Асосий материалларга ўтиш

Ҳамма динлар ҳам бизни Худога яқинлаштирадими?

Ҳамма динлар ҳам бизни Худога яқинлаштирадими?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Йўқ, ҳаммаси ҳам бизни Худога яқинлаштира олмайди. Муқаддас Китобда Худога номаъқул бўлган кўплаб динлар ҳақида айтилган. Уларни икки тоифага бўлиш мумкин.

Биринчи тоифа. Сохта Худоларга сиғиниш

 Муқаддас Ёзувларда сохта худоларга сажда қилиш ҳақида айтилганда «уйдирма», «беҳуда» ва «фойда келтирмайдиган» каби сўзлар қўлланилган. (Еремиё 10:3–5, 16:19, 20) Аллоҳ Яҳова a Исроил халқига шундай амр берганди: «Мендан ўзга худоларингиз бўлмасин». (Чиқиш 20:3, 23, 23:24) Исроилликлар бошқа худоларга сажда қилганида «Яҳованинг... аччиғи келган». (Саҳрода 25:3; Левилар 20:2; Ҳакамлар 2:13, 14)

 Аллоҳ сохта худоларга сиғинишни ҳанузгача маъқулламайди. (1 Коринфликларга 8:5, 6; Галатияликларга 4:8) Худо Унга топинишни истовчиларга сохта худоларга топинадиганлар билан мулоқотни тўхтатишни буюриб, шундай деган: «Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар». (2 Коринфликларга 6:14–17) Агар барча динлар бизни Худога яқинлаштира олса, унда нега Аллоҳ бундай амр берган?

Иккинчи тоифа. Ҳақ Худога У маъқул кўрмаган тарзда топиниш

 Баъзан исроилликлар Худога топинишда сохта худоларга сажда қилиш билан боғлиқ эътиқоду урф-одатларга амал қилишган. Лекин Яҳова улар ҳақ топинишни сохта дин билан аралаштиришганини маъқулламаган. (Чиқиш 32:8; Қонунлар 12:2–4) Исо ўз замонасидаги дин раҳбарлари Худога номаъқул тарзда топинишгани учун уларни ҳукм қилган. Улар диндорлигини кўз-кўз қилишган ва иккиюзламачилик қилиб «Тавротда муҳим саналган адолат, раҳм-шафқат ва садоқатга аҳамият бермай қўйишган». (Матто 23:23)

 Бугунги кунда ҳам фақатгина ҳақиқатни ўргатадиган дин инсонларни Худога яқинлаштира олади. Бу ҳақиқатни Муқаддас Китобда топиш мумкин. (Юҳанно 4:24, 17:17; 2 Тимўтийга 3:16, 17) Аллоҳнинг Каломига зид таълимотларни ўргатадиган динлар аслида инсонларни Худодан узоқлаштиради. Одамлар учлик, ўлмас жон ва абадий қийноқ каби кўп таълимотлар Муқаддас Китобдан олинган деб ўйлашади. Бироқ улар сохта динга тааллуқли. Аллоҳнинг талабларига эмас, бундай диний урф-одатларга асосланган топиниш «беҳуда» ёки фойдасиз. (Марк 7:7, 8)

 Худо диндаги иккиюзламачиликдан нафратланади. (Титусга 1:16) Одамлар Худога яқинлашишига ёрдам бериш учун динлар нафақат маросимлар ва расмиятчиликдан иборат бўлиши, балки инсонларнинг кундалик ҳаётига таъсир қилиши ҳам керак. Масалан, Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Агар бирор ким Аллоҳга топиняпман деб ўйласа-ю, аммо тилини тиймаса, у ўзини ўзи алдаган бўлади ва унинг топиниши бефойдадир. Отамиз Худонинг назарида тоза ва бенуқсон топиниш, қайғу чекаётган етим-есирларга ғамхўрлик қилишдан ҳамда дунёда ўзини пок сақлашдан иборатдир». (Ёқуб 1:26, 27) Муқаддас Китобнинг бошқа бир таржимасида тоза ва иккиюзламачиликдан ҳоли топиниш «соф дин» деб таржима қилинган. («King James Version»)

a Муқаддас Китобга кўра, Худонинг исми Яҳова.