Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | НИКОҲ

Электрон қурилмалардан ўз ўрнида фойдаланиш

Электрон қурилмалардан ўз ўрнида фойдаланиш

Электрон қурилмалардан фойдаланиш никоҳни мустаҳкамлаши ёки унга путур етказиши мумкин. Сизнинг никоҳингизда электрон қурилмаларнинг ўрни қандай?

 Нимани билишингиз керак?

  • Электрон қурилмалардан оқилона фойдаланиш никоҳни мустаҳкамлаши мумкин. Масалан, баъзи турмуш ўртоқлар бошқа-бошқа жойда бўлишган пайтлари бир-бири билан гаплашиш учун электрон қурилмалардан фойдаланишади.

    «Қисқагина “Сизни севаман” ёки “Сизни соғиндим” деб хабар юбориш турмуш ўртоқларни бир-бирига янада яқинлаштириши мумкин». (Жонатан)

  • Электрон қурилмалардан оқилона фойдаланмаслик никоҳга путур етказиши мумкин. Масалан, айрим турмуш ўртоқлар электрон қурилмаларидан бошини кўтармайди, бу эса улар бир-бирига ажратиши мумкин бўлган вақт ва эътиборни ўғирлайди.

    «Телефондан фойдаланмаган пайтларим эрим мен билан суҳбатлашишга мойилроқ бўлганини бир неча маротаба пайқадим». (Юлисса)

  • Айримларнинг айтишича, улар бир пайтнинг ўзида турмуш ўртоғи билан мазмунли суҳбат қуришни ва электрон қурилмаларидан фойдаланишни эплашади. Жамиятшунос Шерри Тёрклнинг сўзларига кўра, бу «афсонадир». Чунки гарчи одамлар бир пайтнинг ўзида бир нечта ишни бажаришни яхши деб билишса-да, бу доим ҳам ундай эмас. Юқорида сўзлари келтирилган жамиятшуноснинг айтишича, аслида, «қилаётган ишларимиздан ташқари яна қўшимча вазифа олишимиз ишнинг самарадорлигини пасайтиради». a

    «Агар эрим бир пайтнинг ўзида бир нечта иш билан банд бўлмаса, у билан суҳбатлашиш имкони туғилади. У бир нечта иш билан овора бўлганида эса, менинг бор-йўқлигимни унутиб қўяди». (Сара)

Хулоса. Электрон қурилмалардан қай йўсин фойдаланаётганингиз турмушингизни мустаҳкамлаши ёки унга путур етказиши мумкин.

 Нима қила оласиз?

Сиз учун нима энг муҳим эканини аниқланг. Худонинг Каломида: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар»,— деб айтилган. (Филиппиликларга 1:10) Ўзингиздан сўранг: «Электрон қурилмалар турмуш ўртоғим ва мен бир-биримизга ажратишимиз керак бўлган вақт ҳамда эътиборни ўғирламаяптими?»

«Эркак ва аёл ресторанда овқатланиб ўтирган пайтда телефонларига ёпишиб қолганини кўриш ачинарли ҳол. Биз электрон қурилмаларнинг қули бўлиб қолишни ва энг муҳим нарсани, яъни бир-биримизга қандай муносабат қилишни унутиб қўйишни истамаймиз». (Мэтью)

Чекловлар ўрнатинг. Муқаддас Ёзувларда шундай айтилган: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар. Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар». (Эфесликларга 5:15, 16) Ўзингиздан сўранг: «Ҳамма хабарларга улар келиши билан жавоб қайтармасдан, унча шошилинч бўлмаган хабарларни ўқишга ва уларга жавоб беришга кейинроқ вақт ажрата оламанми?»

«Телефонимни овозсиз режимга ўтказиб, хабарларга қулайроқ пайтда жавоб қайтариш менга анча асқатяпти. Кирувчи қўнғироқлар, СМС ёки электрон хатлар камдан-кам ҳолларда ўта шошилинч ва тезкор жавоб қайтаришни талаб қилади». (Жонатан)

Ишга тааллуқли ишларни имкон борича ишхонада бажаринг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор». (Воиз 3:1) Ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Смартфоним орқали ишга тааллуқли ишларни уйда бажараётганим оилавий муносабатларимга таъсир қиляптими? Агар шундай бўлса, бу нимадан кўриняпти? Бу борада турмуш ўртоғимнинг фикри қанақа?»

«Электрон қурилмалар туфайли ҳар ерда ва ҳамма вақт ишлаш имкониятига эгамиз. Хотиним билан бирга вақт ўтказаётганимизда, телефонимни тинимсиз текширмаслик ва ишга алоқадор масалаларни ҳал қилмаслик учун кўп ҳаракат қилишимга тўғри келади». (Мэтью)

Турмуш ўртоғингиз билан электрон қурилмалардан қандай фойдаланишни муҳокама қилинг. Худонинг Каломида: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин»,— деб ёзилган. (1 Коринфликларга 10:24) Турмуш ўртоғингиз билан ҳар бирингиз электрон қурилмалардан қандай фойдаланаётганингиз ва, агар зарур бўлса, ўзгаришлар қилиш кераклиги ҳақида гаплашиб олинг. Буни ушбу мақолада келтирилган муҳокама режасини кўриб чиқишдан бошласангиз бўлади.

«Агар иккимиздан биримиз телефон ёки планшетдан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланаётганимизни сезсак, эрим ва мен бир-биримизга нисбатан ростгўй бўлиб, бу ҳақда гаплашиб оламиз. Бу масала муаммо туғдиришини икковимиз ҳам тан олганимиз учун, бир-биримизнинг нуқтаи назаримизга эътиборли бўлишга ҳаракат қиламиз». (Даниэль)

Хулоса. Электрон қурилмалар хўжайинингиз эмас, хизматкорингиз эканига амин бўлинг.

a «Reclaiming Conversation—The Power of Talk in a Digital Age» номли китобдан олинган.