Таврот ўзи нима?

Таврот ўзи нима?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 «Таврот» сўзи ибронийча тора сўзидан келиб чиққан бўлиб, «ўгит», «таълим» ёки «қонун» деб таржима қилиниши мумкин a. (Ҳикматлар 1:8; 3:1; 28:4) Қуйидаги мисоллардан ушбу сўз Муқаддас Китобда қандай қўлланилганини кўришимиз мумкин.

  •   Тора деганда одатда Муқаддас Китобнинг илк бешта китоби — Ибтидо, Чиқиш, Левилар, Саҳрода ҳамда Қонунлар назарда тутилади. Таврот Мусо пайғамбар томонидан ёзилгани учун «Мусонинг Таврот китоби» деб ҳам аталган. (Ёшуа 8:31; Нахимиё 8:1) Аввалига у яхлит бир китоб сифатида ёзилиб, кейинчалик фойдаланиш қулай бўлиши учун алоҳида китобларга ажратилганга ўхшайди.

  •   Тора сўзи муайян масалалар бўйича Исроилга берилган қонунларга нисбатан ҳам қўлланган, жумладан, «гуноҳ қурбонлиги борасидаги қонун [тора]», «мохов касаллигига тегишли қонун» ва «назр қилинганлик ҳақидаги қонун». (Левилар 6:25; 14:57; Саҳрода 6:13)

  •   Тора сўзи баъзан ота-оналар, доно кишилар ёки Худо томонидан берилган ўгит ва таълимни англатиши мумкин. (Ҳикматлар 1:8; 3:1; 13:14; Ишаё 2:3)

Тавротда нима ҳақида ёзилган?

  •   Тавротда Худо инсониятни яратганидан то Мусо пайғамбарнинг ўлимигача содир бўлган воқеалар баён этилган. (Ибтидо 1:27, 28; Қонунлар 34:5)

  •   Мусо пайғамбар орқали берилган қонун-қоидалар. (Чиқиш 24:3) Бу Қонунда 600 дан ортиқ низомлар бор. Улар орасидан энг таниқлиси «Шема» деб аталган ва у яҳудийларнинг имони рамзи ҳисобланади. «Шема»нинг бир қисмида шундай дейилган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун қувватингиз билан севинглар». (Қонунлар 6:4–9) Исо бу сўзлар ҳақида: «Биринчи ва энг муҳим амр»,— деб айтган. (Матто 22:36–38)

  •   Тавротда илоҳий исм бўлмиш «Яҳова» 1 800 мартадан зиёд учрайди. Тавротда Худонинг исмини айтиш тақиқланмаган, аксинча, Худонинг халқи Унинг исмини қўллаши кераклиги ҳақидаги амрлар ёзилган. (Саҳрода 6:22–27; Қонунлар 6:13; 10:8; 21:5)

Таврот борасидаги нотўғри фикрлар

 Нотўғри фикр: Тавротда ёзилган қонунлар абадий, улар ҳеч қачон бекор қилинмайди.

 Тўғри фикр: Муқаддас Китобнинг айрим таржималарида Тавротдаги баъзи низомлар, жумладан, Шаббат, руҳонийлик ва Гуноҳни ювиш куни билан боғлиқ низомлар ҳақида «авлодлар оша» ёки «доимий» деб айтилган. (Чиқиш 31:16; 40:15; Левилар 16:33, 34; Ўзбекистон Библия Жамияти) Бироқ ушбу оятларда қўлланилган ибронийча сўз нафақат доимий, балки муайян вақт давом этадиган даврни англатиши мумкин b. Мусонинг Қонун аҳди амал қилаётганига тахминан 900 йил бўлганида Худо уни «янги аҳдга» алмаштиришни башорат қилган. (Еремиё 31:31–33) «“Янги аҳд”, деб Худо аввалги аҳднинг эскирганини таъкидлаган». (Ибронийларга 8:7–13) Эски аҳд 2 000 йил аввал Исо Масиҳнинг ўлими асосида янгисига алмаштирилган. (Эфесликларга 2:15)

 Нотўғри фикр: Яҳудийларнинг оғзаки урф-одатлари ва Талмуд ёзма қонунлар тўплами бўлмиш Таврот сингари ишончли манбалардир.

 Тўғри фикр: Худо Мусо пайғамбарга Тавротга қўшимча сифатида оғзаки қонунлар бергани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. Аксинча, Муқаддас Китобда: «Яҳова гапини давом эттириб, Мусога: “Бу сўзларни ёзиб қўй”»,— деганини ўқиймиз. (Чиқиш 34:27) Ушбу оғзаки қонунлар вақт ўтиб ёзиб қўйилган ва аввалига Мишна, кейин эса Талмуд сифатида танилган. Унда фарзийлар томонидан ўйлаб топилган урф-одатлар ёзилган. Бу урф-одатларнинг аксарияти Тавротга зид. Шу сабабли Исо фарзийларга: «Урф-одатингизни деб Аллоҳнинг амрини бузяпсизлар»,— деб айтган. (Матто 15:1–9)

 Нотўғри фикр: Аёлларга Тавротни ўргатиш мумкин эмас.

 Тўғри фикр: Мусонинг Қонунида уни бутун Исроил халқига, жумладан, аёллар ва болаларга ўқиб бериш кераклиги ҳақида фармон бор. Нега бундай қилиш лозим? Бундан мақсад «улар бу Қонуннинг сўзларини тинглаб, уларнинг ҳаммасига амал қилишни ва Худойингиз Яҳовадан қўрқишни ўргансинлар». (Қонунлар 31:10–12) c

 Нотўғри фикр: Тавротда яширин маъно мужассам.

 Тўғри фикр: Тавротни ёзган Мусо пайғамбар унда яширин маъно мавжуд демаган, аксинча, у аниқ ва уни ҳамма тушуниши мумкинлигини айтган. (Қонунлар 30:11–14) Тавротда яширин маъно мужассам деган назария яҳудийликда кенг тарқалган Каббала таълимотларига (инсоннинг илоҳиёт олами билан алоқа қила олишига ишонишга) бориб тақалади. Бу таълимотларнинг тарафдорлари Муқаддас Китобни «уддабурона ўйлаб чиқарилган ҳикоялар» орқали талқин қилишади d. (2 Бутрус 1:16)

a «Краткая еврейская энциклопедия» 8- жилд, 1002- саҳ. қаранг.

b «Theological Wordbook of the Old Testament» китобининг 2- жилд, 672–673- саҳ. қаранг.

c Яҳудийларнинг расмий урф-одатларида кўпинча Тавротни аёлларга ўргатиш тақиқланарди. Бу эса Тавротнинг ўзида ёзилганларга зид эди. Масалан, Мишнада раввин Элиезер бен Гирканнинг шундай сўзлари келтирилган: «Кимда-ким қизига Тавротни ўргатса, унга беадабликни ўргатгандай бўлади». (Сота 3:4) Қуддус Талмудида ҳам унинг қуйидаги сўзлари ёзилган: «Тавротни аёл кишини қўлига бергандан кўра, китобни оловда ёқиб юборган афзал». (Сота 3:19а)

d Масалан, бир энциклопедияда Каббала таълимотлари тарафдорларининг Тавротга нисбатан нуқтаи назари шундай тушунтирилган: «Тавротнинг ўзида муайян бир маъно йўқ, лекин турли босқичларда ўқилганда ва талқин қилинганда у ҳар хил маъно касб этиши мумкин». («Encyclopaedia Judaica» 11- жилд, 659- саҳ.)