Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4- ҚИСМ

Аллоҳ бизга Ўзини танитяпти

Аллоҳ бизга Ўзини танитяпти

ОДАМЛАР кўпгина худоларга сиғинишади. Лекин Муқаддас Китобга биноан, ҳақиқий Аллоҳ ягонадир. Унга ҳеч ким тенг кела олмайди. У еру кўкдаги барча нарсани яратган ва бизга ҳаёт ато этган. Шунинг учун фақат Унга топинишимиз керак.

Мусо пайғамбар орқали берилган Таврот, «фаришталар орқали айтилган сўз» ҳисобланади

Худога турлича мурожаат қилишса-да, Унинг — ЯҲОВА, деган шахсий исми бор. Аллоҳ Мусо пайғамбарга шундай деган: «Исроил халқига яна: “Мени сизларнинг олдингизга ота-боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз [Яҳова, ЯДТ] юборди”, деб айт. Менинг исмим тоабад шундай бўлсин. Унвонимни келгуси авлодлар шундай деб айтсин» (Чиқиш 3:15, изоҳига қаранг). Муқаддас Китобнинг асл нусхасида Яҳова деган исм тахминан 7 000 марта учрайди. Масалан, Инжилда: «Ё Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан»,— деб айтилган (Ваҳий 4:11).

Ўлик денгиз яқинида топилган қўлёзмада Аллоҳнинг исми кўрсатилган

Аллоҳни ҳеч бир инсон кўрган эмас. Аллоҳ Мусо пайғамбарга яна шундай деган: «Менинг юзимни кўра олмайсан. Мени кўрган одам тирик қолмайди» (Чиқиш 33:20). Аллоҳ осмондадир ва одамнинг кўзига кўринмайди. Бирон бут, сурат ёки Худонинг тасвирини ясаб, унга ибодат қилиш нотўғри. Тангри Яҳова Мусо пайғамбар орқали қуйидагича амр этган: «Ўзларингизга ҳеч қандай бутни, ёки осмонда ё ерда ё ер остидаги сувда мавжуд бўлган бирор нарсанинг шаклини ясаманг. Ўша худолар ёки бутларга сажда қилманг, хизмат қилманг. Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман» (Чиқиш 20:2–5). Кейинчалик эса, Аллоҳ Ишаё пайғамбар орқали шундай деган: «Мен Эгангизман! [...] Мен шуҳратимни бировга бермайман, Ўзимга муносиб бўлган ҳамду санони бутлар билан баҳам кўрмайман» (Ишаё 42:8).

Баъзилар Аллоҳга ишонишади-ю, лекин Уни яқиндан билишнинг иложи йўқ, деб ҳисоблашади. Улар Аллоҳни севишдан кўра кўпроқ Ундан қўрқишади. Сизнингча, Аллоҳ шахсан сиз ҳақингизда ўйлайдими? Уни яқиндан билишингиз ва ҳатто У билан дўстлашишингиз мумкинми? Келинг, Муқаддас Китобда Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида нима дейилганини кўриб чиқайлик.