Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Доно кишилар билан ҳамкорлик қилишдан фойда олдим

Доно кишилар билан ҳамкорлик қилишдан фойда олдим

ЖАНУБИЙ ДАКОТА штатидаги (АҚШ) Брукингс шаҳрида эрталаб қаҳратон совуқ ҳукм сурмоқда. Бундан мен яқин орада совуқ кунлар келишини англадим. Аммо тасаввур қилинг, айнан ўша куни биз, бир нечта киши, иситилмаган оғилхонада совуқдан дағ-дағ титраб, қисман муздек сув билан тўлдирилган охур ёнида тургандик! Ижозат берсангиз, нима сабабдан шундай бўлганини тушунишингиз учун ҳаётимдан бир парча сўзлаб берай.

ЁШЛИГИМ

Амаким Альфред ва дадам

Мен 1936 йили 7 мартда туғилганман ва оилада тўртта фарзанднинг энг кенжасиман. Биз Жанубий Дакотанинг шарқидаги кичкинагина фермада яшардик. Чорвачилик оиламиз ҳаётида муҳим ўрин эгалларди, лекин энг устувор нарса эмасди. Ота-онам 1934 йили сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳидлари бўлишди. Улар ўз ҳаётини самодаги Отамиз Яҳовага бағишлашди. Бу билан улар Худонинг хоҳиш-иродаси ҳаётларида биринчи ўринда эканини кўрсатишди. Дадам Клэренс ва кейинчалик амаким Альфред ҳам Жанубий Дакотадаги Конде шаҳрида кичик жамоатимизда жамоат хизматчиси (ҳозир оқсоқоллар кенгашининг раиси деб аталади) бўлиб хизмат қилишганди.

Йиғилишларга қатнаш ва келажак учун Муқаддас Китобдаги ажойиб умидни бошқалар билан бўлишиш мақсадида уйма-уй ваъзгўйлик қилиш оилавий турмуш тарзимизнинг асосий қисми эди. Ота-онамнинг ўрнаги ва берган таълим-тарбияси биз, фарзандларга, чуқур ва ижобий таъсир қилди. Опам Дороти икковимиз олти яшарлигимиздан Шоҳлик хабарчилари бўлдик. 1943 йили мен эндигина йиғилишларимизнинг дастурига киритилган Воизлик мактабига ёзилдим.

1952 йили кашшофлик хизматида

Анжуманлар ҳаётимизда муҳим роль ўйнарди. Грант Сьютер биродаримиз 1949 йили Жанубий Дакотадаги Су-Фолс шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда таклиф қилинган маърузачи эди. Унинг «Охиратга ўйлаганингиздан ҳам яқинроқмиз» номли нутқи ҳали-ҳамон ёдимда. У ўз нутқида ҳамма масиҳийлар ўзларини Аллоҳнинг ўрнатилган Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни эълон қилишга бутунлайин бағишлашлари лозимлигини алоҳида таъкидлаганди. Бу ҳаётимни Яҳовага бағишлашимга туртки бўлди. Шундай қилиб, Брукингсда ўтказилган галдаги анжуманда сувга чўмдим. Айнан шунинг учун ҳам, юқорида айтганимдек, совуқ оғилхонада тургандим. Ўша зангламайдиган пўлатли охур 1949 йили 12 ноябрда тўртталамиз учун сувга чўмишга мўлжалланган «ҳовуз» сифатида хизмат қилганди.

Сўнгра кашшофлик хизматини мақсад қилиб олдим ва 1952 йили 1 январда, 15 ёшлигимда, кашшофлик қила бошладим. Муқаддас Китобда шундай сўзлар ёзилган: «Доно билан юрган доно бўлади». Оиламда кўпгина бундай доно кишилар бор эди ва улар кашшофлик қилиш қароримни қўллаб-қувватлашди. (Ҳик. 13:20) 60 яшар амаким Жулиус билан тез-тез хизмат қилардим. Ёшимизда фарқ бўлса ҳам, у билан ваъз қилиш жуда мароқли эди. Амакимнинг ҳаётий тажрибасидан анча амалий донолик орттирдим. Кўп ўтмай, опам Дороти ҳам кашшоф бўлди.

ТУМАН НОЗИРЛАРИ КЎРСАТГАН ШАХСИЙ ҚИЗИҚИШ

Ёшлик чоғимда ота-онам уйимизга кўплаб туман нозирларини ва уларнинг хотинларини чақиришарди. Бир жуфтлик — Жесси ва Лин Кантвеллар менга катта ёрдам беришди. Кашшофликни бошлаганимга қисман улар сабабчи бўлишди. Уларнинг менга бўлган шахсий қизиқиши қалбимда маънавий қадамлар қўйиш истагини уйғотди. Улар ён-атрофдаги жамоатларда хизмат қилишганида, баъзида мени ҳам ваъзгўйликка таклиф қилишарди. Бу ниҳоятда ёқимли ва далдали эди!

Кейинчалик жамоатимизга кўчма нозир сифатида Бад Миллер ва унинг рафиқаси Жоан ташриф буюришди. Ўшанда ёшим 18 да эди ва мени ҳарбий хизматни ўташга чақиришганди. Чақириқ комиссияси сиёсатга нисбатан бетарафликни сақлаш тўғрисидаги Исонинг огоҳлантиришига хилоф бўлган баъзи бир ишларни қилишимни хоҳлаганди. Мен бўлса, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишни истагандим. (Юҳан. 15:19) Шу боис, чақириқ комиссиясидан мени руҳоний деб билиб, ҳарбий хизматдан озод этишларини илтимос қилдим.

Биродар Миллер мен билан бирга чақириқ комиссиясининг олдига боришга хоҳиш билдиргани менга қаттиқ таъсир қилди. У табиатан жуда киришимли эди ва одамлардан қўрқмасди. Шундай маънавий одам олдимда бўлгани ишончимга ишонч қўшди! Ишим кўриб чиқилганидан кейин, 1954 йили ёзнинг охирида, чақириқ комиссияси мени руҳоний деб тан олди. Бу яна бошқа маънавий мақсадга эришишимга йўл очди.

Янги байтилчи сифатида ферманинг юк машинаси ёнида

Тахминан шу пайтда мени Байтилга таклиф этишди ва мен Статен-Айлендда (Нью-Йорк) жойлашган, кейинчалик эса «Қўриқчи минораси» жамиятининг фермаси деб номланган жойда хизмат қилишни бошладим. У ерда деярли уч йил мобайнида хизмат қилишга муваффақ бўлдим. Анчагина доно кишиларни учратганим ва улар билан ҳамкорлик қилганим натижасида кўплаб қизиқарли воқеаларни бошдан кечирдим.

БАЙТИЛ ХИЗМАТИ

Биродар Френц билан WBBR радиостанцияси ҳудудида

Статен-Айленддаги фермада WBBR радиостанцияси жойлашганди. У 1924 йилдан 1957 йилгача Яҳованинг Шоҳидлари томонидан идора этилганди. Фермага Байтил оиласининг 15 тадан 20 тагача аъзоси тайинланганди. Кўпчилигимиз ёш эдик ва унча тажрибага эга эмасдик. Лекин биз билан мойланган кекса биродар — Элдон Вудвортс хизмат қиларди. У чиндан ҳам доно киши эди. Унинг оталарча кўрсатган қизиқиши бизни маънан мустаҳкамларди. Баъзида номукаммаллик дастидан имондошлар билан орамизда келишмовчиликлар юзага келганида, биродар Вудвортс шундай дерди: «Яҳова фойдаланаётган одамлар номукаммал бўлса-да, У амалга ошираётган иш қойилмақомдир».

Гарри Пэтэрсон ваъзгўйликда мислсиз ғайрат кўрсатган

Биз биродар Фредерик Френц билан ҳам хизмат қилиш шарафига муяссар бўлдик. Унинг донолиги ва Муқаддас Ёзувларни ниҳоятда яхши билгани барчамизга ижобий таъсир қиларди. Бундан ташқари, у ҳар биримизга шахсий қизиқиш кўрсатарди. Ошпазимиз Гарри Пэтэрсон эди ва бизга уни Папариеропулос деган асл фамилияси билан чақиришдан кўра, Пэтэрсон деб чақириш осонроқ бўлганди. У ҳам мойланган масиҳийлардан бири бўлиб, ваъзгўйликда мислсиз ғайрат кўрсатганди. Биродар Пэтэрсон Байтилдаги вазифасини яхши бажарарди ва шу билан бирга ваъзгўйлик хизматини ҳам чеккага суриб қўймасди. У ҳар ой юзлаб журналларимизни тарқатарди. Шунингдек, у Муқаддас Ёзувлар бўйича бой билимга эга бўлиб, кўплаб саволларимизга жавоб берарди.

ДОНО ОПА-СИНГИЛЛАРДАН САБОҚ ОЛИШ

Фермадаги заводда консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариларди. Ҳар йили бутун Байтил оиласи учун чамаси 45 000 та банка миқдорида сабзавот-мева консерваларини тайёрлардик. Шу туфайли мен жудаям доно бўлган опамиз Этта Хут билан хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. У биз консерва тайёрлашда ишлатадиган рецептларга масъул эди. Консерва тайёрлаш мавсумида маҳаллий опа-сингиллар ёрдамга келишарди ва Этта уларнинг ишини ташкиллаштиришга кўмаклашарди. Гарчанд Этта консерва тайёрлашда асосий вазифани бажарган бўлса-да, у фермани назорат қилиш учун тайинланган биродарларга ҳурмат кўрсатарди. Этта Худо ўрнатган бошчиликка бўйсунишда ажойиб ўрнак қолдирганди.

Анжела икковимиз Этта Хут билан

Анжела Романо ҳам консерва тайёрлаш учун ёрдамга келган сингиллардан бири эди. Анжела ҳақиқатга келганида, Этта унга кўмаклашганди. Шундай қилиб, Байтилда хизмат қилиш чоғида яна бир доно кишини учратдим ва мана 58 йилдирки, у билан яшаб келяпман. Анжи иккаламиз 1958 йили апрелда турмуш қурдик ва бирга хизматда кўплаб шарафли вазифаларни бажардик. Йиллар мобайнида Анжининг Яҳовага нисбатан қатъий садоқати никоҳимизни мустаҳкамлади. Ҳаётда қандай мушкулликка дуч келмайлик, у доимо менинг суянчиғимдир.

ТЎЛА ВАҚТЛИ МАХСУС ВАЪЗГЎЙЛИК ВА КЎЧМА НОЗИРЛИК ХИЗМАТИ

1957 йили Статен-Айленддаги WBBR радиостанциясига тегишли бинолар сотилганида, мен қисқа вақт давомида Бруклиндаги Байтилда хизмат қилдим. Сўнг Анжи икковимиз оила қурганимиз учун, мен Байтилдан кетдим. Биз деярли уч йил Статен-Айлендда бирга кашшофлик қилдик. Ўшанда мен ҳатто радиостанциямизнинг янги эгалари қўлида вақтинчалик ишладим. Бу радиостанция WPOW деб номланарди.

Қаерда эҳтиёж бўлса, ўша ерда хизмат қилишга тайёр туриш учун, Анжи иккаламиз содда ҳаёт кечиришга қатъий қарор қилдик. Натижада, 1961 йилнинг бошида Небраска штатидаги Фолс-Сити шаҳрида махсус кашшофлар сифатида хизмат қилиш топшириғини олдик. Ушбу ўзгаришга мослашганимиздан кўп ўтмай, бизни Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим мактабига таклиф этишди. Ўша пайтда бу мактаб Нью-Йоркнинг Саут-Лансинг шаҳрида ўтказиладиган бир ойлик таълим курсини ўз ичига олганди. Таълим олиш бизга ёқарди ва Небраскага қайтганимизда олган билимларимиздан фойдаланамиз, деб умид қилардик. Шунинг учун бизга Камбоджада тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида хизмат қилиш каби янги топшириқ берилганида, ҳайрон қолгандик! Жануби-Шарқий Осиёдаги мазкур бетакрор диёр бизни экзотик жойлар, товушлар ва ажиб ҳидлар билан таништирди. Буларнинг барчаси биз илгари кўрган нарсалардан фарқ қиларди. У ерда хушхабар тарқатишни астойдил хоҳлардик.

Аммо сиёсий вазият ўзгаргани учун, Жанубий Вьетнамга кўчиб ўтишимизга тўғри келди. Афсуски, икки йил ичида жиддий бир касалликни орттириб олдим. Шу сабабли, она юртимизга қайтишга мажбур бўлдик. Кучимни тиклаш учун бироз вақт керак эди, лекин соғайганимда, биз яна тўла вақтли хизматга киришдик.

1975 йили Анжела билан телевидение учун интервью беришдан олдин

1965 йили мартда эса жамоатларга ташриф буюриб, кўчма нозирлик хизматини бошлашга мушарраф бўлдик. 33 йил давомида Анжи икковимиз туман ва вилоят нозирлик хизматида, қолаверса, анжуманлар билан боғлиқ талайгина ишларда ҳиссамизни қўшдик. Анжуманлар мен учун ҳамиша муҳим эди, шу боис бундай учрашувларни ташкиллаштиришда ёрдам бериш менга қувонч келтирарди. Биз бир неча йил Нью-Йорк шаҳрида хизмат қилдик ва у ердаги Янки стадионида бир қатор анжуманлар ўтказилганди.

БАЙТИЛГА ҚАЙТИШ ВА ИЛОҲИЙ ТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ

Тўла вақтли махсус хизматда банд бўлганларнинг кўпчилигида бўлганидек, Анжи икковимизни ҳам қизиқ, аммо шу билан бирга, қийин топшириқлар кутганди. Масалан, 1995 йили мендан Хизмат малакасини ошириш мактабида дарс беришни сўрашди. Уч йил ўтгач эса, бизни Байтилга таклиф қилишди. 40 йил муқаддам тўла вақтли хизматни бошлаган жойимга қайтиш ғоят қувончли эди. Муайян вақт давомида Хизмат бўлимида ишладим ва бир қанча мактабларда муаллимлик қилдим. 2007 йили Етакчи кенгаш Байтилда ўтказиладиган мактабларни Мактаблар устидан назорат қилувчи янги бўлим қарамоғига топширди ва мен бир неча йил шу бўлимнинг нозири бўлдим.

Яқинда барчамиз илоҳий таълим мактабларида юз берган бир қатор катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Чунончи, 2008 йили Жамоат оқсоқоллари учун мактаб ташкил этилди. Кейинги икки йилдан ошиқ вақт давомида 12 000 дан зиёд оқсоқоллар Паттерсонда ва Бруклиндаги Байтилда таҳсил олишди. Бу мактабни ваъзгўйликда тажрибали бўлган устозлар бошқа турли жойларда ўтказишмоқда. 2010 йили Хизмат малакасини ошириш мактаби Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактаби деб номланадиган бўлди ва Эр-хотинлар учун Муқаддас Китоб мактаби номли янги мактаб ташкил топди.

2015 хизмат йилидан буён ушбу иккита мактаб бирлаштирилиб, Шоҳлик хабарчилари мактаби ташкиллаштирилди. Бу мактабда жуфтликлар ҳамда турмуш қурмаган биродару опа-сингиллар таҳсил олиш имконига эга бўлишди. Бутун жаҳондаги ваъзгўйлар Шоҳлик хабарчилари мактаби кўплаб филиалларда ўтказилишини эшитиб, роса хурсанд бўлишди. Ҳа, илоҳий таълим олишга кенг имкониятлар очилаётганини кўриш кишига қувонч келтиради ва бундай таълимни олиш учун ўзини тақдим этаётган кўпгина ваъзгўйларни учратиш ниҳоятда ёқимлидир.

Ўша охурда сувга чўмган пайтимдан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган ҳаётим ҳақида ўйлаганимда, ҳақиқат йўлида менга кўмаклашган доно кишилар учун Яҳовага миннатдорчиликлар билдираман. Гарчи ёши ва маданияти меникидан фарқ қилган бўлса-да, улар маънавий одамлар эди. Уларнинг Яҳовага бўлган чуқур севгиси ишларию муносабатларида яққол кўринарди. Ҳа, Яҳованинг ташкилотида бирга ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган доно кишилар кам эмас. Мен айнан шундай йўл тутдим ва бундан кўп фойда олдим.

Бутун жаҳондан келган талабалар билан танишишдан завқ оламан