Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13- ҚИСМ

Ҳақиқий имон мангу ҳаётга етаклайди

Ҳақиқий имон мангу ҳаётга етаклайди

ИНЖИЛДА: «Одил киши ўз имони туфайли яшайди»,— деб айтилган (Римликларга 1:17). Ушбу ҳаяжонли сўзларда сизга ҳам тааллуқли башорат мавжуд. Қандай қилиб, дейсизми?

Ер юзидаги топшириқни адо этиб, Исо Масиҳ осмонга, Аллоҳнинг ёнига кўтарилди. Унинг шогирдлари Исонинг «кўкка кўтарилиб, булутлар орасида ғойиб бўлганини» кўришган (Ҳаворийлар 1:9). Аллоҳ уни осмонда қудратли Шоҳ қилиб тайинлади. Келажакда «Инсон Ўғли», яъни Ҳазрати Исо «ўз улуғворлигида барча фаришталар билан бирга келганда, ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Унинг олдида барча халқлар тўпланади. Ўшанда у худди чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандек, одамларни бир-биридан ажратади» (Матто 25:31, 32). Қизиқ, бу қачон амалга ошаркан?

Муқаддас Китобда умумжаҳон тартибсизликлар бўлиши башорат қилинган. Бу эса, Масиҳнинг халқларни ҳукм қилиш вақти яқинлашганининг белгисидир. Ушбу белгига нималар киришини Исо алайҳиссалом қуйидагича тушунтирган: «Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Яна, кучли зилзилалар ва кўп жойларда ўлатлар ҳамда озиқ-овқат етишмовчилиги бўлади. Шунингдек, одамлар қўрқинчли нарсаларни ва осмондан тушган аломатларни кўришади» (Луқо 21:7, 10, 11).

Бугунги муаммолар, яқинда Масиҳ халқларни ҳукм қилишини кўрсатиб турибди

Бугунги кунда Исонинг сўзлари қандай рўёбга чиқаётганини яққол кўришимиз мумкин. Яқинда Ҳазрати Исо ёвузларни йўқ қилади. Охир-оқибат Шайтон ҳам бартараф қилинади! Бутун ер юзи жаннатга айланади. Барча одамлар бир-бири билан ва ҳатто ҳайвонлар билан тинч-тотув умр кечиришади. «Бўри қўзи билан яшар, сиртлон билан улоқча бирга ётар, бузоқ, шер, бўрдоқи биргадир, ёш бола уларни етаклаб юрар» (Ишаё 11:6, 9). «Ҳеч кимса, “Мен хастаман”, демайди». «Ўша пайтда кўрларнинг кўзлари очилади, карларнинг қулоқлари эса эшитади» (Ишаё 33:24; 35:5). Ҳатто ўликлар тирилади. Эгамиз Яҳова «ҳамманинг кўз ёшларини артиб қўяди», «ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди» (Ишаё 25:8; Ваҳий 21:4). Аллоҳнинг ер юзига нисбатан илк нияти амалга ошади. Нақадар зўр умид-а!

Имонингиз камол топсин

Хўш, Аллоҳ қандай инсонларга жаннатдан жой беради? Имонли — ҳақиқий имони бор бўлган кишиларга!

Ёдингизда бўлсин, ҳақиқий имон Аллоҳнинг Каломидаги аниқ билимларга асосланган. Шундай экан, Аллоҳ ва Ҳазрати Исо тўғрисидаги билимингизни кўпайтиринг!

Ҳақиқий имони бор одамлар жаннатда маза қилиб, абадий яшашади

Шунингдек, ҳақиқий имон одил ишлар орқали мустаҳкам бўлади. Зеро «ишларсиз имон ҳам ўликдир» (Ёқуб 2:26). Бу эзгу ишларингиз эса Аллоҳнинг сифатларини — қудрат, адолат, ҳикмат ва муҳаббатни акс эттиради. Ушбу илоҳий фазилатларни ривожлантиришда давом этинг!

Ҳақиқий имон бахтли ҳаётнинг сиридир. Дарвоқе, бундай имон сизга ҳозир ҳамда то абад чексиз баракалар келтиради!