Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

31- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳовани кутишга тайёрмисиз?

Яҳовани кутишга тайёрмисиз?

Сабр билан кутаман. МИХО 7:7

128- ҚЎШИҚ Сўнгги дамга қадар чиданг

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

АЙТАЙЛИК, дўстингиз сизга жуда керак бўлган нарсани олиб келишини кутяпсиз. У вақтида келмаса, нималарни ҳис қиласиз? Кўнглингиз тушадими? Бежизга Ҳикматлар 13:12 да: «Узоқ ушалмаган умид юракни эзади»,— деб айтилмаган. Бироқ у нега вақтида келмаганининг асосли сабаблари бўлса-чи, нима қиласиз? Эҳтимол, сабрли бўлиб, уни бажонидил кутарсиз.

2 Бу мақолада Муқаддас Китобдаги баъзи принципларни кўриб чиқамиз. Улар «сабр билан кутишимизга» кўмаклашади. (Михо 7:7) Сўнг қайси иккита соҳада Яҳовани сабр ила кутишимиз кераклигига диққат қаратамиз. Охирида эса Яҳовани тайёрлик ила кутганлар қандай баракаларга эга бўлишини муҳокама қиламиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҚАЙСИ ПРИНЦИПЛАР ЁРДАМИДА САБРЛИ БЎЛИШНИ ЎРГАНИШИМИЗ МУМКИН?

3. Ҳикматлар 21:5 даги принципдан нимани ўрганяпмиз?

3 Ҳикматлар 21:5 да сабр-тоқатли бўлишимиз кераклиги борасида: «Шошқалоқлар... камбағалликка юз тутади»,— дейилган. Бу оятдан нимани ўрганяпмиз? Доно киши бирон ишни пухта ва шошмай қилса, яхши натижага эришади.

4. Ҳикматлар 4:18 даги принципдан нимани ўрганяпмиз?

4 Ҳикматлар 4:18 да: «Одилнинг сўқмоғи тонг шафағи кабидир, у туш пайтига қадар ёришиб бораверади»,— деб ёзилган. Бу сўзлар Яҳова хизматчиларига Ўз ниятларини аста-секин очиб беришини кўрсатяпти. Қолаверса, улар масиҳий қандай қилиб ҳаётига ўзгаришлар киритишини ва Яҳовага яқинлашишини тушунишимизга ёрдам беряпти. Бир зумда маънан улғайиб бўлмайди. Бунинг учун вақт керак. Астойдил тадқиқ ўтказсак ва Худонинг Каломидаги ҳамда ташкилоти орқали берилаётган маслаҳатни қўлласак, Исо эга бўлган фазилатларни аста-секин ривожлантирамиз. Бундан ташқари, Худо ҳақидаги билимимиз ҳам ўсади. Келинг, Исо бу борада қандай масал келтирганини кўриб чиқайлик.

Ўсимлик аста-секин ўсгани каби хушхабарни эшитиб, қабул қилган киши ҳам аста-секин маънан ўсади (5- хатбошига қаранг.)

5. Исо аста-секин ўсиш борасида қандай мисол келтирган?

5 Исо масал келтириб, биз Шоҳлик ҳақида ваъз қилаётган хабар самимий инсонларнинг қалбида аста-секин илдиз отадиган митти уруққа ўхшашини тушунтирган. У шундай деган: «Уруғ бўлса униб-ўсаверади. Аммо бу киши [уруғ экувчи] унинг қандай ўсаётганини билмайди. Ер ўз-ўзидан аста-секин ҳосил бера бошлайди: аввал кўкат униб чиқади, кейин бошоқ чиқаради ва ниҳоят бошоқ донга тўлади». (Марк 4:27, 28) Хўш, Исо бу билан нима демоқчи эди? У ўсимлик секин ўсгани каби Шоҳлик хабарини қабул қилган киши ҳам аста-секин маънан ўсишини назарда тутганди. Масалан, биз тадқиқ ўтказадиган самимий инсонлар Яҳовага яқинлашганда, ажойиб ўзгаришлар қилганининг гувоҳи бўламиз. (Эфес. 4:22–24) Аммо бу митти уруғни Яҳова ўстиришини унутмаслигимиз керак. (1 Кор. 3:7)

6, 7. Яҳова ер юзини қандай яратганидан нималарни ўрганяпмиз?

6 Яҳова барча ишларида, ҳар бирини охиригача етказиш учун қанча керак бўлса, шунча вақт сабр қилади. У буни Ўз исмини улуғлаш ва бошқаларга ёрдам бериш ниятида қилади. Масалан, Яҳова инсонлар учун ерни қадамма-қадам ҳозирлагани борасида бир ўйлаб кўринг.

7 Муқаддас Китобда Яҳова ер юзини қай йўсин яратгани тасвирланар экан, У унинг «ўлчамини» белгилагани, «пойдеворини» солгани ва «бурчакка қўйиладиган негиз тошини» ўрнатгани айтиб ўтилган. (Аюб 38:5, 6) У ҳатто Ўз иши устида фикр юритиш учун вақт ажратган. (Ибт. 1:10, 12) Фаришталар Яҳова яратган ҳар бир янги нарсани кўрганда, нималарни ҳис қилганини бир тасаввур қилинг. Улар роса қувонган бўлса керак. Бу туфайли улар «ҳайқириб олқиш айта» бошлаган. (Аюб 38:7) Хўш, бундан нимани билиб оляпмиз? Яҳова ижодларни яратиши учун минглаб йиллар керак бўлган. Бироқ У пухта яратган нарсаларига қараганида, бу «жуда яхши эканини» айтган. (Ибт. 1:31)

8. Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?

8 Юқоридаги мисоллар шуни кўрсатяптики, Худонинг Каломида жуда кўп принциплар бор ва улар ёрдамида сабрли бўлишни ўрганишимиз мумкин. Энди, қайси иккита вазиятда Яҳовани сабр ила кутишимиз кераклигини кўриб чиқамиз.

ҚАЧОН ЯҲОВАНИ КУТИШИМИЗ КЕРАК БЎЛАДИ?

9. Яҳовани кутишимизга тўғри келадиган вазиятлардан бирини келтиринг.

9Ибодатларимизга жавоб олишни кутишга тўғри келиши мумкин. Бирон қийинчиликни енгиш учун куч ёки заифликларимиз билан курашиш ниятида ёрдам сўраб ибодат қилсак ва биз кутган пайтда жавоб олмасак, Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлар. Нега Яҳова ҳамма ибодатларимизга ҳам дарров жавоб бермайди?

10. Ибодатларга келганда, нега сабрли бўлишимиз керак?

10 Яҳова ибодатларимизни диққат ила тинглайди. (Заб. 65:2) Самимий ибодатларимиз Унга бўлган ишончимизни тасдиқлайди. (Иброн. 11:6) Қолаверса, ибодатларимизга мувофиқ яшашга ва Унинг иродасини бажаришга қанчалик қатъий қарор қилганимизни кўриш Яҳова учун аҳамиятлидир. (1 Юҳан. 3:22) Шу боис, ёмон одат ёки заифлигимиздан қутулиш учун жон куйдираётган бўлсак, сабрли бўлишимиз ва ибодатларимизга мувофиқ йўл тутишимиз керак. Исо баъзи ибодатларимизга тезда жавоб олмаслигимиз мумкинлигини тушунишга ёрдам берган. У қуйидагича деган: «Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади. Чунки сўраганга берилади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади». (Мат. 7:7, 8) Бу маслаҳатга амал қилганда ва «ибодатда саботли» бўлганда, самовий Отамиз бизни эшитишига ва ибодатларимизга жавоб беришига амин бўлишимиз мумкин. (Колос. 4:2)

Яҳовани кутар эканмиз, ишонч билан ибодат қилишда давом этамиз (11- хатбошига қаранг.) *

11. Ибодатларимизга дарров жавоб олмаётгандай бўлсак, 1 Бутрус 5:6 бизга қандай ёрдам бериши мумкин?

11 Ибодатимизнинг жавоби кечикаётгандай туюлса-да, Яҳова унга «ўз вақтида» жавоб беришни ваъда қилмоқда. (1 Бутрус 5:6 ни ўқинг.) Шу боис, Яҳова ибодатларимизга биз хоҳлагандай дарров жавоб бермаса, Уни асло айбламаслигимиз керак. Мисол учун, кўплар Худонинг Шоҳлиги бу дунёга нуқта қўйишини кўриш учун йиллар давомида ибодат қилиб келмоқда. Исо бу ҳақда ибодат қилишимиз кераклигини айтган. (Мат. 6:10) Лекин киши бу одамлар кутган пайтда юз бермаётгани туфайлигина Худога бўлган имони заифлашишига йўл қўйиши нодонликдир. (Хаб. 2:3; Мат. 24:44) Кутишда давом этсак ва ишонч билан ибодат қилсак, доно йўл тутган бўламиз. Бу дунёнинг охири ўз вақтида келади, чунки Яҳова ўша «кун ва... соат»ни аллақачон белгилаб қўйган. Бу энг зўр кун бўлади! (Мат. 24:36; 2 Бутр. 3:15)

Сабрли бўлиш борасида Юсуфдан қандай сабоқ олсак бўлади? (12–14- хатбошиларига қаранг.)

12. Айниқса, қачон сабрли бўлиш қийин кечиши мумкин?

12Адолатсизликка дуч келганимизда, сабрли бўлишга тўғри келиши мумкин. Бу дунёдаги одамлар кўпинча жинси, ирқи, маданияти ёки миллати уларникидан фарқ қилганларга ёмон муносабат кўрсатади. Бошқалар эса жисмоний ёки ақлий нуқсони бўлгани туфайли ёмон муносабатга дуч келади. Яҳованинг кўпгина хизматчилари Муқаддас Китобга асосланган эътиқоди туфайли ноҳақ муносабатга чидаб келяпти. Бундай ноҳақликларга дуч келганда, Исонинг сўзларини ёдда сақлашимиз керак. У шундай деган: «Охиригача чидаган қутулади». (Мат. 24:13) Қизиқ, жамоатингизда кимдир жиддий гуноҳ қилганини билиб қолсангиз, қандай йўл тутасиз? Оқсоқоллар вазиятни билса, улар буни Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳал қилишини сабр ила кутасизми? Хўш, кимдир жиддий гуноҳга қўл урса, оқсоқоллар нима қилишига тўғри келиши мумкин?

13. Жиддий гуноҳ содир этилса, Яҳова оқсоқоллардан қандай йўл тутишларини кутади?

13 Оқсоқоллар жамоатда жиддий гуноҳ содир этилганидан хабар топса, вазиятга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараш учун «юқоридан тушган донолик»ни сўраб ибодат қилади. (Ёқб. 3:17) Уларнинг мақсади гуноҳ қилаётган кишига «хато йўлдан қайтишга» ёрдам беришдан иборат. (Ёқб. 5:19, 20) Шунингдек, улар жамоатни ҳимоя қилиш ва жабр кўрганларга далда бериш учун қўлидан келганича ҳаракат қилади. (2 Кор. 1:3, 4) Жиддий гуноҳ қилган кишининг масаласини ҳал қилаётиб, оқсоқоллар аввало барча тафсилотларни билиб олиши даркор. Эҳтимол, бу муайян вақт олади. Сўнг улар ибодат қилади ва Муқаддас Ёзувлар асосида пухта ўйланган маслаҳат бериб, ўша кишини «етарлича» тузатади. (Ерм. 30:11) Оқсоқоллар масалани узоқ ҳал қилмайди, аммо шу билан бирга шошиб қарор чиқармайди. Улар Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилса, жамоатдаги барча фойда кўради. Оқсоқоллар муаммо тўғри ҳал қилинишига ғамхўрлик қилса ҳам, беайб киши ўзини жабр кўргандай ҳис қилиши мумкин. Сиз ҳам шундай вазиятга дуч келган бўлсангиз, оғриқни камайтириш учун нима қила оласиз?

14. Имондошингиз кўнглингизни қаттиқ ранжитганида, Муқаддас Китобдаги қайси мисол сизга кўмаклашиши мумкин?

14 Сизни бирон киши, ҳатто имондошингиз қаттиқ ранжитганми? Ундай бўлса, Яҳова вазиятни тузатишини қай йўсин кутишингиз мумкин? Муқаддас Китобдан бунда бизга ёрдам берадиган ажойиб мисолларни топа оламиз. Масалан, Юсуф акаларининг дастидан ноҳақ азоб чекишига тўғри келган бўлса-да, уларнинг гуноҳи уни баджаҳл инсон қилиб қўйишига у йўл қўймади. Аксинча, Юсуф сабр ила кўрсатган бардоши учун мукофотлаган Яҳовага хизмат қилишга диққат қаратди. (Ибт. 39:21) Вақт ўтиб Юсуф уни хафа қилганларни кечириб, Яҳова унга қандай баракалар ато этганини кўра олди. (Ибт. 45:5) Юсуф сингари Яҳовага яқинроқ бўлиб, У ўз вақтида ноҳақликларга барҳам беришини кутганимизда, таскин топамиз. (Заб. 7:17; 73:28)

15. Бир опамиз ноҳақликка дуч келганда, сабрли бўлишига нима кўмаклашди?

15 Албатта, биз дуч келаётган ноҳақликлар Юсуфники каби жиддий эмасдир, лекин бизга кўрсатилган ёмон муносабат туфайли хафа бўлармиз. Имондошимиз ёки Яҳовага топинмайдиган одам билан ўртамизда муаммо пайдо бўлганда, Муқаддас Китоб принципларига амал қилсак, фойда оламиз. (Филип. 2:3, 4) Келинг, бир мисолни кўриб чиқамиз. Опамиз унинг ҳамкасби бошқаларга у ҳақда салбий ва ёлғон гаплар айтиб юрганини билиб қолди. У бунга шу заҳотиёқ жавоб қайтармади, аксинча, Исонинг мисоли ҳақида фикр юритди. Исо ҳақоратга дуч келганида, ҳақорат билан жавоб қайтармади. (1 Бутр. 2:21, 23) Опамиз буни ёдда тутган ҳолда, юз берганлар бўйича ҳеч нарса қилмасликка қарор қилди. Кейинчалик у ҳамкасби жиддий касаллик билан курашаётганини ва бундан сиқилаётганини билиб қолди. Шунда опамиз ҳамкасби, балки, ёмон гапларни тарқатмоқчи бўлмагандир, деган хулосага келди. Шундай қилиб, ноҳақликка дуч келган бўлса-да, сабр-тоқатни намоён этгани учун жуда қувонди ва ички хотиржамликка эга бўлди.

16. Ноҳақликка дуч келган бўлсангиз, нима сизга таскин бериши мумкин? (1 Бутрус 3:12)

16 Ноҳақликка дуч келган ёки бирон бошқа сабабга кўра сиқилаётган бўлсангиз, унутманг, Яҳова «қалби ўксиганларга яқиндир». (Заб. 34:18) Сабрли бўлаётганингиз ва ғам-ташвишингизни Унга ташлаётганингиз учун Яҳова сизни яхши кўради. (Заб. 55:22) У бутун ер юзининг Ҳокими. Ҳеч нарса Унинг назаридан четда қолмайди. (1 Бутрус 3:12 ни ўқинг.) Сиз ҳал қила олмайдиган қийинчилик билан курашаётган бўлсангиз, Яҳовани кутишга тайёрмисиз?

ЯҲОВАНИ КУТАЁТГАНЛАР УЧУН ЧЕКСИЗ ҚУТ-БАРАКАЛАР

17. Ишаё 30:18 га кўра, Яҳова бизни нимага ишонтиряпти?

17 Яқинда самовий Отамиз бизни Ўз баракалари билан бойитади. Ишаё 30:18 да шундай дейилган: «Яҳова сизларга илтифот кўрсатишни сабр ила кутмоқда, сизларга марҳамат қилиш учун У қўзғалади. Яҳова адолатли Аллоҳдир, Уни орзиқиб кутаётганларнинг бари бахтлидир». Яҳовани орзиқиб кутаётганлар ҳам ҳозирда, ҳам янги дунёда кўплаб баракаларга эга бўлади.

18. Бизни қандай баракалар кутмоқда?

18 Янги дунёда Худонинг халқи бугунги кунда дуч келаётган ташвишлару қийинчиликларга бардош қилишига ҳожат қолмайди. Ноҳақликларга чек қўйилади ва оғриқ бошқа бўлмайди. (Ваҳ. 21:4) Бизга керак бўлган нарсаларга қандай эришаман, деб ташвишланмаймиз. Сабаби ўшанда мўл-кўлчилик бўлади. (Заб. 72:16; Ишаё 54:13) Бу чиндан ҳам баракадир!

19. Яҳова аста-секин бизни нимага тайёрлаяпти?

19 Ҳозирда эса Яҳова ёмон одатларимизни енгишга ва илоҳий фазилатларни ривожлантиришимизга ёрдам бериб, Унинг бошқаруви остида яшашга тайёрлаяпти. Кўнглингиз чўкмасин, таслим бўлманг. Энг яхшиси ҳали олдинда! Ушбу ажойиб вақтга кўз тикар эканмиз, келинг, Яҳова Ўз ишини ниҳоясига етказишини сабр ила қувониб кутайлик.

118- ҚЎШИҚ «Имонимизга имон қўш»

^ абз. 5 Яҳовага анчадан бери хизмат қилаётган киши: «Бу ёшга кириб, ҳалиям охирзамон пайтида яшайман, деб ҳеч ўйламагандим»,— деганини эшитганмисиз? Айниқса, ушбу оғир дамларда Яҳова бу ёвуз дунёга чек қўйишини барчамиз хоҳлаяпмиз. Лекин сабрли бўлишни ўрганиш керак. Ушбу мақолада сабр ила кутишимизга ёрдам берадиган Муқаддас Китоб принципларини кўриб чиқамиз. Қайси иккита вазиятда Яҳовани кутишимиз кераклигига назар соламиз. Қолаверса, кутишга тайёр бўлган инсонларга Яҳова қандай баракалар ато этишига диққат қаратамиз.

^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Бир имондошимиз болалигидан Яҳовага мунтазам ибодат қилади. У кичиклигида ота-онаси унга қандай ибодат қилишни ўргатган. У ўсмирлигида кашшоф бўлиб хизмат қилар экан, Яҳова хизматига барака беришини сўраб, тез-тез ибодат қилади. Йиллар ўтиб, эри оғир касал бўлганида, опамиз Яҳовага ёлвориб бу қийинчиликда бардошли бўлиши учун у муҳтож бўлган кучни беришини сўради. Ҳозирда у бева; ҳаёти давомида бўлганидек, самовий Отаси ибодатларига жавоб беришига тўлиқ ишониб, Ундан сўрашда давом этяпти.