Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ НУҚТАИ НАЗАРИ

Қимор

Қимор

Баъзилар қимор ўйинларини зарарсиз, бошқалар эса хавфли деб билади.

Қимор ўйинларини ўйнаш ёмонми?

ОДАМЛАРНИНГ ФИКРИ.

Аксарият инсонлар, агарда қимор ўйинлари давлат томонидан расман рухсат этилган бўлса, бу ўйинларни зарарсиз вақтичоғлик деб ҳисоблайди.

Айрим расмий қимор ўйинлари, масалан, давлат ҳомийлик қиладиган лотереядан тушган пуллар жамият эҳтиёжларига сарфланади.

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Муқаддас Китобда қимор ўйинлари ҳақида тўғридан-тўғри айтилмаган. Лекин ундан Худо қимор ўйинларига нисбатан қандай муносабатда эканини кўрсатувчи принципларни топса бўлади.

Қимор ўйинларининг асосий мақсади бошқа инсонларнинг ютқизгани ҳисобидан пул ишлаб олишдир. Лекин бу Муқаддас Китобдаги «ўзингизни ҳар турли очкўзликдан сақланглар» деган огоҳлантиришга зиддир. (Луқо 12:15) Қимор ўйинлари инсонда очкўзликни ривожлантиради. Қимор ўйинларини ўтказувчи ташкилотларда қанча пул ишлаб олишингиз мумкинлигини айтишади-ю, ўша пулни ютиб олиш имкониятингиз кам эканини ҳатто тилга ҳам олишмайди. Бойиб кетиш истаги инсонларни казиноларда кўп миқдорда пул тикишга ундайди. Қимор ўйинлари инсонларни очкўзликдан ҳимояламайди, аксинча, осон йўл билан пул топиш истагини кучайтиради.

Қиморбозлик худбин истакка, яъни бошқалар ютқизгани ҳисобидан пул ишлаб олишга асосланади. Аммо Муқаддас Китобда «ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин» деган чорлов бор. (1 Коринфликларга 10:24) Мусонинг Таврот китобидаги Ўнта амрдан бирида шундай деб айтилган: «Яқинингизнинг... [ҳеч бир нарсасига] кўз олайтирманглар». (Чиқиш 20:17) Одам қимор ўйнаганида эса бошқалар ютқизган пулдан фойда кўришга умид қилади.

Муқаддас Китоб омадни барака келтирувчи ғайриоддий куч деб ҳисоблашдан огоҳлантиради. Масалан, қадимда баъзи исроилликларнинг Худога бўлган имони сустлашгани дастидан улар омад худосига дастурхон ёзишган. Лекин Худо омад худосига сиғинишни маъқуллармиди? Йўқ, албатта. У исроилликларга шундай деб айтган: «Менинг назаримда ёмон ишлар қилавердингиз, Мени ранжитадиган нарсаларни танладингиз». (Ишаё 65:11, 12)

Тўғри, дунёнинг айрим жойларида давлатлар қимор ўйинларидан тушган пулларни илм-фан, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий дастурларни ривожлантириш учун сарфлайди. Лекин бу маблағлардан фойдаланиш пуллар қайси йўл билан топилганини оқламайди. Зеро қимор ўйинлари инсонларни очкўзлик, худбинлик ҳамда осон йўл билан мўмайгина даромад топиш истагини кучайтиради.

«Яқинингизнинг... [ҳеч бир нарсасига] кўз олайтирманглар». (Чиқиш 20:17)

Қимор ўйинлари қандай ёмон оқибатларга олиб келади?

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Муқаддас Китобда шундай огоҳлантириш бор: «Бойиб кетиш ниятида юрганлар эса васвасага тушиб, тузоққа илиниб, инсонларни ҳалокату ўлимга олиб борадиган кўп бемаъни ва зарарли истакларга мубтало бўладилар». (1 Тимўтийга 6:9) Инсонларни қимор ўйинларини ўйнашга очкўзлик ундайди. Очкўзлик эса шунчалик ёмон иллатки, у ҳатто Муқаддас Китобда қораланган ишлар қаторида тилган олинган. (Эфесликларга 5:3)

Қимор ўйинларининг мақсади: осон йўл билан пул топиш. Қолаверса, қимор инсонни пулни севишга ундайди. Муқаддас Китобда эса: «Ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир»,— деб айтилган. Пулга бўлган севги кучайиб борганидан инсон ҳузур-ҳаловатини йўқотади ва Худо билан бўлган муносабатлари бузилади. Муқаддас Китобда пулга берилган инсонлар «кўпгина азобларга дуч келиб, [мажозий маънода] ўзларини яралашди» деб айтилган. (1 Тимўтийга 6:10)

Очкўзлик инсоннинг қалбида илдиз отганида, у ҳаётидан, моддий аҳволидан норози бўла бошлайди ва қувончини йўқотади. Муқаддас Китобда қуйидагича дейилган: «Кумушни севган кумушга, бойликни севган эса мол-дунёга асло тўймайди». (Воиз 5:10)

Миллионлаб инсонлар қимор ўйинларига қарам бўлиб, тузоққа илинишган. Бу муаммо шунчалик кенг тарқалганки, биргина Америка Қўшма Штатларининг ўзида миллионлаб инсонлар бу касалликка мубтало бўлишган.

Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Очкўзлик билан олинган мерос, натижада барака келтирмайди». (Ҳикматлар 20:21) Қимор ўйинларига қарам бўлиб қолган инсонлар қарзга ботиб кетишади, касодга учрашади. Ишидан, дўстларидан ва ҳатто оиласидан маҳрум бўлишади. Лекин Муқаддас Китоб принципларини қўллаш орқали қимор ўйинлари келтирадиган кўплаб муаммолардан қочса бўлади.

«Бойиб кетиш ниятида юрганлар эса васвасага тушиб, тузоққа илиниб, инсонларни ҳалокату ўлимга олиб борадиган кўп бемаъни ва зарарли истакларга мубтало бўладилар». (1 Тимўтийга 6:9)