Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Саломлашишнинг кучи

Саломлашишнинг кучи

«АССАЛОМУ АЛАЙКУМ! Яхшимисиз?»

Шубҳасизки, сиз ҳам одатда шунга ўхшаш саломлашасиз. Эҳтимол, ҳатто қўл берарсиз ёки қучоқлашарсиз. Саломлашиш одатлари ва айтиладиган сўзлар турли жойларда ҳар хил бўлиши мумкин, аммо асоси деярли бир хил. Саломлашмаслик эса севгидан далолат бермайди ва ёмон хулқнинг белгиси ҳисобланади.

Баъзилар сўрашишга қийналади. Масалан, баъзилар уятчанлиги ва ўзини нолойиқ ҳис этгани туфайли саломлашишга тортинади. Айримлар учун эса бошқа ирқдан, маданиятдан бўлгани ёки мавқеи сабабли сўрашиш қийин кечади. Ваҳоланки, қисқача саломлашиш ҳам ижобий натижалар келтиради.

Ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Саломлашиш қандай самара келтириши мумкин? Сўрашиш ҳақида Худонинг Каломида нима дейилган?»

«ҲАР ТУРЛИ ИНСОНЛАР» БИЛАН СЎРАШИНГ

Ҳаворий Бутрус ўзга халқдан бўлган илк масиҳий Корнилийни қарши олганда, «Худо юзхотирчилик қилмас экан» деб айтган. (Ҳавор. 10:34) Кейинчалик эса Бутрус Худо «ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди» дея ёзган. (2 Бутр. 3:9) Бу сўзларни ўқиганда, аввало, ҳақиқатни билиб олаётганлар эсимизга келиши мумкин. Аммо Бутрус масиҳийларни шундай деб ундаган: «Ҳар турли инсонларни ҳурмат қилинглар, имондошларингизни севинглар». (1 Бутр. 2:17) Демак, ирқи, маданияти ва келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, бошқалар билан сўрашиш ўзимизга фойда келтиради, шундай эмасми?! Бу уларга ҳурмат ва севги намоён этишнинг бир йўлидир.

Ҳаворий Павлус имонлилар жамоатидагиларни қуйидагича ундаган: «Масиҳ сизларни қабул қилганидек, сизлар ҳам бир-бирингизни қабул қилинглар». (Рим. 15:7) Павлус унга «яхшигина тасалли берган» биродарларга алоҳида эътибор қаратган. Бугунги кунда Шайтон Худонинг хизматчиларига ҳужумларини кучайтираётган экан, биродару опа-сингилларимизга қанчалик тасалли беришимиз керак-а?! (Колос. 4:11; Ваҳ. 12:12, 17)

Муқаддас Китобдаги мисоллар шуни кўрсатмоқдаки, саломлашиш шунчаки кутиб олишдан кўра кўпроқ нарсани англатади.

ИШОНТИРИШ, ДАЛДА, СЕВГИ

Яҳова Ўғлининг ҳаётини Марямнинг бачадонига ўтказганда, Марямга бу ҳақида айтиш учун фариштани юборган. У: «Салом, улуғ илтифотга сазовор бўлган қиз, Яҳова сен биландир»,— деди. Фаришта унга гапираётганидан Марям саросимага тушди. Буни кўрган фаришта унга шундай деди: «Қўрқма Марям, сен Аллоҳнинг назарида марҳамат топдинг». Кейин фаришта Аллоҳнинг ниятига кўра, Марям Масиҳни дунёга келтириши кераклигини айтди. Марям ҳеч қўрқмай, итоаткорлик ила: «Мен Яҳованинг бандасиман! Илоё айтганингиз келсин»,— деди. (Луқо 1:26–38)

Мазкур вазифани бажариш фаришта учун шараф бўлган, аммо у буни номукаммал инсон билан сўрашмаслик учун сабаб деб билмаган. Ҳа, у бошида саломлашган. Хўш, бу мисолдан қандай сабоқ олсак бўлади? Бошқалар билан сўрашишга ва уларга далда беришга тайёр бўлишимиз керак. Атиги бир нечта сўзлар билан бошқаларга ёрдам беришимиз ва уларни Яҳова халқининг бир қисми эканига ишонтиришимиз мумкин.

Ҳаворий Павлус Кичик Осиё ва Европадаги жамоатлардан кўпларни билган. Ўз мактубларида у алоҳида инсонларни тилга олган. Масалан, Римликларга 16- бобда бунга гувоҳ бўламиз. У кўпгина имондошларига салом йўллаган. У Фивани «синглимиз» дея тилга олиб, биродарларга «уни Ҳазратимиз йўлида бўлган муқаддас кишиларга муносиб тарзда қабул қилиб, қандай эҳтиёжи бўлса ёрдам беришингизни сўрайман» деб айтган. Шунингдек, Павлус Приска ва Акила ҳақида: «Уларга биргина мен эмас, балки бошқа халқлардан ташкил топган жамоатларнинг ҳаммаси миннатдорчилик билдиряпти»,— деб ёзган. Бугунги кунгача бизга унча яхши таниш бўлмаган баъзиларга салом йўллаганда, Павлус «азиз биродарим Эпенет» ва «Ҳазратимиз йўлида кўп меҳнат қилган Трифена билан Трифоса» деб мурожаат қилган. Ҳа, Павлус биродару опа-сингилларимизга салом йўллаган. (Рим. 16:1–16)

Ўша имондошлар Павлус уларни яхши сўзлар билан тилга олганини билганда қанчалар қувонганини бир тасаввур қилинг. Уларнинг Павлусга ва бир-бирига бўлган севгиси жуда мустаҳкамланган! Мазкур севгига тўла саломлар бошқа имондошларга ҳам далда бергани ва имонда мустаҳкам қолишга ёрдамлашгани шубҳасиз. Дарҳақиқат, саломлар самимий қизиқаётганимизни кўрсатади. Мақтовлар эса дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, Аллоҳнинг садоқатли хизматчиларини бирлаштиради.

Павлус Путеолдаги бандаргоҳга келиб, Римга отланганда маҳаллий биродарлар уни кутиб олиш учун жанубдан келди. Уларни узоқдан кўрибоқ, Павлус «Аллоҳга шукрона айтди ва кўнгли кўтарилди». (Ҳавор. 28:13–15) Гоҳида шунчаки табассум қилиб ёки бош силкитиб саломлашишимиз мумкин. Аммо бу ҳам кўнгли тушган ёки ғамгин кишига далда бериши ҳеч гап эмас.

ЯХШИ ПОЙДЕВОР

Исонинг шогирди Ёқуб масиҳийларга жиддий маслаҳат бериши керак эди. Баъзи масиҳийлар дунё билан дўстлашиб, Худога вафо қилмаётган эди. (Ёқб. 4:4) Лекин Ёқуб мактубини қай йўсин бошлаганига эътибор беринг.

«Аллоҳнинг ҳамда Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг қули бўлмиш мен, Ёқубдан: Ҳар ёққа тарқаб кетган 12 қабилага салом!» (Ёқб. 1:1) Буни ўқиганлар у ҳам улар каби Худонинг хизматчиси эканини кўришганда, маслаҳатини қабул қилиш осонроқ бўлгани шубҳасиз. Чиндан ҳам, оддийгина саломлашиш жиддий маслаҳатлар борасида суҳбатлашиш учун йўл очиши мумкин.

Саломимиз фойда келтиришини истасак, у қисқа ва самимий бўлиши ҳамда севгидан далолат бериши зарур. Ҳатто бошқалар буни сезмаётгандай туюлса ҳам, шундай йўл тутишимиз лозим. (Мат. 22:39) Масалан, Ирландиядаги бир опамиз учрашув бошланай деганда Йиғилиш залига келди. У шошилиб кетаётганда битта биродар табассум ила унга: «Ассалому алайкум! Сизни кўрганимдан хурсандман!» — деди. Опамиз секингина жойига ўтирди.

Бир оз вақт ўтгач, у ўша биродарга мурожаат қилиб, уйидаги вазият туфайли бир неча ҳафтадан бери руҳи тушкун эканини айтди. У шундай деди: «Ўша куни кайфиятим шунчалик тушкун эдики, ҳатто йиғилишга келиш истагим ҳам йўқ эди. Ўшанда сизнинг саломингиздан бошқа деярли кўп нарсани эслай олмайман. Бу мен учун тасалли бўлди. Раҳмат сизга».

Ўша биродар унинг қисқагина саломлашгани шундай таъсир қилганини билмаган эди. «Саломлашганим унга қандай таъсир қилганини айтганида, ҳаракат қилганимдан ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Бу менга ҳам далда берди»,— деб айтди ўша биродар.

Сулаймон қуйидагича ёзган: «Нонингни сувга оқиз, бир неча кундан сўнг уни қайта топасан». (Воиз 11:1) Бошқалар, айниқса, имондошлар билан саломлашишдан тортинмасак, ўзаро далда оламиз. Келинг, саломлашишнинг кучини асло назардан четда қолдирмайлик.