Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Одамлар орасидаги фарқни кўринг

Одамлар орасидаги фарқни кўринг

Одил киши билан ёвуз киши... ўртасидаги фарқни кўрасизлар. МАЛ. 3:18

ҚЎШИҚЛАР: 29, 53

1, 2. Аллоҳнинг хизматчилари бугунги кунда қандай қийинчиликларга дуч келяпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.)

КЎПГИНА шифокорлар юқумли касалликларга чалинган кишилар орасида ишлайди. Улар ушбу беморларга ёрдам бериш ниятида уларга ғамхўрлик қилади. Аммо касаллик шифокорларга юқмаслиги учун улар ўзини ҳимоялаши зарур. Шу сингари, кўпчилигимиз Худо хуш кўрмайдиган хислатларни намоён этадиган кишиларнинг нуқтаи назари билан заҳарланган дунёда яшаб ишлашимизга тўғри келяпти. Бу биз учун қийинчиликлар туғдиряпти.

2 Ушбу охирзамонда ахлоқсизлик авжига чиққан. Ҳаворий Павлус Тимўтийга йўллаган иккинчи мактубида Худодан юз ўгирган кишиларга хос хислатларни тасвирлаган ва бу замона ўз поёнига яқинлашгани сайин улар янада кенг тарқалишини айтган. (2 Тимўтийга 3:1–5, 13 ни ўқинг.) Гарчи бу хислатлар бизни даҳшатга тушираётган бўлса-да, уларни намоён этаётганларнинг юриш-туришию нуқтаи назари бизга ҳам таъсири қилиши ҳеч гап эмас. (Ҳик. 13:20) Ушбу мақолада охирзамонда яшаётган одамларга хос хислатлар Аллоҳ хизматчиларининг фазилатларидан қандай фарқ қилаётганини билиб оламиз. Шунингдек, бу иллатлар бизга ҳам юқмаслиги учун ўзимизни қандай ҳимоялашимиз ва шу билан бирга бошқаларга маънавий ёрдам кўрсатишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради.

3. Павлус 2 Тимўтийга 3:2–5 да қандай инсонлар ҳақида айтиб ўтган?

3 Павлус «охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келади», деб ёзган. Кейин у ушбу даврдаги одамларга хос 19 та иллатни санаб ўтган. Улар Павлус Римликларга 1:29–31 да келтирган хислатларга ўхшаб кетади. Аммо Тимўтийга йўллаган мактубида Юнонча ёзувларнинг бошқа ҳеч қаерида учрамайдиган хислатларни айтиб ўтган. Ҳаворий ушбу рўйхатни «одамлар» сўзи билан бошлаган. Бу иллатлар эркакларда ҳам, аёлларда ҳам бўлгани сабабли, ушбу сўз ҳаммага тегишли. Бироқ барча инсонлар бу хислатларни намоён этмайди. Масиҳийлар умуман бошқача фазилатларга эга. (Малаки 3:18 ни ўқинг.)

ЎЗИМИЗГА ҚАНДАЙ ҚАРАЙМИЗ?

4. Мағрур кишиларни қандай тасвирлаган бўлардингиз?

4 Павлус кўп одамлар ўзини севадиган, пулпараст бўлишини айтиб, улар мақтанчоқ, кеккайган ва мағрур бўлишини ҳам таъкидлаган. Бундай кишилар одатда ўзини бошқалардан устун қўйиб, улардан қобилиятлари, ташқи кўриниши, бойлиги ёки мавқеи билан фарқ қиламиз деб ҳисоблашади. Шу каби одамлар ўзгалар уларга қойил қолиб, уларни эъзозлашини жуда исташади. Бир илоҳиётшунос мағрурликка берилиб кетганлар ҳақида шундай деб ёзган: «Уларнинг қалбида кичик қурбонгоҳ бор ва улар унинг олдида ўзларига-ўзлари сажда қилишади». Баъзиларнинг айтишича, такаббурлик шу қадар ёқимсиз иллатки, ҳатто мағрур кишилар мағрурларни кўрганда уларни хуш кўришмайди.

5. Қандай қилиб ҳатто садоқатли хизматчилар ҳам мағрурлик тузоғига тушиб қолиши мумкин?

5 Тангри Яҳова такаббурликдан нафратланади. «Такаббур кўз» У учун жирканчлидир. (Ҳик. 6:16, 17) Мағрурлик инсонни Худодан узоқлаштиради. (Заб. 10:4) Бу иллат Иблисга хос. (1 Тим. 3:6) Минг афсуски, Яҳованинг айрим хизматчилари ҳам мағрурлик билан заҳарланган эди. Масалан, Яҳудо шоҳи Уззиё йиллар мобайнида садоқатли бўлган. Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Аммо у кучайганидан кейин, ниҳоятда мағрурланиб кетди ва бу уни ҳалокатга етаклади. У Худоси Яҳовага бевафолик қилиб, Яҳованинг маъбадига кирди ва тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатди». Кейинчалик Ҳизқиё ҳам бир оз муддатга мағрурлик тузоғига тушиб қолган эди. (2 Сол. 26:16; 32:25, 26)

6. Нима туфайли Довуд мағрур бўлиши мумкин эди, аммо нега у камтарин бўлган?

6 Баъзилар ташқи кўриниши чиройли, машҳурлиги, мусиқа соҳасида истеъдодли, жисмонан кучли ёки юқори мавқега эга бўлгани боис мағрурликка берилиб кетади. Шоҳ Довуд буларнинг барига эга бўлса-да, бутун умр камтарин эди. Довуд Гўлиётни ўлдиргандан сўнг, шоҳ Шоул қизини унга хотинликка бермоқчи бўлган. Бироқ у жавобан: «Мен ва қариндошларим ҳамда отамнинг оиласи Исроилда ким бўлибдики, шоҳга куёв бўлсам?!» — деган. (1 Шоҳ. 18:18) Қизиқ, унга камтарин бўлиб қолишга нима ёрдам берган? Довуд фазилатлар, қобилиятлару вазифаларга Аллоҳ унга «эгилиб» ёки Ўзини камтар тутиб, эътибор қаратаётгани туфайли эга эканини тушунган. (Заб. 113:5–8) Ундаги барча яхшиликлар Яҳовадан эканини у билган. (1 Коринфликларга 4:7 ни солиштиринг.)

7. Камтарин бўлишимизга нима ёрдам беради?

7 Довудга ўхшаб Яҳованинг хизматчилари ҳам камтарин бўлишга интилишяпти. Яҳова коинотдаги энг улуғ Шахс бўлиб, камтарликни намоён этаётганини билиш бизда эҳтиром ҳиссини уйғотяпти. (Заб. 18:35) Биз мана шу маслаҳатга амал қилишга интиляпмиз: «Меҳр-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр-тоқат каби ёқимли фазилатларга бурканинглар». (Колос. 3:12) Қолаверса, «севги рашк қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди», деган сўзлар ҳам бизга таниш. (1 Кор. 13:4) Камтарин бўлсак, инсонлар Яҳовага яқинлашиши мумкин. Хотинлар эрларини сўзлари эмас, хулқ-атвори орқали забт этишганидай, биз ҳам камтарлигимиз туфайли ўзгалар Аллоҳ билан дўст бўлишига ҳисса қўша оламиз. (1 Бутр. 3:1)

БОШҚАЛАР БИЛАН МУНОСАБАТ ҚИЛИШ

8. а) Ота-онага итоат этмаслик борасида баъзилар қандай фикрда? б) Муқаддас Китобда фарзандлар учун қандай буйруқ бор?

8 Павлус охирзамонда одамлар бир-бирига қандай муносабат қилиши ҳақида ҳам ёзган. У охирзамонда фарзандлар ота-онасига итоатсиз бўлади деган. Ота-онага бўйсунмасликнинг ёмон жойи йўқдек ва бу китоб, фильм ҳамда теледастурлар орқали оддий ҳолдек кўрсатилаётгани дастидан жамият негизи, яъни оила барбод бўляпти. Бу нарса биз учун янгилик эмас. Қизиғи шундаки, қадимда Грецияда ота-онасини урган киши барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум бўларди. Рим қонунига кўра эса, отасини уриш жиддий жиноят бўлиб, қотиллик билан баробар эди. Ҳам Ибронийча, ҳам Юнонча ёзувларда фарзандларга ота-онасини ҳурмат қилиш буюрилган. (Чиқ. 20:12; Эфес. 6:1–3)

9. Ота-онасига бўйсунишга фарзандга нима ёрдам беради?

9 Болалар ота-онаси улар учун нималар қилгани тўғрисида фикр юритиб, итоатсизлик руҳидан ўзини ҳимоя қила олишади. Барчамизнинг Отамиз, Аллоҳимиз итоатли бўлишни талаб қилаётганини тушуниш ҳам миннатдорлик ҳиссини кучайтиради. Ёшлар ота-онаси ҳақида ижобий тарзда гапириб, дўстларига ўз ота-онасини ҳурмат қилишга ёрдам бера олишади. Албатта, агар ота-она меҳрсиз бўлса, боласи уларга чин дилдан итоат қилишга қийналади. Бироқ ота-онанинг самимий севгисини ҳис этган фарзанд ҳатто бўйсунмаслик васвасаси туғилганда ҳам уларни ранжитмаслик учун жон куйдиради. Остин исмли йигит қуйидагича бўлишди: «Мен кўпинча нотўғри бирон иш қилгим келарди, ота-онам эса доно йўл-йўриқлар кўрсатиб, ўрнатган қоидаларнинг сабабини тушунтирарди ва доим очиқ мулоқотга имкон яратарди. Бу бўйсунишимга ёрдам берарди. Улар менга ғамхўрлик қилишаётганини кўрардим ва шунинг учун уларни хафа қилишни истамасдим».

10, 11. а) Севги етишмаётган инсонлар қандай иллатларни намоён этишяпти? б) Ҳақиқий масиҳийларни қандай севги ажратиб туриши даркор?

10 Павлус одамларда бир-бирига севги етишмаслигини кўрсатувчи бошқа иллатларни ҳам айтган. Масалан, у одамлар «ота-онага итоатсиз» бўлади дегандан сўнг, улар ношукур бўлади деб ҳам ёзган. Чунки ношукур кишилар уларга қилинган яхшиликнинг қадрига етишмайди. Инсонлар, шунингдек, садоқатсиз бўлади. Улар муросасиз бўлади, яъни бошқалар билан келишиб тинч муносабатларни сақлашни хоҳламайди. Бундайлар куфр сўзларини айтувчи ҳамда сотқин бўлиб, одамларга ва ҳатто Худога қарши ҳақорат сўзларни айтади. Бунинг устига, улар туҳматчи бўлади, яъни ўзгаларнинг обрўйини тўкадиган гап-сўзларни тарқатади *.

11 Севги етишмаётган инсонлардан фарқли ўлароқ, Яҳовага топинаётган одамлар имондошларига нисбатан самимий севгини ҳис қилишади. Бу доим шундай бўлиб келган. Дарҳақиқат, Исо яқинимизга бўлган севгини, яъни агапе севгисини намоён этиш Худони севишдан кейин турадиган Тавротдаги иккинчи энг муҳим амр эканини айтган. (Мат. 22:38, 39) Шунингдек, у бир-биримизга бўлган севги ҳақиқий масиҳийларни ажратиб турадиган фазилат деган. (Юҳанно 13:34, 35 ни ўқинг.) Бундай севги туфайли ҳатто душманларни ҳам яхши кўриш мумкин. (Мат. 5:43, 44)

12. Исо бошқаларга қандай севгини кўрсатган?

12 Исо бошқаларга улкан бир севгини кўрсатган. У шаҳарма-шаҳар юриб, одамларга Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни айтган. Исо кўзи ожизларни, чўлоқларни, моховларни ва карларни соғайтириб, ўлганларни тирилтирган. (Луқо 7:22) Гарчи кўплар ундан нафратланган бўлса-да, у инсоният учун ўз ҳаётини қурбон қилган. Исо Отасининг севгисига мукаммал тарзда тақлид қилган. Бутун ер юзи бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари бошқаларга нисбатан чин севгини намоён этиб келишяпти.

13. Одамларга кўрсатган севгимиз уларни қандай қилиб Яҳовага яқинлаштиради?

13 Одамларга кўрсатган севгимиз уларни самовий Отамизга яқинлаштиради. Мисол учун, Таиландда бир киши ҳудудий анжуманда биродарлар ўзаро намоён этган севгини кўриб ҳайрон қолган. Уйга қайтгач, у ҳафтада икки марта Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказилишини сўраган. У барча қариндошларига ваъз қилган ва анжумандан олти ой ўтгандан кейин Йиғилиш залида илк бор Муқаддас Китобдан қироат қилиш топшириғи билан чиққан. Бошқаларга нисбатан кўрсатаётган севгимизни текшириш мақсадида ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Оиламда, жамоатда ва хизматда бошқаларга ёрдам беришга интиляпманми? Ўзгаларга Яҳова каби қарашга ҳаракат қиляпманми?»

БЎРИЛАР ВА ҚЎЗИЛАР

14, 15. Кўплар ҳайвонларга хос қандай хислатларга эга, лекин қандай қилиб айримлар яхши томонга ўзгарган?

14 Одамлар охирзамонда намоён этаётган бошқа ёмон хислатлар ҳам масиҳийлар улардан узоқроқ юришига сабабдир. Худони севмайдиган инсонлар яхшиликдан нафратланадиган ёки баъзи таржималарда «ҳимматни яхши кўрмайдиган» бўлиши ҳақида айтилган. Улар ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз бўлади. Айримлар ўзбошимча ёки жаҳли тез чиқадиган ва бемулоҳаза бўлади.

15 Илгари ҳайвонларга хос хислатларни намоён этган кўплар яхши томонга ўзгарган. Бу ўзгариш Муқаддас Китобда ажойиб тарзда башорат қилинган эди. (Ишаё 11:6, 7 ни ўқинг.) У ерда қўзи ва бузоқ каби уй ҳайвонлари бўри ҳамда шер сингари ёввойи ҳайвонлар билан бирга осойишта яшаши ҳақида ёзилган. Қизиқ, бу нима туфайли юз беряпти? Муқаддас Китобда: «Ер юзи Яҳова ҳақидаги билимга тўлади»,— деб тушунтирилган. (Ишаё 11:9) Ҳайвонлар Яҳова ҳақида билимга эга бўла олмас экан, бу башоратдаги сўзлар рамзий маънода одамларда амалга ошяпти.

Муқаддас Китобдаги принциплар ҳаётни ўзгартиради! (16- хатбошига қаранг.)

16. Қандай қилиб Муқаддас Китоб одамларга яхши томонга ўзгаришга кўмаклашган?

16 Олдин бўри каби шафқатсиз бўлган кўплар бугунги кунда бошқалар билан тинч-тотув яшамоқда. Бундай айрим имондошларимиз ҳақида кўп тилларда мавжуд бўлган jw.org сайтидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» номли туркумда ўқишингиз мумкин. Яҳовани таниб-билган ва Унга хизмат қилишни бошлаганлар умуман бошқача бўлиб, ўзларини художўй қилиб кўрсатадиган, амалда эса бунга риоя қилмайдиган кишиларга ўхшамайди. Зеро бундайлар Худога топиняпмиз деб таъкидлайди-ю, аммо хулқи билан бунинг аксини кўрсатади. Илгари шафқатсиз бўлган одамлар «ҳақиқий одиллик ва садоқатга асосланган, Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни кийиб» олишяпти. (Эфес. 4:23, 24) Одамлар Аллоҳ ҳақида билим орттиргани сайин, Унинг меъёрлари бўйича яшаш кераклигини тушунишади. Сўнг улар эътиқоди, нуқтаи назари ва хулқ-атворини ўзгартиришади. Бундай йўл тутиш осон эмас, бироқ Худонинг иродасини чин дилдан бажаришни хоҳлаган инсонларга Унинг руҳи бунда кўмаклашади.

«БУНДАЙЛАРДАН ҚОЧ»

17. Ёмон хислатларни намоён этадиганларнинг таъсиридан қандай қочсак бўлади?

17 Худога хизмат қилаётган ва Унга хизмат қилмаётган инсонлар орасидаги фарқ борган сари яққол кўринмоқда. Аллоҳга хизмат қилаётган бизлар, бошқалар намоён этаётган адолатсиз нуқтаи назарнинг таъсири остига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. 2 Тимўтийга 3:2–5 да айтиб ўтилган одамлардан қочиш ҳақидаги маслаҳатга қулоқ солиш оқилонадир. Албатта, ёмон хислатларга эга бўлган кишилардан умуман йироқлаша олмаймиз. Чунки улар билан ишлашимиз, бирга ўқишимиз ёки яшашимиз мумкин. Бироқ уларга хос нуқтаи назарга эга бўлишдан ва уларнинг хислатларига тақлид қилишдан қоча оламиз. Муқаддас Китобни тадқиқ қилсак ва Яҳовага хизмат қилишга қатъий қарор қилган инсонлар билан яқин мулоқотда бўлиб маънавийлигимизни кучайтирсак, бунга эриша оламиз.

18. Сўзларимизу хулқимиз бошқаларга қай йўсин маънавий ёрдам бериши мумкин?

18 Шунингдек, бошқаларга маънавий ёрдам беришга интилишимиз лозим. Керакли вақтда керакли нарсаларни айта олишингиз учун Яҳовадан ёрдам сўраб, шоҳидлик бериш имкониятларини излашингиз даркор. Бошқаларга Яҳованинг Шоҳидлари эканимизни билдиришимиз керак. Шунда хулқ-атворимиз билан ўзимизга эмас, Худога шараф келтира оламиз. Биз «имонсизликни ва дунёвий истакларни рад этиб, ҳозирги замонда ақли расо, одил ҳамда художўй бўлиб яшашга» ўрганяпмиз. (Титус. 2:11–14) Ўзимизни Аллоҳга ёқадиган тарзда тутганимизда бошқалар буни кузатади ва ҳатто айримлар: «Биз сиз билан борамиз, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик»,— деб айтиши мумкин. (Закр. 8:23)

^ абз. 10 Юнончадан «туҳматчи» деб ўгирилган диаболос сўзи, Муқаддас Китобда унвон сифатида Худонинг ёвуз туҳматчиси Шайтонга нисбатан қўлланилган.