Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бир ширин сўз битказар минг кўнгилнинг ярасин

Бир ширин сўз битказар минг кўнгилнинг ярасин

ҚАДИМДА эркаклар ўзга жинсдаги шахсларга мурожаат қилишганида, баъзида «аёл» сўзини қўллашган ва бу, яҳудий маданиятга кўра, ҳурмат белгиси ҳисобланарди. Исо ҳам мана шу сўзни ишлатган. Масалан, 18 йилдан бери икки букилиб қолган аёлни даволагандан сўнг, унга мазкур сўз билан мурожаат қилган. (Луқо 13:10–13, Муқаддас Китоб Жамияти) Юнон ёзувларининг асл нусхасидан кўриниб турибдики, Исо бу сўзни онаси билан гаплашганида ҳам ишлатган. (Юҳан. 19:26; 20:13) Бироқ ҳурматдан ҳам кўпроқ нарсани ўз ичига олган яна бошқа сўз бор эди.

Муқаддас Китобда муайян аёлларга ишора қилинганида, ўзгача меҳрибонликни ва мулойимликни билдирувчи сўз қўлланган. Ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чеккан бир аёл билан гаплашганида, Исо ушбу сўзни ишлатган. Ўша аёл Исонинг олдига яқин келгани Таврот қонунига зид эди, чунки бундай одамлар нопок ҳисобланарди. Шу боис, одамлар: «У бундай ҳолати туфайли ўзини бошқалардан ажратиши керак»,— деб айтишлари мумкин эди. (Лев. 15:19–27) Аммо у чорасиз эди. «Ўша аёл шифокорларга боравериб, безор бўлганди. Чунки бутун мол-мулкини сарфлаб, сира фойда кўрмай, аксинча, аҳволи янада оғирлашганди». (Марк 5:25, 26)

Аёл секингина халойиқни оралаб ўтиб, Исога орқа томондан яқинлашди-да, устки кийимининг попугига қўл теккизди. Қарангки, унинг қон кетиши дарҳол тўхтади! Аёл бунга ҳеч ким эътибор бермайди, деб умид қилганди, лекин Исо: «Ким менга қўлини теккизди?» — деб сўради. (Луқо 8:45–47) Шу пайт аёл қўрқиб кетди ва титраганча тиз чўкиб, Исога «бор гапни айтди». (Марк 5:33)

Аёл ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги учун, Исо унга меҳрибонлик ила: «Дадил бўлинг, қизим»,— деди. (Мат. 9:22, изоҳ) Илоҳиётшуносларнинг фикрича, «қизим» деб таржима қилинган ибронийча ва юнонча сўзлар «меҳрибонликни ва мулойимликни» ифода этиш учун рамзий маънода қўлланилиши мумкин. Кейин Исо аёлга далда бериш мақсадида гапида давом этиб: «Ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бориб, оғир дарддан фориғ бўлинг»,— деди. (Марк 5:34)

«Қизим». Боз (Бўаз) исмли исроиллик бадавлат бир киши мўаблик Рутга мурожаат қилганида, мана шу сўздан фойдаланган. Рутда ҳам ўзини ноқулай ҳис қилиш учун сабаб бор эди, зеро у нотаниш кишининг даласида тўкилган арпа бошоқларини йиғиб юрганди. Боз унга: «Гапимни эшит, қизим»,— деб, унинг даласидан бошоқ теравериши мумкинлигини айтади. Шунда Рут тиз чўкиб, нима учун Боз унга, келгиндига, шунчалик меҳрибонлик қилаётганини сўради. Боз қуйидагича жавоб қайтариб, унга далда берди: «Қайнанангга [Наимага] қандай муносабатда бўлганингни менга айтиб беришди. [...] Яхшиликларинг учун Эгамдан қайтсин». (Рут 2:8–12)

Исо ва Боз оқсоқоллар учун нақадар ажойиб ўрнак! Мисол учун, иккита оқсоқол Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат ва далдага муҳтож опа ёки синглимиз билан суҳбатлашиш учун у билан учрашиши мумкин. Шунда улар ибодатда Яҳовадан йўл-йўриқ излаб, имондошимизни диққат ила тинглашса, унга Худонинг Каломи орқали далда ва тасалли бера олишади. (Рим. 15:4)