Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Ёшлигида чиқарган қароридан у асло афсусланмаган

Ёшлигида чиқарган қароридан у асло афсусланмаган

УМРИНИНГ сўнгги йилларида, отамнинг тоғаси Николай Дубовинский кўрган-кечирганлари ҳақида баъзи маълумотларни тўплаган эди. Ҳаётининг аксарияти собиқ Совет Иттифоқи давридаги тақиқ остида Яҳовага хизмат қилиш билан ўтган ва у қувончу ташвишларни бошдан кечирган. Синовлару қийинчиликларга қарамай, у садоқати ҳамда ҳаётга бўлган ажойиб севгисини асло йўқотмаган. Николай тоға, унинг ҳаётида юз берган воқеаларни ёшлар эшитишларини хоҳлаётганини тез-тез такрорлаб турарди. Шунинг учун, улардан энг диққатга сазоворларини айтиб бермоқчиман. У 1926 йили Черновиц вилоятининг (Украина) Подворьевка қишлоғида деҳқонлар оиласида таваллуд топган.

ҲАҚИҚАТНИ БИЛИБ ОЛИШИ

Николай тоға шундай гап бошлади: «1941 йили кунларнинг бирида, акам Иван уйимизга “Илоҳий арфа”, “Худонинг инсоният учун нияти” номли китоблар, бир нечта “Қўриқчи минораси” журнали ва айрим букламаларни олиб келди. Мен уларнинг барини ўқиб чиқдим. Дунёдаги барча азоб-уқубатларнинг сабабчиси Худо эмас, Шайтон эканини билиб ҳайратда қолдим. Адабиётлардан ташқари, Инжилни ҳам ўқиб чиқдим ва ҳақиқатни топганимни англадим. Кейин, Шоҳликка бўлган умидимни бошқалар билан ғайрат ила баҳам кўра бошладим. Бу адабиётларни тадқиқ қилганим сайин, ҳақиқатни яхшироқ тушунардим ҳамда Яҳовага хизмат қилиш истагим кучайиб борарди.

Эътиқодим туфайли азоб чекишимни билардим. Бу уруш вақти эди ва мен ҳеч кимни ўлдирмоқчи эмасдим. Олдинда кутаётган синовларга ўзимни тайёрлаш мақсадида, Муқаддас Китобдан Матто 10:28 ҳамда 26:52 каби оятларни ёдлай бошладим. Ҳатто ўлишга тўғри келса ҳам, Яҳовага доим содиқ қолишга қатъий қарор қилгандим.

1944 йили 18 га тўлганимда, мени ҳарбий хизматга чақиришди. Ўшанда мен илк бор шунча биродарлар орасига тушиб қолган эдим. Сабаби, улар билан бирга ҳарбий хизматга чақириладиган махсус жойда тўплангандик. Биз давлат ходимларига урушда қатнашмаслигимизни иккиланмай айтдик. Ғазабга минган ҳарбийлар бизни оч қолдиришларини, зовур қазишга жўнатишларини ёки шунчаки отиб ташлашларини айтиб, қўрқитишди. Биз таб тортмай: “Мана, сизнинг қўлингиздамиз. Нима қилишингиздан қатъи назар, биз Худонинг: “Қотиллик қилманг”,— деган амрини бузмаймиз”,— дедик (Чиқ. 20:13).

Буни қарангки, мени иккита акамиз билан бирга Белоруссияга дала ишларини бажаришга ва зарар кўрган уйларни қайта тиклашга жўнатишди. Минск атрофида бўлганимда, урушнинг мудҳиш асоратларини кўрганим аниқ ёдимда. Йўл ёқасидаги дарахтлар куйиб, кулга айланган эди. Кўмилмаган мурдалар ва жизғанак бўлган отлар, ариқлару ўрмонда ёйилиб ётарди. Ташлаб кетилган юк машиналар, қурол-аслаҳалар ва ҳалокатга учраган самолётларни кўрганман. Кўз ўнгимда, Худонинг амрларини бузишнинг оқибатлари яққол намоён бўлган эди.

Уруш 1945 йили тугади, аммо биз унда қатнашишдан бош тортганимиз учун яна ўн йил қамоқ жазосига маҳкум этилдик. Илк уч йил давомида, учрашувлар ўтказа олмадик ва маънавий озуқамиз ҳам йўқ эди. Баъзи опалар билан хат ёзишиб турардик, бироқ уларни ҳам хибсга олишди ва 25 йилга меҳнат лагерига ҳукм қилишди.

1950 йили, белгиланган муддатдан аввал озодликка чиқдик ва уйга қайтдик. Қамоқда ўтирганимда, онам ва синглим Мария Яҳованинг Шоҳидлари бўлишибди. Акаларим эса, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишаётган экан. Хушхабарни ғайрат ила ваъз қилганим учун, давлат хавфсизлигини сақлаш (КГБ) ходимлари мени яна қамоққа жўнатмоқчи бўлишди. Сўнг, масъулиятли биродарлар адабиётларни махфий равишда нашр этишга ёрдам беришимни сўрашди. Ўшанда, 24 ёшда эдим.

АДАБИЁТ ТАЙЁРЛАШ

Яҳованинг Шоҳидлари шундай дейишни ёқтиришарди: “Агар Шоҳлик иши ер юзида тақиқланса, у ер остида давом этади” (Ҳик. 28:28). Ўша пайтларда, адабиётларимизнинг анчаси яширин равишда ертўлаларда кўпайтириларди. Менинг илк “ишхонам” акам Дмитрий яшайдиган уйнинг ертўласи бўлган. Баъзан икки ҳафталаб у ердан чиқмас эдим. Керосин лампа кислород етишмагани боис ўчиб қолса, хона тоза ҳаво билан тўлмагунча ётиб кутардим.

Николай адабиётларни кўпайтирган махфий ертўланинг чизмаси

Бир куни, мен билан ишлайдиган битта акамиз: “Николай, сувга чўмганмисиз?” — деб сўради. Яҳовага 11 йилдан бери хизмат қилаётган бўлсам-да, ҳамон сувга чўммаган эдим. Шу йўсин, биродаримиз мен билан бу масалани муҳокама қилгач, ўша кечаси 26 ёшимда, кўлда сувга чўмдирилдим. Уч йил ўтиб, менга Мамлакат қўмитаси аъзоси бўлишдек, қўшимча масъулиятни топширишди. У пайтда, озодликда бўлган биродарларни ҳибсга олинганларнинг ўрнига тайинлашди ва Шоҳлик фаолияти давом этди.

ЕРТЎЛАДА ИШЛАШНИНГ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРИ

Ертўлада адабиёт нашр этиш иши, қамоқда ўтиришдан ҳам қийинроқ эди! Етти йил давомида, КГБнинг назарига тушмаслик учун, жамоат учрашувларига бора олмасдим ва маънавийлигимга ўзим ғамхўрлик қилишим керак эди. Оила аъзоларимни кўришга камдан-кам борардим. Шукурки, улар мени тушунишарди ва бу менга далда бағишларди. Доимий стресс ва эҳтиёткор бўлиш кераклиги мени ҳолдан тойдирарди. Ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак эди. Масалан, бир куни иккита милиция ходими мен турган уйга келди. Шунда, уйнинг нариги томонидаги ойнадан сакраб тушдим-да, ўрмонга қараб қочдим. Далада чопиб кетаётганимда, ғалати бир товуш қулоғимга чалинди. Милтиқ товушини эшитганимда, бу ўқ садоси эканини англадим. Таъқиб қилувчиларнинг бири отга миниб, қуроли бўшамагунича, менга ўқ узаверди. Битта ўқ қўлимга тегди. 5 километр ортимдан қувишгач, ниҳоят ўрмонда яшириниб, улардан қутулдим. Кейинроқ билишимча, менга 32 марта ўқ узишган экан!

Ертўлада жуда кўп вақт ўтказганим туфайли, рангим ўчиб кетганди. Бу, ер остидаги ишимнинг асорати эди. Шунинг учун, иложи пайдо бўлганида вақтимни қуёш нурлари остида ўтказишга ҳаракат қилардим. Ертўладаги ҳаёт соғлигимга ҳам таъсир қилди. Бир сафар, бурним ва оғзим қонагани боис, ҳатто биродарлар билан ўтадиган муҳим учрашувга бора олмагандим.

НИКОЛАЙНИНГ ҲИБСГА ОЛИНИШИ

1963 йили Мордовиядаги меҳнат лагерида

1957 йили 26 январда мени ҳибсга олишди. Олти ой ўтгач, Украина Олий суди ҳукмни эълон қилди. Мени отиб ўлдиришга маҳкум қилишганди, бироқ мамлакатда ўлим жазоси бекор қилингани боис, ҳукмни 25 йиллик қамоқ жазосига алмаштиришди. Саккизтамизга, умумий ҳисобда 130 йил жазони меҳнат лагерларида ўташ белгиланди. Бизни Мордовиядаги лагерларга жўнатишди. У ерда тахминан 500 та Яҳованинг Шоҳиди бор эди. Биз кичик гуруҳларга бўлинардик ва яширинча учрашиб, “Қўриқчи минораси”ни тадқиқ қилардик. Мусодара қилинган айрим журналларимизни қараб чиққач, бир назоратчи: “Агар уларни ўқишда давом этсангизлар, сизларни ҳеч нарса енга олмайди!” — деган эди. Биз доим ҳалол меҳнат қилиб, одатда белгиланганидан кўпроқ иш бажарардик. Лагер бошлиғининг бизга раҳми келиб, шундай деган эди: “Бу ерда қилаётган ишингиз биз учун муҳим эмас. Садоқатли бўлиб, қонун-қоидага риоя қилсангиз бас”».

«Биз доим ҳалол меҳнат қилиб, одатда белгиланганидан кўпроқ иш бажарардик»

У ОХИРИГАЧА САДОҚАТНИ САҚЛАДИ

Великие Лукидаги Йиғилиш Зали

1967 йили меҳнат лагеридан озод этилгач, Николай тоға Эстонияда ҳамда Санкт-Петербургда (Россия) жамоатлар ташкил қилишга кўмаклашган. 1991 йилнинг бошларида, жиноят содир этилгани ҳақида далиллар бўлмагани сабаб, 1957 йили чиқарилган қарор бекор қилинди. Ўша вақтларда, ҳукуматнинг шафқатсиз муносабатидан азият чеккан кўплаб Яҳованинг Шоҳидлари оқланишди. 1996 йили, Николай тоға Санкт-Петербургдан деярли 500 километр нарида жойлашган Псков вилоятидаги Великие Луки шаҳрига кўчди. У кичкина уй сотиб олди ва 2003 йили унинг ҳовлисида Йиғилиш Зали қурилди. Ҳозир, у ерда иккита жамоат йиғилишларини ўтказяпти.

Турмуш ўртоғим иккимиз Яҳова Шоҳидларининг Россиядаги филиалида хизмат қиляпмиз. Николай тоға вафотидан бир неча ой олдин, 2011 йилнинг март ойида бизни сўнгги бор кўргани келган эди. Унинг қувонч ила айтган қуйидаги сўзлари бизга чуқур таъсир қилди: «Содир бўлаётганларни кузатиб, шуни айтишим мумкинки, қайсидир маънода Ерихо атрофида еттинчи кун айланиш бошланди» (Ёшуа 6:14). Николай тоға 85 ёшда эди. Ҳаёти осон кечмаган бўлса-да, у мана бу сўзларни айтганди: «Ёшлигимдаёқ Яҳовага хизмат қилишни танлаганимдан ниҳоятда бахтиёрман! Бундан асло афсусланмаганман!»