Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўзингизни нотўғри маълумотдан ҳимоя қилинг

Ўзингизни нотўғри маълумотдан ҳимоя қилинг

 Авваллари, масалан, ўзимизни турли хавф-хатардан ҳимоя қилиш ва соғлом бўлиш борасида ҳозиргидай кўп маълумотга эга бўлиш имконсиз эди. Лекин ҳозир маълумот излаётганда, қуйидагилар борасида ниҳоятда эҳтиёт бўлиш зарур:

 Масалан, COVID-19 пандемияси пайтида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби яна бир эпидемия — ёлғон маълумотлар авжига чиққани борасида огоҳлантирган. У шундай деган: «Соғлик масалаларида ҳар хил зарарли тавсиялар ва бутунлай фойдасиз маслаҳатлар кўпайиб кетяпти. Телевидение ва радио ёлғон маълумотлар билан тўлиб-тошяпти. Интернетда фитна назариялари тарқаляпти. Нафрат юқумли касалликдан ҳам тезроқ тарқаляпти ва турли одамлар ҳамда гуруҳлар орасида бўлинишларни юзага келтиряпти».

 Албатта, ёлғон хабарларнинг тарқалиши янгилик эмас. Лекин Муқаддас Китобда бизнинг пайтимизда «ёмон инсонлар ва ёлғончилар ўзлари янглишибгина қолмай, бошқаларни ҳам йўлдан оздириб, тобора разиллашиб бор»иши башорат қилинган. (2 Тимўтийга 3:1, 13) Интернет орқали тез ва осонликча ёлғон хабарларни олиш ҳамда билмаган ҳолда тарқатиш ҳеч гап эмас. Оқибатда, электрон қурилмаларимиз орқали олаётган янгиликлар бузиб кўрсатилган ва ярим ҳақиқат бўлиши мумкин.

 Хўш, ўзингизни нотўғри маълумотдан ва фитна назарияларидан қандай ҳимоялашингиз мумкин? Келинг, ёрдам бериши мумкин бўлган Муқаддас Китобдаги баъзи принципларга назар солайлик.

  •   Эшитган ёки кўрган ҳамма нарсага ишонаверманг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Содда ҳар бир сўзга ишонади, заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15)

     Эҳтиёт бўлмасак, осонликча алданиб қолишимиз мумкин. Масалан, ёзуви бор расмларни ёки қисқа видеоларни олайлик. Улар Интернетда, айниқса, ижтимоий тармоқларда жуда тез тарқалади. Улар асосан одамларни кулдириш учун мўлжалланган. Бироқ бундай расмларни ва видеоларни осонликча ўзгартириш ёки матн таркибидан кесиб олиш мумкин. Одамлар ҳатто бошқа киши қилмаган ёки айтмаган нарсаларни у худди қилгандай ёки айтгандай видео ярата олишади.

     «Нотўғри маълумотлар бўйича изланиш ўтказадиган аксарият мутахассислар ижтимоий тармоқларда матн таркибидан кесиб олинган расмларни ва видеоларни аниқлайди». («Axios Media»)

     Ўзингиздан сўранг: «Бу ишончли хабарларми?»

  •   Хабар манбаси ва қанчалик ишончли эканини аниқланг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар нарсани текшириб кўр». (1 Салоникаликларга 5:21)

     Бирон хабарга ишонишдан ёки уни кимгадир юборишдан олдин, ҳатто у кенг тарқалган ёки янгиликларда такрорланаётган бўлса ҳам, у рост эканига ишонч ҳосил қилинг. Буни қандай қилиш мумкин?

     Манба қанчалик ишончли эканини аниқланг. Янгиликлар компаниялари ва бошқа ташкилотлар ўз манфаатларини ёки сиёсий мақсадларни кўзлаб хабарларни ўзгартириши мумкин. Кўрганларингизни бошқа манбалар асосида ҳам текширинг. Гоҳида, дўстлар ўзлари билмаган ҳолда электрон почта ёки ижтимоий тармоқлар орқали бир-бирига нотўғри маълумотларни юбориши мумкин. Шу боис хабар келиб чиққан илк манбани топмагунингизча унга ишонманг.

     Хабар қанчалик аниқ эканига ва эскириб қолмаганига ишонч ҳосил қилинг. Санасига эътибор беринг, фактларни ва исботларни текширинг. Айниқса, мураккаб маълумотлар жуда оддий қилиб кўрсатилса ёки бирон хабар сизни бошқача муносабат кўрсатишга ундаса, ниҳоятда эҳтиёт бўлинг.

     «Фактларни текшириш ҳозирги кунда худди қўл ювиш каби зарурий жараёндай бўлиб қолган». (БМТнинг сотув ва егулик хавфсизлиги бош вакили Сридхар Дхармапури)

     Ўзингиздан сўранг: «Бу янгиликларда фактлар кўрсатиляптими ёки кимнингдир фикри олға суриляптими? Ҳодисалар бир томонлама тақдим этиляптими?»

  •   Сизни ўзингизга ёқадиган нарсалар эмас, фактлар йўналтирсин

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ўз қалбига ишонган аҳмоқдир». (Ҳикматлар 28:26)

     Ўзимиз ишонишни хоҳлаган нарсаларни тасдиқлайдиган маълумотларга ишонишга мойилмиз. Интернет компаниялари эса одатда бизнинг қизиқишларимизга ёки ижтимоий тармоқларда кўрган нарсаларимизга қараб маълумотларни саралаб беради. Лекин эшитишни ёқтирадиган хабарлар доим ҳам биз эшитишимиз керак бўлган нарса эмас.

     «Одамлар мулоҳазакор бўлиб, мантиқан ўйлай олади. Лекин истакларимиз, орзуларимиз, қўрқувларимиз ва ниятларимиз кўп ҳолларда онгимиздан устун келгани учун ишонишни истаган маълумотимизни ҳақиқатдай қабул қилишга мойил бўламиз». (Питер Дитто, психолог)

     Ўзингиздан сўранг: «Маълумотга ишонгим келгани учунгина уни рост деб ҳисоблаяпманми?»

  •   Нотўғри маълумотни тарқатманг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ёлғон гапларни тарқатманглар». (Чиқиш 23:1)

     Бошқалар билан бўлишаётган ҳар қандай маълумот кучга эга эканини унутманг. У одамнинг фикрларию хатти-ҳаракатларига таъсир қилади. Агар нотўғри маълумотни билмаган ҳолда тарқатаётган бўлсангиз ҳам, оқибатлари зарарли бўлиши мумкин.

     «1-қоида: шошманг, тўхтаб ўзингиздан сўранг: “Юбормоқчи бўлган маълумотим ишончли эканига аминманми?” Бу қоидага ҳамма амал қилганида эди, Интернет ҳозиргидай нотўғри маълумотлар билан тўлиб-тошмаган бўларди». (Питер Адамс, News Literacy Project бош вице-президенти)

     Ўзингиздан сўранг: «Бу маълумотни юборишдан аввал у рост эканига амин бўлдимми?»