Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16- ДАРС

Аюб қандай инсон бўлган?

Аюб қандай инсон бўлган?

Уз деган юртда бир киши яшарди ва у Яҳовага топинарди. Унинг исми Аюб эди. У жудаям бой инсон бўлиб, катта оиласи бор эди. У меҳрибон бўлгани учун камбағал одамларга, эри вафот этган аёлларга ва ота-онаси йўқ болаларга ёрдам берарди. У мана шундай тўғри ишлар қилгани учун ҳеч қандай қийинчилиги бўлмаган деб айтса бўладими?

Шайтон Аюбни кузатиб турарди, аммо Аюб бу ҳақда билмасди. Яҳова Шайтонга: «Хизматкорим Аюбга эътибор бердингми? Ер юзида унга ўхшагани йўқ. У менга қулоқ солиб, тўғри ишларни қилади»,— деб айтди. Шайтон Унга жавобан деди: «Сен уни ҳимоя қилиб, барака бергансан-ку, албатта Сенга қулоқ солади-да! Ахир унга ер ва мол-қўйлар бергансан. Буларни олиб қўйсанг, у сенга топинмай қўяди». Яҳова унга: «Майли, Аюбни синаб кўр. Аммо уни ўлдиришингга рухсат бермайман»,— деди. Нега Яҳова Шайтон Аюбни синашига рухсат берди? Чунки Аюб бунга дош беришига У амин эди.

Шайтон кўп кулфатлар юбориб, Аюбни синашни бошлади. Биринчидан, у саволикларни Аюбнинг қорамоли ва эшакларини ўғирлаш учун жўнатди. Кейин олов Аюбнинг қўйларини йўқ қилди. Сўнг халдейлар унинг туяларини ўғирлаб кетишди. Унинг мол-қўйларига қараб турган хизматкорлари эса ҳалок бўлди. Кейин Аюбнинг бошига янада даҳшатли кулфат тушди. Унинг барча фарзандлари зиёфат қилиб ўтирганда, уй қулаб, уларни босиб қолди. Аюб қаттиқ қайғурди, аммо Яҳовага топинишни тўхтатмади.

Шайтон Аюб бундан ҳам кўпроқ азоб чекишини истади ва унинг бутун танасига яралар тошиб кетди. Аюб оғриқдан роса қийналди. У билан нега бундай нарсалар содир бўлаётганини Аюб билмасди. Шунга қарамай, у Яҳовага топинишни тўхтатмади. Худо буларнинг барини кўриб турарди ва У Аюбдан мамнун эди.

Шайтон Аюбни синаш мақсадида унинг ёнига учта кишини юборди. Улар унга: «Сен гуноҳ қилиб, уни яширишга урингандирсан. Шу боис Худо сени жазолаяпти»,— дейишди. Аюб эса: «Мен ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ»,— деди. Аммо кейин қийинчиликларининг сабабчиси Яҳова деб ўйлай бошлади. Худо менга адолатсизлик қилди, деб айтди.

Элиху исмли йигит уларнинг гапларини тинглаб турганди. Кейин у шундай деди: «Айтаётган гапларингиз нотўғри. Яҳова биз ўйлаганимиздан ҳам буюкроқ. У ҳеч қачон ёмонлик қилмайди. У ҳаммасини кўриб туради ва одамларга қийинчиликларни енгишга ёрдам беради».

Сўнг Яҳова Аюб билан гаплашди. У шундай деди: «Осмон ва ерни яратганимда қаерда эдинг? Нега Мени адолатсиз деяпсан? Буларнинг бари нега содир бўлаётганини билмай туриб гапиряпсан». Аюб адашганини тан олиб: «Мен хато қилдим. Авваллари Сен ҳақингда эшитгандим, бироқ энди Сени яхши билиб олдим. Сен учун имконсиз нарса йўқ экан. Айтган гапларим учун кечир»,— деди.

Синов тугаганида Яҳова Аюбни соғайтирди ва унга олдингидан ҳам кўпроқ барака берди. Аюб узоқ ва бахтли ҳаёт кечирди. Аюб жуда қийин бўлганда ҳам Яҳовага қулоқ солгани учун, Яҳова унга барака берди. Сиз ҳам нима бўлишига қарамай, Аюб сингари Яҳовага топинишда давом этасизми?

«Сизлар Аюб пайғамбарнинг бардоши ҳақида эшитиб, оқибатда Яҳова унга қандай барака берганини кўргансизлар». (Ёқуб 5:11)