Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Исонинг жасорати ва ақл-идрокига тақлид қилинг

Исонинг жасорати ва ақл-идрокига тақлид қилинг

Масиҳни ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз-да, уни севасизлар. Ҳозир ҳам кўрмаётганингизга қарамай, унга ишоняпсизлар. 1 БУТР. 1:8

1, 2. а) Қай йўсин нажотга етаклайдиган йўлдан юра оламиз? б) Саёҳатимизни давом эттиришда бизга нима ёрдам беради?

МАСИҲНИНГ издоши бўлганимизда, рамзий маънода худди саёҳатга йўл олгандай бўламиз. Бу саёҳатнинг охири эса ё самодаги ё ердаги ҳаётга олиб келиши мумкин. Исо издошларига шундай деган: «Фақат охиригача [ҳаётининг ёки бу ёвуз дунёнинг охиригача] чидаган қутулади» (Мат. 24:13). Агар одиллик йўлини маҳкам ушласак, нажот топишимиз мумкин. Бироқ бу саёҳат давомида чалғишдан ёки йўқолиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз даркор (1 Юҳан. 2:15–17). Саёҳатимизни давом эттиришда бизга нима ёрдам беради?

2 Бу борада Исо бизга ўрнак қолдириб, саёҳатни бошлаб берган. Унинг саёҳати, яъни ҳаёт тарзи ҳақида Муқаддас Китобда ёзилган. Бу маълумотни тадқиқ қилиб, Исо қанақа бўлганини билиб оламиз. Шунда, Исога бўлган севгимиз ва ишончимиз ошади (1 Бутрус 1:8, 9 ни ўқинг). Ҳаворий Бутрус, Исо бизга намуна қолдириб, унинг изидан оғмай юришимиз кераклигини айтганини эслаб кўрайлик (1 Бутр. 2:21). Агар Исонинг изидан оғмай юрсак, имонимизнинг «натижаси» бўлмиш нажотга эришамиз *. Олдинги мақолада, қандай қилиб Исонинг камтарлигига ва шафқатига эргаша олишимизни муҳокама қилган эдик. Энди келинг, жасорат ва ақл-идрокни кўрсатишда қай йўсин Исонинг изидан юриш мумкинлигини кўриб чиқайлик.

ИСОНИНГ ЖАСОРАТИ

3. Жасорат қандай фазилат ва уни қай йўсин намоён эта оламиз?

3 Жасорат, қийинчиликларда мустаҳкам бўлишга ва уларга дош беришга кўмаклашадиган фазилатдир. Жасоратли бўлиш «қийинчиликларга дуч келганда қўрқмаслик», «одиллик тарафида бўлиш» ва «азоб-уқубатларни қатъий ишонч билан қарши олиш» демакдир. Жасорат фазилати қўрқув, умид ва севги билан ҳамоҳанг. Қандай қилиб дейсизми? Худони ранжитишдан қўрқиш, одамдан қўрқишни енга олиш учун жасорат бахш этади (1 Шоҳ. 11:7; Ҳик. 29:25). Чин умид ҳозирги қийинчиликларга эмас, балки келажакка тўла ишонч билан қарашга кўмаклашади (Заб. 26:14). Фидойи севги, ҳатто ҳаётимиз хавф остида бўлганда ҳам жасоратни намоён этишга ундайди (Юҳан. 15:13). Агар Худога таяниб, Ўғлининг изидан юрсак, жасоратли бўла оламиз (Заб. 27:7).

4. Қай йўсин Исо маъбадда жасоратни намоён этган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

4 Масалан, ҳатто 12 ёшда бўлган Исо жасорат ила одиллик томонини эгаллаган. Ўшанда Исо маъбадда дин муаллимлари орасида ўтирганида, нима содир бўлганига эътибор беринг (Луқо 2:41–47 ни ўқинг). Ўша муаллимлар нафақат Тавротни, балки яҳудийларнинг урф-одатларини ҳам яхши билишган. Бу урф-одатлар дастидан Таврот қонунига бўйсуниш оғир бўлган. Бироқ Исо буни билиб жим ўтирмаган, аксинча уларга саволлар берган. У шунчаки қизиқувчан болага хос саволларни бермаган. Исо чуқур маъноли саволлар бериб, ўша муаллимларни тинглашга ва фикр юритишга ундаганини тасаввур қилсак бўлади. Шунингдек, улар Исодан айб топиш ниятида шубҳали саволлар беришса-да, бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Тинглаётганларнинг ҳаммаси, жумладан муаллимлар ҳам Исонинг «фаҳм-идрокига ва бераётган жавобларига лол қолишган». Шубҳасиз, унинг жавоблари Худонинг Каломидаги ҳақиқатга мувофиқ бўлган!

5. Хизмати давомида Исо жасоратни қандай намоён этган?

5 Хизмати давомида Исо жасоратни турлича намоён этган. Исо, одамларни сохта таълимотлар билан чалғитаётган дин раҳбарларини фош қилган (Мат. 23:13–36). У дунёнинг булғовчи таъсирига қатъият ила қарши турган (Юҳан. 16:33). Исо, душманларнинг қаршилигига қарамай ваъз қилишни давом эттирган (Юҳан. 5:15–18; 7:14). У ҳақ топинишни булғаётганларни икки марта жасорат ила маъбаддан ҳайдаб чиқарган (Мат. 21:12, 13; Юҳан. 2:14–17).

6. Исо ердаги ҳаётининг сўнгги кунида жасоратни қандай намоён этган?

6 Қийинчиликларга дуч келганимизда, Исо жасорат борасида қолдирган ўрнаги имонимизни мустаҳкамлайди. Исо ердаги ҳаётининг сўнгги кунида жасоратни қандай намоён этганини кўриб чиқайлик. Унга хоинлик қиладиган киши туфайли содир бўладиган воқеаларнинг кетма-кетлигини у яхши билган. Фисиҳ таомини тановул қилишаётганида, Исо Яҳудо Ишқариётга шундай айтган: «Қиладиганингни тезроқ қил» (Юҳан. 13:21–27). Аскарлар Исони ҳибсга олиш учун Гетсемания боғига келишганда, у қўрқмасдан ўзини уларнинг қўлига топширган. Гарчи Исонинг ҳаёти хавф остида бўлса-да, у шогирдларини ҳимоялаш учун гапирган (Юҳан. 18:1–8). Олий Кенгашда уни сўроққа тутишганда, у довюраклик билан Масиҳ ва Худонинг Ўғли эканини тан олган. Ўшанда Исо, олий руҳоний уни ўлдириш учун баҳона қидираётганини билса-да, сира ҳам қўрқмаган (Марк 14:60–65). У азоб устунидаги ўлимигача покдил бўлиб қолган. Исо ҳаётининг сўнгги онларида нафаси узилишидан олдин: «Амалга ошди!» — деб хитоб қилган (Юҳан. 19:28–30).

ИСОНИНГ ЖАСОРАТИГА ЭРГАШИНГ

7. Азиз ёшлар, Яҳованинг исми билан аталишдан ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз ва жасоратли эканингизни қай йўсин тасдиқлай оласиз?

7 Жасоратни намоён этишда Исога қандай тақлид қила оламиз? Мактабда. Азиз ёшлар, сиз синфдошларингиз ва бошқалар устингиздан кулишларини билсангиз ҳам, Яҳованинг Шоҳиди эканингизни очиқчасига билдириб, жасоратли эканингизни тасдиқлаяпсиз. Бундай йўл тутиб, Яҳованинг исми билан аталишдан фахрланаётганингизни кўрсатасиз (Забур 85:12 ни ўқинг). Масалан, сиз эволюция назариясини қабул қилмаганингиз учун, айрим қаршиликларга дуч келарсиз. Аммо Муқаддас Китобда яратилиш ҳақида айтилганлар ҳақиқат эканида амин бўлиш учун жиддий сабабларингиз бор. Шунинг учун, «Худо бизга ғамхўрлик қиляптими?» номли рисолани қўллаб, «умидингиз ҳақида сўраган ҳар бир кишига» аниқ жавоб берсангиз бўлади (1 Бутр. 3:15). Худонинг Каломидаги ҳақиқатга мувофиқ гапирганингизни билиш сизга мамнуният бахш этади.

8. Жасорат билан ваъз қилишимиз учун қанақа сабаблар бор?

8 Хизматимизда. Худонинг хизматчилари сифатида биз ҳамиша «Яҳованинг номидан жасорат билан ваъз қилишимиз» керак (Ҳавор. 14:3). Жасорат билан ваъз қилишимиз учун қанақа сабаблар бор? Ваъз қилаётганларимиз ҳақиқат эканини биламиз, чунки улар Муқаддас Китобга асосланган (Юҳан. 17:17). «Тангрининг хизматдошлари» эканимизни ҳамда муқаддас руҳ қўллаб-қувватлаётганини тан оламиз (1 Кор. 3:9; Ҳавор. 4:31). Ғайрат ила шоҳидлик бераётганимиз, Яҳовага бағишланганимиздан ва яқинимизга бўлган севгимиздан далолат беришини тушунамиз (Мат. 22:37–39). Жасоратга тўлсак, ваъз қилишни тўхтатмаймиз. Аксинча, одамларнинг «зеҳнларини кўр қилиб қўйган» сохта таълимотларни фош қилишга қароримиз қатъий (2 Кор. 4:4). Одамларнинг бефарқлиги, устимиздан кулиши ёки қаршиликларга қарамай, хушхабарни ваъз қилишда давом этамиз (1 Салон. 2:1, 2).

9. Қийинчиликларга дуч келганда жасоратни қандай намоён эта оламиз?

9 Қийинчиликларга дуч келганда. Худога таянсак, қийинчиликларни енгишимиз учун У бизга ишонч ва жасорат ато этади. Мабодо, азиз инсонимиз ҳаётдан кўз юмса, қайғурамиз. Аммо умидимизни йўқотмаймиз. «Тасалли берадиган Аллоҳ» қўллаб-қувватлашига ишончимиз комил (2 Кор. 1:3, 4; 1 Салон. 4:13). Жиддий касалликка йўлиқсак ёки шикастлансак, оғриқдан азоб чекишимиз мумкин, лекин Худога номаъқул ҳар қандай муолажаларни рад этамиз (Ҳавор. 15:28, 29). Тушкунликка тушганимизда қалбимиз бизни ҳукм қилиши ҳеч гап эмас, аммо кўнгли чўкканларга яқин бўлган Худога таянсак, таслим бўлмаймиз * (1 Юҳан. 3:19, 20; Заб. 33:19).

ИСОНИНГ АҚЛ-ИДРОКИ

10. Ақл-идрок қандай қобилият ва Яҳованинг хизматчиси гапларию ишларида уни қандай намоён эта олади?

10 Ақл-идрок, тўғри ва нотўғри бўлган нарсаларни фарқлаб, кейин эса энг яхшисини танлаш қобилиятидир (Иброн. 5:14). Унга «маънавий масалалар борасида соғлом фикр юритиш қобилияти» деб таъриф бериш мумкин. Ақл-идрокли масиҳий гаплари ва ишлари билан Худони мамнун қилади. Бундай инсон сўзларини танлаб, бошқаларга зиён етказишнинг ўрнига ёрдам беради (Ҳик. 11:12, 13). У «жаҳлни тия» олади (Ҳик. 15:18). Шунингдек, у «тўғри юради», яъни бутун ҳаёти давомида доно қарорлар чиқаради (Ҳик. 15:21). Қандай қилиб ақл-идрокли бўла оламиз? Бунинг учун Худонинг Каломини тадқиқ қилиб, ўрганганларимизни амалда қўллашимиз даркор (Ҳик. 2:1–5, 10, 11). Айниқса Исонинг мисолини тадқиқ қилиш фойдали, чунки у ер юзида яшаган одамларнинг энг ақл-идроклиси эди.

11. Исо нутқида ақл-идрокни қандай кўрсатган?

11 Исо гапида ҳам, ишида ҳам ақл-идрокни кўрсатган. Нутқида. У хушхабарни ваъз қилишда фаросатли бўлиб, тингловчиларни ҳайрон қолдирадиган «ёқимли сўзларни» айтган (Луқо 4:22; Мат. 7:28). Исо фикрини тасдиқлаш учун кўпинча Худонинг Каломидан ўқиб берарди, оятлар келтирарди ёки унга ишора қиларди (Мат. 4:4, 7, 10; 12:1–5; Луқо 4:16–21). Шунингдек у, Муқаддас Ёзувларни шу даражада тушунтириб берар эдики, сўзлари тингловчиларнинг юрагига қаттиқ таъсир қиларди. Исо тирилганидан сўнг, Эммаусга кетаётган иккита шогирдига Муқаддас Ёзувларда «ўзи ҳақида нима ёзилганини талқин қилиб берган» эди. Кейинроқ шогирдлари шундай деб айтишган: «Муқаддас Ёзувларни талқин қилганда, юракларимиз ўртаниб кетмаганмиди?» (Луқо 24:27, 32).

12, 13. Қайси мисоллар Исо жаҳлини тия оладиган ва мувозанатли бўлганини кўрсатмоқда?

12 Ҳис-туйғулари ва муносабатида. Ақл-идрок Исога туйғуларини жиловлаб, «жаҳлини тийишга» ёрдам берган (Ҳик. 16:32). У «мулойим» бўлган (Мат. 11:29). Исо шогирдларининг камчиликларига қарамай, уларга нисбатан доим сабр-тоқатли эди (Марк 14:34–38; Луқо 22:24–27). Уни ҳатто ноҳақ айблашганда ҳам, у хотиржамликни сақлаган (1 Бутр. 2:23).

13 Шунингдек, ақл-идрок Исога мувозанатли бўлишга кўмаклашган. У Таврот қонунининг асл маъносини тушунган ва шунга мувофиқ йўл тутган. Масалан, Марк 5:25–34 даги (ўқинг) воқеани муҳокама қилайлик. Қон кетишдан азоб чеккан аёл халойиқни оралаб ўтиб, Исонинг кийимига қўл теккизган ва тузалиб кетган. Тавротга биноан у нопок ҳисобланган ва ҳеч кимга қўл теккизиши мумкин эмас эди (Лев. 15:25–27). Аммо Исо, кийимига қўл теккизгани учун аёлни ҳукм қилмаган. Боиси у, «Таврот қонунида муҳим саналган» нарсалар, жумладан «раҳм-шафқат ва садоқат» аҳамиятли эканини тушунган (Мат. 23:23). У меҳр ила шундай деган: «Синглим, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бориб, оғир дарддан фориғ бўлинг». Исонинг ақл-идроки бундай меҳрибонликни кўрсатишга ундагани нақадар таъсирли!

14. Исо қандай ҳаёт тарзини танлаб, унга мувофиқ яшаган?

14 Танлаган ҳаёт тарзида. Исо тўғри ҳаёт тарзини танлаб, унга мувофиқ яшагани билан ақл-идрокни кўрсатган. У ўзини хушхабарни ваъз қилишга бағишлаган ва бу унинг ҳаёт мазмунига айланган (Луқо 4:43). Исо шу йўлдан юриб, бошлаган ишини тўла амалга оширишга ва муваффақиятли якунлашга ёрдам берадиган қарорлар чиқарган. Вақти ҳамда кучини хизматга сарфлай олиш учун, устозимиз донолик билан оддий ҳаёт кечиришни танлаган (Луқо 9:58). Ўлимидан сўнг ҳам, воизлик иши давом этишини хоҳлаб, бошқаларни ўргатиш кераклигини у фаҳмлаган (Луқо 10:1–12; Юҳан. 14:12). Бу фаолиятни олға суришда Исо издошларига: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деб ваъда берган (Мат. 28:19, 20).

ИСОНИНГ ЖАСОРАТИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

Одамларнинг эҳтиёж ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда гапиришга интилинг (15- хатбошига қ.)

15. Қандай қилиб нутқимизда ақл-идрокни намоён эта оламиз?

15 Исога тақлид қилишимиз мумкин бўлган бошқа соҳаларни муҳокама қилайлик. Нутқимизда. Имондошларимиз билан суҳбатлашганда жароҳатлайдиган эмас, балки мустаҳкамлайдиган сўзларни айтамиз (Эфес. 4:29). Бошқаларга Худонинг Шоҳлиги ҳақида гапираётиб, сўзларимиз «мазали» бўлишига интиламиз (Колос. 4:6). Уй эгасининг эҳтиёжлари ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда гапиришга ҳаракат қиламиз. Ёқимли сўзлар нафақат эшикларни, балки юракларни ҳам очишга қодир эканини унутмаслигимиз лозим. Шунингдек, эътиқодларимизни тушунтираётиб, асосий эътиборни Муқаддас Китобга қаратишимиз муҳим. Уни асосий қўлланма билиб, имкон туғилиши биланоқ оят ўқиб берсак бўлади. Шуни тан оламизки, биз айтишимиз мумкин бўлган ҳар қандай сўздан кўра, Муқаддас Китобдаги хабар кўпроқ таъсирга эга (Иброн. 4:12).

16, 17. а) Ғазабга берилмаётганимиз ва мувозанатли эканимизни қандай кўрсатамиз? б) Бутун диққатимизни хизматга қаратишга нима ёрдам беради?

16 Ҳис-туйғуларимиз ва муносабатимизда. Ақл-идрок, туйғуларимизни назорат қилиб, ғазабланмасликка кўмаклашади (Ёқб. 1:19). Одамлар бизни хафа қилишганида, улар нега бундай дейишганини ёки нима учун бундай йўл тутишганини тушунишга ҳаракат қиламиз. Бу жаҳлни тийиб, «гуноҳни кечиришга» ёрдам беради (Ҳик. 19:11). Шунингдек, ақл-идрок бизга мувозанатли бўлишга кўмаклашади. Имондошларимиз, биз охиригача тушунмайдиган қийинчиликларни бошдан кечираётган бўлиши мумкинлигини ёдда тутиб, улардан мукаммалликни талаб қилмаймиз. Уларни тинглашга тайёр бўлиб, вазият йўл қўйганда ён берамиз (Филип. 4:5).

17 Танлаган ҳаёт тарзимизда. Исонинг издошлари сифатида, хушхабарни баҳам кўриш катта шараф эканини яхши биламиз. Бу йўлдан юраётиб, бутун диққатимизни хизматга қаратишга кўмаклашадиган қарорлар қабул қиламиз. Маънавий ишларни биринчи ўринга қўйишга жон куйдирамиз. Охират келмасдан олдин, энг муҳим саналган ваъзгўйлик ишига ўзимизни бутунлай бағишлаш учун оддий ҳаёт кечиришда давом этамиз (Мат. 6:33; 24:14).

18. Қандай қилиб нажотга етаклайдиган саёҳатимизни давом эттира оламиз ва нима қилишга қарорингиз қатъий?

18 Исонинг баъзи ажойиб фазилатларини кўриб чиқиш қувонч бахш этди, шундай эмасми?! Устозимизнинг бошқа фазилатларини ва унга қай йўсин тақлид қилишимиз мумкинлигини ўрганиш ҳам, қанчалик фойда келтиришини бир ўйлаб кўринг. Шундай экан, келинг, Исонинг изидан оғмай юришга қатъий қарор қилайлик. Бундай қилсак, нажотга етаклайдиган саёҳатимизда давом этиб, Исо мукаммал даражада тақлид қилган Тангри Яҳовага янада яқинлашамиз.

^ абз. 2 Биринчи Бутрус 1:8-, 9- оятлар самовий умидга эга бўлган масиҳийларга қарата ёзилган. Аммо бу сўзлар ер юзида абадий яшашга умид қилаётганларга ҳам тегишли.

^ абз. 9 Қийинчиликларни жасорат ила енгган имондошларимиз ҳақида «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 1 май сонидаги 11–13- саҳ.; bp132 сонидаги 13–15- саҳ. ва 2010 йил 15 апрель сонидаги 16–19- саҳ. ўқишингиз мумкин.