Асосий материалларга ўтиш

ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР | ЙЎНАТАН

«Яқин дўст бўлиб қолдилар»

«Яқин дўст бўлиб қолдилар»

Жанг ўз якунига етди, Элох водийсини сукунат қоплади. Қўшин ўрнашган қароргоҳ аро майин шабада елиб турибди, шоҳ Шоул бир нечта киши билан йиғилган. Унинг тўнғич ўғли Йўнатан ҳам ўша ерда, ўртада эса ёшгина чўпон завқ ила ўз ҳикоясини сўзлаб бермоқда. Ғайрат ва завқ-шавққа тўлган бу йигит Довуд. Шоул унинг ҳеч бир сўзини қолдириб юбормаслик учун уни диққат билан тингламоқда. Қизиқ, Йўнатан-чи, ўзини қандай ҳис қилмоқда? Ахир у ҳам Яҳованинг қўшинида хизмат қилиб, анчагина ғалабаларга эришган. Лекин бугун ғалабани у эмас, балки мана шу йигит қўлга киритди. Довуд баҳайбат Гўлиётни ўлдирди. Хўш, Йўнатан бутун шон-шарафга эга бўлган Довудга ҳасад қиляптими?

Йўнатан тутган йўл сизни ҳайратга солар. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Довуд Шоул билан гаплашиб бўлгач, Йўнатан билан Довуд яқин дўст бўлиб қолдилар. Йўнатан уни ўз жонидай яхши кўриб қолди». У Довудга ўз қурол-аслаҳаларини, жумладан, моҳир камончи сифатида олган ҳадясини, яъни камонини ҳам бериб юборди. Энг муҳими эса, улар ўзаро аҳд қилишди, дўстлар сифатида бир-бирини қўллаб-қувватлашни тантанали тарзда ваъда беришди. (1 Шоҳлар 18:1–5)

Бу Муқаддас Китобда тилга олинган яқин дўстона муносабатлардан бири. Художўй инсонлар дўстлик ришталарини муҳим деб билади. Агар донолик ила дўстлар орттириб, уларни қўллаб-қувватласак ва содиқ дўстга айлансак, ушбу разил замонда имонимизни мустаҳкамлай оламиз. (Ҳикматлар 27:17) Келинг, дўстлик масаласида Йўнатаннинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

Дўстлик пойдевори

Қай йўсин бундай дўстона ришталар шу қадар тез ривож олди? Бу саволнинг жавоби ушбу ришталар нимага асосланганини кўриб чиқиш билан боғлиқ. Келинг, ўтмишга назар солайлик. Йўнатан оғир паллада яшаган. Унинг отаси шоҳ Шоул вақт ўтгани сайин ўзгарган ва бора-бора ёвузлашиб кетган. Қачонлардир художўй, итоатли ва камтар бўлган Шоул энди такаббур, итоатсиз шоҳга айланди. (1 Шоҳлар 15:17–19, 26)

Йўнатан отаси шунчалик ўзгариб кетганидан қайғургандир, зеро у отаси билан жуда яқин эди. (1 Шоҳлар 20:2) Балким, Йўнатан Шоул Яҳованинг танланган халқига зиён келтириши мумкинлигидан ташвишлангандир. Шоҳнинг итоатсизлиги дастидан фуқаролар тўғри йўлдан оғиб, Яҳованинг марҳаматисиз қолиши мумкин эди. Ушбу давр Йўнатан каби художўй инсонлар учун мушкул бўлгани шубҳасиз.

Буларни инобатга олган ҳолда Йўнатан ёш Довуд билан дўстлашганининг сабабини тушуна оламиз. У Довуднинг кучли имонини кўрган. Ёдингизда бўлса, Шоулнинг аскарларидан фарқли равишда, Довуд ҳатто ҳайбатли Гўлиётдан ҳам қўрқмаган. У пухта қуролланган Гўлиётга қарши Яҳованинг исми билан чиққани туфайли ундан анча кучлироқ бўла олганига амин эди. (1 Шоҳлар 17:45–47)

Бундан бир неча йил аввал Йўнатан худди шундай фикр юритган. У икки киши, яъни ўзи ва унинг қуролбардори қўшинлар қароргоҳига ҳужум қила олишига амин эди. Нима сабабли? Йўнатан Яҳова ҳақида: «Унга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди»,— деган. (1 Шоҳлар 14:6) Ҳа, Йўнатан ва Довуднинг анчагина ўхшаш томонлари бор эди: уларнинг иккови ҳам Яҳовага қаттиқ ишонган ва Уни жуда яхши кўрган. Бу икки киши қалин дўст бўлиб қолиши учун энг зўр асос! Йўнатан қудратли шаҳзода ва тахминан 50 ёшда, Довуд эса оддий чўпон бўлиб, эҳтимол, ҳали 20 га тўлмаган эди. Бу фарқ уларнинг дўстлигига тўсиқ бўлмаган *.

Орасидаги аҳд муносабатларини ҳимоя қилган. Қандай қилиб, дейсизми? Бир ўйлаб кўринг, Довуд Яҳованинг унга нисбатан ниятини, яъни уни Исроилнинг кейинги шоҳи сифатида тайинламоқчи эканини биларди. У буни Йўнатандан яширганми? Асло! Уларнинг дўстлик ришталари сир ва ёлғон эмас, очиқ мулоқот туфайли кучайган. Довуд шоҳ бўлишини билиш Йўнатанга қандай таъсир қилган? Балки у бир кун келиб шоҳ бўлиш ва отасининг хатоларини тўғрилаш умидида бўлгандир. Муқаддас Китобда Йўнатан бу борада салбий туйғулар билан курашгани ҳақида ҳеч нима ёзилмаган; фақат у содиқ ва художўй бўлгани тўғрисида айтилган. Йўнатан Довудни Яҳованинг руҳи бошқарганини кузатган. (1 Шоҳлар 16:1, 11–13) Шу йўсин, у ўз сўзида туриб, Довудни рақиб эмас, дўсти деб билган. Йўнатан Яҳованинг иродаси бажарилишини хоҳлаган.

Йўнатан ва Довуд Яҳовага қаттиқ ишониб, Уни жуда яхши кўришган

Бу дўстлик кўпгина қут-баракалар келтирди. Йўнатан шундай имонни намоён этганидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Яҳованинг ҳар бир хизматчиси дўстликнинг қадр-қиммати ҳақида ўйлаб кўрса яхши бўларди. Ёши ёки келиб чиқиши қандай бўлмасин, дўстларимиз кучли имонга эга бўлса, биз учун баракага айланади. Йўнатан ва Довуд кўп маротаба бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ўзаро далда беришган. Бу уларнинг иккови учун ҳам ёрдам бўлган, чунки уларнинг дўстлигини жиддий синовлар кутган эди.

Кимга содиқ бўлиб қолади?

Аввал Шоул Довудни жуда қадрлаган ва қўшинида унга масъулиятли вазифа топширган. Лекин кўп ўтмай, Шоул Йўнатан ривожланишга йўл қўймаган бир иллатнинг — ҳасаднинг қурбонига айланган. Довуд Исроил халқининг душманлари бўлмиш филистимликларга қарши бирин-кетин ғалабалар қозонган. У шон-шарафга сазовор бўлиб, халқининг севгисига эга бўлган. Исроиллик баъзи аёллар ҳатто: «Шоул минглаб душманларни ўлдирди, Довуд эса ўн минглаб душманларни ўлдирди»,— деб куйлаган. Шоулга бу ёқмаган. Муқаддас Китобда қуйидагиларни ўқиймиз: «Ўша кундан бошлаб, Шоул Довудга шубҳа билан қарайдиган бўлди». (1 Шоҳлар 18:7, 9) У шоҳлигидан айрилиб қолишдан қўрққан. Бу нодонлик эди. Тўғри, Довуд унинг ўрнига шоҳ бўлишини билган, аммо Яҳова тайинлаган шоҳ бошқараётган даврда уни тахтдан ағдаришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган.

Шоул Довудни жангда ўлдиришни режалаштирган, бироқ бу иш бермаган. Довуд жангларда зафар қозонган, халқ уни янада яхши кўриб, ҳурмат қилган. Шунингдек, у Довудни ўлдириш фитнасини тузиш мақсадида уйидагиларини, яъни ҳамма хизматкорларию тўнғич ўғлини бирлаштирмоқчи эди. Тасаввур қилинг, отаси бундай йўл тутаётганини кўриш Йўнатанга қанчалар оғир ботган бўлса керак. (1 Шоҳлар 18:25–30; 19:1) Йўнатан вафодор ўғил эди, лекин шу билан бирга содиқ дўст эди. Қизиқ, бу вазиятда у кимга содиқ бўлиб қолар экан?

Йўнатан отасига шундай деди: «Шоҳим хизматкори Довудга қарши гуноҳ қилмасинлар, чунки у сизга қарши гуноҳ қилмаган. У нимаики қилган бўлса, сизга фойда келтирган. У ҳаётини хавф остига қўйиб филистимликни ўлдиргани учун, Яҳова бутун Исроил халқига буюк ғалаба берган эди. Буни кўриб сиз жуда қувонган эдингиз. Энди нима учун Довудни сабабсиз ўлдирмоқчисиз? Нега бегуноҳ одамнинг қонини тўкмоқчисиз?» У мулоҳазакорлик намоён этиб, ўғлига қулоқ солди ва ҳатто Довудга зиён етказмасликка қасам ичди. Аммо у сўзида турмади. Довуд кўпроқ муваффақиятга эришгач, Шоул унга роса ҳасад қилиб, ғазабга минди ва унга қараб найзасини отди! (1 Шоҳлар 19:4–6, 9, 10) Бироқ Довуд омон қолиб, Шоулнинг саройидан қочиб кетди.

Сиз-чи, кимга содиқ бўлиб қолиш масаласида танловга дуч келганмисиз? Ҳа, бу осон эмас. Масалан, баъзилар сиз оилангизга доим вафодор бўлиб яшашингиз кераклигини насиҳат қилар. Йўнатан бу борада қандай йўл тутиш яхшироқ бўлишини билган. Қандай қилиб у Довуд Яҳовага содиқ ва итоатли бўлган пайтда, отасининг тарафини олиши мумкин эди? Йўнатан Яҳовага садоқатли қолиб қарор чиқарган. Шунинг учун, у Довудни ҳимоя қилган. Гарчи Йўнатан учун Аллоҳга содиқ бўлиш биринчи навбатда бўлган бўлса-да, отасига холисона маслаҳат бериб, унга ўз садоқатини исботлаган. У отаси эшитишни хоҳлаган фикрларни айтмаган. Ҳар биримиз Йўнатандай садоқатли бўлиб кўп фойда кўрамиз.

Садоқат баҳоси

Йўнатан отасига Довуд билан ярашиб олишига яна ёрдам бермоқчи бўлди, лекин Шоул унга умуман қулоқ солмади. Довуд Йўнатаннинг олдига яширинча келиб, қўрқаётганини айтди. Қадрдон дўстига: «Ҳаётим қил устида турибди!» — деди у. Йўнатан унга бу борада отасининг фикрини ва Довуд билан ярашиш истаги бор-йўқлиги ҳақида билиб беришини айтди. Довуд яшириниб олганда, Йўнатан камон ва ўқларидан фойдаланиб унга хабар беришга келишиб олди. У Довуддан қуйидагича ваъда беришни сўради: «Яҳова сенинг барча душманларингни ер юзидан йўқ қилиб ташласа ҳам, менинг хонадонимга доимо меҳр-садоқат кўрсат». Довуд унинг хонадонидагиларга доим ғамхўрлик қилиб, ҳимоя қилишга рози бўлди. (1 Шоҳлар 20:3, 13–27)

Йўнатан отасига Довудни мақтамоқчи бўлди, лекин Шоулнинг жаҳли чиқди. У Йўнатан исёнкор аёлнинг ўғли эканини ва Довудга вафодор бўлгани билан оиласини шарманда қилаётганини айтди. Шоул ўғли ўзи ҳақида ўйлаб кўрсин деб: «Токи Эссайнинг ўғли ер юзида ҳаёт экан, сенинг шоҳлигинг мустаҳкам бўлмайди»,— деди. Йўнатан эса отасидан яна: «Нега у ўлиши керак? У нима қилди?» — деб сўради. Шоулнинг ғазаби қайнаб кетди! Гарчи шоҳнинг ёши ўтиб қолган бўлса-да, ҳали ҳам қудратли жангчи эди. У ўғлига найзасини отди! Шоул моҳир жангчи бўлишига қарамай, нишонга ура олмади. Ҳақорат қилинган ва қаттиқ қайғуга ботган Йўнатаннинг жаҳли чиқиб у ердан кетиб қолди. (1 Шоҳлар 20:24–34)

Йўнатан ўз манфаатларини кўзламаган

Эрталаб эса, у Довуд яшириниб олган жой яқинидаги далага йўл олди. У келишилганидай, отаси ниятидан қайтмаганини Довудга билдириш учун камонидан ўқ отди. Сўнг хизматкорини шаҳарга жўнатди. Шунда Довуд билан кўришиб, оз-моз гаплашиб олишга имкон туғилди. Уларнинг иккови ҳам йиғлади ва Йўнатан қочоқ сифатида яшаётган жонажон дўсти билан қайғу ичида хайрлашиб кетди. (1 Шоҳлар 20:35–42)

Ушбу қийин вазиятда ҳам Йўнатан содиқ ва беғараз эканини исботлади. Барча садоқатли инсонларнинг душмани бўлмиш Шайтон Йўнатан ҳам Шоулдай йўл тутишини ва ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйишини кўриб маза қилган бўларди. Унутмангки, Шайтон одамларнинг худбинлик мойиллигидан фойдаланиб қолишни яхши кўради. Одамато ва Момоҳавога келадиган бўлсак, Шайтон ўз мақсадига эришди. (Ибтидо 3:1–6) Лекин Йўнатан бу мойилликка берилмади. Шайтон қанчалар дарғазаб бўлгандир-а! Сиз ҳам бу мойилликка қарши турибсизми? Маълумки, биз худбинлик юқумли касаллик каби тарқалаётган бир замонда яшаяпмиз. (2 Тимўтийга 3:1–5) Хўш, Йўнатан содиқ ва беғараз бўлиб қолганидан ўрнак оламизми?

Йўнатан содиқ дўст сифатида Довудга унинг ҳаёти хавф остида эканини билдирди

«Сиз мен учун жуда азиз эдингиз»

Шоул Довудга нисбатан туйган нафрати авжига чиқди. Йўнатан отаси ўзини ақлдан озган кишидай тутаётганини ва беайб инсонни ўлдириш ниятида кўриб руҳи тушган эди, чунки у юртни тинтув қилиш учун қўшин йиққан эди. (1 Шоҳлар 24:1, 2, 12–15; 26:20) Йўнатан ҳам бунда қатнашдими? Қизиғи шундаки, Муқаддас Ёзувларда у шу каби юришларда қатнашгани ҳақида ҳеч нима айтилмаган. Йўнатан Яҳовага, Довудга ва аҳдига содиқ қолиб, шундай йўл тута олган.

Унинг ёш дўстига нисбатан туйғулари ҳеч қачон ўзгармаган эди. Вақт ўтиб, у яна Довуд билан учрашди. Улар «Сердарахт жой» деган маънога эга бўлган Хорешда кўришди. Хореш одам яшамайдиган тоғли ҳудуд бўлиб, Хевроннинг жануби-шарқидан бир неча километр узоқликда жойлашгандир. Нега Йўнатан ҳаётини хавф остига қўйиб, дўстини кўришга борди? Муқаддас Китобда айтилишича, у Довуд «Яҳовага бўлган ишончини мустаҳкамлаши» учун бундай қилди. (1 Шоҳлар 23:16) Йўнатан буни қай йўсин амалга оширди?

У ёш дўстига: «Қўрқма»,— деди. Кейин аминлик билан: «Отам сени топа олмайдилар»,— деб айтди. Нима сабабли у шу қадар амин эди? Чунки у Яҳованинг нияти амалга ошишига қаттиқ ишонарди. У яна шундай деди: «Сен Исроил устидан шоҳ бўласан». Бир неча йиллар аввал буни айтиш учун Шомуил пайғамбар тайинланган эди, ҳозир эса Йўнатан Довудга Яҳованинг сўзига доим ишониш муҳимлигини эслатмоқда. Келажакда ўзи нима билан банд бўлиши ҳақида Йўнатан қандай фикрда эди? У Довудга: «Мен эса сендан кейинги одам бўламан»,— деб айтди. Мана шуни камтаринлик деса бўлади! У ўзидан 30 ёш кичик бўлган Довуднинг бошқаруви остида бўлиб, уни ўнг қўли сифатида қўллаб-қувватлашини айтди. Охирида эса: «Отам ҳам буни биладилар»,— деди. (1 Шоҳлар 23:17, 18) Шоул ичида Яҳова кейинги шоҳ сифатида танлаган кишига қарши чиққан одам ғалаба қозона олмаслигини тушунарди.

Довуд ёрдамга муҳтож бўлганда, Йўнатан унга далда берди

Кейинги йиллар мобайнида Довуд шубҳасизки, ўтмишини эслаб, бу учрашувни илиқ туйғулар билан ёдга оларди. Ўшанда улар сўнгги марта учрашган эди. Минг афсуски, Йўнатаннинг Довуддан кейинги одам бўлиш нияти амалга ошмади.

Йўнатан отаси билан бирга Исроил халқининг душмани эканини очиқчасига эълон қилган филистимликларга қарши жангга борганди. Йўнатан тоза виждон билан жангда қатнашган, чунки отасининг хатоларига қарамай, у доим Яҳовага хизмат қилишни биринчи ўринга қўйган. Йўнатан ҳар доимгидай жасорат ва садоқат ила курашган, лекин бу жанг исроилликларга ғалаба келтирмади. Шоул жуда ҳам ёвузлашиб кетди ва Худонинг қонунига қарши чиқиб, ҳатто сеҳр-жодуга қўл урди. Шу боис Яҳова унга барака бермай қўйди. Унинг учта ўғли, жумладан, Йўнатан ҳам жангда ҳалок бўлди. Ўзи эса жароҳатланди ва жонига қасд қилди. (1 Шоҳлар 28:6–14; 31:2–6)

Йўнатан: «Сен Исроил устидан шоҳ бўласан, мен эса сендан кейинги одам бўламан»,— деди. (1 Шоҳлар 23:17)

Довуд дарду аламга ботган эди. Бу жуда меҳрибон ва кечиримли инсон, ҳатто азоб тортишига сабабчи бўлган Шоул ҳақида қайғурган. У Шоул ва Йўнатанга атаб мотам қўшиғини ёзган. Довуднинг, эҳтимол, қуйидаги энг таъсирли сўзлари насиҳатгўй дўстига тегишли: «Биродарим Йўнатан, сизни ўйлаб, қайғураман. Сиз мен учун жуда азиз эдингиз. Менга бўлган севгингиз аёлларнинг севгисидан устун эди». (2 Шоҳлар 1:26)

Довуд Йўнатанга ичган қасамини ҳеч қачон унутмаган. Йиллар ўтгач, у Йўнатаннинг Мефибосит исмли ногирон ўғлини ҳузурига чақиртириб, унга ғамхўрлик қилган. (2 Шоҳлар 9:1–13) Дарҳақиқат, Довуд Йўнатандан садоқат, ҳурмат ва ҳатто қанчалар қийин бўлишидан қатъи назар вафодор бўлиб қолиш борасида ўрнак олган. Биз ҳам ўрнак оламизми? Йўнатанга ўхшаш дўстларни орттиряпмизми? Ўзимиз ҳам шундай дўст бўла оляпмизми? Агар дўстларимизга имонга эга бўлиб, уни мустаҳкамлашга кўмаклашсак, Яҳовага содиқ бўлиб қолишни биринчи ўринга қўйсак ва ўз манфаатимиз пайида бўлмай садоқатли қолсак, Йўнатанга ўхшаш дўст бўла оламиз. Шунингдек, унинг имонига эргашган бўламиз.

^ абз. 10 Йўнатан Муқаддас Ёзувларда илк бор тилга олинганда, Шоул ҳукм сураётганди. У ўша пайтда қўшин қўмондони бўлган, демак ёши камида 20 да эди. (Саҳрода 1:3; 1 Шоҳлар 13:2) Шоул 40 йил ҳукм сурган. У ўлган пайтда Йўнатан тахминан 60 ёшда, Довуд эса 30 ёшда эди. (1 Шоҳлар 31:2; 2 Шоҳлар 5:4) Демак, Йўнатан Довуддан деярли 30 ёшга катта эди.