Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Биринчи асрдаги яҳудийлар нимага асосланиб Масиҳнинг «келишини кутишган»?

Яҳё пайғамбарнинг вақтида «халқ Масиҳнинг келишини кутаётгани учун, Яҳё ҳақида: “Масиҳ шу эмасмикин?” — деб фикр юритишарди» (Луқо 3:15). Нима учун яҳудийлар Масиҳнинг келишини айнан ўша пайтда кутишган? Бунга бир нечта сабаб бор.

Исо туғилгач, Яҳованинг фариштаси Байтлаҳм яқинидаги далаларда подаларини қўриқлаётган чўпонларга зоҳир бўлган. Фаришта шундай эълон қилган: «Бугун Довуд пайғамбарнинг шаҳрида сизлар учун бир нажоткор — Ҳазратингиз Масиҳ туғилди» (Луқо 2:8–11). Бундан сўнг фариштанинг ёнида «сон-саноқсиз самовий қўшин пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди: * “Самодаги Худога шон-шарафлар ёғилсин! Ер юзида эса, Унинг илтифотига эга бўлганлар орасида тинчлик бўлсин!”» (Луқо 2:13, 14).

Албатта, бу эълон оддий чўпонларга кучли таъсир қилган. Улар тезда Байтлаҳмга йўл олиб, Юсуф ва Марямни ҳамда чақалоқ Исони топишганида, «у ҳақида эшитганларини айтиб беришди». Натижада «буни эшитганлар уларнинг гапидан ҳайрон қолишди» (Луқо 2:17, 18). «Буни эшитганлар» ибораси, чўпонлар Юсуф ва Марямдан ташқари бошқаларга ҳам булар ҳақида айтиб беришганини кўрсатяпти. Уйларига қайтгач, чўпонлар «эшитиб кўрганлари айнан уларга айтилганидай бўлиб чиққани учун, Тангрига ҳамду сано айтишди» (Луқо 2:20). Улар Масиҳ ҳақида эшитган яхши хабарни айтишдан ўзларини тийишмагани шубҳасиз.

Марям, Таврот бўйича талаб қилинганидек тўнғич ўғлини Қуддусдаги маъбадга олиб борганда, пайғамбар аёл Анна «Худога шукроналар айтиб, Қуддуснинг қутқарилишини кутиб юрганларнинг барчасига бола ҳақида айта бошлади» (Луқо 2:36–38; Чиқ. 13:12). Шу йўсин, Масиҳнинг келгани ҳақидаги хабар тарқалишда давом этган.

Кейинроқ, «шарқдан Қуддусга мунажжимлар келиб, шундай дейишди: “Яҳудийларнинг янги туғилган подшоҳи қаерда? Биз шарқдан унинг юлдузини кўриб, унга таъзим қилгани келдик”» (Мат. 2:1, 2). Буни эшитгандан сўнг «шоҳ Ҳироднинг ҳамда бутун Қуддус аҳолисининг тинчлиги бузилди. Шунда Ҳирод бош руҳонийлар ва уламоларнинг ҳаммасини тўплаб, Масиҳ қаерда туғилиши кераклиги ҳақида суриштира бошлади»   (Мат. 2:3, 4). Шундай қилиб, ҳамманинг оғзида бир гап юрган эди: бўлажак Масиҳ келди! *

Аввалроқ келтирилган Луқо 3:15 га биноан, баъзи яҳудийлар Яҳё пайғамбарни Масиҳ деб ўйлашган. Аммо Яҳё қуйидаги сўзлар билан буни рад этган: «Ортимдан келаётган мендан кучлироқдир, мен унинг чориқларини ечишга ҳам арзимайман. У сизларни муқаддас руҳ ва оловга чўмдиради» (Мат. 3:11). Яҳёнинг бу камтарин гаплари, Масиҳнинг келишини кутиш иштиёқини янада кучайтирди.

Биринчи асрдаги яҳудийлар Масиҳнинг келиш пайтини Дониёр 9:24–27 даги етмиш карра етти йил ҳақидаги башорат асосида ҳисоблаб чиқишганмикин? Буни рад этиб бўлмаса-да, аниқ тасдиқлаб ҳам бўлмайди. Гап шундаки, Исо яшаган пайтда етмиш карра етти йил ҳақидаги башорат борасида бир-бирига зид фикрлар кўп эди ва уларнинг ҳеч бири ҳозирги тушунчамизга тўғри келмайди *.

Ессейлар деб танилган яҳудий мазҳаб вакиллари, 490 йил якунлаб қолганида иккита Масиҳ келади деб ўргатишган. Аммо улар ўз ҳисоб-китобларини Дониёрнинг башоратига асослаганига амин эмасмиз. Агар улар шундай қилган бўлишса ҳам, яҳудийларнинг ҳаммаси бу каби дарвешона гуруҳининг нуқтаи назари таъсирига тушиб қолишганини тасаввур қилиш қийин.

Милодий иккинчи асрда баъзи яҳудийлар, етмиш карра етти йил, биринчи маъбад мил. авв. 607 йили яксон қилинишидан то мил. 70 йили иккинчи маъбад вайрон қилинишигача бўлган даврни ўз ичига олади деб ишонишган. Бошқалари эса, башоратнинг амалга ошишини мил. авв. 170 йили бошланган Маккавейлар даври билан боғлашган. Шундай қилиб, етмиш карра етти йилни қандай ҳисоблаш кераклиги борасида ягона фикр бўлмаган.

Агар етмиш карра етти йил ҳақидаги башоратни милодий биринчи асрда тўғри тушунишганида, ҳаворийлар ҳамда биринчи асрдаги бошқа масиҳийлар, ваъда қилинган Масиҳнинг келиши ҳақидаги башорат, ўз вақтида, Исо Масиҳда бажо бўлганини исбот сифатида келтирган бўлишарди. Бироқ илк масиҳийлар бундай қилишганининг тасдиғи йўқ.

Эътиборга лойиқ яна бир нарса шуки, Инжил ёзувчилари Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китоблардаги муайян башоратлар Исо Масиҳда амалга ошганини тез-тез таъкидлашган (Мат. 1:22, 23; 2:13–15; 4:13–16). Лекин уларнинг ҳеч бири, Исонинг ер юзига келишини етмиш карра етти йил ҳақидаги башорат билан боғламаган.

Хулоса: Исонинг вақтида яшаган одамлар етмиш карра етти йил ҳақидаги башоратни тўғри тушунишган деб тасдиқлай олмаймиз. Бироқ Инжил ёзувчилари, нима учун одамлар Масиҳнинг «келишини кутишганининг» бошқа муҳим сабабларини келтиришган.

^ 4- х.б. Муқаддас Китобда фаришталар Исонинг туғилгани ҳақида куйлашган деб айтилмаган.

^ 7- х.б. Шундай саволлар туғилиши мумкин: Қандай қилиб мунажжимлар шарқда чиққан «юлдуз» билан «яҳудийларнинг янги туғилган подшоҳи» ўртасидаги боғлиқликни кўришган? Улар Исо туғилгани ҳақидаги хабарни Исроил бўйлаб саёҳат қилишаётганида эшитганмикин?

^ 9- х.б. Етмиш карра етти йил ҳақидаги башоратнинг ҳозирги тушунчаси борасида «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 197–199- саҳ. қ.