Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Спиртли ичимликлар. Қай йўсин ўзимни тия оламан?

Спиртли ичимликлар. Қай йўсин ўзимни тия оламан?

 Баъзилар сиқилганда, ёлғизликни ҳис қилганда ёки шунчаки зерикканда спиртли ичимликларни кўпроқ истеъмол қилишади. Хўш, сиз ҳам аввалгига қараганда ҳозир кўпроқ ичяпсизми? Бундай бўлса, қандай қилиб ҳаддан зиёд ичиб қўймаслик ёки спиртли ичимликларга қарам бўлиб қолмаслик мумкин? Ўзимизни назорат қилишга кўмаклашадиган амалий маслаҳатларни кўриб чиқайлик.

 Чегарани билиш

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Шаробга ружу қўйганларга... қўшилма». (Ҳикматлар 23:20)

 Ўйлаб кўринг. Муқаддас Китобда спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилиш қораланмаган. (Воиз 9:7) Лекин уларни ичиш, кўпроқ ичиб қўйиш ва муккасидан кетиш орасида фарқ борлиги кўрсатилган. (Луқо 21:34; Эфесликларга 5:18; Титусга 2:3) Бу ҳатто ружу қўйишга етакламаса ҳам, ҳаддан зиёд ичиш нотўғри қарорлар чиқаришга, соғликка зиён келтиришга ёки бошқалар билан муносабатлар ёмонлашишига олиб келиши ҳеч гап эмас. (Ҳикматлар 23:29, 30)

 Кўп тадқиқотчиларнинг фикрича, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш келтириб чиқарадиган хавфни юқори ва паст даражага ажратиш мумкин. Кўпинча ҳаммаси инсон кунига ва ҳафтасига қанча спиртли ичимлик истеъмол қилишига боғлиқ a. Бироқ спиртли ичимликлар ҳаммага ҳар хил таъсир қилади ва баъзан уларни умуман ичмаслик энг яхши қарор бўлади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти қуйидагича маълумот берди:

 «Ҳатто бир ёки икки қултум хавфли бўлиши мумкин, масалан:

  •   машина ҳайдаганда ёки техника билан ишлаганда,

  •   ҳомиладор бўлганда ёки бола эмизганда,

  •   муайян дори-дармонлар истеъмол қилганда,

  •   муайян соғлик ҳолатида,

  •   ичимлик истеъмол қилишни назорат қила олмаганда».

 Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишнинг белгилари

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Йўлларимизни текшириб, диққат билан кўздан кечирайлик». (Еремиёнинг марсияси 3:40)

 Ўйлаб кўринг. Ичимликларни истеъмол қилиш одатларингизни доимо текшириб турсангиз ва керак бўлганда, уларни ўзгартирсангиз, ичкиликнинг зарарли оқибатларидан ҳимоялана оласиз. Назорат йўқолганини кўрсатувчи қуйидаги белгиларга диққат қаратинг:

  •   Бахтли бўлиш учун ичимликсиз тура олмайсиз. Дам олиш, бемалол суҳбатлашиш ёки кайфиятни кўтариш учун албатта спиртли ичимликлар керак, деб биласиз. Ичкилик билан муаммолардан қочмоқчисиз.

  •   Аввалгига қараганда ҳозир кўпроқ ичяпсиз. Тез-тез ичяпсиз. Кучлироқ ичимликларни истеъмол қиляпсиз ва ўша-ўша натижани ҳис эта олиш учун аввалгига қараганда ҳозир кўпроқ ичяпсиз.

  •   Ичкилик муаммолар туғдиряпти, масалан, уйда ёки ишхонада. Мисол учун, шароитингиз йўл қўймаса ҳам спиртли ичимликларга кўпроқ пул сарфлаётгандирсиз.

  •   Ичгандан кейин ҳаётингизни хавф остига қўясиз, масалан, машина ҳайдайсиз, сузишга борасиз ёки техника билан ишлайсиз.

  •   Ичкилик масаласида бошқалар сизга маслаҳат беряпти. Улар бундай қилишса, ўзингизни оқлашга тушасиз. Ичаётганингизни яширишга интиласиз ёки аслида қанча ичаётганингиз ҳақида алдайсиз.

  •   Чек қўя олмаяпсиз. Камроқ ичишга ёки умуман ичмасликка уриндингиз, лекин ҳаммаси беҳуда.

 Ўзимизни тийишга қўл келадиган бешта маслаҳат

 1. Режа тузинг.

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5)

 Қилиб кўринг. Ҳафта орасида ичмоқчи бўлган кунларни белгиланг. Ўша кунлари ичмоқчи бўлган ичимликларнинг миқдорини аниқланг. Ҳар ҳафта камида икки кун умуман ичмасликка ҳаракат қилинг.

 Буюк Британиядаги илмий бир ташкилот: «Спиртли ичимликлар қулига айланиб қолмасликнинг энг яхши йўли — мунтазам равишда улардан дам оладиган кунлар уюштириш»,— деб маслаҳат бермоқда.

 2. Режага амал қилинг.

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Бошлаб қўйган бу ишингизни... битиришга ҳаракат қилинглар». (2 Коринфликларга 8:11)

 Қилиб кўринг. Спиртли ичимликларнинг стандарт миқдорини билиб олинг. Бу туфайли, сиз учун қайси миқдор эвида бўлишини аниқлай оласиз. Сиз ёқтирадиган спиртли ичимликларнинг ўрнига фойдали ичимликларни топинг ва спиртсиз ичимликлар қўл остингизда бўлишига ғамхўрлик қилинг.

 Ичкиликка қарам бўлиш борасида тадқиқотлар ўтказадиган Миллий институт (АҚШ): «Спиртли ичимликлар дастидан пайдо бўлган муаммоларни, ҳатто одатларга кичик ўзгаришлар киритиб ҳам камайтириш мумкин»,— деб маълумот бермоқда.

 3. Қарордан қайтманг.

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «“Ҳа” деган сўзингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деган сўзингиз “йўқ” бўлсин». (Ёқуб 5:12)

 Қилиб кўринг. Режангизга зид бўлган барча таклифларга хушмуомала, лекин қатъиян «йўқ», деб айтишга тайёр бўлинг.

 Ичкиликка қарам бўлиш борасида тадқиқотлар ўтказадиган Миллий институт (АҚШ) томонидан қуйидагича маълумот берилмоқда: «Бундай таклифларга қанчалик тез “йўқ”, деб айтсангиз, уларни қабул қилиш васвасаси шунчалик сусаяди».

 4. Фойдасига кўз тикинг.

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ишнинг охири бошланишидан афзалроқ». (Воиз 7:8)

 Қилиб кўринг. Спиртли ичимликлар борасида ўзингизни назорат қилмоқчи эканингизнинг сабабларини ёзиб қўйинг. Уйқу, соғлик, харажат ва бошқалар билан муносабатлар каби омиллар бўлиши мумкин. Бошқалар билан қарорингиз ҳақида гаплашганда, қийинчиликларга эмас, фойдали томонларга диққат қаратинг.

 5. Аллоҳдан ёрдам сўранг.

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан». (Филиппиликларга 4:13)

 Қилиб кўринг. Ичкилик одатларингиз масаласида ташвишланаётган бўлсангиз, Худодан ёрдам сўранг. Ундан куч ва ўзингизни тута билишингизга ёрдам беришини сўранг b. Қолаверса, Унинг Каломи Муқаддас Китобдан амалий маслаҳатларни топиш учун вақт ажратинг. Худонинг қўллаб-қувватлаши билан ўзингизни назорат қила олишингиз мумкин.

a Масалан, АҚШ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигининг маълумотига кўра, «аёллар учун кунига 4 ва ундан кўпроқ миқдорда, ҳафтасига эса 8 ва ундан кўпроқ миқдорда, эркаклар учун кунига 5 ва ундан кўпроқ миқдорда, ҳафтасига эса 15 ва ундан кўпроқ миқдорда спиртли ичимлик ичиш» юқори даражада хавф туғдиради. Турли мамлакатларда спиртли ичимликларнинг стандарт миқдори турлича белгиланади. Шу боис, айнан сиз учун қанча ичиш хавфсиз бўлишини аниқлаш учун шифокор билан маслаҳатлашинг.

b Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш борасида ўзингизни назорат қила олмаётган бўлсангиз, мутахассисларга ҳам мурожаат қилинг.