Асосий материалларга ўтиш

Ваҳий 17- бобда тасвирланган тўқ қизил йиртқич ҳайвон нимани англатади?

Ваҳий 17- бобда тасвирланган тўқ қизил йиртқич ҳайвон нимани англатади?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Ваҳий китоби 17- бобда тасвирланган тўқ қизил йиртқич ҳайвон бутун дунё ҳукуматларини бирлаштириб, уларга етакчилик қилмоқчи бўлган ташкилотни англатади. У олдинлари Миллатлар Иттифоқини (Миллатлар Лигаси) билдирган бўлса, ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилотини англатади.

Тўқ қизил йиртқич ҳайвонни аниқлашга ёрдам берадиган тафсилотлар

  1.   Сиёсий ташкилот. Тўқ қизил йиртқич ҳайвоннинг «еттита боши» бор ва улар «еттита тоғни» ва «еттита подшоҳни», яъни бошқараётган ҳокимиятларни англатади. (Ваҳий 17:9, 10) Муқаддас Китобда тоғлар ва ҳайвонлар ҳукуматларнинг рамзидир. (Еремиё 51:24, 25; Дониёр 2:44, 45; 7:17, 23)

  2.   Халқаро сиёсий тизим билан ўхшашликлари. Тўқ қизил йиртқич ҳайвон Ваҳий 13- бобда айтилган халқаро сиёсий тизимни билдирувчи етти бошли йиртқич ҳайвонга ўхшайди. Иккаласининг ҳам еттита боши, ўнта шохи ва Худони ҳақоратлайдиган исмлари бор. (Ваҳий 13:1; 17:3) Бу ўхшашликлар шунчаки тасодиф бўлиши амримаҳол. Тўқ қизил йиртқич ҳайвон халқаро сиёсий тизимнинг тасвири ҳисобланади. (Ваҳий 13:15)

  3.   Бошқа ҳукуматлар унга ҳокимият беради. Тўқ қизил йиртқич ҳайвон бошқа ҳукуматлардан «келиб чиққан», яъни улар унинг бор бўлишида ўз ҳиссасини қўшяпти. (Ваҳий 17:11, 17)

  4.   Динлар билан боғлиқ. Тўқ қизил йиртқич ҳайвон устида ўтирган Буюк Бобил барча сохта динларни англатади. Бу динлар ҳайвонга таъсир ўтказаётганини кўрсатяпти. (Ваҳий 17:3–5)

  5.   Худога иснод келтиради. Бу ҳайвон «Худони ҳақоратлайдиган исмлар билан тўлиб-тошган». (Ваҳий 17:3)

  6.   Вақтинча фаолиятсиз бўлади. Тўқ қизил йиртқич ҳайвон «тубсизликка» a ташланади, яъни фаолиятсиз бўлади, аммо бироз вақтдан кейин у яна пайдо бўлади. (Ваҳий 17:8)

Муқаддас Китобдаги башоратнинг амалга ошиши

 Тўқ қизил йиртқич ҳайвонга тегишли Муқаддас Китобдаги башорат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда ундан олдинги Миллатлар Иттифоқида қандай амалга ошганини кўриб чиқамиз.

  1.   Сиёсий ташкилот. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча аъзоларининг суверен тенглиги принципига асосланиб сиёсатни қўллаб-қувватлаяпти b.

  2.   Халқаро сиёсий тизим билан ўхшашликлари. 2011 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган мамлакатларнинг сони 193 га етди. Бундан кўришимиз мумкинки, БМТ дунё бўйлаб аксарият халқларнинг вакили сифатида фаолият юритишга даъвогарлик қиляпти.

  3.   Бошқа ҳукуматлар унга ҳокимият беради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти унга аъзо бўлган давлатлар туфайли мавжуд ва фақат улар берган ҳокимиятга эга.

  4.   Динлар билан боғлиқ. Миллатлар Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини доим дунёдаги барча динлар қўллаб-қувватлаб келган c.

  5.   Худога иснод келтиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш» учун тузилган d. Бу мақсад мақтовга сазовордай туюлиши мумкин, лекин аслини олганда БМТ фақатгина Худонинг Шоҳлиги амалга оширадиган ишларни бажаришга даъвогарлик қилиб, Аллоҳга иснод келтиряпти. (Забур 46:9; Дониёр 2:44)

  6.   Вақтинча фаолиятсиз бўлади. Биринчи жаҳон урушидан кўп ўтмай тинчликни сақлаш учун Миллатлар Иттифоқи ташкил этилган. Лекин у халқлар орасидаги тажовузкорликнинг олдини ололмаган. Натижада у 1939 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланганида ўз фаолиятини тўхтатган. 1945 йили Иккинчи жаҳон уруши тугагач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барпо қилинган. Унинг мақсади, услуби ва тузилиши Миллатлар Иттифоқи билан жуда ўхшаш.

a Юнон тилини ўрганадиган олимларнинг фикрига кўра, «тубсизлик» сўзи ниҳоятда чуқур ёки тагига етиб бўлмайдиган чексиз деган маънони билдиради. Муқаддас Китобда эса бу сўз қамоқ ёки тутқунлик ҳолати ва бутунлай фаолиятсиз бўлиш маъносида қўлланилган.

b Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2- моддасига қаранг.

c Масалан, 1918 йили Америкадаги кўплаб протестант мазҳабларининг вакили томонидан Миллатлар Иттифоқи «Худо Шоҳлигининг ер юзидаги сиёсий тимсоли» бўлиши ҳақида фикр билдирилган. 1965 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотини қўллаб-қувватлаб, у учун ибодат қилиш мақсадида буддизм, ислом, иудаизм, католик, православ, протестант ва ҳиндуийлик динларининг вакиллари Сан-Францискода йиғилган эди. 1979 йили Рим папаси Иоанн Павел II Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «ҳамиша тинчлик ва адолат бўлишига ҳисса қўшадиган ягона восита бўлиб қолишига» умид қилаётгани ҳақида айтган.

d Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомининг 1- моддасига қаранг.