Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Муносиб бўлганларга ҳурмат кўрсатинг

Муносиб бўлганларга ҳурмат кўрсатинг

Арши аълода Ўтирганга ва Қўзига абадулабад ҳамду сано, шон-шараф, шуҳрат ва қудрат бўлсин. ВАҲ. 5:13

ҚЎШИҚЛАР: 9, 14

1. Нима сабабдан айрим инсонлар уларга ўзгача эътибор кўрсатилишига лойиқ ва ҳозир нимани муҳокама қиламиз?

КИМНИДИР шарафлаш унга ўзгача эътибор кўрсатиб, уни ҳурмат билан тилга олишни англатади. Демак, инсон бундай эътибор ва ҳурматга лойиқ бўлиши учун у бирон-бир арзигулик иш қилишини ёки шарафли ўринга эга бўлишини кутиш оқилонадир. Шундай экан, «Кимга бундай ўзгача эътибор кўрсатишимиз керак ва нега улар бунга лойиқ?» деган саволлар туғилиши табиий.

2, 3. а) Нима учун айниқса Яҳова шон-шарафга лойиқдир? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Ваҳий 5:13 даги Қўзи кимни тасвирлайди ва нега у шарафга лойиқ?

2 Ваҳий 5:13 да таъкидланганидек, «Арши аълода Ўтирган» ва «Қўзи» чиндан ҳам шон-шарафга лойиқдирлар. Ушбу китобнинг 4- бобида нима учун Яҳова шон-шарафга лойиқ эканининг сабабларидан бири келтирилган. У ерда ёзилишича, самодаги буюк мавжудотлар баланд овозда «абадулабад Яшовчига» — Яҳовага ҳамду сано айтиб, қуйидагича дейишмоқда: «Ё Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир». (Ваҳ. 4:9–11)

3 «Қўзи» — «дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган Худонинг Қўзиси», яъни Исо Масиҳдир. (Юҳан. 1:29) Муқаддас Китобга кўра, у ҳозир ёки илгари шоҳ бўлган барчадан анча устун туради. У ерда тушунтирилишича, «Подшоҳларнинг Подшоҳи» ва «Олий Ҳазрат» бўлган «танҳо у ўлмасликка эга бўлиб, яқинлашиб бўлмайдиган нурда туради, уни ҳеч бир инсон кўрмаган ва кўра олмайди». (1 Тим. 6:14–16) Ростдан ҳам, тарихда ўз ихтиёри билан гуноҳларимиз учун ўзини қурбон қилган яна бошқа шоҳ бўлганми? Наҳотки лак-лак самовий мавжудотларга қўшилиб, баланд овозда: «Бўғизланган Қўзи қудрат, бойлик, донолик, куч, шараф, шуҳрат ва ҳамду санога лойиқдир!» — деб айтгингиз келмаса?! (Ваҳ. 5:12)

4. Нега Яҳовани ҳамда Исони шарафлаш бизнинг бурчимиздир?

4 Яҳовани ҳамда Исони шарафлаш бизнинг бурчимиздир. Зеро, бунга абадий яшаш-яшамаслигимиз боғлиқ. Буни яққол тушунишда бизга Исонинг Юҳанно 5:22, 23 даги сўзлари ёрдам беради. У ерда қуйидагича ёзилган: «Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки ҳукм қилиш ҳуқуқини бутунлай Ўғилга берган. Токи барча Аллоҳни улуғлаганидай, Ўғилни ҳам шарафласин. Кимки Ўғилни ҳурмат қилмаса, уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади». (Забур 2:11, 12 ни ўқинг.)

5. Нега биз одамларга маълум даражада эътибор ва ҳурмат кўрсатишимиз керак?

5 Одамзодни «Худо Ўз суратидай» қилиб яратди. (Ибт. 1:27) Шунинг учун ҳам, улардан аксарияти турли даражада айрим илоҳий фазилатларни намоён этади. Инсонлар бир-бирига севги, меҳрибонлик ва ҳамдардликни кўрсата олишади. Улар туғма бир ҳис — виждон билан яратилган. Гарчи бу туйғу гоҳида нотўғри йўналтирса ёки адаштирса ҳам, умуман олганда, у одамларга нима яхшию нима ёмон, нима ҳақ ва нима ноҳақ, нима муносибу нима номуносиб экани борасида огоҳлантириб туради. (Рим. 2:14, 15) Кўпларни пок ва гўзал нарсалар жалб қилади. Қолаверса, одамлар бошқалар билан одатда тинчликда яшашни исташади. Бундай йўл тутиб, улар ўзлари билмаган ҳолда муайян тарзда Яҳованинг шуҳратини акс эттиришади ва шу сабабли улар маълум даражада эътибор ҳамда ҳурматга сазоворлар. (Заб. 8:6)

БОШҚАЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШДА МУВОЗАНАТНИ САҚЛАШ

6, 7. Одамларни эъзозлаш масаласида Яҳованинг Шоҳидлари бошқалардан қандай фарқ қилишади?

6 Бошқаларни қай тарзда ва қай даражада ҳурмат қилиш кераклигини аниқлашга келганда, мувозанатли бўлиш талаб этилади. Гап шундаки, кўплаб номукаммал одамларга Шайтон дунёсининг руҳи қаттиқ таъсир қилиб келмоқда. Шу боис, инсонлар муайян кишиларга шунчаки муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатишнинг ўрнига, уларга худодек қарашади. Кўпинча бундай кишилар диний ва сиёсий раҳбарларни, спорт, кино ва эстрада юлдузларини ҳамда бошқа машҳур одамларни улуғлаб, бу билан уларни бутларга айлантиришади. Шунинг учун, ёшу қарилар уларни намуна деб билиб, эҳтимол, ўзларини тутишда, кийиниш ё хулқ-атвор масаласида уларга тақлид қилишади.

7 Масиҳийлар эса инсонни шарафлаш каби бундай нотўғри нуқтаи назардан қочишади. Биз учун мукаммал ўрнак бўла оладиган ягона инсон — Масиҳдир. (1 Бутр. 2:21) Аҳамиятлиси шуки, одамларни керагидан ортиқ эъзозлаш Яҳовага маъқул келмайди. Шундай экан, қуйидаги муҳим ҳақиқатни ёдда сақлашимиз зарур: «Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган». (Рим. 3:23) Ҳа, ҳеч бир инсон бутпарастлик даражасигача эъзозланишга лойиқ эмас.

8, 9. а) Яҳованинг Шоҳидлари давлат ходимларига қандай муносабатдалар? б) Қайси вазиятда давлат ходимларига бўйсунмаймиз?

8 Дунёдаги айрим кишилар муайян ҳокимиятга эга бўлишгани сабаб, ўзгача эътибор ва ҳурматга лойиқлар. Масалан, давлат ходимлари қонун бажарилишини ва тартиб сақланишини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг эҳтиёжларини қондиришда ёрдам беришади. Бу, ўз навбатида, барчага фойда келтиради. Шунинг учун, ҳаворий Павлус масиҳийлар амалдорларни «ҳукмрон ҳокимият» деб билиб, уларга бўйсунишлари кераклигини маслаҳат берганди. У қуйидагича деганди: «Ҳаммага тегишлисини беринглар: солиқ йиғувчига солиқ,.. ҳурматга муносиб бўлганга ҳурмат». (Рим. 13:1, 7)

9 Шу сабабли, Яҳованинг Шоҳидлари ҳатто улардан кутилаётган тарзда ва яшаётган ҳудудларига хос йўсинда жамоат ходимларига бажонидил ҳурматни намоён этишади. Улар ўз вазифаларини бажаришаётганда, биз улар билан ҳамкорлик қиламиз. Лекин уларни ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватлаганимизда, Муқаддас Ёзувлардаги принциплар доирасидан чиқиб кетмаслигимиз лозим. Бу масалада Худога итоатсизлик қилишни ёки бетарафлигимизни йўқотиб қўйишни истамаймиз. (1 Бутрус 2:13–17 ни ўқинг.)

10. Яҳованинг ўтмишдаги хизматчилари амалдорлар билан муомала қилишда қандай намуна қолдиришган?

10 Яҳованинг ўтмишдаги хизматчилари амалдорлар билан муомала қилишда намуна қолдиришган. Масалан, Рим империясида одамларга рўйхатдан ўтиш кераклиги айтилганида, Юсуф ва Марям бунга бўйсунишади. Ўшанда Марямнинг биринчи фарзандини туғиш пайти яқинлашганига қарамай, улар Байтлаҳмга боришади. (Луқо 2:1–5) Мана бошқа бир мисол: Павлусни ёмон иш қилганликда айблашганида, у ўзини ҳурмат ила ҳимоя қилиб, Ҳирод Агриппага ҳамда Рим империясидаги Яҳудия вилоятининг ҳокими Фестга ўринли эҳтиром кўрсатади. (Ҳавор. 25:1–12; 26:1–3)

11, 12. а) Давлат ходимларига ва дин арбобларига ҳурмат кўрсатиш орасида қандай фарқ бор? б) Австриялик ваъзгўй сиёсатчига ҳурмат кўрсатгани қандай ижобий натижа олиб келди?

11 Одатда диний раҳбарлар уларга ўзгача ҳурмат кўрсатилишини кутишади. Аммо Яҳованинг Шоҳидлари уларга бундай муносабатда бўлишдан қочишади. Чунки сохта дин Худо ҳақида ёлғон тарқатиб, Унинг Каломидаги таълимотларни бузиб кўрсатади. Шу боис, биз дин арбобларига оддий инсондек муносабат қиламиз, аммо уларга қандайдир ўзгача ҳурмат кўрсатмаймиз. Маълумки, Исо ўз давридаги бундай кишиларни иккиюзламачи ва кўр йўлбошчилар деб атаган. (Мат. 23:23, 24) Аммо шуниси эътиборлики, давлат ходимларига ўринли ҳурмат кўрсатишимиз баъзида ижобий, ҳатто кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин.

12 Австриялик ғайратли ваъзгўй Леопольд Энглайтнерни фашистлар ҳибсга олиб, поездда Бухенвальд концлагерига жўнатишганди. У билан бирга поездда Генрих Глайсснер исмли маҳбус кетаётган эди. Бу киши австриялик сиёсатчи эди. Ўшанда биродаримиз унга ўз эътиқодини ҳурмат ила тушунтириб беради, жаноб Глайсснер эса биродаримизни диққат ила тинглайди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Глайсснер Австриядаги Шоҳидларга ёрдам бериш учун ўз ҳокимиятидан қайта-қайта фойдаланади. Шоҳидлар мансабдор кишиларга Муқаддас Китобда айтилган ўринли ҳурматни намоён этиб, ижобий натижаларга эришгани борасида, эҳтимол, бошқа мисолларни ҳам биларсиз.

ҲУРМАТГА ЛОЙИҚ БЎЛГАН БОШҚАЛАР

13. Айниқса кимлар ўзгача эътибор ва ҳурматимизга сазовордир ва нега?

13 Шак-шубҳасизки, имондошларимиз, айниқса, раҳбарликни ўз зиммасига олган оқсоқолларимиз ўзгача эътибор ва ҳурматга лойиқдирлар. (1 Тимўтийга 5:17 ни ўқинг.) Биз бундай биродарларни миллати, маълумоти, келиб чиқиши ё моддий аҳволидан қатъи назар, ҳурмат қиламиз. Муқаддас Китоб уларни «ҳадялар» сифатида тилга олмоқда ва улар Худо халқининг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишда муҳим ўрин эгаллашади. (Эфес. 4:8) Мисол учун, жамоат оқсоқоллари, туман нозирлари, Филиал қўмитаси аъзолари, Етакчи кенгаш аъзолари ҳақида ўйлаб кўринг. Биринчи асрдаги имондошларимиз раҳбарликни зиммасига олишга тайинланган биродарларга чуқур ҳурматни намоён этишган ва бугунги кунда биз ҳам худди шундай йўл тутамиз. Масиҳийлар жамоатида таниқли бўлиб кетган имондошларга худодек қарамаймиз ва улар олдимизда бўлганда, ўзимизни худди ёнимизда фаришталар тургандек тутмаймиз. Шунга қарамай, бундай биродарларга уларнинг машаққатли меҳнати ва камтарлиги учун ўзгача эътибор ва ҳурмат кўрсатамиз. (2 Коринфликларга 1:24; Ваҳий 19:10 ни ўқинг.)

14, 15. Ҳақиқий масиҳий чўпонлар ва ўзларини шундай деб атайдиганлар орасидаги фарқни тушунтиринг.

14 Биз бундай оқсоқолларни камтарин маънавий чўпонлар сифатида биламиз. Оқсоқоллар бошқалар уларга юлдузлардек муносабатда бўлишларини исташмайди ва шу орқали камтар эканликларини кўрсатишади. Шу йўсин улар ҳозирги ва биринчи асрдаги дин арбобларидан фарқ қилишади. Бундайлар ҳақида Исо қуйидагича айтганди: «Улар зиёфатларда тўрда ўтиришни ва ибодатхоналарда ҳурматли ўринни эгаллашни, бозор майдонларида алик олишни ва уларни “устоз”, деб аташларини яхши кўрадилар». (Мат. 23:6, 7)

15 Ҳақиқий масиҳий чўпонлар камтарлик ила Исонинг қуйидаги сўзларига бўйсунишади: «Сизлар “устоз”, деб аталишга кўнманг, чунки биргина Устозингиз бор. Сизлар эса барчангиз биродарсизлар. Устига-устак, ер юзида ҳеч кимни “ота”, деб атаманглар, чунки биргина Отангиз бор. У — самовий Отангиздир. Ўзингизни “йўлбошчи”, деб ҳам атаманглар, зеро биргина Йўлбошчингиз бор. У ҳам бўлса Масиҳдир. Шундай экан орангизда ким буюк бўлса, у сизларга хизматкор бўлсин. Ким ўзини юқори тутса, пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса, юксалтирилади». (Мат. 23:8–12) Бу туфайли сиз нега бутун жаҳондаги жамоатларда оқсоқоллар имондошларининг севги, ҳурмати ва ўзгача эътиборига сазовор бўлаётганининг сабабини тушуна оласиз.

Оқсоқоллар камтарлик ила хизмат қилаётганлари учун севги, ҳурмат ва ўзгача эътиборга сазоворлар (13–15- хатбошиларига қаранг.)

16. Нега ҳурматни намоён этиш тўғрисидаги Муқаддас Китобдаги меъёрларни тушунишда ва амалда қўллашда давом этиш лозим?

16 Тўғри, қай йўсин ва кимга ҳурмат кўрсатиш масаласида мувозанатни сақлаш учун вақт талаб қилиниши мумкин. Илк масиҳийлар билан ҳам шундай бўлган. (Ҳавор. 10:22–26; 3 Юҳан. 9, 10) Бироқ ҳурматни намоён этиш тўғрисидаги Муқаддас Китобдаги меъёрларни ҳаётга татбиқ этиш чиндан ҳам арзийди. Бу борада мувозанатни сақлаш кўп фойда келтиради.

МУНОСИБ ҲУРМАТНИ НАМОЁН ЭТИШНИНГ ФОЙДАСИ

17. Ҳокимиятга эга бўлган кишиларга ҳурмат кўрсатишнинг айрим фойдали томонлари қандай?

17 Ҳокимиятга эга бўлган кишиларга ҳурмат ва ўзгача эътибор кўрсатганимизда, улар ваъз қилиш ҳуқуқимизни ҳимоя қилишлари эҳтимолдан йироқ эмас. Кўпинча бунинг натижасида улар ваъзгўйлик фаолиятимизга ижобий қарай бошлашади. Бир неча йил аввал германиялик Бёргит исмли кашшоф қизининг мактабига битирув маросимига борди. Ўқитувчилар Бёргитга йиллар мобайнида Шоҳидларнинг фарзандларини ўқитишдан хурсанд эканликларини айтишди. Уларнинг гапларига кўра, агар мактабда ҳатто биттагина Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганида эди, улар учун бу уят бўларди. Бёргит шундай деб тушунтирди: «Биз болаларимизга хулқ-атвор борасида Аллоҳнинг меъёрларига бўйсунишни, жумладан, ўқитувчиларга ҳурмат ва ўзгача эътибор кўрсатишни ҳам ўргатамиз». Бир ўқитувчи қуйидагича бўлишди: «Қанийди, ҳамма болалар сизларникига ўхшаса! Таълим бериш жараёни жаннатдек бўларди». Орадан бир неча ҳафта ўтгач, ўқитувчилардан бири Лейпцигдаги анжуманга ташриф буюрди.

18, 19. Нега оқсоқолларга ўринли ҳурмат кўрсатиш масаласи эътиборимизга сазовордир?

18 Аллоҳ Каломидаги мукаммал ва доно принциплар бизни жамоат оқсоқолларига ўринли ҳурмат кўрсатишга ундаши керак. (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг.) Оқсоқолларни уларнинг машаққатли меҳнати учун мақташ ҳамда бераётган йўл-йўриқларига риоя этиш қўлимиздан келади ва буни қилишимиз шарт. Бундай йўл тутиб, улар вазифаларини қувонч ила бажаришда давом этишларига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Лекин бу, «машҳур» бўлиб кетган оқсоқолга кийиниш, пардоз, омма олдида гапириш ё ҳатто сўзлашув услубида тақлид қилишимиз кераклигини англатмайди. Шундай қилсак, бу туфайли биз ҳақимизда нотўғри тасаввур пайдо бўлади. Шуни унутмаслигимиз керакки, оқсоқол ҳам осий бандадир. Биз тақлид қилишимизга арзийдиган ягона намуна — Масиҳдир.

19 Оқсоқолларга юлдузлардек муносабат қилмай, ўринли ҳурмат ва эътибор кўрсатсак, уларга ёрдам берган бўламиз. Шундай йўл тутсак, оқсоқолларга мағрурлик, устунлик ёки манманлик каби туйғуларнинг қурбони бўлишдан қочиш осонроқ кечади.

20. Қай йўсин бошқаларга ҳурмат кўрсатиш бизга ёрдам беради?

20 Муносиб бўлганларга ҳурматни намоён этиш бизни худбин бўлиб қолишдан асрайди. Бу, шунингдек, бошқалар бизга ўзгача эътибор кўрсатишганда, ўзимиз ҳақимизда юқори фикрда бўлмасликка ёрдам беради. Қолаверса, бу хоҳ имондошларимиз, хоҳ дунёвийлар бўладими, уларга ортиқча ё ўринсиз ҳурматни намоён этишдан асрайдиган Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам юришимизга кўмаклашади. Боз устига, бундай йўл тутиш оқилонадир, зеро шу тариқа, биз ҳурмат кўрсатган инсон бизни хафа қилганида ҳам, ўзимизни қоқинишдан сақлаган бўламиз.

21. Муносиб бўлганларга ҳурматни намоён этишнинг энг муҳим фойдали томони қайси?

21 Муносиб бўлганларга ҳурматни намоён этишнинг энг муҳим фойдали томони шундаки, бундай йўл тутиб, Худони мамнун этамиз. Биз У истагандек иш тутамиз ва шу йўсин Унга садоқатли қоламиз. Бу орқали эса Яҳовани танқид қилишга уринаётган ҳар қандай шахсга жавоб қайтарган бўламиз. (Ҳик. 27:11) Бу дунё қандай қилиб ўринли ҳурматни кўрсатиш мумкинлиги борасида нотўғри тушунчага эга бўлган одамларга тўладир. Шунинг учун ҳам, қай йўсин Яҳованинг нуқтаи назарига асосланган ҳолда бошқаларга ҳурмат кўрсата олишимизни билганимиздан беҳад миннатдормиз!