Асосий материалларга ўтиш

Худо коинотни яратишни қачон бошлаган?

Худо коинотни яратишни қачон бошлаган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобда Аллоҳ коинотни қачон бошлагани ёки қанча вақт мобайнида бу давом этгани ҳақида ёзилмаган. У ерда шунчаки: «Бошида Аллоҳ осмон билан ерни яратди»,— деб ёзилган. (Ибтидо 1:1) Муқаддас Китобда бу «боши» айнан қачон бўлгани ҳақида айтилмаган. Лекин Ибтидо китобидаги маълумотдан, у олти «кун» ёки яратилиш даврларидан олдин юз бергани кўриняпти.

 Яратилишнинг олти куни том маънодаги 24 соатдан иборатми?

 Йўқ. Муқаддас Китобда «кун» сўзи матн таркибига қараб, турли вақт давомийлигини англатиши мумкин. Масалан, яратилишнинг бутун даври (олти кун) Муқаддас Китобда бир «кун» деб аталган. (Ибтидо 2:4)

 Олти кун давомида нималар юз берган?

 Худо «шаклсиз ва бўм-бўш» бўлган ерни тирик жонзотлар яшай оладиган сайёрага айлантирган. (Ибтидо 1:2) Кейин ер юзида ҳаётни вужудга келтирган. Муқаддас Китобда яратилишнинг олтита даври тасвирланган. Ҳар бир куни нима юз берганига диққат қаратайлик.

  •  1- кун: Худо ёруғлик ер юзигача етишига ғамхўрлик қилди ва натижада, кундуз билан тун айланиш даври бошланди. (Ибтидо 1:3–5)

  •  2- кун: Худо сув орасида бўшлиқни яратиб, бўшлиқ пастидаги сувларни бўшлиқ тепасидаги сувлардан ажратди. (Ибтидо 1:6–8)

  •  3- кун: Худо қуруқликни яратди. Шунингдек, ўсимликларни барпо этди. (Ибтидо 1:9–13)

  •  4- кун: Худо ер юзидан яққол кўринадиган ёриткичларни, яъни қуёш, ой ва юлдузларни яратди. (Ибтидо 1:14–19)

  •  5- кун: Худо сувлар ичидаги тирик жонзотларни ва осмонда қанотли жониворларни вужудга келтирди. (Ибтидо 1:20–23)

  •  6- кун: Худо ҳайвонларни ва одамларни яратди. (Ибтидо 1:24–31)

 Олтинчи кун тугагач, Худо «дам олишни бошлади», яъни ҳеч қандай янги нарса яратмай қўйди. (Ибтидо 2:1, 2)

 Ибтидо китобидаги маълумот илмий жиҳатдан исботланганми?

 Муқаддас Китобда дунёнинг яратилиши ҳақидаги маълумот илмий асар эмас. У ерда яратилишнинг ҳар бир даври икир-чикиригача тушунтирилмаган. Унинг мақсади, ҳатто қадимда яшаган ўқувчилар ҳам уни ўқиб Худо турли нарсаларни қандай кетма-кетликда яратганини осонликча тушуна олишига ҳисса қўшишдан иборат. Шу билан бирга, яратилиш ҳақидаги маълумот илм-фан соҳасидаги маълумотга зид эмас. Роберт Ястров исмли астрофизик шундай деб ёзган: «Барча тафсилотлар ҳар хил, аммо ҳаёт қандай пайдо бўлгани ҳақидаги асосий омиллар астрономия ва Муқаддас Китобда бир хил. Одамга бориб тақаладиган воқеаларнинг кетма-кетлиги муайян вақтда дарров ва кутилмаганда бошланган».

 Қуёш, ой ва юлдузлар қачон яратилган?

 Аллоҳ «бошида» яратган қуёш, ой ва юлдузлар «осмон» қисмларига киради. (Ибтидо 1:1) Лекин ер сайёраси бўйлаб атмосфера жуда қалин бўлгани учун, уларнинг ёруғлиги ер юзигача бормаганга ўхшайди. (Ибтидо 1:2) Шунинг учун, тарқоқ ёруғлик биринчи куниёқ кўринган бўлса-да, унинг манбаини кўриш иложсиз эди. Тўртинчи куни эса атмосфера анча очилгандир. Муқаддас Китобда ўшандан бошлаб қуёш, ой ва юлдузлар «ер юзини ёритишни» бошлаган деб ёзилган. Демак, бу, ерда туриб уларни кўриш мумкин бўлганини англатади. (Ибтидо 1:17)

 Муқаддас Китобга кўра ер қанча вақтдан бери мавжуд?

 Муқаддас Китобда ер қанча вақтдан бери мавжудлиги ҳақида ёзилмаган. Ибтидо 1:1 га кўра, коинотнинг, жумладан, ер сайёрамизнинг ҳам боши бўлган. Бу, ернинг қанча вақтдан бери борлиги ҳақидаги илм-фан принциплари ва олимларнинг фикрларига қарама-қарши эмас.