Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Табиий офат юз берганда

Табиий офат юз берганда

Бошида умидсизликка тушиб қолгандик. Бор-будимизни лой кўчкиси ва тошқин ювиб кетди. Эндрю, Сьерра-Леоне.

Бўрон тугаганидан кейин уйимизга қайтиб бордик. Ҳамма нарса ер билан яксон бўлган эди. Нима дейишни билмай қолдик. Қизим ерга ўтириб, йиғлаб юборди. Дэвид, Виргиния ороллари.

АГАР сиз ҳам қачондир табиий офатни бошдан кечирган бўлсангиз, бундай инсонлар нималарни ҳис қилишини яхши тушунасиз. Улар шок ҳолатига тушиши, норози бўлиши, эсанкираб қолиши, ғам-қайғуга ботиши ва кечалари ёмон туш кўриши мумкин. Табиий офатдан азият чекканларнинг аксарияти тушкунликка тушади ва ҳолдан тойиб олдинга интилиш нияти сўниб қолади.

Мабодо табиий офат дастидан бор-будингиздан айрилган бўлсангиз, сиз ҳам «Бардошим етмайди» деб ўйлаётгандирсиз. Сизга яшашдан ҳеч қандай маъно йўқдай туюлиши мумкин. Лекин Муқаддас Китобда тушунтирилишича, ҳаёт яшашга арзийди. Бу эса сизга порлоқ келажакка умид беради.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҲАҚИҚАТ ҲАЁТИНГИЗНИ МАЗМУНЛИ ҚИЛАДИ

Воиз 7:8 да: «Ишнинг охири бошланишидан афзалроқ»,— дейилган. Табиий офатни эндигина бошдан кечирган бўлсангиз, умидсизликка тушишингиз мумкин. Лекин сабр-тоқат билан оёққа туришга ҳаракат қилсангиз, ҳаммаси ўз изига тушиб кетади.

Муқаддас Китобда «йиғи-сиғи, дард-алам товушлари бошқа эшитилмайдиган» пайт келиши ҳақида башорат қилинган. (Ишаё 65:19) Бу сўзлар Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида ер юзи жаннатга айланганда амалга ошади. (Забур 37:11, 29) Табиий офатлар ўтмишда қолиб кетади. Ҳар қандай оғриқли хотиралар ва дард-алам батамом йўқ бўлади. Чунки Қодир Тангри шундай ваъда беряпти: «Ўтмишдаги нарсалар эсга олинмайди, ҳатто кўнгилга ҳам келмайди». (Ишаё 65:17)

Бир ўйлаб кўринг, Яратувчининг Ўзи сизга: «Порлоқ келажак ва умид бахш этаман»,— деб ваъда беряпти. Яъни сиз Худонинг мукаммал бошқаруви остида сокин ҳаёт кечиришингиз мумкин. (Еремиё 29:11) Бу ҳақиқатни билиш наҳотки ҳаётингизни давом эттиришга ундамаса?! Биринчи мақолада сўзлари келтирилган Салли шундай дейди: «Худонинг Шоҳлиги келажакда бизга берадиган ажойиб баракалар ҳақида ўзимизга эслатиб туриш ўтмишни унутиб, бугунги қийинчиликларни енгишга ёрдам беради».

Худонинг Шоҳлиги инсоният учун яқинда нималар қилиши ҳақида кўпроқ билиб олишни истайсизми? Қандай фожиани бошдан кечирманг, бу билимлар ҳаётингизни ҳозирнинг ўзида мазмунли қилишга ҳисса қўшиб, табиий офатлардан холи келажакка умид беради. Айни пайтда эса Муқаддас Китоб табиий офат оқибатларини енгишга кўмаклашадиган амалий маслаҳатларни ҳам тақдим этяпти. Келинг, улардан бир нечтасини кўриб чиқайлик.