Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Гўёки орзу қилиш мумкин бўлган барчасига эга эдим»

«Гўёки орзу қилиш мумкин бўлган барчасига эга эдим»
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1962

  • МАМЛАКАТИ: Канада

  • ЎТМИШДА: ахлоқсиз ҳаёт кечирган

ОЛДИНЛАРИ

 Канаданинг Квебек провинциясидаги энг катта шаҳар Монреальда туғилганман. Ота-онам опамни, мени ва иккита укамни кўркам Розмон деган жойда меҳр ила катта қилишган. Ором бахш этувчи тинч ҳаёт кечиришдан завқ олардик.

 Кичиклигимда Муқаддас Китобни ўқишни ёқтирардим. 12 ёшимда ундан Исонинг ҳаёти ҳақида ўқиганим ва бу менга жуда ёқиб қолгани эсимда. Исо бошқаларга севги ва раҳм-шафқатни кўрсатгани менга роса таъсир қилди. Мен у каби бўлишни истаган эдим. Минг афсуски, улғайганим сайин бу хоҳишим сўниб қолди ва менга ёмон таъсир қилган одамларга қўшилиб қолдим.

 Отам саксофон чаларди ва менга нафақат асбобини бериб юборди, балки мусиқага бўлган кучли севгини ҳам уйғотди. Бу ҳаётим мазмунига айланди. Мусиқани роса яхши кўрганим учун вақт ўтиб, гитара чалишни ҳам ўргандим. Бир нечта дўстим билан рок-гуруҳни ташкиллаштириб, бир неча марта концерт билан чиқдик. Мен баъзи таниқли продюсерларнинг нигоҳига тушдим ва улар бирга ишлашни таклиф қилди. Машҳур бир овоз ёзиш компанияси билан контракт туздим. Мусиқам кўпчиликка ёқди ва Квебекда радио орқали у доим эшиттириларди.

 Гўёки орзу қилиш мумкин бўлган барчасига эга эдим. Ёш ва машҳур эдим, ўзимга ёқадиган иш анчагина даромад келтирарди. Кундузи спорт залга борардим, интервью ва дастхатлар берардим, телевидениеда чиқиб турардим. Кечалари эса, концерт берардим ва базмларга борардим. Одамларнинг кўнглини оламан деб стресс ҳис қилардим, уни енгиш учун спиртли ичимликларни истеъмол қиладиган бўлдим, кейинроқ эса гиёҳванд моддаларига ўтган эдим. Бунинг устига, тап тортмас эдим ва ахлоқсиз ҳаёт кечирардим.

 Бахтли бўлиб кўринганим учун баъзилар менга ҳавас қиларди. Аммо, айниқса, ёлғиз қолганимда ич-ичимдан нимадир етишмаётганини ҳис этардим. Руҳим тушкун ва безовта эдим. Қайғулиси шундаки, машҳурлигим чўққисида иккита продюсерим ОИТС (СПИД) касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмган. Эсанкираб қолган эдим. Мусиқага бўлган севгим сўнмади, лекин ҳаёт тарзимдан нафратланардим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Муваффақият қозонган бўлсам-да, бу дунёда мудҳиш ишлар юз бераётганини пайқардим. Қанақасига шунча кўп адолатсизлик бўлиши мумкин? Нега Худо ҳеч нарса қилмаяпти деб ўйлардим. Кўпинча Унга мурожаат қилиб бу саволларни берардим. Сафарда бўлганимда, яна Муқаддас Китобни ўқишни бошладим. Ростини айтсам, кўп нарсани тушунмадим, лекин охират яқин экан деб хулоса қилдим.

 Муқаддас Китобни ўқиганда, Исо саҳрода 40 кун рўза тутганини билиб олдим. (Матто 4:1, 2) Мен ҳам шундай қиламан дедим, эҳтимол, ўшанда Худо Ўзини менга ошкор этар деб ўйладим. Шунинг учун қачон бошлаш кунини ҳам белгилаб қўйдим. Ўша кунга икки ҳафта қолганда, уйимга Яҳованинг Шоҳидлари келиб, эшигимни тақиллатди ва мен жон деб уларни уйга таклиф қилдим. Уларнинг бирига қараб: «Охирзамонда яшаётганимизни қаердан биламиз?» — деб сўрадим. Жавобан у Муқаддас Китобни очиб, 2 Тимўтийга 3:1–5 ни ўқиб берди. Мен уларни саволларга кўмиб ташладим, улар эса мантиқий ва қониқарли жавоблар бериб, доим Муқаддас Китоб асосида гапиришарди. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. Улар меникига бир неча марта келди ва мен рўза тутишимга ҳожат йўқлигини тушундим.

 Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошладим. Узун сочимни калталатиб, Йиғилиш залида ўтадиган барча учрашувларга борадиган бўлдим. У ерда мени илиқ кутиб олишганини кўриб, ҳақиқатни топганимга ишонч ҳосил қилдим.

 Шу билан бирга, Муқаддас Китобдан билиб олганларимга яраша яшаш учун ҳаётимни анчагина ўзгартиришим керак эди. Масалан, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилишга ва ахлоқсиз ҳаёт тарзимга чек қўйишим лозим эди. Қолаверса, худбин нуқтаи назаримни ўзгартириб, бошқаларга кўпроқ ғамхўрлик қилишим керак бўлди. Ёлғиз ўзим иккита фарзандни катта қилганим боис, уларнинг ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларига кўпроқ ғамхўрлик қилишим керак эди. Шунинг учун, мусиқа билан боғлиқ бўлган ишимни тўхтатиб, камроқ иш ҳақи тўланадиган заводга ишга кирдим.

 Бу ўзгаришларни қилиш осон эмас эди. Гиёҳванд моддаларига келсак, хуморим тутарди ва бир неча марта ўзимни тута олмаганман. (Римликларга 7:19, 21–24) Айниқса, ахлоқсиз ҳаёт тарзига якун ясаш қийин эди. Бундан ташқари, бошлиғим талабчан ва иш ҳақим кам эди. Илгари бор-йўғи икки соат ичида топган пулни уч ой пешона тери билан ишлаб топардим.

 Бу оғир дамларда доим ибодат қилганим роса ёрдам берди. Шунингдек, ҳамиша Муқаддас Китобни ўқиш фойдали бўлди. Муайян оятлар далда бериб турарди. Масалан, 2 Коринфликларга 7:1. У ерда: «Тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклайлик»,— дейилган. Ёмон одатларимдан халос бўлишнинг имкони борлигини кўрсатувчи яна бир оят Филиппиликларга 4:13 эди. У ерда: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деб ёзилган. Тангри Яҳова ибодатларимга жавоб бериб, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга амал қилиш мумкинлигини тушунишимга кўмаклашди. Бу мени Унга ҳаётимни бағишлашга ундади. (1 Бутрус 4:1, 2) Мен 1997 йили сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлдим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Шунда аминманки, ўтмишдаги ҳаётимга чек қўймаганимда, аллақачон ўлган бўлардим. Лекин ҳозир мен чинакам бахтли ҳаёт кечиряпман. Азиз хотиним Элви ҳам Худонинг баракасидир. Биз биргалашиб тўла вақтли хизматда қатнашамиз ва бошқаларга Муқаддас Китоб асосида таълим беришдан завқ оламиз. Мен бундан жуда хурсанд ва мамнунман. Яҳова мени Ўзига жалб қилганидан роса миннатдорман! (Юҳанно 6:44)