Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Одамларнинг заифликларига Яҳова каби қараяпсизми?

Одамларнинг заифликларига Яҳова каби қараяпсизми?

Тананинг энг заиф ҳисобланган аъзолари аслида кераклироқдир. 1 КОР. 12:22

1, 2. Нега Павлус заиф ҳисобланган инсонларга ҳамдардлик кўрсатиш кераклигини айтган?

ГОҲИДА ҳаммамиз ўзимизни ҳолсиз ҳис қиламиз. Масалан, шамоллаш ёки аллергия касаллиги туфайли ўзимизни яхши ҳис қилмаймиз ва одатдаги ишларни қилиш қийин кечиши мумкин. Энди тасаввур қилинг, ўзингизни бир ёки икки ҳафта эмас, балки бир неча ой давомида шундай ҳис қиляпсиз. Хўш, бундай вазиятда бошқалар сизга нисбатан ҳамдард бўлса, буни қадрламасмидингиз?

2 Ҳаворий Павлус имонлилар жамоати ташқарисида ҳам, ичкарисида ҳам қаршиликларга дуч келгани учун, заиф бўлиш қандай эканлигини биларди. У бир неча бор ўзини эзилгандай ҳис қилган (2 Кор. 1:8; 7:5). Ҳаётида анчагина қийинчиликларга дучор бўлган садоқатли Павлус шундай деган: «Биров ҳолсиз бўлса, мен ҳам ўзимни ҳолсиз ҳис этмайманми?» (2 Кор. 11:29). Жамоат аъзоларини одамнинг танаси билан солиштирганда, Павлус «заиф ҳисобланган аъзолари аслида кераклироқдир» деб айтган (1 Кор. 12:22). Хўш, бу нимани англатади? Нега заиф ҳисобланган инсонларга Яҳова каби қарашимиз лозим? Бундай йўл тутиб, биз қандай фойда кўрамиз?

 ЯҲОВАНИНГ ЗАИФ ИНСОНЛАРГА БЎЛГАН НУҚТАИ НАЗАРИ

3. Жамоатда ёрдамга муҳтож бўлган кишиларга нисбатан муносабатимизга нима таъсир қилиши мумкин?

3 Биз, асосан кучли ва ёш кишилар кўпроқ қадрланадиган, рақобат ҳукм сураётган дунёда яшаймиз. Аксарият одамлар ўзлари хоҳлаган ишни қилишади. Кўпинча, заиф ҳисобланган кишиларнинг ҳиссиётларини поймол этишади. Биз бундай муносабатга эга бўлишни истамаймиз. Шундай бўлса-да, доим ёрдамга муҳтож бўлган кишиларга нисбатан ҳатто жамоатда ҳам, салбий нуқтаи назар ривожланиши ҳеч гап эмас. Бироқ Аллоҳ каби мувозанатли нуқтаи назарни ривожлантирсак яхши бўларди.

4, 5. а) Қандай қилиб Павлуснинг мисоли Яҳова инсонларнинг заифлигига кўрсатган муносабатини тушунишимизга кўмаклашмоқда? б) Заиф ҳисобланган кишиларга ёрдам бериш қандай фойда келтиради?

4 Яҳова инсонларнинг заифликларига нисбатан қандай муносабатда эканлигини, Павлуснинг Коринф жамоатига йўллаган биринчи мактубидаги мисолдан билиб олишимиз мумкин. Павлус 12- бобда, тананинг ҳатто энг аҳамиятсиз ёки заиф ҳисобланган қисмлари ҳам керакли деб эслатмоқда (1 Коринфликларга 12:12, 18, 21–23 ни ўқинг). Айрим эволюция тарафдорлари, инсон танасига оид ушбу тушунчани шубҳа остига қўйишмоқда. Бироқ анатомия соҳасида ўтказилган тадқиқотларга кўра, қачондир аҳамиятсиз деб ҳисобланган тана аъзолари аслида муҳим вазифаларни бажарар экан *. Мисол учун, баъзилар оёқдаги жимжалоқнинг кераклигини шубҳа остига қўйишган эди. Аммо ҳозир, у инсоннинг танаси мувозанатни сақлаб туришига ҳисса қўшаётгани маълум бўлди.

5 Павлуснинг мисолидан, имонлилар жамоатининг барча аъзолари керак эканлигини кўрса бўлади. Шайтон, биз ўзимизни кераксиздай ҳис қилишимизни хоҳлайди. Тангри Яҳова эса, Ўзининг барча хизматчиларини ва ҳатто заиф ҳисобланганларни ҳам «керакли» деб билади (Аюб 4:18, 19). Ушбу фикр, ҳар биримиз ўз жамоатимизда ва Худонинг бутун дунёдаги халқи орасида ўзимизнинг ўрнимиз борлигини ҳис қилишимизга кўмаклашмоқда. Буни, масалан, ёрдамга муҳтож бўлган ёши улуғ кишиларни қўллаб-қувватламоқчи бўлганингизда эсда сақлашингиз мумкин. Эҳтимол, бундай киши билан кетаётганингизда, қадамларингизни секинлаштиришингизга тўғри келар. Сиз унинг фойдасини кўзлаб, ўзингиз ҳам завқ оласизми? Албатта. Зеро, ўзгаларга кўмаклашаётиб, бундан хурсанд бўласиз ва сабр-тоқат ҳамда севги фазилатларини ривожлантириб, маънан улғаясиз (Эфес. 4:15, 16). Севимли Отамиз, жамоатнинг барча аъзолари, имкониятлари чегараланган бўлишига қарамай, мувозанатли бўлиб, севги намоён этишаётганини билади.

6. Қандай қилиб Павлус «заиф» ва «мустаҳкам» сўзларини қўллаган?

6 Павлус коринфликларга ёзганда, жамоатдаги айрим кишиларга нисбатан «заиф» сўзини қўллаган. Чунки, масиҳий бўлмаган баъзи кишилар имонлиларни шундай деб билишган. Аммо бу билан Павлус айрим масиҳийлар бошқалардан юксак демаган ва ўзини ҳам гоҳида заиф деб ҳис қилган (1 Кор. 1:26, 27; 2:3). Павлус баъзилар ҳақида «мустаҳкам» деганда, улар ўзларини бошқалардан устун тутишларини хоҳламаган (Рим. 15:1). Аксинча у, тажрибалироқ масиҳийлар ҳақиқатда ҳали унча мустаҳкам ўрнашмаган кишиларга нисбатан сабрли бўлишларини таъкидлаган.

НУҚТАИ НАЗАРИМИЗНИ ЎЗГАРТИРИШИМИЗ КЕРАКМИ?

7. Нима учун ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашиш доим ҳам осон эмас?

7 «Бечора» кишиларга ғамхўрлик қилаётиб,  биз нафақат Яҳовага эргашамиз, балки Уни мамнун қилган бўламиз (Заб. 40:2; Эфес. 5:1). Бироқ ҳар доим ҳам бундай йўл тутиш осон эмас. Нима учун? Сабаби, эҳтимол имондошимиз ўз муаммоларида ўзи айбдор деб ўйлармиз. Ёки унга нима деб айтиш кераклигини билмай, ўзимизни ундан олиб қочармиз. Масалан, эри оиласидан кетиб қолган Синтия * исмли опамиз шундай дея бўлишди: «Агар имондошлар сиздан йироқлашса ёки сиз кутгандай яқин дўст каби йўл тутишмаса, бу жудаям оғир ботади. Одам қийинчиликларга дуч келганида, ёнида бошқалар бўлишига муҳтож экан». Шоҳ Довуд ҳам дўстлари уни тарк этишганида, ўзини ёмон ҳис қилган (Заб. 30:13).

8. Кўпроқ ҳамдард бўлишимизга нима кўмаклашади?

8 Қадрдон биродару опа-сингилларимизнинг айримлари оғир аҳвол, яъни касаллик, имондоши бўлмаган оила аъзолари ёки тушкунлик туфайли заиф бўлишганини ёдда тутсак, кўпроқ ҳамдард бўла оламиз. Бир кунмас бир кун, ўзимиз ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Миср юртида камбағал ва нимжон бўлган исроилликлар ҳам ваъда қилинган юртга киришдан олдин, жабр кўрган биродарига нисбатан «бағритошлик қилмаслик» ҳақида эслатма олишган. Яҳова, улар камбағалларни ёрдамга муҳтож деб билишларини хоҳлаган (Қонун. 15:7, 11; Лев. 25:35–38).

9. Қийин аҳволга тушиб қолган имондошимизга қандай ёрдам кўрсатсак яхшироқ бўларди? Мисол келтиринг.

9 Танқид қилиш ёки гумонсирашнинг ўрнига, қийин аҳволга тушиб қолган имондошимизга маънавий жиҳатдан тасалли беришимиз керак (Аюб 33:6, 7; Мат. 7:1). Масалан, мотоцикл минган бирон киши билан фожиа юз бериб, ҳалокатга учради дейлик. Уни касалхонага олиб боришса, шифокор ва ҳамширалар фожиада ким айбдор эканлигини муҳокама қилиб ўтиришадими? Асло. Улар унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишади. Шунга ўхшаб, агар имондошимиз муаммолари дастидан заифлашиб қолса, унга энг аввало маънавий жиҳатдан ёрдам бериш яхшироқ бўларди (1 Салоникаликларга 5:14 ни ўқинг).

10. Қандай қилиб баъзилар ҳатто заиф бўлиб кўринса-да, «имонда бой» бўла олишади?

10 Баъзи имондошларимиз бир қарашда заифдек туюлиши мумкин. Лекин агар, уларнинг вазияти ҳақида ўйласак, улар заиф эмаслигини тушунамиз. Мисол учун, эри Яҳовага хизмат қилмайдиган опамизга қанчалик қийин бўлиши мумкинлигини тасаввур қилинг. Ёки бўлмаса, болаларини ўзи якка катта қилаётган ва улар билан бирга жамоатларга доим боришга интилаётган онани олайлик. Ёхуд мактабда ҳақиқат учун сиқувларга дучор бўлаётган ўсмир ҳақида ўйлаб кўринг. Уларнинг бари Яҳовани яхши кўришади ва Унга содиқ бўлиб қолишни исташади. Имондошларимиз Яҳованинг хизматида қилаётган барча ишлари тўғрисида фикр юритсак, ҳатто заиф бўлиб кўринса-да, бу уларни «имонда бой» кишилар сифатида билишимизга кўмаклашади (Ёқб. 2:5).

ЯҲОВАНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

11, 12. а) Инсонлар заифлигига нисбатан Яҳованинг нуқтаи назарига тақлид қилишимизга нима кўмаклашади? б) Яҳова Ҳорунга қилган муносабатидан қандай сабоқ олсак бўлади?

11 Яҳованинг айрим хизматчиларига қилган муносабатини кўриб чиқиб, Унинг инсонлар заифлигига бўлган нуқтаи назарига тақлид қила оламиз (Забур 129:3 ни ўқинг). Масалан, Ҳорун олтин буқача ясаганида, Мусо пайғамбар билан бирга эканингизни кўз ўнгингизга келтиринг. Ҳоруннинг бу қилмишидан афсус чекаётгани борасида нима ҳис қилган бўлардингиз? (Чиқ. 32:21–24). Ёки Марямнинг таъсири остида Мусонинг ўзга юртлик аёлга уйлангани учун, Ҳорун унга қарши гапираётганида, бунга қандай муносабатда бўлардингиз? (Саҳ. 12:1, 2). Қолаверса,  Яҳова сувни мўъжизавий тарзда етказиб берганда, Ҳорун билан Мусо Уни шарафламагани борасида нима деб ўйлайсиз? (Саҳ. 20:10–13).

12 Ушбу ҳар бир вазиятда Яҳова Ҳорунни шу заҳотиёқ жазолаши мумкин эди. Лекин У, Ҳорунни ёвуз инсон ёки жиддий хато қилган деб билмаган. Бу, Ҳорун бирон вазият туфайли ёки бошқаларнинг таъсирига берилиб, тўғри йўлдан адашган бўлиши мумкинлигини кўрсатяпти. У ўз хатоларини тан олиб, уларни ўзгартиришга тайёр бўлган ва Яҳованинг маслаҳатини қабул қилган (Чиқ. 32:26; Саҳ. 12:11; 20:23–27). Яҳова, Ҳоруннинг имонига ва тавба қилганига кўпроқ эътиборини қаратган. Асрлар ўтгач, Ҳорун ва унинг оиласи Яҳовадан қўрққан кишилар сифатида ёдга олинган (Заб. 113:18–20; 134:19, 20).

13. Одамнинг заифликларига бўлган муносабатимиз борасида қандай текширув ўтказишимиз мумкин?

13 Заиф ҳисобланган кишиларга Яҳова каби қараяпманми, деб ўзимизни текширишимиз керак (1 Шоҳ. 16:7). Айтайлик, ўсмир бола ўйин-кулги турини танлашда қийналаётган ёки унга нисбатан бепарво нуқтаи назар билдираётган бўлса, қандай йўл тутамиз? Дарров, бу ёмон бола деб хулоса чиқаришнинг ўрнига, унга ёрдам бериш борасида ўйлаб кўрсак яхшироқ бўлмасмиди? Ёрдамга муҳтож бўлган кишини қўллаб-қувватлаш учун ташаббус кўрсатишимиз мумкин. Шу йўсин, сабр-тоқат ва севгини намоён этишда улғаямиз.

14, 15. а) Илёс жасоратсизлик қилганида, Яҳова нимани ҳис қилган? б) Яҳова пайғамбарига ёрдам берганидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

14 Руҳи тушкун бўлган инсонларга Яҳова қандай муносабатда? Келинг, ўзини шундай ҳис қилган хизматчисига Худо қандай ёрдам берганини кўриб чиқайлик. Баалнинг 450 та пайғамбарига жасорат ила қарши чиққан Илёс пайғамбар, малика Изабел уни ўлдирмоқчи эканидан хабар топганда, қочиб кетган. У Бэршэва шаҳри томон тахминан  150 километр йўл юриб, чўлда тўхтаб қолган. Жазирама офтоб тагида юриб, у жуда ҳам ҳолдан тойган ва бир дарахт остига ўтириб, «ўзига ўзи ўлим тилаган» (3 Шоҳ. 18:19; 19:1–4).

Яҳова Илёснинг заифликларини инобатга олиб, далда бериш учун фариштани юборди (14-, 15- хатбошиларига қ.)

15 Яҳова самодан пастга қараб, Унинг садоқатли пайғамбари тушкун аҳволда эканини кўриб, нимани ҳис қилган? Уни, бундай аҳволга тушиб қолгани ёки жасоратсизлик қилгани учун рад этганми? Йўқ албатта! Яҳова Илёснинг имкониятлари чегараланганлигини ҳисобга олиб, фариштасини юборган. Илёс ўзининг сафарини давом эттира олиши учун, фаришта икки марта келиб уни овқат ейишга ундаган (3 Шоҳлар 19:5–8 ни ўқинг). Ҳатто қандайдир йўл-йўриқ кўрсатишдан аввал, Яҳова бу пайғамбарини тинглаб, унга ёрдам бериш учун амалий чоралар кўрган.

16, 17. Яҳованинг Илёсга кўрсатган ғамхўрлигига қай йўсин тақлид қила оламиз?

16 Ғамхўр Аллоҳимизга қандай тақлид қила оламиз? Имондошимизга дарров қандайдир маслаҳат беришга шошилмаслигимиз керак (Ҳик. 18:13). Авваламбор, шахсий муаммолари дастидан ўзларини «аҳамиятсиз» деб санаган кишиларга ҳамдардлик кўрсатишга вақт ажратсак яхшироқдир (1 Кор. 12:23). Шундай қилиб, у чиндан ҳам нимага муҳтож эканини аниқлаб, унга кўмаклаша оламиз.

17 Масалан, юқорида айтиб ўтилган Синтияни олайлик. Эри уни иккита қизи билан ташлаб кетганида, улар ўзларини якка ҳис қилишган. Хўш, бу вазиятда айрим имондошлари қандай йўл тутган? Синтия қуйидагича бўлишди: «Имондошларимизга қўнғироқ қилиб, нима содир бўлганини айтиб берганимизда, улар 45 дақиқа ичида уйимизга етиб келишган. Улар йиғлашган. Қолаверса, илк икки ёки уч кун давомида бизни якка ўзимизни ташлаб кетишмаган. Иштахамиз бўлмай, ҳиссан жуда эзилганимиз учун, улар бизни ҳатто ўз уйларига олиб кетишган». Бу воқеа, Ёқуб ёзган мана шу сўзларни эслатмоқда: «Бирон-бир имондошингизнинг кийишга кийими, ейишга овқати бўлмаса-ю, сизлардан кимдир унга: “Эсон-омон бориб, исининг ва қорнингизни тўйғазинг”,— деб, унга яшаш учун зарур бўлган нарсаларни бермаса, нима фойдаси бор? Шундай қилиб, ишларсиз имон ўлик ҳисобланади» (Ёқб. 2:15–17). Биродару опа-сингилларига ўз вақтида кўрсатган ёрдам учун миннатдорчилик билдириш ниятида, Синтия қизлари билан бирга ўша фожиа юз берганидан бор-йўғи олти ой ўтгач, кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилишга ўзларида куч топа олишди (2 Кор. 12:10).

КЎПЛАР ФОЙДА КЎРАДИ

18, 19. а) Вақтинча заиф бўлганларга қандай ёрдам бера оламиз? б) Заифларга кўмаклашиш кимларга фойда келтиради?

18 Ўзингиз ҳам эҳтимол, касаллик дастидан ҳолдан тойиб, сўнг эса тузалишингиз учун муайян вақт талаб қилингандир. Шу каби, масиҳий киши ҳам шахсий қийинчиликлари ёки муаммолари туфайли заифлашиб қолиб, маънавий кучини тиклаш учун вақт керакдир. Албатта, имондошларимиз ўз имонини мустаҳкам қилиш мақсадида шахсий тадқиқ ўтказиши, ибодат қилиши ва жамоат учрашувларига қатнаши даркор. Лекин биз, у тикланаётган бундай пайтда сабр-тоқатни намоён этяпмизми? Қолаверса, унга севги кўрсатяпмизми? Вақтинча заиф бўлиб қолганлар, ўзларини қадрли ва бизнинг уларга бўлган меҳр-муҳаббатимизни ҳис қилишларига интиляпмизми? (2 Кор. 8:8).

19 Унутмангки, биродару опа-сингилларимизни қўллаб-қувватласак, фақатгина бериш туфайли ҳис эта оладиган қувончга эга бўла оламиз. Шунингдек, ҳамдардлик ва сабр-тоқатни намоён этиш қобилиятимизни ривожлантира оламиз. Бироқ биздан ташқари, ўзгалар ҳам бундан фойда кўришади. Бутун жамоат самимийлик ва севгида ўсиб-улғаяди. Устига-устак, ҳар биримизни алоҳида қадрлайдиган Тангри Яҳовага тақлид қилган бўламиз. Дарҳақиқат: «Муҳтожларга ёрдам беришингиз керак»,— деб айтилган ундовга амал қилишимиз учун барча сабаблар бор (Ҳавор. 20:35).

^ 4- х.б. Чарлз Дарвин ўзининг бир китобида, одам танасининг айрим аъзоларини «кераксиз» деб тушунтирган («The Descent of Man»). Яна бир эволюция тарафдори, инсон танасининг анчагина аъзоларини, жумладан кўричакнинг чувалчангсимон ўсимтасини (аппендикс) ва қалқонсимон безни кераксиз эканлигини таъкидлаган.

^ 7- х.б. Исм ўзгартирилган.