига номукаммал бўла туриб, бунинг уддасидан чиқа оламиз?

2 Бу хусусда бизга Осо ва Эмозиё шоҳларининг ҳаётини қиёслаш ёрдам беради. Яҳудонинг иккала шоҳи ҳам Эгамиз олдида тўғри ишлар қилишганди, аммо Осо буни чин юракдан қилганди. (2 Сол. 15:16, 17; 25:1, 2; Ҳик. 17:3) Бу шоҳларнинг иккови ҳам номукаммал эди ва хатолар қилишарди. Лекин Осо Худонинг йўлларидан деярли оғмасди, негаки, у Худога «сидқидилдан» хизмат қиларди. (1 Сол. 28:9) Эмозиё эса, аксинча, Яҳовага бутунлайин содиқ бўлмаган. У Аллоҳнинг душманлари устидан ғалаба қозонгач, уларнинг худоларини ўзи билан олиб келиб, уларга сажда қила бошлаган. (2 Сол. 25:11–16)

3 Худога «сидқидилдан» хизмат қилиш чексиз ва буткул садоқатни ўз ичига олади. Муқаддас Китобда «дил» сўзи кўпинча инсоннинг ички дунёсини билдиради. У одамнинг истаклари, фикрлари, феъл-атвори, муносабати, қобилиятлари, ниятларию мақсадларини қамраб олади. Шундай экан, Яҳовага сидқидилдан топинаётган киши Унга иккиюзламачилик билан хизмат қилмайди. Қолаверса, у Яҳовага хўжа кўрсин учун топинмайди. Биз ҳақда нима деса бўлади? Гарчи гуноҳкор бўлсак-да, иккиюзламачилик қилмасдан Яҳовага доимо буткул садоқатни сақласак, Унга сидқидилдан хизмат қилган бўламиз. (2 Сол. 19:9)

4. Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?

4 Келинг, Худога сидқидилдан хизмат қилиш нимани англатишини тушуниш мақсадида Осо қатори Худога буткул садоқат ила хизмат қилган Ёҳушафат, Ҳизқиё ва Йўшиё каби Яҳудонинг бошқа шоҳларига диққат қаратайлик. Уларнинг тўрттаси ҳам хатодан холи эмасди, лекин шунга қарамай, улар Яҳованинг марҳаматига сазовор бўлишган. Нега Худо уларни сидқидилдан хизмат қилган кишилар деб билган ва қай тариқа биз уларга тақлид қила оламиз?

ОСО ЯҲОВАГА «СИДҚИДИЛДАН ХИЗМАТ ҚИЛГАН»

5. Осо қандай қатъий чоралар кўрди?

5 Осо шимолий ўн қабилали Исроил шоҳлиги бўлинганидан кейин Яҳудонинг учинчи шоҳи бўлди. У шоҳлигини бутпарастликдан тозалаб, маъбад фоҳишларини қувиб чиқарди. Бувиси Махо макруҳ тасвирни ясатгани учун, Осо уни «маликалик мартабасидан маҳрум қилганди». (3 Шоҳ. 15:11–13) Боз устига, у халқига: «Эгамизга юз буринг, Унинг қонун ва амрларига риоя қилинг»,— деб фармон берганди. Ҳа, Осо ҳақ топинишни олға сурганди. (2 Сол. 14:4)

6. Ҳабашистонликлар бостириб киришганда, Осо қандай йўл тутди?

6 Осо ҳукмронлигининг биринчи ўн йилида Яҳова Яҳудога тинчлик ато этиб, баракасини ёғдирди. Аммо кейинчалик ҳабашистонлик Зерах 1 000 000 лашкари ва 300 та жанг араваси билан Яҳудо юртига ҳужум қилди. (2 Сол. 14:1, 6, 9, 10) Осо бу ўзгаришга қандай муносабат билдирди? У Яҳовага буткул ишончни намоён этди. (2 Солномалар 14:11 ни ўқинг.) Аллоҳ Осонинг самимий ибодатига жавобан ҳабашистонлик қўшинни йўқ қилиб, уни ғалабага эриштирди. (2 Сол. 14:12, 13) Яҳова, ҳатто шоҳлар Унга содиқ бўлишмаганида ҳам, уларга Ўз исми ҳақи душман устидан ғалаба ато этарди. (3 Шоҳ. 20:13, 26–30) Осо эса Яҳовага таянди ва Ундан ибодатига жавоб олди. Бироқ шуни тан олиш керакки, бошқа вазиятларда у нодонларча йўл тутганди. Масалан, у Яҳовадан ёрдам сўрашнинг ўрнига, Сурия шоҳига мурожаат қилди. (3 Шоҳ. 15:16–22) Лекин умуман олганда, Осо Худонинг назарида «умр бўйи Эгамизга чин кўнгилдан боғланиб» юрган киши эди. Хўш, қай йўсин яхшилик қилишда Осога тақлид қилишимиз мумкин? (3 Шоҳ. 15:14)

7, 8. Қай тариқа Яҳовага хизмат қилишда Осога тақлид қила оласиз?

7 Ҳар биримиз Аллоҳга қанчалик садоқатли эканимизни текшириб кўрсак бўлади. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Яҳовани мамнун қилиш, ҳақ топиниш тарафдори бўлиш ва Унинг халқини ҳар қандай зарарли таъсирдан ҳимоя қилиш қарорим қатъийми?» Осо Яҳудо юртида «малика» бўлган бувиси Махога қарши туриш учун қанчалик кўп жасорат йиққанини бир тасаввур қилинг! Эҳтимол, Махога ўхшаб йўл тутадиган инсонни билмассиз, аммо ҳаётда Осонинг ғайратига тақлид қилишингиз мумкин бўлган вазиятга дуч келарсиз. Мисол учун, оила аъзоингиз ёки яқин дўстингиз гуноҳ қилиб, тавба қилмаса ва уни четлатишга тўғри келса, у билан шу заҳоти мулоқот қилишни тўхтатасизми? Ўшанда қалбингиз сизни нима қилишга ундайди?

8 Ҳатто баъзи қаршиликлар сизга енгиб бўлмайдигандек кўринса ҳам, Осога ўхшаб Худога бутунлайин таянсангиз, Унга чин кўнгилдан боғланганингизни кўрсата оласиз. Масалан, Яҳованинг Шоҳиди бўлганингиз учун мактабда сизга тегажаклик қилишлари ёки масхаралашлари мумкин. Ё бўлмаса, маънавий тадбирларда қатнашиш учун ишдан рухсат сўраётганингиз ёки кўпроқ пул топиш мақсадида иш вақтидан ташқари ишламаётганингиз учун касбдошларингиз устингиздан кулишлари мумкин. Бундай вазиятларда Осога ўхшаб Худога ибодат қилинг. Жасорат ила Яҳовага таяниб, тўғри ва оқилона деб билган йўлингизда маҳкам туринг. Худо Осони мустаҳкамлаб, унга ёрдамлашгани каби, сизни ҳам мустаҳкамлашини унутманг.

9. Ваъзгўйлик пайтида Яҳовага сидқидилдан хизмат қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

9 Худонинг хизматчилари фақат ўзлари ҳақида ўйлашмайди. Бунга Осо мисол бўла олади. У ҳақ топинишни олға сургани сингари, биз ҳам бошқаларга Яҳовани таниб-билишга ёрдам берамиз. Яҳова яқинларимизга ва бошқаларга У ҳақда гапираётганимизни ҳамда буни Уни чин дилдан севганимиз ва одамларнинг абадий фаровон яшашини астойдил истаётганимиз учун қилаётганимизни кўриб, қанчалар мамнун бўлса керак-а?!

ЁҲУШАФАТ ЯҲОВАГА ИНТИЛГАН

10, 11. Ёҳушафатдан қандай сабоқ олсак бўлади?

10 Осонинг ўғли Ёҳушафат «отаси Осонинг йўлидан юрди». (2 Сол. 20:31, 32) Қандай қилиб? Ёҳушафат отасига ўхшаб халқни Яҳовага интилишга ундади. У буни «Эгамизнинг Таврот китобидан» таълим бериш орқали амалга оширди. (2 Сол. 17:7–10) У халқни «Эгамизга юз буришга даъват этиш» учун Эфрайим қирларигача, шимолий Исроил шоҳлиги ҳудудигача, борди. (2 Сол. 19:4) Ёҳушафат «Эгамизга чин юракдан интилган» шоҳ эди. (2 Сол. 22:9)

11 Биз ҳам Яҳова бугунги кунда амалга ошираётган улкан таълим бериш кампаниясида ўз ҳиссамизни қўша оламиз. Ҳар ой бошқаларга Худонинг Каломидан таълим бериб, уларни Худога хизмат қилишга ундашни мақсад қилиб қўйдингизми? Шахсий уринишларингиз ва Худонинг баракаси ёрдамида, эҳтимол, Муқаддас Китоб тадқиқини бошларсиз. Бу ҳақда ибодат қилишга интиляпсизми? Бу учун ҳатто бўш вақтингизнинг бир қисмини бўлса ҳам қурбон қилишга тайёрмисиз? Ёҳушафат одамларга ҳақ топинишга қайтишга ёрдам бериш учун Эфрайим қирларигача боргани каби, биз ҳам фаолиятсиз бўлиб қолганларнинг олдига бора оламиз. Оқсоқоллар эса жамоат ҳудудида яшайдиган ва ўтмишдаги гуноҳли ишларини ташлаган четлатилганларнинг олдига бориб, уларга ёрдам беришни режалаштиришлари мумкин.

12, 13. а) Қўрқинчли вазиятга дуч келганда, Ёҳушафат ўзини қандай тутди? б) Нима учун заифликларимизни тан олиш масаласида Ёҳушафатга тақлид қилишимиз лозим?

12 Ёҳушафат, ҳатто сон-саноқсиз душман қўшини хавф солганида ҳам, отаси Осога ўхшаб Худога содиқ қолди. (2 Солномалар 20:2–4 ни ўқинг.) Ўшанда Ёҳушафат қўрқиб кетганди! Лекин шунга қарамай, у «Эгамизнинг хоҳиш-иродасини билмоқчи бўлди». У ибодат қилиб, камтарлик ила қуйидагини тан олди: «Бу улкан лашкарга биз қаршилик қилишга ожизмиз. Нима қилишни биз билмаймиз». Шунингдек, Ёҳушафат: «Сендан келадиган ёрдамга кўз тутиб ўтирибмиз»,— деб, Яҳовага тўлиқ таянганини кўрсатди. (2 Сол. 20:12)

13 Баъзан Ёҳушафат каби биз ҳам нима қилишни билмаслигимиз ва ҳатто қўрқиб кетишимиз мумкин. (2 Кор. 4:8, 9) Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, Ёҳушафат омма олдида ибодат қилганида, у ва халқ ўзларини қанчалик ожиз ҳис қилишаётганини тан олган. (2 Сол. 20:5) Демак, маънавий томонлама оилада раҳбарликни зиммасига олганлар муаммоларни енгиш учун Яҳовадан йўл-йўриқ ва куч сўрашда Ёҳушафатдан ибрат олишлари мумкин. Оила аъзоларингиз бундай илтижоларингизни эшитишидан уялманг. Шу йўсин улар Яҳовага таянаётганингизни ҳис этишади. Дарҳақиқат, Худо Ёҳушафатга ёрдамлашганидек, сизга ҳам ёрдам бериши тайин.

ҲИЗҚИЁ ҲАМИША ТЎҒРИ ИШЛАР ҚИЛГАН

14, 15. Ҳизқиё Худога мутлақ ишонаётганини қандай кўрсатди?

14 Ёҳушафатдан фарқли ўлароқ, шоҳ Ҳизқиё «Эгамизга ниҳоятда содиқ бўлиш» учун бутпараст отасининг ёмон таъсирига дош бериши керак эди. У «саждагоҳларни йўқотди, бутсимон тошларни парчалаб ташлади, Ашеранинг устунларини кесди. Мусо бронзадан ясаган... илон тасвирини ҳам синдирди». Сабаби, ўша пайтгача бу тасвир бут сифатида ишлатилганди. Ҳизқиё «Эгамиз Мусога берган амрларни ижро этгани учун» Яҳовага буткул садоқатли қолди. (4 Шоҳ. 18:1–6)

15 Ҳизқиё, ҳатто ўша даврда жаҳон империяси бўлган Оссурия Яҳудога ҳужум қилиб, Қуддусга бостириб келганида ҳам, Яҳовага сидқидилдан таянган. Ўшанда Оссурия шоҳи Синахериб Яҳовани ҳақоратлаган ва Ҳизқиёни қўрқитиб, таслим бўлишга мажбурламоқчи бўлган. Бироқ Ҳизқиё ўз ибодатида Яҳованинг қудратига мутлақ ишонаётганини кўрсатган. (Ишаё 37:15–20 ни ўқинг.) Шунда Худо унинг ибодатига жавобан фариштасини жўнатган ва у 185 000 та оссурияликни ўлдирган. (Ишаё 37:36, 37)

16, 17. Худога хизмат қилаётиб, қай йўсин Ҳизқиёга тақлид қила оласиз?

16 Кейинчалик Ҳизқиё оғир касал бўлиб, ётиб қолади. Ўшанда у Яҳовага илтижо қилиб, Унинг йўлларидан юрганини эслашини сўрайди. (4 Шоҳлар 20:1–3 ни ўқинг.) Яҳова Ҳизқиёнинг илтижосига жавобан унга шифо беради. Муқаддас Ёзувлардан биламизки, ҳозир Худо бизга мўъжизавий тарзда шифо берадиган ёки ҳаётимизни узайтирадиган даврда яшамаяпмиз. Шундай бўлса ҳам, ҳар биримиз Яҳовага ибодатда: «Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганман»,— деб айта оламиз. Ҳатто касал бўлиб тўшакда ётганингизда ҳам Яҳова сизни қўллаб-қувватлашига ва бундай қилишни истаётганига ишончингиз комилми? (Заб. 40:4)

17 Ҳизқиёнинг ўрнаги устида мулоҳаза юритар эканмиз, Аллоҳ билан муносабатларимизга тўсқинлик қилаётган ёки бизни ҳақ топинишдан чалғитаётган нарсалардан халос бўлишимиз кераклигини тушунаётгандирмиз. Албатта, биз ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланиб, одамларни илоҳийлаштирган дунёвий кишиларга ўхшашни истамаймиз. Тўғри, айрим масиҳийлар учун оила аъзолари ёки яқин дўстлари билан шундай воситалар ёрдамида мулоқот қилиш ёқимли бўлиши мумкин. Аммо дунёдаги аксарият кишилар ҳатто ўзлари танимаган эркагу аёлларнинг фанатларига айланиб, ушбу ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланишмоқда. Ё бўлмаса, улар бу одамларнинг расмларини кўриш ёки улар ҳақида ўқиш учун ниҳоятда кўп вақт кетказишади. Бунинг дастидан бўлмағур нарсалар билан машғул бўлиш хавфи туғилиши мумкин. Масиҳий унинг интернетга жойлаштирилган суратлари ёки шарҳлари кўп кишига ёққанини кўриб, кеккайиб кетиши ва ҳатто бу одамлар унинг саҳифасидаги сурат ва шарҳларга эътибор бермай қўйишса, ранжиши ҳам мумкин. Ҳаворий Павлус ёки Акила ва Прискилла ҳар куни расмларни интернетга жойлаштириш билан банд бўлишганини ёки дунёвий кишиларнинг фанатлари бўлишганини тасаввур қила оласизми? Муқаддас Китобдан Павлус «Аллоҳнинг каломи ҳақида айтишга астойдил киришгани» тўғрисида ўқиймиз. Акила билан Прискилла ҳам ўз вақтини бошқаларга «Аллоҳнинг йўлини аниқроқ тушунтиришга» сарфлашган. (Ҳавор. 18:4, 5, 26) Ўзимизга шундай савол берсак бўлади: «Мен одамларни илоҳийлаштиришдан ёки қимматли вақтимнинг анчагина қисмини аҳамиятсиз нарсаларга кетказишдан қочяпманми?» (Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг.)

ЙЎШИЁ ДОИМО ЯҲОВАНИНГ АМРЛАРИГА ИТОАТ ЭТГАН

18, 19. Қайси жиҳатдан Йўшиёга ўхшашни истардингиз?

18 Ҳизқиёнинг эвараси шоҳ Йўшиё ҳам «бутун қалби» билан Яҳованинг амрларига итоат қилган. (2 Сол. 34:31) У ҳали ўспирин бўлганида, «Довуднинг Худосига интила бошлаган» ва 20 ёшга тўлганида, Яҳудони бутпарастликдан тозалашга киришган. (2 Солномалар 34:1–3 ни ўқинг.) Йўшиё Худони мамнун этишда ғайрат кўрсатган. У Яҳудонинг бошқа кўплаб шоҳларидан анча зиёда иш қилган. Лекин шунга қарамай, афтидан, Тавротнинг асл нусхаси бўлган Ёзувлар топилганида ва Йўшиёга ўқиб берилганида, у Худонинг иродасини янада кўпроқ бажаришга эҳтиёж борлигини кўрган. У бошқаларни ҳам Худога хизмат қилишга чорлаган. Натижада, Йўшиёнинг даврида халқ «Эгамиздан юз ўгирмай, Унга хизмат қилган». (2 Сол. 34:27, 33)

19 Агар ёш бўлсангиз, сиз ҳам Йўшиёга тақлидан Яҳовани яқинроқ таниб-билишингиз мумкин. Эҳтимол, Йўшиё тавба қилган бобоси Манашедан Яҳованинг раҳм-шафқати борасида ўргангандир. Шунинг учун агар сиз, ёшлар, оилангиздаги ва жамоатдаги садоқатли кексалар билан яқиндан мулоқот қилсангиз, Яҳова уларга қилган яхшиликлари ҳақида билиб олишингиз мумкин. Шунингдек, Муқаддас Ёзувларни ўқиш Йўшиёнинг қалбига таъсир қилиб, уни ҳаракатга ундаганини унутманг. Аллоҳнинг Каломини ўқиш бахтингизга бахт қўшиб, У билан муносабатларингизни мустаҳкамлайди ва сизни бошқаларга Худо ҳақида айтишга ундайди. (2 Солномалар 34:18, 19 ни ўқинг.) Муқаддас Китобни ўрганиш сизга хизматда қайси жиҳатдан яхшиланишингиз кераклигини аниқлашга ёрдам беради. Шундай экан, Йўшиё каби ўзгаришлар киритишга уриниб кўринг.

ЯҲОВАГА СИДҚИДИЛДАН ХИЗМАТ ҚИЛИНГ

20, 21. а) Бу мақолада тилга олинган тўртта шоҳнинг қандай ўхшаш томонлари бор? б) Янаги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

20 Яҳовага сидқидилдан хизмат қилган тўртта Яҳудо шоҳининг ҳаётини кўриб чиқишдан ўзингиз учун фойда олдингизми? Улар Худонинг иродасини ғайрат ила бажариб, бу учун ўзларини буткул бағишлашган. Мазкур шоҳлар доимо Аллоҳнинг иродасини амалга ошириш билан банд бўлишган. Улар ҳатто даҳшатли душманларга рўбарў бўлишганларида ҳам, Яҳовага таянишган. Энг асосийси эса, бу шоҳлар Яҳовага пок ният ила хизмат қилишган.

21 Келаси мақолада ушбу шоҳларнинг тўрттови йўл қўйган хатоларни кўриб чиқамиз. Лекин юракларни синовчи Худо уларни текширганида, бу шоҳлар Унга сидқидилдан хизмат қилишганини кўрди. Яҳова бизни текширганида, номукаммал бўлишимизга қарамай, биз ҳақимизда ҳам шундай хулосага келадими? Навбатдаги мақолада ушбу масалага тўхталиб ўтамиз.