Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳова энг яхши Дўстимиз

Яҳова энг яхши Дўстимиз

«[Иброҳим] Яҳованинг дўсти», деб аталди. ЁҚБ. 2:23

1. Аллоҳнинг суратида яратилган эканмиз қандай қобилиятларга эгамиз?

ОТАСИГА ўхшаш фарзандни «ота ўғил», деб бежизга айтишмайди. Чунки ота-онага хос бўлган фазилатлар болаларига наслдан-наслга ўтади. Самовий Отамиз Яҳова — ҳаёт Манбаидир (Заб. 35:10). Биз, Унинг ер юзидаги фарзандлари қайсидир даражада Унга ўхшашмиз. Аллоҳнинг суратида яратилган эканмиз, фикр юритиш, хулоса чиқариш ва дўстона муносабатларни ривожлантириш қобилиятига эгамиз (Ибт. 1:26).

2. Яҳова билан дўстлигимиз нимага асосланади?

2 Худованд Яҳова Энг Яхши Дўстимиз бўлиши мумкин. Бундай дўстлик ришталари остида Аллоҳга бўлган севгимиз, Унга ва Унинг Ўғлига бўлган имонимиз ётади. Исонинг ўзи ҳам қуйидаги сўзларни айтган: «Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳан. 3:16). Муқаддас Китобда, Яҳова билан дўстона муносабатларга эга бўлган инсонларнинг мисоллари талай. Келинг улардан иккитасини кўриб чиқайлик.

«ДЎСТИМ ИБРОҲИМ»

3, 4. Иброҳим ва Исроил халқининг Яҳова билан дўстона муносабатлари ўртасида қандай фарқ бор?

3 Худованд Яҳова исроилликларнинг бобокалонини «дўстим Иброҳим» дея атаган (Ишаё 41:8). Шунингдек, 2 Солномалар 20:7- оятида Иброҳим Худонинг дўсти деб тилга олинган. Бундай  садоқатли инсон ва Яратувчи ўртасидаги дўстлик нимага асосланган эди? Шубҳасизки бу, Иброҳимнинг имонига асосланганди (Ибт. 15:6; Ёқуб 2:21–23 ни ўқинг).

4 Кейинчалик Исроил халқи сифатида шаклланган Иброҳимнинг авлоди, Яҳовани Ота ва Дўст деб билган. Аммо минг афсуски, улар Худо билан бўлган дўстона муносабатларни йўқотишди. Нима сабабдан? Чунки улар Яҳованинг ваъдаларига бўлган ишончни сақлай олишмади.

5, 6. а) Қандай қилиб Яҳова сизнинг Дўстингиз бўлди? б) Қайси саволлар устида мулоҳаза юритиш ўринли?

5 Яҳова ҳақида кўпроқ билганингиз сайин, Унга бўлган имонингиз мустаҳкамланиб, севгингиз ортиб боради. Илк бор Худо мавжуд Шахс эканлигини ва У билан сиз яқин дўст бўлишингиз мумкинлигини билиб олган вақтларни эсланг. Қолаверса, Одаматонинг итоатсизлиги дастидан барчамиз гуноҳ билан туғилганимизни билиб олгансиз. Бутун инсоният Аллоҳдан узоқлашганини тушунгансиз (Колос. 1:21). Кейинчалик, севимли самовий Отамиз бизга яқин эканини ва У бизга бефарқ эмаслигини англаб етгансиз. Худо Исони тўлов қурбонлиги сифатида берганини билиб, бу тўловга ишонганимизда, Аллоҳ билан дўстона муносабатларни қура бошладик.

6 Ўтмишга назар солиб, ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўларди: «Худо билан бўлган дўстлик ришталаримни янада мустаҳкам қиляпманми? Яҳовага бўлган ишончим кучлими ва севгим кундан-кунга ўсяптими?» Қадимда Яҳова билан яқин муносабатда бўлган яна бир шахс Гидўндир. Келинг, унинг мисолини кўриб чиқайлик ва уни қалбимизга жо қилайлик.

«ЭГАМИЗ ТИНЧЛИКДИР»

7–9. а) Гидўннинг ҳаётида қандай ажойиб воқеа юз берди ва бунинг натижаси қандай бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Қандай қилиб биз Худонинг дўсти бўла оламиз?

7 Исроил халқи ваъда қилган юртга киргандан кейин, мушкул давр бошланди. Бу пайтда Исроилда Гидўн исмли киши ҳакамлик қиларди. Ҳакамлар китобининг 6- бобида баён этилганидек, бир куни Яҳованинг фариштаси Ўфра шаҳрида Гидўнга зоҳир бўлди. Ўша пайтларда қўшни Мидиён халқи Исроилга қаттиқ зулм ўтказа бошлаган эди. Шунинг учун Гидўн буғдойни очиқ далада эмас, шароб тайёрланадиган чуқурда янчаётган эди. Чунки ушбу қимматбаҳо донни бу ерда осонликча яширса бўларди. Фаришта пайдо бўлганидан ва унга «довюрак жангчи», деб мурожаат қилганидан Гидўн донг қотиб қолади. Гарчи Яҳова исроилликларни Миср юртидан олиб чиққан бўлса-да, Аллоҳ ҳозир ҳақиқатдан ҳам бу халққа ёрдам бермоқчи эканлигида Гидўн шубҳаланди. Яратувчи номидан гапирган фаришта, Яҳова чиндан ҳам унга марҳамат кўрсатишига ишонтирган.

8 Гидўн қандай қилиб «Исроил халқини Мидиёнларнинг қўлидан халос қила» олишини ҳеч ақлига сиғдира олмасди. Шунда Яҳова унга аниқ жавоб берди: «Мен сен билан бўламан, сен Мидиёнларнинг ҳаммасини бир одамни енггандай осонликча енгасан» (Ҳак. 6:11–16). Эҳтимол, бу иш қандай рўй бераркин деб, Гидўн Худодан аломат кўрсатишини сўради. Эътибор берган бўлсангиз, бу суҳбатда Гидўн Яҳованинг мавжуд Шахс эканлигида шубҳаланмаган.

9 Кейинги содир бўлган воқеа Гидўннинг имонини мустаҳкам қилиб, Худо билан муносабатларини янада яқинлаштирди. Гидўн овқат тайёрлаб, уни фариштага тақдим этди. Фаришта қўлидаги таёқни тегизиши биланоқ мўъжизавий тарзда олов чиқиб овқатни куйдириб юборганида, Гидўн бу фариштани Яҳова юборганини фаҳмлади. Гидўн ҳаяжонланиб, шундай дея хитоб қилди: «Вой, шўрим қурди! Ё, Эгам Раббий, мен фариштангнинг юзини кўрдим» (Ҳак. 6:17–22). Бу воқеа дастидан Гидўннинг Яҳова билан бўлган муносабатларига путур етдими? Албатта йўқ! Бунинг акси бўлиб чиқди. Гидўн бу орқали Яҳова билан тинчликка эга бўлди. Биз буни, Гидўн Яҳовага атаб қурбонгоҳ қуриб, Муқаддас Китобнинг асл нусхасига кўра унинг номини «Яҳова-Шалом» деб қўйганидан биляпмиз.  Бу номнинг маъноси «Эгамиз тинчликдир» (Ҳакамлар 6:23, 24 ни ўқинг). Яҳова ҳар куни биз учун нималар қилаётгани ҳақида мулоҳаза юритсак, У чиндан ҳам ҳақиқий Дўст эканлигини янада чуқурроқ фаҳмлай оламиз. Худога мунтазам равишда қилинган ибодатлар қалбимиздаги тинчликни орттириб, У билан бўлган муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.

ЯҲОВАНИНГ «МАСКАНИДА» КИМ ЯШАЙДИ?

10. Забур 14:3, 5 га биноан Яҳованинг дўсти бўлишимиз учун биздан нима талаб қилинади?

10 Яҳованинг дўсти бўлишимиз учун муайян талабларга жавоб беришимиз лозим. Довуд Забурнинг 14- саносида, Яҳованинг масканида яшаш учун, яъни Худонинг дўсти бўлиш учун нима талаб этилишини айтган (Заб. 14:1). Келинг, ушбу талаблардан иккитасига эътиборимизни қаратайлик — бўҳтон қилмаслик ва ҳар бир ишда ҳалол бўлиш. Яҳованинг масканида яшашни хоҳлаган кишилар борасида Довуд шундай сўзларни айтган: «Бошқаларга бўҳтон қилмаганлар. [...] Айбсизга қарши гувоҳлик бериш учун пора олмаганлар яшайди» (Заб. 14:3, 5).

11. Нега туҳмат қилишдан эҳтиёт бўлишимиз керак?

11 Забурнинг бошқа саносида Довуд: «Тилингизни ёмон сўзлардан... асранг»,— деб огоҳлантирган (Заб. 33:14). Ушбу маслаҳатга риоя қилмаслик, самовий Отамиз билан бўлган муносабатларимиз дарз кетишига олиб келиши мумкин. Дарҳақиқат, бўҳтон ёки туҳмат қилиш Яҳованинг ашаддий душмани, Шайтонга хос фазилатдир. Юнонча «Иблис» сўзи, «туҳматчи» деган маънога эга. Бошқалар ҳақида нима деб айтаётганимизни назорат қилсак, Яҳова билан яқин муносабатларимизни сақлай оламиз. Бу айниқса, жамоатда тайинланган биродарларга бўлган муносабатимизга тегишли (Ибронийларга 13:17; Яҳудо 8 ни ўқинг).

12, 13. а) Нега барча нарсада ҳалол бўлишимиз керак? б) Ҳалол бўлганимиз бошқаларга қандай таъсир қилади?

12 Яҳованинг хизматчилари ҳалоллиги билан танилган инсонлардир. Ҳаворий Павлус қуйидаги сўзларни қаламга олган: «Биз ҳақимизда ҳам ибодат қилиб туринглар. Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаганимиз сабабли, виждонимиз пок эканига ишонамиз» (Ибр. 13:18). «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаганимиз сабабли» имондошларимизга нисбатан қаллоблик қилмаймиз. Масалан, агар биз имондошларимизни бирон ишга ёлласак, улар билан юмшоқ муомала қилиб, келишилган пулни вақтида тўлашимиз керак. Масиҳий эканмиз, қўлимизда ишлаётган кишилар, қолаверса барча билан ҳалол бўлишимиз лозим. Борди-ю, имондошларимизга ишчи сифатида ёллансак, бизга ўзгача муносабат кўрсатилишини талаб қилмай, ҳалол бўлишга ҳаракат қиламиз.

13 Яҳованинг Шоҳидлари билан иш юритган дунёвий кишилардан миннатдорлик сўзларини тез-тез эшитиб турамиз. Мана бир мисол. Катта бир қурилиш ташкилотининг бошлиғи Яҳованинг Шоҳидлари сўзида туришларига эътибор бериб, шундай деган: «Сизлар доим берган ваъдангизга мувофиқ йўл тутасизлар» (Заб. 14:4). Шундай қилсак, Яҳова билан дўстлик ришталаримизни мустаҳкамлай оламиз. Боз устига бу, севимли самовий Отамизга шараф келтиради.

БОШҚАЛАРГА ЯҲОВАНИНГ ДЎСТИ БЎЛИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ

Бошқаларга Яҳованинг дўсти бўлишларига ёрдам бера оламиз (14-, 15- хатбошиларига қ.)

14 Биз ваъзгўйлик хизматида учратадиган инсонларнинг кўпчилиги Худонинг борлигига ишонишса-да, бироқ Уни Энг Яхши Дўст сифатида кўришмайди. Қандай қилиб уларга ёрдам берсак бўлади? Эътиборимизни, Исо 70 та шогирдини ваъз қилиш учун иккитадан юборганида, берган йўл-йўриғига қаратсак бўлади: «Бирон-бир уйга кирганларингизда: “Ассалому алайкум”,— деб айтинглар. Агар у ерда тинчликсевар киши бўлса, саломингиз у билан қолади. Борди-ю, бўлмаса, саломингиз ўзингизга қайтиб келади» (Луқо 10:5, 6). Агар одамларга дўстона муносабат кўрсатсак, уларни ҳақиқатга жалб қила оламиз. Борди-ю,  киши бизга қаршилик қилганда, биз унга дўстона муносабат кўрсатсак, бу унинг жаҳлдан тушиб, ҳақиқатни бошқа сафар эшитишга замин яратади.

14, 15. Қай йўсин хизматда бошқаларга Яҳованинг дўсти бўлишга ёрдам берсак бўлади?

15 Ўзини ниҳоятда художўй деб билган ёки сохта дин урф-одатларига амал қиладиган одамларни учратганимизда ҳам уларга дўстона муносабат кўрсатиб, тинчликни сақлашга ҳаракат қилишимиз керак. Биз йиғилишларимизга келган барчани, айниқса бу дунёдан кўнгли қолган ва Худо ҳақида кўпроқ билим олишга ихтиёр билдирган инсонларни илиқлик билан кутиб оламиз. «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» номли туркумидаги мақолаларда бундай инсонларнинг кўпгина мисоллари келтирилган.

ЭНГ ЯХШИ ДЎСТИМИЗ БИЛАН ХИЗМАТ ҚИЛИШ

16. Қайси маънода Худонинг ҳам дўсти, ҳам «хизматдоши» бўла оламиз?

16 Одатда бирга ишлайдиган инсонлар орасида яқин дўстлик муносабатлари ривожланади. Ўзини Яҳовага бағишлаган ҳар бир киши Унинг ҳам дўсти, ҳам «хизматдоши» бўлиш шарафига эга (1 Коринфликларга 3:9 ни ўқинг). Дарвоқе, ваъзгўйлик ҳамда шогирд орттириш ишида қатнашсак, самовий Отамизнинг ажойиб фазилатларини янада кўпроқ билиб оламиз. Бизга ишониб топширилган хушхабарни ваъз қилишда, муқаддас руҳ қандай ёрдам бераётганининг гувоҳи бўламиз.

17. Анжуманларимизда тақдим этилаётган маънавий озуқа Яҳова бизнинг Дўстимиз эканлигини қандай тасдиқламоқда?

17 Шогирд орттириш ишида кўпроқ қатнашганимиз сайин, Яҳова бизга қанчалик яқин эканлигини ҳис қиламиз. Масалан, Яҳова Унга қаршилик кўрсатмоқчи бўлганларни қандай тўхтатганининг шоҳиди бўлишимиз мумкин. Орқага ўгирилиб, ўтган охирги йилларга назар ташласак, Яҳова бизни етаклаб бораётганини аниқ кўрамиз. Мўл-кўл маънавий озуқа ўз вақтида етказиб берилаётгани ҳайратда қолдиради. Анжуманларимиз ва улардаги дастурлар меҳрибон Отамиз муаммоларимизнию эҳтиёжларимизни қанчалик яхши тушунишини аён қилмоқда. Бўлиб ўтган анжуман учун миннатдорчилик билдириб, бир оила шундай деб ёзди: «Дастур қалбларимизгача етиб борди. Яҳова барчани ва ҳар биримизни қанчалик яхши кўришини ҳамда муваффақиятга эришишимизни хоҳлаётганини ҳис қилдик». Ирландиядаги махсус анжуманга борган германиялик бир жуфтлик, уларни илиқ кутиб олишгани ва ғамхўрлик қилишгани учун шундай миннатдорчилик билдиришди: «Яҳова ва Шоҳ Исо Масиҳга бениҳоя миннатдормиз. Улар бизни ушбу чиндан ҳам бирлашган халқнинг аъзоси бўлишга таклиф қилишди. Яҳованинг барча хизматчилари нафақат ушбу бирлик ҳақида гапиришади, балки буни ҳар куни ўзларида ҳис қилишади. Дублиндаги бу махсус анжуманда бўлиб ўтганлар, улуғ Тангримизга сизлар билан бирга хизмат қилиш шарафига эга эканимизни доимо эслатади».

 ДЎСТЛАР МУЛОҚОТИ

18. Яҳова билан бўлган мулоқотимиз борасида ўзимизга қандай савол беришимиз мумкин?

18 Яхши мулоқот бўлгандагина, дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланади. Ҳозирги даврда Интернет ва СМСлар ёзиш орқали одамлар бундай дўстликни ривожлантиришяпти. Бироқ Энг Яхши Дўст бўлган Яҳова билан дўстликка қандай эриша оламиз? Дарҳақиқат, У «ибодатни эшитгучи» (Заб. 64:3, Туркия 1998). Хўш, Аллоҳ билан мулоқот қилишга одатда қанча вақт ажратамиз?

19. Самовий Отамизга дилимиздагини тўкиб-солиш қийин бўлса, нима ёрдам бериши мумкин?

19 Худонинг айрим хизматчилари дилидагини тўкиб-солиш ва ҳиссиётларини изҳор этишга қийналишади. Шундай бўлса-да, Яҳова биз ибодат қилаётганимизда, Унга дилимиздагини тўкиб-солишимизни истайди (Заб. 118:145; Марсия 3:41). Ҳатто, ҳис-туйғуларимизни айтиш учун керакли сўзлар топа олмасак ҳам, биз чорасиз эмасмиз. Ҳаворий Павлус Римдаги масиҳийларга қуйидагича ёзган: «Зарур бўлганда нима ҳақда ибодат қилишни билмай қолганимизда, ушбу руҳ ифодалаб бўлмайдиган оҳ-нолалар билан биз учун воситачилик қилади. Бироқ қалбларни текширадиган Худо, муқаддас руҳ нимани назарда тутаётганини билади, чунки руҳ Тангрининг иродасига мувофиқ тарзда муқаддас кишилар учун воситачилик қилади» (Рим. 8:26, 27). Муқаддас Китобдаги Аюб, Забур ва Ҳикматлар каби китобларида ёзилган сўзлар тўғрисида мулоҳаза юритиш, Яҳовага ички ҳиссиётларимизни изҳор этишимизга кўмаклашади.

20, 21. Филиппиликларга 4:6, 7 даги Павлуснинг сўзлари бизга қандай тасалли бермоқда?

20 Агар муаммолар дастидан руҳимиз тушса, келинг, Павлуснинг филиппиликларга берган маслаҳатини эслайлик: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар». Шак-шубҳасизки, Энг Яхши Дўстимиз билан шу каби очиқ мулоқот бизга чинакам тасалли бахш этади. Павлус яна шундай деган: «Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилади» (Филип. 4:6, 7). «Худонинг тинчлиги» қалбимизни ва онгимизни ҳимоя қилаётгани учун доимо миннатдор бўлсак арзийди.

Қандай қилиб ибодатлар Аллоҳ билан дўстона муносабатларимизни мустаҳкамлай олади? (21- хатбошига қ.)

21 Ибодатлар Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантиришимизга кўмаклашади. Шундай экан, «тинмай ибодат қилайлик» (1 Салон. 5:17). Илоё, ушбу мақола, Аллоҳ билан бўлган қимматбаҳо муносабатларимизни ва Унинг адолатли талабларига биноан йўл тутиш қароримизни мустаҳкамласин. Қолаверса, келинг, Яҳова чиндан ҳам бизнинг Отамиз, Тангримиз ва Дўстимиз бўлгани учун эга бўлаётган баракаларимиз ҳақида фикр юритишга вақт ажратайлик.