Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

6- ҚИСМ

Яҳова Таоло бизни қандай ният билан яратган?

Яҳова Таоло бизни қандай ният билан яратган?

Ҳазрати Сулаймон ҳаётнинг мазмунини билишга интилган.

ЯҲОВАНИ яқиндан таниб-билиш, сиз учун нимани англатади? Жуда кўп нарсани. Масалан сиз, миллионлаб кишиларни қийнаб келаётган саволга, яъни: «Ҳаётнинг мазмуни нимада?» деган саволга жавоб топасиз. Бу савол сизни ҳам вақти-вақти билан қизиқтираётгандир. Ўз вақтида бойлиги билан «ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетган» бир доно шоҳ, ҳаётнинг мазмунини билишга интилган (3 Шоҳлар 10:23; Воиз 2:1-13). Мазкур шоҳ — ҳазрати Сўлаймон, буюк давлат, мол-мулк, беқиёс донолик эгаси бўлган. Хўш, кузатувларининг натижаси қандай эди? «Ҳамма нарса айтилди, мана энди хулоса: Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир» (Воиз 12:13). Модомики Сулаймоннинг ҳаётий тажрибаси аксар инсонлардан устун экан, унинг хулосаси диққатимизга сазовордир (Воиз 2:12).

2 Худодан қўрқиш — аллақандай руҳий кучдан ваҳимада бўлишни англатмайди. Аксинча, бу севган кишингизнинг дилини оғритишдан қўрқиш кабидир. Бирор кимни чин дилдан севсангиз, уни ранжитиш тугул, ҳамиша мамнун қилишга ҳаракат қиласиз. Худди шундай, Эгамиз Яҳовани таниб севган сари, сиз бу каби туйғуларни ҳис этасиз.

3 Муқаддас Китобни ўқиб бориб, сиз Яратувчимизга нима ёқар-ёқмаслигини ҳамда нима мақсад билан ерни яратганлигини билиб борасиз. Муқаддас Китоб Яҳовани «еру кўкни яратган Худойи Таоло» сифатида тасвирлаб, «ерни У инсон ўғилларига берган» деб таъкидламоқда (Ибтидо 14:19; Забур 113:24). Ҳа, Яҳова Таоло ерни инсонлар учун барпо этган, улар эса ер юзини ҳамда тирик жонзодларни сақлаб парвариш қилишлари лозим эди (Ибтидо 1:28). Аммо Яҳова инсонларни фақат парваришловчи бўлишсин, деган ниятда яратганми?

Одам Ато ва Момо Ҳаво Худо билан ўзгача муносабатда бўлишган.

4 Йўқ, Раббимиз Яҳованинг ниятлари бундан ҳам юксак эди. Илк яратилган инсон, Одам Ато Худо билан ўзгача муносабатда бўлган. Одам Ато ўз Яратувчиси билан бевосита мулоқотда бўла олган. У Тангри Яҳовага ўз фикрини изҳор этиб, Унинг овозини эшита олар эди (Ибтидо 1:28-30; 3:8-13, 16-19; Ҳаворийлар 17:26-28). Шу боисдан, Одам Ато ва Момо Ҳавонинг, Тангри Яҳовани яқиндан таниб-билиш ҳамда У билан чуқур муносабатлар ривожлантириш имкониятлари бўлган. Яҳова Таолони таниб-билиб, унга тақлид қилган сари уларнинг ҳаёти бахтга тўлар эди, чунки У «муборак Худодир» (1 Тимўтийга 1:11). «Завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл эҳсон этган» Парвардигор Яҳова, ўз вақтида Одам Ато билан Момо Ҳавони Адан боғида жойлаштириб, уларга мангу яшаш имкониятини берган эди (1 Тимўтийга 6:17; Ибтидо 2:8, 9, 16, 17).

Ҳужайралар тўғрисидаги сўнгги тадқиқотлар нимани исботлади?

5 Мангу яшаш? «Бемаъни гапларни қўйсангиз-чи»,— деб эътироз билдиришингиз мумкин; лекин хулоса чиқаришга шошилманг. Олимлар, нима сабабдан ҳўжайралар яроқсиз ҳолатга келганини аниқладик, деб ўйлашмоқда. Хромосомаларнинг учида жойлашган теломера номли генетик моддалар ҳужайраларнинг ҳар бўлинишида қисқаради. Ҳужайралар 50-100 маротаба бўлинганидан сўнг теломералар яроқсиз ҳолга келиб, ҳужайраларнинг аксар қисми бўлинмай қолади. Бироқ, сўнгги илмий тадқиқотларга кўра, теломераза деб номланган фермент ёрдамида, одам ҳужайралари узлуксиз бўлиниш қобилиятига эга. Мазкур тадқиқот, Яратувчимиз Яҳова бизга махсус фермент ёрдамида мангу ҳаёт ато этишини англатмаса-да, мангу ҳаёт бемаъни фикр эмаслигини исботламоқда!

6 Ҳа, Муқаддас Китоб, илк инсон жуфти чиндан ҳам мангу яшаш учун яратилганлигини кўрсатмоқда. Одамзод Яҳова билан муносабатларини мангу ривожлантириши мумкин эди. Улар Тангрининг одамзодга оид ниятини аниқ билиб олиб ҳамда уни рўёбга чиқариб, ўз Яратувчиси билан дўстлик ришталарини тиклашлари мумкин эди. Уларнинг ҳаёти зерикарли бўлиб, бир зайлда ўтмас эди. Одам Ато билан Момо Ҳаво ер юзини саодатли, мукаммал инсонлар билан тўлғазиш вазифасига эга бўлишган. Шунингдек уларнинг ўта қизиқарли мазмунга эга ва то абад давом этадиган ишлари бўлган. Бу ҳақиқатан ҳам бахтли ҳаёт, шундай эмасми?! (Ибтидо 1:28).