Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- дарс

Хушхабар нима ҳақида?

Хушхабар нима ҳақида?

1. Худодан қандай хабар келган?

Худо инсонлар ер юзида ҳаётдан баҳра олиб яшашини хоҳлайди. У одамларни севгани учун, ерни ва ундаги ҳамма нарсани яратган. Яқинда Тангри барча инсонларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиради. У одамларни азоб-уқубатлардан халос этади. Еремиё 29:11 ни ўқинг.

Ҳеч бир ҳукумат зўравонлик, касаллик ва ўлимни бартараф эта олмади. Лекин бир хушхабар бор. Тез орада Аллоҳ барча инсоний ҳукуматларнинг ўрнига Ўз ҳукуматини ўрнатади. Ўшанда бу ҳукуматнинг фуқаролари тинч-осойишта яшаб, соғ-саломат бўлишади. Ишаё 25:8; 33:24; Дониёр 2:44 ни ўқинг.

2. Нега ушбу хушхабар бугун ўта муҳим?

Тангри ёвуз инсонларни йўқ қилгандагина азоб-уқубатларга чек қўйилади. (Зафаниё 2:3) Бу қачон содир бўлади? Худонинг Каломида ҳозир юз бераётган нарсалар башорат қилинган эди. Ушбу воқеалар Аллоҳ чора кўрадиган вақт яқин қолганидан дарак беряпти. 2 Тимўтийга 3:1–5 ни ўқинг.

3. Нима қилишимиз керак?

Муқаддас Китоб — Худонинг Каломи. Ундан Худо ҳақида билиб олишимиз даркор. Бу китобни меҳрибон ота фарзандларига юборган мактуб билан солиштирса бўлади. Унда ҳозирнинг ўзида ҳаётимизни қай йўсин яхшилашимиз ва келажакда ер юзидаги абадий ҳаётга қандай эришишимиз мумкинлиги ҳақида айтилган. Айримларга Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганингиз ёқмаслиги мумкин. Аммо келажакда яхши шароитларда абадий яшаш имконини қўлдан бой берманг. Ҳикматлар 29:25; Ваҳий 14:6, 7 ни ўқинг.