Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас руҳ нима?

Муқаддас руҳ нима?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас руҳ Худонинг амалдаги кучи, фаол қудратидир. (Михо 3:8; Луқо 1:35) У иродасини амалга ошириш учун кучини йўналтириш орқали руҳини ҳар қандай ерга юборади. (Забур 104:30; 139:7)

 Муқаддас Китобда «руҳ» сўзи ибронийча руах, юнонча пневма сўзидан ўгирилган. Кўпинча бу сўзлар Худонинг фаол қудратига ёки муқаддас руҳига ишора қилади. (Ибтидо 1:2) Лекин Муқаддас Китобда улар бошқа маъноларда ҳам қўлланилган.

 Бу маъноларнинг барчаси инсон кўзи билан кўриб бўлмайдиган, лекин натижаси кўринадиган нарсани билдиради. Шу сингари, Худонинг руҳи «шамол каби кўзга кўринмайди, уни қўл билан ушлаб бўлмайди ва у қудратли». («An Expository Dictionary of New Testament Words, by W. E. Vine»)

 Бундан ташқари, Муқаддас Китобда Худонинг муқаддас руҳи Унинг «қўллари» ёки «бармоғи» сифатида тилга олинган. (Забур 8:3; 19:1; Луқо 11:20, изоҳ; Матто 12:28 ни солиштиринг.) Уста бирор ишни қилиш учун қўллари ва бармоқларидан фойдалангани каби, Худо ҳам қуйидаги ишларни амалга ошириш учун муқаддас руҳидан фойдаланган:

Муқаддас руҳ шахс эмас

 Муқаддас Китобда Худонинг руҳига «қўллари», «бармоқлари» ёки «нафаси» сифатида ишора қилинганидан у шахс эмаслигини кўрса бўлади. (Чиқиш 15:8, 10) Устанинг қўллари унинг онги ва танасидан мустақил тарзда ҳаракат қила олмайди. Шу каби, муқаддас руҳ фақатгина Худо уни йўналтирганида ҳаракатга тушади. (Луқо 11:13) Қолаверса, Муқаддас Китобда Худонинг руҳи сув билан солиштирилган ва имон ҳамда билим каби тушунчалар билан боғлиқ. Буларнинг барчаси муқаддас руҳ жонли нарса эмаслигини кўрсатяпти. (Ишаё 44:3; Ҳаворийлар 6:5; 2 Коринфликларга 6:6)

 Муқаддас Китобда Худонинг ва Ўғлининг исмлари келтирилган, яъни Яҳова ҳамда Исо Масиҳ. Бироқ муқаддас руҳга исм берилгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. (Ишаё 42:8; Луқо 1:31) Масиҳий сифатида азоб чеккан Стефан мўъжизавий тарзда ваҳий олганда, осмонда учта эмас, фақатгина иккита шахсни кўрган. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Муқаддас руҳга тўлган Стефан осмонга қаради-да, Аллоҳдан порлоқ нур таралаётганини ва Худонинг ўнг томонида турган Исони кўрди». (Ҳаворийлар 7:55) Муқаддас руҳ, яъни Худонинг амалдаги кучи Стефанга бу ваҳийни кўришга кўмаклашган.

Муқаддас руҳ ҳақидаги нотўғри фикрлар

 Нотўғри фикр: Библия жамиятининг нашридаги 1 Юҳанно 5:7, 8 га биноан, муқаддас руҳ шахс ва учликнинг бир қисми.

 Факт. Библия жамиятининг нашрида 1 Юҳанно 5:7, 8 да қуйидаги сўзлар қўшимча қилиб келтирилган: «Осмонда учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир». Бироқ тадқиқотчилар шуни аниқлашдики, ҳаворий Юҳанно бу сўзларни ёзмаган. Шундай экан, улар Муқаддас Китобга тегишли эмас. Профессор Брюс Мецгер қуйидагича ёзди: «Бу сўзлар ўйлаб топилган ва аслида улар Янги аҳдда бўлмаслиги керак». («A Textual Commentary on the Greek New Testament»)

 Нотўғри фикр: Муқаддас Китоб муқаддас руҳни жонли шахс қилиб кўрсатяпти ва бу у шахс эканлигини исботлайди.

 Факт: Муқаддас Ёзувларда баъзида муқаддас руҳ жонли қилиб кўрсатилган. Масалан, Исо муқаддас руҳ «ёрдамчи» сифатида далил келтириши, йўл кўрсатиши, гапириши, эшитиши, хабар бериши ва улуғлашини айтган. (Юҳанно 16:7–15) Лекин бу у шахс эканини исботламайди. Муқаддас Китобда шунингдек, донолик, ўлим ва гуноҳ жонли қилиб кўрсатилган. (Ҳикматлар 1:20; Римликларга 5:17, 21) Масалан, доноликнинг «ишлари» борлиги, гуноҳ эса алдаши, ўлдириши ва таъмагирлик қилиши ҳақида айтилган. (Матто 11:19; Римликларга 7:8, 11)

 Нотўғри фикр: муқаддас руҳ номи билан сувга чўмиш у шахс эканини кўрсатяпти.

 Факт: баъзида куч ёки ҳуқуққа эга эканини билдириш учун Муқаддас Китобда «ном» сўзи қўлланилган. (Қонунлар 18:5, 19–22; Эстер 8:10) Бу ўзбек тилидаги «қонун номи билан» ёки «қонун номидан» каби ибораларга ўхшаш. Бироқ улар қонун шахс эканини англатмайди. (Матто 28:19)

 Нотўғри фикр: Исонинг ҳаворийлари ва бошқа илк шогирдлар муқаддас руҳ шахс эканига ишонишган.

 Факт: бу борада на Муқаддас Китобда, на тарихда ёзилган. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Муқаддас руҳ алоҳида шахс экани ҳақидаги тушунча мил. 381 йили Константинополь кенгашида вужудга келган». («Encyclopædia Britannica») Бу охирги ҳаворий ўлганидан 250 йилдан ошиқ вақт ўтганидан сўнг содир бўлган.